Қайднома

Қидирув

2-давра қизийдиган давра бўлсин-да!

2-давра қизийдиган давра бўлсин-да!

  05.08.2017 09:33
  0
  1073
2-давра қизийдиган давра бўлсин-да!

Ўзбекистон чемпионати бу йил бошқача кечмоқда. Барака топсин, қўқонликлар биринчи даврада олий лигани жуда қиздириб беришди. Шу кетишда Нўъмон Ҳасанов шогирдлари мавсум охиригача улоқни бошқаларга бермоқчи эмаслар, шекилли. Албатта, бундай ўйинларни томоша қилиш ҳаммага ёқади. Аммо мавсумнинг иккинчи ярмида даврани қиздириш фақат «Қўқон-1912»нинг гарданида қолиб кетмаса керак. Чунки Ўзбекистон кубоги чорак финалида кўрдикки, эътибор қаратишга арзийдиган жиҳатлар кўп экан. Гапни шундан бошласак.

КУБОК

Ўзбекистон кубоги чорак финалида кўп қизиқарли баҳслар кўрдик. Гарчи бирорта кутилмаган натижа қайд этилмаган бўлсада, ишқилиб, ўзимиз истаган ўйин бўлди. «Локомотив» ўз майдонида «Бухоро»ни қабул қилди ва қийинчилик билан ярим финал йўлланмасини қўлга киритди. Улуғбек Бақоев шогирдлари 90 дақиқа рақибга қаршилик кўрсатишди ва ҳимоявий ўйин қандай бўлишидан рақибга дарс беришди. Фақат қўшимча бўлимларда «темирйўлчилар»нинг қўллари баланд келди. Демак, «Бухоро» олий лиганинг иккинчи даврасида ҳам рақибларга анча-мунча ташвиш келтириши турган гап.

Шунингдек, «Насаф» ҳам кўп мақталган «Қўқон-1912» қаршилигини енгиш учун анча қийналишига тўғри келди. Бу жамоалар ўртасида кечган дастлабки баҳсда Рўзиқул Бердиев шогирдлари 4:1 ҳисобида ғалаба қозонишгани боис жавоб ўйинига эътибор у қадар катта эмас эди. Аммо қўқонликлар биринчи бўлимдаёқ ҳаммасини ўзгартириб юборишди. Улар олий лигада бежизга катта шов-шув кўтаришмаганини исботлашди ва кетма-кет иккита гол уриб, учрашувни анча қиздириб беришди. «Насаф» бунақа бўлишини кутмаган экан, шекилли, бироз довдираб ҳам қолди. Аммо якунда барибир, тажриба устун келиб, ҳисоб тенглашди ва олий лигада бардавом бўлиб турган сенсация кубокда иш бермай қолди.

Аммо кубок баҳслари орасида энг шиддатлиси барибир, «Бунёдкор» ва «Нефтчи» ўртасида кечган бўлса керак. Бу жамоалар иштирокидаги қарама-қаршиликлар ҳеч қачон принципиал ҳисобланмаган. Тошкентликлар ва фарғоналиклар мусобақа жадвалида ёнма-ён боришмаган ва ўзаро баҳслар ҳам шунчаки бошқалари қатори ўтиб кетарди. Аммо «Нефтчи» бошқарувига Вадим Абрамов келгач, ҳаммаси ўзгарди. Чунки «Бунёдкор»да Миржалол Қосимов ишлайди ва мухлислар уларни ўзаро таққослашни анча хуш кўрадилар. Шу боис ҳам чорак финалда «Бунёдкор» ва «Нефтчи» ўртасида кечган баҳсга қизиқиш анча катта бўлди.

Шунга яраша учрашув ҳам қизиқарли кечди. Биринчи бўлимда фарғоналиклар бироз устунлик қилишди ва ҳисобни очиш билан бирга яна бир қатор вазиятларни ҳам яратишди. Агар бўлимнинг сўнгги дақиқасида Чемиртан томонидан урилган гол бўлмаганда якуний натижа қандай бўлишини тахмин қилиш ҳам қийин эди. Бироқ танаффусдан сўнг «Бунёдкор»нинг ўйини тубдан ўзгарди ва Миржалол Қосимов шогирдларининг бир жабҳада - жисмоний тайёргарликда рақибдан устун эканликлари яққол сезилиб қолди. Айнан шу жиҳати билан «қалдирғочлар» фарғоналикларга ҳеч қандай имконият қолдиришмади ва 3:1 ҳисобида ғалаба қозониб, ярим финал йўлланмасини қўлга киритишди.

Мазкур учрашувлар туфайли нафақат кубок, балки олий лига баҳсларига ҳам янада кўпроқ умид билан қараяпмиз. Агар Ўзбекистон чемпионати ҳам шундай шиддат остида кечадиган бўлса, ишонинг, стадионларга келадиган мухлислар янада кўпайиши турган гап.

«ПАХТАКОР»

«Пахтакор» иккинчи давра олдидан таркибни кучайтирди ва битта жиҳати билан кўпчиликнинг ҳурматини қозонди - «шерлар» бевосита рақибларни кучсизлантириш орқали эмас, балки хориждан футболчилар олиб келиш билан жамоани шакллантиришга ҳаракат қилмоқдалар. Бу эса анча ҳурматга лойиқ жиҳат.

Биз яхши биламиз, «Пахтакор» бундан 15 йил олдин ҳам «суперклуб» яратиш йўлида иш олиб борган, аммо ўшанда жамоа раҳбарияти бутунлай бошқача стратегия танлаганди. «Шерлар» шунчаки, юртимизнинг энг кўзга кўринган футболчиларини ўз сафларига қўшиб олиб, рақибларни кучсизлантириш орқали рекорд ортидан рекорд ўрнатишган.

Кейинчалик кучайиш навбати «Бунёдкор»га келди ва «қалдирғочлар» ҳам анъанавий йўлдан кетишди. Бу борада асосий юк энди «Пахтакор»нинг зиммасига тушди - Сервер Жепаров, Темур Кападзе, Игнатий Нестеров, Анвар Солиев, Бахтиёр Ашурматов - бу футболчилар «Бунёдкор» шарафини ҳимоя қила бошладилар. Орадан кўп ўтмай уларнинг аксарияти «Локомотив» томон йўл олишди. Чунки «суперклуб» яратиш навбати «темирйўлчилар»га келганди.

Ҳайтовур, ҳозирги «Пахтакор»нинг ривожланиш стратегияси бошқаларникидан бироз фарқ қилмоқда. Тўғри, «Насаф»дан Элдор Суюнов таклиф этилди ва яна бир қатор футболчилар пойтахт клубига ўтишди. Аммо аввалгидек тотал равишда кўчиб юришлар кўзга ташланмаяпти. Кўпроқ юк барибир, легионерларга тушадиган кўринади. Албатта, ҳозирча жамоа сафига қўшилган хорижликларни жуда таниқли, деб бўлмайди. Аммо ким айтади шу билан жамоанинг селекция иши тўхтаб қолади, деб? «Пахтакор» таркибни ва ўйинни кучайтиришда давом этиши аниқ ва айнан шу сабабга кўра жамоани кузатиш қизиқарли бўлади.

 

АБРАМОВ

Вадим Карленовичнинг «Нефтчи»га бош мураббий этиб тайинлангани «Бунёдкор»га қарши кечадиган ўйинларга бўлган қизиқишни ошириб юборди, деб юқорида айтиб ўтдик. Аммо бундай клублар яна топилиши тайин. Масалан - «Локомотив»...

Абрамов «Локомотив» бошқарувида икки йилдан ошиқроқ фаолият олиб борди, аммо бор потенциалини намойиш этди, дейиш қийин. Тўғри, Ўзбекистон кубогида илк ғалаба қўлга киритилди, бироқ «Локомотив» фақат у кетгач олий лигада ғолиб бўлди. Бу эса Вадим Карленович учун исботлайдиган нарсалар кўплигини билдиради.

Аммо Абрамовнинг ишига қизиқиш ошишига фақат турли принципиал ўйинлар ва шахсий интилиш сабаб бўлмайди. Бу мураббий Ўзбекистон терма жамоаси бошқарувида ўзгача ўйин услуби билан кўпчилик меҳрини қозонган эди. Кубокнинг чорак финалида ўтказилган баҳс шуни кўрсатдики, Вадим Карленович «Нефтчи» бошқарувидаги қисқа вақт давомида ҳам анча-мунча ишларни амалга оширишга улгурибди. Очиғи, биринчи бўлимда жамоани таниб бўлмай қолди. Фарғоналиклар алоҳида шиддат билан тўп суришди ва «Бунёдкор»дек рақибни ҳар жабҳада ортда қолдира олишди. Афсуски, жисмоний тайёргарлик маромида эмас экан, иккинчи бўлимда имконият бой берилди. Бироқ Вадим Абрамов бу борада ҳам ишни давом эттириши ва рақибларга турли сюрпризлар тайёрлаши турган гап. Бу кутилмаган совғалар қай тахлит бўлишини билиш учун эса, олий лиганинг иккинчи даврасини кузатиб бориш лозим.

 

«БУНЁДКОР»

«Бунёдкор» иккинчи давра олдидан таркибни кучайтиришга эришди. Агар буни кучайиш, деб бўлса, албатта. Чунки «қалдирғочлар» шунчаки, бир қатор эски футболчиларни жамоага қайтаришди, холос. Анвар Ғофуров, Воҳид Шодиев, Шоҳруҳ Гадоев, Сардор Собирхўжаев - бу ўйинчиларнинг барчаси ўз вақтида «Бунёдкор» шарафини ҳимоя қилишган. Уларнинг орасида фақат Шоҳруз Норхонов ажралиб туради. «Обод» етакчисининг қайси клубга ўтиши ҳақида анчадан буён гап-сўзлар юрган эди ва ёш ҳужумчи ниҳоят, «Бунёдкор»ни танлади.

Айнан шу жиҳати билан ҳам «қалдирғочлар»нинг ўйинига қизиқиш ошиши муқаррар. Миржалол Қосимовнинг мавсум бошидаги беқарорликка барҳам бергани Ўзбекистон кубоги чорак финалида кўриниб қолди. Энди мураббий мана шу муваффақиятни ривожлантира оладими? Норхонов янги жамоага киришиб кетиб, Элдор Шомуродовнинг ўрнини босиши мумкинми? Бунисини энди олий лига ўйинларини кузатиб борсангиз, билиб олишингиз мумкин.

 

«ОБОД»

Биз юқорида келтирган маълумотларнинг барчаси етакчилар ўртасида кечадиган кураш ҳақида эди. Аммо шуни унутмангки, олий лиганинг энг шиддатли ўйинлари мусобақанинг қуйи поғонасида ҳам кечади. Кўпинча Ўзбекистон чемпиони номи муддатидан аввал ҳал бўлгани ҳолда «жон» сақлаш учун кураш қизиганини кўрганмиз. Жорий йил ҳам бундан истисно бўлмаслиги мумкин. Айниқса, «Обод» тарқалиб кетмасдан, таркибни кучайтира бошлагач, ушбу мавзуда бемалол гапириш мумкин.

Биринчи давра якунига етганидан сўнг «Обод»нинг фаолияти тўхтатилиши ҳақида деярли расмий хабарлар ҳам берилди. «Деярли», деганимизга ҳайрон қолманг, расмий хабарнинг шунақаси ҳам учраб тураркан. Жамоа бош мураббийи Рауф Инилеевнинг шахсан ўзи «ИнтерФутбол»га берган интервьюсида жамоа тарқаб кетиши арафасида эканини тан олган. Аммо кейинчалик воқеалар жараёни ўзгариб кетди ва «Обод» элитадаги иштирокини давом эттирадиган бўлди.

Таниқли журналист Алишер Никимбаевнинг «Твиттер»даги саҳифаси орқали хабар беришича, клубга украиналик сармоядорлар ёрдам беришади - «Обод» сақлаб қолинди. Кўп ўтмай бу хабарнинг тасдиғи сифатида жамоага Украинадан уч нафар легионер футболчи келишини билиб олдик. Энди ўзингиз айтинг, бундай хабарларни эшитгач, олий лигага қизиқмай бўладими?

 

ЯКУНДА

Биз мақола давомида Ўзбекистон чемпионатини томоша қилиш учун яна қандай сабаблар борлигини тўлиқ айтиб ўта олмадик. Бу ёқда «Локомотив» ва «Насаф» турибди, улар яна аввалгидек барқарор ўйин намойиш эта олишадими? «Қўқон-1912» иккинчи ўринни сақлаб қолиш учун нималар қилиши лозим? «Олмалиқ» кучли учликка анча яқин келиб қолганди, Виктор Кумиков шогирдлари бундан ҳам юқорига кўтарилишадими? Бу саволларнинг жавобини энди олий лига ўйинларини томоша қилиш орқали ўзингиз билиб олишингиз мумкин.

Биз эса бир нарсани олдиндан айта оламиз - энди футболимизда принципиал ўйинлар сони янада ошиши аниқ. Ахир қанча ўзгаришлар бўлиб кетганини ўзингиз кўриб турибсиз. Табиийки, ҳар бир жамоа шу ишлар самарасини тезроқ кўрсатгиси келади. Бу эса шиддатли, курашга бой ўйинлар сони кўпайишига олиб келиши табиий.

Демак, шу ҳафта охирида бошланадиган ўйинларни ўтказиб юборманг, афсусланмайсиз...

 

 

АБДУЛЛОҲ

Олий лига 16-тур ҳакамлари

5 август (шанба)

«ОБОД»-«НАВБАҲОР»

Ҳакамлар: О.Толибжонов (Тошкент), Р.Серазетдинов (Тошкент), Б.Баҳромов (Тошкент), И.Гармашов (Тошкент)

Назоратчи: О.Дачев (Тошкент).

Комиссар: В.Лёткин.

------------------------------------

«ДИНАМО»-«МЕТАЛЛУРГ»

Ҳакамлар: Ш.Қосимов (Тошкент), Т.Галеев (Тошкент), А.Пўлатов (Тошкент), Э.Турсунов (Бухоро)

Назоратчи: Р.Айтеков (Тошкент).

Комиссар: Б.Ҳайдаров.

------------------------------------

«НЕФТЧИ»-«ШЎРТАН»

Ҳакамлар: В.Агишев (Тошкент), С.Ҳакимов (Самарқанд), Ш.Камаров (Самарқанд), А.Шукуруллаев (Тошкент)

Назоратчи: С.Эрматов (Тошкент).

Комиссар: А.Фролов.

------------------------------------

«ОЛМАЛИҚ»-«БУХОРО»

Ҳакамлар: Р.Эрматов (Тошкент), А.Расулов (Тошкент), Ж.Саидов (Тошкент), Р.Лутфулин (Тошкент)

Назоратчи: С.Нажафалиев (Тошкент).

Комиссар: Г.Ртвеладзе.

------------------------------------

6 август (якшанба)

«ҚИЗИЛҚУМ»-«ПАХТАКОР»

Ҳакамлар: В.Коваленко (Тошкент), М.Саидқосимов (Тошкент), А.Цапенко (Тошкент вил.), Н.Қосимов (Қарши)

Назоратчи: Р.Серазетдинов (Тошкент).

Комиссар: Н.Лутфулин.

------------------------------------

«НАСАФ»-«ҚЎҚОН-1912»

Ҳакамлар: В.Цейтлин (Тошкент), А.Сидоров (Тошкент), Д.Сайлалов (Тошкент), Д.Каримов (Тошкент)

Назоратчи: Д.Роман (Тошкент).

Комиссар: Р.Черников.

------------------------------------

«СЎҒДИЁНА»-«БУНЁДКОР»

Ҳакамлар: Ҳ.Рўзиев (Тошкент), Р.Фозилов (Наманган), М.Мажидов (Наманган), Ф.Норсафаров (Қарши)

Назоратчи: Ш.Жумаев (Қарши).

Комиссар: Б.Маметов.

------------------------------------

7 август (душанба)

«ЛОКОМОТИВ»-«МАШЪАЛ»

Ҳакамлар: Р.Бобомуродов (Навоий), Б.Қодиров (Бухоро), А.Буров (Бухоро), А.Нажафалиев (Тошкент)

Назоратчи: А.Попов (Тошкент).

Комиссар: Ф.Магометов.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz