Қайднома

Қидирув

Нестеров Лобанов соясида қолиб кетмоқда ёки таноби тортилган тайёргарлик

Нестеров Лобанов соясида қолиб кетмоқда ёки таноби тортилган тайёргарлик

  10.08.2017 10:32
  0
  1843
Нестеров Лобанов соясида қолиб кетмоқда ёки таноби тортилган тайёргарлик

Президент Шавкат Мирзиёев жамиятнинг сояда қолаётган оғриқли нуқталари -  очиқ яраларини даволаш чораларини қўллашда дадил ва янги-янги ташаббусларни олға сурмоқда.

Мамлакатимиз раҳбари хусусан, халқимиз зиёлилари билан учрашувда ижодкорлар ва журналистлар меҳнатига дахлдор муаммоларни ечиш бўйича ҳам ғоят ўринли, қувонарли таклифларни билдириб, яна бир бор барчанинг меҳрини қозонди.

Учрашувдан шундай хулоса чиқариш мумкин: истеъдоднинг сояда қолиши, нари сурилиши ҳеч қачон яхшиликка олиб келмайди.

Бугун қалам ҳақи, уй-жой масаласида имтиёзларга эга бўлаётган журналистлар зиммасига жамиятнинг айни шу изтиробли мавзусини танқид қилиш, қаламга олиш вазифаси юкланмоқда. Демак, бу сафар сояда қолиш, захирада ноўрин ўтириш масаласида фикрлашамиз.

Ҳозир аксарият футбол мухлислари Неймар трансферини муҳокама қилишмоқда. Ҳақиқатан ҳам, бу мавзу жиддий баҳс-мунозараларга арзийди. Табиат қонунларидан маълумки, юлдузнинг моҳияти - порлаш. Неймар - юлдуз. Шу боис, баралла порлашни истайди.

Табиийки, бошқа бир ёруғ юлдуз бундай вазиятда унга ноқулайлик туғдиради. У ҳам аслида ёруғ юлдуз эканлигини исботлаш учун алоҳида макон излайди. Бразилиялик энди янги манзилда юлдузлик миссиясини бажара оладими ёки йўқ? Буниси бошқа масала.

Футбол оламидаги энг қайноқ мавзу ҳақида уйлар эканмиз, хаёлимизни яна беихтиёр миллий жамоамиз, легионер футболчиларимиз, олий лига муаммолари чалғитиб юборди.

Қачон юксаклик ҳақида сўз борса, энг аввало, Эверестни эслаймиз. Ҳолбуки, Эверест анча узоқда. Майли, у олис-олислардан ўзининг бемисл виқори билан бутун дунёни ҳайратлантираверсин.

Айни чоғда биз учун Учқўрғон адирларининг баланд нуқтасида туриб, кафтимиздагидек  ястаниб ётган қишлоқни кузатган мароқли.

Шу маънода Неймар ўзи истаган жамоада юлдуз сифатида порлайверсин. Биз унинг ўйинларию, финтларидан завқлансак, бас! Мухлислик қилиш, қўллаб-қувватлаш учун эса жонажон  Ўзбекистонимизда ҳам юлдузлар етарли.

Айтиш мумкинки, Неймарни Месси соясида юриш зериктирди. Яна қанча-қанча футболчилар, хусусан, дарвозабонларни захирада ўтириш азияти қийнамоқда.

Сояда қолиш, захирада ўтиришдан зада футболчиларнинг кутилмаган қарорлари натижасида трансферлар бозори қизийди. Шу тариқа баъзи муаммоларга ечим топилади. Чунки тараққиётнинг янги эшиклари очилади. Бироқ футбол оламида ҳар доим,  ҳамиша қонуниятларнинг адолатли тантанаси кузатилавермайди.

Қайси бир футбол муҳити ёки жамоада гоҳо шундай воқеа-ҳодиса рўй берадики, уларни фақат томошабин сифатида кузатишга мажбур бўласан киши.

Мана, масалан, Игнатий Нестеровнинг терма жамоамиздаги ўрни масаласини олайлик. У бир қатор бош мураббийлар даврида терма жамоамизнинг асосий дарвозабони сифатида гавдаланди.

Дейлик, Миржалол Қосимов унинг ўсишдан тўхтаб қолмаслиги ва ўзи ўрнатган «монополия»га барҳам бериш учун Муроджон Зуҳуров ва Элдорбек Суюнов воситасида рақобат муҳитини яратишга интилди.

Афсуски, мазкур изланишлар кутилган ижобий самарани бермади. Оддий айтганда, Игнатий Нестеров бошқа дарвозабонларимиз чиқиб боролмайдиган баландликда тураверди.

Самвел Бабаян эса жамоамизда ўзгаришлар қилиш зарурлигини таъкидлаш ва амалий ишларини намойиш этиш мақсадида уни мажбуран пастга туширди.

Ҳар ҳолда, бизнингча, шундай. Жанлуижи Буффон Италияда ҳамон тенгсиз бўлгани каби Игнатий ҳам маҳорат ва тажриба бобида мамлакатимиз футболида етакчи голкипердир. Италияда дарвозабонларнинг бутун бир авлоди Буффон соясида қолиб кетди. Италия футболи шунга рози бўлди, бундан кўз юмди.

Бошқача айтсак, Италия футболи Буффон маҳоратидан ҳайратланаверди ва ҳамон ҳайратланмоқда. Ҳеч бир мураббий ҳозирча унга «Бўлди, энди қаридинг, сенинг давринг ўтди!» демади ва мажбуран захира ўриндиғига «михламади».

Италия футболи зўрнинг зўрлигини шундай эътироф этади. Шу боисми, «А» серияси ҳам, «мовий гвардия» ҳам гуллаб-яшнайверади. Бизда эса вазият бошқача. Бугун Игнатий Нестеров ўрнида Александр Лобанов савлат тўкмоқда.

Хўш, бу ҳол футболдаги табиий қонуниятлар натижасими ёки унда инсон омили таъсири кучли? Бир пайтлар алмаштирилмасдек туюлган Павел Бугало ўрнини Игнатий Нестеров табиий тарзда эгаллаган ва ҳамма айни алмашувни маъқуллаганди. Вазият етилган бўлса, ҳеч ким бундай ўзгаришга эътироз билдирмайди.

Энг асосийси, истеъфога чоғланаётган посбон бўлажак ўринбосарини қўллаб-қувватлайди ва кетиш зарурлиги тан олиб, қўл кўтаради. Бу ҳаракати билан тақдир ва тараққиётни олқишлайди.

Фикримизча, Игнатий Нестеров ва Александр Лобанов алмашувида табиий жараён бузилди. Бу борада вазиятни инсон омили бошқарди ва алмашувга ноўрин аралашди. Чунки вазият етилмаганди ва ҳозир ҳам Нестеровнинг нисбатан кучлироқ эканлиги яққол кўзга ташланмоқда.

Албатта, қайси дарвозабон хизматидан фойдаланиш - мураббийнинг иши. Натижага у масъул ва шунинг учун ишига аралашиш ярамайди. Лекин вазиятнинг айрим нозик жиҳатларига эътибор қаратиш - касбий бурчимиз. Бир ўйлаб кўринг, Игнатий мудом захирада ўтиришга қалбан розими?

Бошқа футболчиларнинг бу масалага муносабатлари қандай? Мантиқан фикр юритсак, Игнатий Нестеровдек ўз қадри ва савиясини биладиган дарвозабон Самвел Бабаяндан хурсанд эканлиги ақлга сиғмайди.

Терма жамоамизнинг бир қатор асосий таркиб футболчилари Александр Лобанов бемаврид «қовун» туширган ҳолларда асабийлашишганини назарда тутсак, улар ҳам умумий манзарадан рози эмаслар.

Бу эса жамоадаги муҳитга путур етказади. Кўриниб турибдики, биргина ноўрин ёндашув жамоадаги маънавий-руҳий бутунликка акс таъсир қилади. Ваҳоланки, бош жамоамиздаги маънавий-руҳий муаммолар шу жиҳат билангина чегараланмайди.

Мана, 2 йилдирки, бош мураббий неча-неча футболчиларни захирачи сифатида синовдан ўтказади, аммо уларнинг хизматларидан фойдаланмайди.

Бундай ёндашув қайси ўйинчига ёқади? Хуллас, айримлар терма жамоага шунчаки, расмиятчилик учун чақирилишаётганидан норози бўлишлари ҳам мумкин.

Фақат шуниси борки, улар ички норозиликни очиқ-ошкор ифодалашмайди. Таъбир жоиз бўлса, фаолиятларига соя тушиши ёки «соялар аралашуви»дан чўчишади.

Савол туғилиши табиий: бу сафар бизни нега айнан ноўрин сояда қолиш, захирада ўтириш мавзуси қизиқтирди? Хорижда тўп сураётган таниқли легионерларимизнинг кўпинча сояда қолишлари, захирада ўтиришлари айни мавзуни кўтаришга ундади. Ахир муҳим учрашувлар эшик қоқмоқда. Вақт жуда оз.

Термамизнинг асосий таркиби сояда, захирада. Захира эса майдонга тушишдан умид узган ва шу боис, ташвишлардан йироқ. Икки ўртада футболни севадиган халққа қийин. Президент эса халқни ўйламайдиганлар таноби тортилишини алоҳида таъкидлади.

Муҳаммад Вали


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz