Қайднома

Қидирув

Чап қанот масаласи…

Чап қанот масаласи…

  08.08.2017 13:34
  0
  299
Чап қанот масаласи…

Биласиз, Ўзбекистон миллий жамоаси ЖЧ-2018 саралаши доирасида Хитой ва Жанубий Корея термаларига қарши кечадиган муҳим учрашувларга тайёргарлик режасига мувофиқ, Туркияда йиғин олиб борди. Хўш, бу галги ўқув-машғулотлар бизга нима берди? Айтиш жоиз, йиғин одатдагидек, ФИФА кунларига тўғри келмагани боис, унда легионерлар иштирок этишмади. Айни шу сабаб ўлароқ, бирор жиддий рақибга қарши назорат учрашуви ўтказилгани йўқ. Ҳал қилувчи баҳслар олдидан жамоамизда қандай муаммолар борлигини билиш учун эса йиғин натижасига қараш ҳам шарт эмас...

МУАММО

Таркиб масаласида аввалдан муаммо борлиги барчамизга тайин. Ёдингиздами, биз учун ўта муваффақиятли ҳисобланган 2011 йили ҳам айни шу мавзу кўп гапирилганди. Ўша вақт асосий баҳс марказий ҳимоя хусусида кетганди. Собиқ бош мураббий Вадим Абрамов муаммони ўз ҳолича ҳал қилган - Ислом Тўхтахўжаевни чақириш ўрнига таянч ярим ҳимоячиси Одил Аҳмедовни орқага сурганди. Унинг бу қарори қандай самара бергани ҳақида узоқ баҳслашиш мумкин. Бир томондан, терма жамоамиз тарихда илк марта Осиё кубоги ярим финалига чиқди. Бироқ иккинчи тарафдан қарасак, Австралия термасига қарши кечган ўйинда хунук тарзда енгилди. Шундан буён кўп сувлар оқиб ўтди, аммо муаммо ўша-ўша. Шунингдек, унинг ечими ҳам ўзгармаяпти. Хусусан, Самвел Бабаян ҳам футболчилар позициясини ўзгартиришдан сира тийилмаяпти. Дейлик, охирги 2 йил давомида қайси чизиқда йўқотиш кузатилмасин, бўшаган жой бошқа амплуа вакиллари ҳисобига тўлдирилди. Мисол учун, юқорида тилга олинган Ислом Тўхтахўжаев ҳимоянинг барча нуқталарида ўйнаб кўрди, ҳисоб. Эрондаги мағлубиятга ҳам шуни сабаб сифатида кўрсатиш мумкин.

 

ЭРОН

«Озоди»даги ўйинни эслаш ёқимсизу, лекин наилож...? Ўша баҳс жамоамиз учун ўта омадсиз бошланганди. Балки ким учундир Станислав Андреевнинг жароҳатланиб, сафдан чиққани катта муаммодек кўринмас. Аммо асосий муаммо Андреевнинг ўзи эмас, балки унинг ўрнига туширилган футболчига боғлиқ бўлди. Яъни майдонга чап қанот вакили туширилмади, аксинча, Акмал Шораҳмедов шунчаки, ўша томонга ўтказилди. Ўнг қанот эса Даврон Ҳошимовга бўшатиб берилди. Ўша учрашув қандай кечгани ўзингиз маълум. Ҳар икки қанотда етарлича хатолар кузатилди ва эронликлар истаганча ҳужум ташкил этишди. Хуллас, Шораҳмедов сўнгги дақиқаларга қадар ўзи учун ноодатий томонга мослашолмади, Ҳошимов ҳам ишончни оқламади. Тақдирнинг аччиқ кинояси шундан иборатки, энди Хитой ва Жанубий Корея термалари билан бўладиган ўйинларда ҳам худди шу футболчилар яна икки қанотда майдонга тушишлари мумкин. Чунки Виталий Денисов ҳамон четда...

 

ЭСКИ МУАММО

Ўзбекистон терма  жамоаси чап қанотида узоқ йиллардан буён Виталий Денисов тўп суриб келади ва бу позициядан кўнгил тўқ эди. Аммо Виталий ҳам  темирдан яралмаган. Афсуски, унинг сафдан чиқиб қолиши мумкинлигига бепарво қаралди, яъни муносиб ўринбосар кашф этилмади. Ҳозир чап қанот масаласида энг ёмон хабар шуки, Виталий Хитой ва Жанубий Корея термаларига қарши кечадиган ўйинларда ҳам майдонга тушолмаса керак. Бунга футболчининг гаплари далолат: «Айни пайт тикланиш билан бандман, яқинда югуриш машқларини бошладим. Аммо ўзимни қийнамай, аста-секин югурмоқдаман. Ҳамон шифокорлар назоратидаман. Албатта, қишки танаффусга қадар майдонга қайтишдан умидворман». Демак, катта эҳтимолки, у бўлажак 2та расмий учрашувда жамоамизга ёрдам беролмайди... Боз устига, Станислав Андреевнинг ЖЧ-2018 саралаши доирасидаги сўнгги баҳсларда майдонга тушолмаслиги ҳам деярли аниқ бўлиб улгурган. У аввалги ҳафта Туркияда операция столига ётди ва энди тикланиши учун вақт керак. Хўш, бундай вазиятда Самвел Бабаян қандай қарор қабул қилади? Яна бошқа чизиқ вакилини чап қанотда сурадими ёки ниҳоят, асл ҳимоячини жалб этади?

 

«ЭСКИ-ЯНГИЛАР»

Туркия йиғинида иштирок этганларга қарасак, чап қанот ҳимоясида ўйнашга номзод бир қатор футболчиларни кўрамиз. Улар орасида Александр Мерзляков асосий даъвогар эканини айтиш учун алоҳида билимдонлик талаб қилинмаса керак. У вақтида «Пахтакор»да Бабаян билан бирга ишлаган ва жорий мавсум «Қўқон-1912» сафида чакки таассурот қолдирмаяпти. Чап қанотга яна бир номзод - Фаррух Сайфиев. Шунингдек, Мурод Холмуҳаммедов универсал ҳимоячи. Демак, у ҳам майдонга тушиши мумкин. Қолаверса, Мурод Хитой футболидан яхши хабардор.  Зеро, «Пахтакор»да ўйнаган пайти «осмоности» юртда бир неча бор ижара келишувини ўтаган. Албатта, бу ҳимоячилар билан чап қанот муаммоси тўлиқ ҳал бўлишини айтиш қийин. Аммо Ислом Тўхтахўжаев ёки Акмал Шораҳмедовни «суриш»дан кўра, яхшироқ бўлишига умид бор...

АБДУЛЛОҲ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Оммабоп мақолалар

Термамиз етакчилари қандай фикрда?

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

  • Сизнингча, Олий лига-2017 ни қайси жамоалар тарк этади?


© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.