Қайднома

Қидирув

Жалилов фалсафасига таяниб иш тутаётган Аҳмедов ва «Навбаҳор» ҳақида

Жалилов фалсафасига таяниб иш тутаётган Аҳмедов ва «Навбаҳор» ҳақида

  02.08.2017 10:47
  0
  1420
Жалилов фалсафасига таяниб иш тутаётган Аҳмедов ва «Навбаҳор» ҳақида

Яқинда Ўзбекистон термаси сардори Одил Аҳмедов ҳамкасбларимизга берган интервьюсида ўзбек футболида ёш иқтидорларни етиштиришга кўпроқ эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлаб, «Навбаҳор» мураббийларига айнан шу жиҳат етишмаётганини қўшимча қилди.

Ўз навбатида, «Шанхай СИПГ» сафида тўп сураётган маҳоратли ярим ҳимоячи бир вақтлари Виктор Жалиловнинг кескин танқидга учрагани, ваҳоланки, ушбу мутахассис кўплаб ёшларнинг ўсишларига замин ҳозирлаганини ҳам эслаб ўтди.

Аслида, Аҳмедовнинг гапида жон бор ва «лочинлар»нинг бугунги таркиби мисолида бунга гувоҳ бўлишимиз мумкин.

Сўнгги икки мавсум «Навбаҳор»да жиддий ўзгаришлар рўй берди. 2016 йилни Рашид Ғофуров қўл остида бошлаган клуб сафига маҳоратли футболчилар таклиф этилди. Аммо зарур натижага эришилмагач, ёш мураббий истеъфога чиқди. Унинг ўрнини эгаллаганлар ҳам кўнгилдагидек фаолият юритолмадилар.

Айниқса, «лочинлар»нинг иккинчи даврадаги иштироклари мухлисларни ранжитди, жамоа базўр олий лигада «жон» сақлаб қолди. Мураккаб вазиятда айнан Одил Аҳмедовнинг ёрдами билан «Навбаҳор» бош мураббийлигига Илҳом Мўминжонов тайинланди. Собиқ ҳужумчи эса йил охиридаги асосий вазифани уддалаб, кейинги мавсум клубда қолишни кафолатлади.

Охир-оқибат наманганликлар олий лига-2017га яна янгича таркиб билан кириб боришди. Бу эса, ўйинни шакллантириш ва футболчиларни янги муҳитга мослаштириш учун вақт кераклигини англатарди. Миллий чемпионатимизни кузатиб борадиганлар «Навбаҳор» жорий мавсумни қандай бошлагани-ю, оралиқ танаффусга турнир жадвалининг қайси поғонасида чиққанидан яхши хабардорлар.

Шундай экан, статистик кўрсаткичларга ортиқча тўхталиб ўтирмаймиз. Асосий масала - «лочинлар»да эски муаммонинг сақланиб қолаётганида. Хўш, бунга сабаб нима?

Ортиқча иккиланишсиз айтиш мумкинки, Одил Аҳмедов тилга олган жиҳат - ёшларни етиштириш тизими ишламаяпти, яъни «Навбаҳор» ўринбосарлари сафида асосий жамоадан ўрин эгаллайдиганларни топиш амримаҳол.

Ўз вақтида, Виктор Жалилов Наманганда ишлаган кезлари шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратиларди. Тажрибали мутахассиснинг саъй-ҳаракатлари самараси ўлароқ, ўзбек футболига ажойиб футболчилар етиштириб берилди.

Бир пайтлари «Навбаҳор» ўринбосарлари сафида Вячеслав Пономарёв, Олег Собиров, кейинчалик Сервер Жепаров ҳамда Шуҳрат Мирхолдиршоев сингари юксак истеъдод соҳиблари тўп суришгани ҳамон ёдимизда. Виктор Романовичнинг шахсан ўзи футбол мактаблари ўртасида ўтказилган ўйинларга ташриф буюриб, ўйинчиларни саралаб оларди.

Натижада «Навбаҳор» ака-ука Мирхолдиршоевлардан ташқари, Санжар Асқаралиев, Шерзод Жўраев ҳамда Максим Усмонов сингари футболчиларга эга бўлган. Хайрулла Каримов ва Анвар Солиев эса Жалиловнинг энг ёқтирган шогирдлари бўлишган. Бунга яна кўплаб мисоллар келтириш мумкин.

Аммо ҳозир шуниси аниқки, буларнинг бари тарихда қолди ва бугун «лочинлар» сафи асосан бошқа жамоалар мактаблари тарбияланувчилари ҳисобига тўлдирилмоқда.

Жамоанинг ёшлар лигасида қатнашаётган таркиби эса рақобатбардошликни таъминлай олмай, ҳозирча мусобақа турнир жадвалининг сўнгги поғонасини эгаллаб турибди. Афтидан, «Навбаҳор» келаси мавсум ҳам бошқа жамоалардан футболчи ахтарадиган кўринади.

Сўнгги йилларда асосан «Пахтакор», «Бунёдкор» ва «Насаф» академияларидан ажойиб ўйинчилар етишиб чиқишмоқда. Айниқса, бу борада «шерлар» анча фаоллар.

Эътибор беринг, «Қўқон-1912»да Мурод Холмуҳаммедов, Акмал Холмуродов, Жавоҳир Сиддиқов, «Локомотив»да Жалолиддин Машарипов, «Пахтакор»нинг ўзида Шерзод Каримов, Жамшид Искандеров кабилар юқори савияли ўйин намойиш этишмоқда.

«Навбаҳор»да тўп сураётган Ойбек Қиличев ҳам айнан шу мактаб вакилларидан бири. Хўш, Виктор Жалиловнинг Наманганда бошлаган ишини давом эттириб, шундай футболчиларни маҳаллий шароитда тарбиялаш учун нима етишмайди?

Албатта, Одил Аҳмедовнинг куюнганича бор. Нафақат «Навбаҳор», балки олий лиганинг аксарият жамоаларини бошқараётган мутахассислар кўпинча натижа ҳақида ўйлаб, истеъдодли ёшларни кашф этиш масаласини иккинчи планга суриб қўйишмоқда.

Демак, биз эртанги муваффақиятдан умидвор бўлсак, албатта, Виктор Романович сингари кашфиётчи мураббийлар фалсафасига таянишимиз даркор.

Миллий термамиз сардори ушбу мақсад йўлида дастлабки қадамларни қўйиб улгурди. Наманган вилоятида футболчилар етиштирувчи маскан барпо этилишига бош-қош бўлди. Водий чемпионлар лигаси деб номланувчи янги турнир ташкиллашга астойдил киришган.

Нафақат водий, балки бутун мамлакат футболи ривожини ўйлаб иш кўраётган эканми, демак Аҳмедовнинг лоқайд мураббийларга эътироз билдиришга ҳаққи бор. Олий лига клубини бошқараётган мутахассислар эса футболимиз юлдузининг танқидидан ранжимай, аксинча, унга хайрихоҳ бўлишлари даркор. Ахир «Дўст ачитиб гапиради...», деб бежиз айтишмаган. 

Ўткирбек УМАРОВ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz