Қайднома

Қидирув

Галиулиндан гол қолганларда эса...

Галиулиндан гол қолганларда эса...

  08.08.2017 06:23
  0
  642
Галиулиндан гол қолганларда эса...

Баракалла, Вагиз. Россия чемпионати 4-турида икки нафар ҳамюртимиз жамоаси ўзаро тўқнаш келди: «Ростов» сафарда «Анжи»ни 1:0 кичик ҳисобда мағлуб этди. Махачқалъа жамоаси вакили Вадим Афонин бошланғич таркибда майдонга тушиб, тўлиқ 90 дақиқа ҳаракатланган бўлса, «Ростов» сафига қўшилган Элдор Шомуродов захирада қолди. Виталий Денисов эса ҳамон ўйинлардан четда қолмоқда. Унинг жамоаси - «Локомотив» ўз майдонида «СКА-Хабаровск»ни ягона гол эвазига мағлубиятга учратди. «Арсенал» - «Тосно» ўйинида яна бир легионеримиз Вагиз Галиулин яққол кўзга ташланди. Ўтган мавсум «Тосно»нинг премьер-лига йўлланмасини қўлга киритишига катта ҳисса қўшган ҳамюртимиз биринчидан, Тулада ҳисобни тенглаштирди (48-дақиқада). Иккинчидан «Тосно»нинг ҳужумларида фаол қатнашиб, жамоасининг ортга 2:1 кўринишидаги ғалаба билан қайтишида муҳим роль бажарди. Хуллас, 90 дақиқа тиним билмаган Вагиз ўйиннинг энг яхши футболчиларидан бири бўлди.

Кубок баҳсида ирода. «Шанхай СИПГ» Хитой кубоги чорак финалида чинакам ирода кўрсатди. Шанхайликлар бу босқичнинг дастлабки ўйинида «Тянжин Куанжин» майдонида нақ 0:3 ҳисобида ютқазишганди. Қарангки, Андре Виллаш-Боаш шогирдлари жавоб баҳсида мўъжизавий ҳаракатланиб, бу фарқни йўққа чиқардилар - 4:0. Оддий айтганда, жамоа иложсиздек кўринган ҳолатда ярим финалга чиқди. Ҳамюртимиз Одил Аҳмедов ҳам мазкур қаҳрамонликда тўлиқ иштирок этди. Эътиборлиси, «СИПГ» Хитой супер-лигаси 20-турида ҳам айнан «Тянжин Куанжин»ни қабул қилди, бироқ бу сафар қимматли очколарни бой берди - 0:0. Ўзбекистон миллий жамоаси сардори бу учрашувда ҳам 90 дақиқа ҳаракатланди. «Пекин Гуоан» ҳимоячиси Егор Кримец эса ҳамон майдон четида қолмоқда. Пойтахтликлар 20-тур баҳсини ўз майдонларида «Шандонг Луненг»га қарши ўтказиб, дуранг билан чекланишди - 2:2. Афсуски, миллий жамоамиз асосий ҳимоячиларидан бири жорий мавсум «Пекин»нинг бор-йўғи 2та ўйинида майдонга тушди, холос. Егорнинг айниқса, ЖЧ-2018 саралашидан ўрин олган ўйинлар яқинлашаётган пайт амалиётсиз қолаётгани хавотирли. Миллий жамоамизнинг яна бир ҳимоячиси - Анзур Исмоиловга келсак, у «Чанчун Ятай»нинг ҳар бир учрашувида тўлиқ вақт ўйнаш имкониятига эга бўлмоқда. Анзур хусусан, сафарда «Шанхай Шенхуа»га қарши кечган ва 1:1 ҳисоби билан тугаган баҳсда ҳам 90 дақиқа тўп сурди. Умуман олганда, у жорий мавсум чемпионат доирасидаги 16та ўйинда майдонга тушиб, 1та гол урди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz