Қайднома

Қидирув

Испания футбол федерацияси раҳбари нега ҳибсга олинди?

Испания футбол федерацияси раҳбари нега ҳибсга олинди?

  04.08.2017 03:39
  0
  929
Испания футбол федерацияси раҳбари нега ҳибсга олинди?

Ўтган ҳафта Испания футбол федерацияси раҳбари Жанубий Америкада ишлаётган ўғли билан бирга ҳибсга олинди. Табиийки, бу воқеа жаҳон футбол жамоатчилиги ўртасида катта шов-шувга айланди.

Воқеа моҳияти

Ҳафта охирида Испанияда мамлакат футбол федерацияси президенти, 67 ёшли Анхель Мария Вильяр қўлига кишан солинди. У бир қатор жиноятларда айбланмоқда - коррупция иши, ҳужжатларни сохталаштириш, ташкилот маблағини ўзлаштириш ва ҳоказо... Эътиборлиси, Анхель Вильяр қатори унинг ўғли Горка Вильяр, шунингдек, ташкилот вице-президенти Хуан Пардон ҳамда Тенерифе футбол федерацияси бош котиби Рамон Бускга ҳам тегишли айбловлар эълон қилинди.

Анхель Вильяр ҳақида

Ушбу функционер испан футболига узоқ 1988 йилдан буён раҳбарлик қилаётганди. Хусусан, жорий йил май ойида, яъни яқиндагина Вильярни ҳисоб бўйича 8-муддатга сайлашганди.

Вильяр даврида Испания термаси барча кўтарилишлар ва қулашларни бошдан кечирди. Дейлик, Евро-92 финал босқичига чиқолмаган испанлар кейинчалик мисли кўрилмаган ғалабаларни тантана қилишди.

Айниқса, 2008-2012 йиллар оралиғи жуда омадли келиб, «қизил фурия» бу даврда 2 марта Европа чемпиони бўлди, жаҳон кубоги соҳибига айланди. Қолаверса, мамлакатнинг турли ёш тоифасидаги терма жамоалари томонидан ҳам қойилмақом натижалар қайд этилди.

Собиқ футболчи

Вильяр ҳисобида футболчилик пайти қўлга киритилган биттагина сов­рин бор. У 1973 йили 12 йиллик қадрдон клуби -  «Атлетик» (Бильбао) сафида Испания кубоги соҳибига айланган. Яна 4 йилдан сўнг эса УЕФА кубоги финалида иштирок этган. Испания терма жамоасидаги статистикаси эса камтарона - атиги 22та ўйин. У майдонда асосан ярим ҳимоя­чи вазифасини бажарган.

УЕФА бошқарувини қўлга олиши мумкин эди

Ҳа, шундай, аммо ўз номзодини муддатидан олдин «ўчирди». Гап шундаки, Вильяр 2 йилча аввал ЖЧ-2018 ва ЖЧ-2022га мезбон танлаш жараёнига боғлиқ очилган иш юзасидан кўрсатма беришни хоҳламади ва шу билан ўзи ҳам коррупцион можарога аралашиб қолди. Мишель Платини истеъфога чиқарилганидан кейин эса, шунчаки, УЕФА президенти бўлишга даъвогарлар қаторида туришни истамай, ўз номзодини қайтариб олди.

Евро-2016да мудраш

Ўтган йилги Европа чемпионатида испаниялик арбоб обрўсига путур етгани аниқ. Чунончи, у Анг­лия ва Словакия термалари ўртасидаги ўйин (0:0) пайти маълум муддат мудраб ўтирди. Табиийки, Вильярнинг «уйқу саҳнаси» операторлар назаридан четда қолмади.

Ла-лига раҳбарияти билан муросасизлик

Вильярнинг асосий душманларидан бири - бу Испания профессионал футбол лигаси президенти Хавьер Тебас. Улар неча йилдирки, сира муроса йўлини тополмаяптилар. Бунинг асосий сабаби ҳам тайин - Тебас «Реал» фанати ҳисобланса, Вильяр «Барселона» билан яхши алоқада. Ваҳоланки, Анхель Мария испан футболи бошлиғи сифатида барча маҳаллий федерациялар раҳбарияти билан яхши алоқа ўрнатиши шарт эди.

Ўғли ҳақида маълумот

Горка Вильяр - бутун бошли КОНМЕБОЛ бош директори. У Лотин Америкасидаги клуб турнирлари телевизион ҳуқуқини сотишга боғлиқ фирибгарликда айбланмоқда. Аслида ҳаммаси ярим йилча олдин бошланганди. Бундан ташқари, гумон қилинишича, кичик Вильяр Швейцарияда келишилган ўйинларни ташкиллаштириш билан шуғулланган.

Ношуд дипломат

Гарчи Вильяр узоқ йиллардан буён юқори лавозимни эгаллаб турган бўлсада, уни унча ёқтиришмайди. Дейлик, тажрибали функционер ношуд дипломат сифатида кўп танқидга учрайди.

Умуман, у фаолияти давомида терма жамоага бош мураббий тайинлаш, телеҳуқуқлар савдоси, аёллар футболи ва келишилган ўйинлар юзасидан кўплаб можароларга юз тутган. Оддий айтганда, испан футболи ихлосмандлари Вильярдан қаттиқ зерикишганди...

Фикр

- Мария Вильяр ҳаттоки, VAR ибораси (видеотакрорлар технологияси) нимани англатишини ҳам билмайди. Хавьер Тебас Испания лигаси президенти.

- Горка - Лотин Америкаси футболини бошқараётган мафиянинг мия маркази. У қонунбузарликларда оддий иштирокчи эмас, балки бош ижрочи шахсдир. Қачонки, пулни ўзлаштириш ҳақида сўз очилса, гап айнан Горка Вильярга бориб тақалади». Хосе Луис Чилаверт (Парагвай терма жамоаси собиқ дарвозабони).

А.ЭШОНХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz