Қайднома

Қидирув

Европа энг машҳур клубларининг янги мавсум либослари (фотогалерея)

Европа энг машҳур клубларининг янги мавсум либослари (фотогалерея)

  10.08.2017 11:37
  0
  2391
Европа энг машҳур клубларининг янги мавсум либослари (фотогалерея)

Россия чемпионатининг навбатдаги мавсуми йўлга тушган бўлса, Ла-лига, АПЛ, бундеслига, «А» серияси ва Лига 1 жамоалари тайёргарликнинг якуний босқичи билан банд.

Сайтимиз ижодкорлари шу вақтда «кўҳна қитъа»нинг етакчи клублари фойдаланадиган формаларга назар солишни лозим топишди.

Қайси жамоа футболкаси чиройли эканлиги хусусида хулоса чиқариш эса ўзингизга ҳавола...

ИСПАНИЯ

«Реал». Техник ҳомийси: Adidas

ЧЛ ғолиби ва Испания чемпионига тегишли асосий форма одатдагидек, оқ («қаймоқранг») ва иккинчи тўплам қора рангда. Захира формаси эса феруза-кўкимтир тусга эга. Ҳа, унда яна йирик пиксель кўринишидаги нақш ялтираб туради.

«Барселона». Техник ҳомийси: Nike

«Барселона» Nikeдан ажойиб формани қабул қилиб олди. Америка компаниясини кўпинча бу борада андаза кўчиришда айблашади, аммо унинг ходимлари йирик клублар талабини қондириш йўлида астойдил изланишади.

Демак, Каталония клубининг асосий либосини тайёрлашда анъанавий кўк-анорранг тусга эътибор қаратилган, бироқ вертикал чизиқларнинг қалинлиги турлича.

Меҳмондаги ўйинларга мўлжалланган форма ёрқин мовий рангда бўлса, учинчи тўплам қизиқарли нақшлар билан жилоланган ва у тўқ қизил тусда.

«Атлетико». Техник ҳомийси: Nike

Nike бу сафар «Атлетико»га хос одатий қизил-оқ йўл-йўл услубни қўшимча торгина вертикал кесма билан тўлдирди. Сариқ ва сафсар-кўк тусли тўплам эса муқобил вариант сифатида тахт қилиб қўйилган.

«Севилья». Техник ҳомийси: New Balance

Испаниянинг ЧЛда иштирок этувчи 4-вакили New Balance томонидан тайёрланган формаларга эга. Экипировка анча содда кўринади, аммо жуда жозибали.

АНГЛИЯ

«Челси». Техник ҳомийси: Nike

Англия чемпионининг уй формаси табиийки, кўк рангда ва унда фақат клуб рамзи ҳамда бош ва техник ҳомий логотиплари учун жой бор. Иккинчи тўплам - оқ (кўк ямоғи бор), учинчиси - қора (Nike кўплаб клубларга тавсия этган нақшинкор).

«Тоттенхэм». Техник ҳомийси: Nike

«Челси»нинг сафар ўйинларига мўлжалланган либосини олиб, ҳомийлар логотипи ва ёзувларини алмаштирсангиз, бас, «Тоттенхэм» ўз майдонида киядиган футболка юзага келади. Албатта, деярли. Учинчи тўплам ҳам андаза асосида яратилган. Тўғри, унда қорамтир-бинафшаранг ва сариқ туслари ажойиб тарзда уйғунлаштирилганини алоҳида таъкидлаш ўринли.

«Манчестер Сити». Техник ҳомийси: Nike

Классик ҳаворанг форма. Бунда битта ўзгариш бор - «шаҳарликлар» янги мавсумда оппоқ трусалардан фойдаланишади. Шунинг баробарида гетралар худди футболкалардек мовий тусда. Иккинчи тўплам тўқ қизил рангда, захира формаси устида озгина ижод қилинган, худди «Барселона», «Челси», «Атлетико» ва бошқа кўплаб клубларники каби.

«Ливерпуль». Техник ҳомийси: New Balance

Агар Nike формаларига кўп қарасангиз, уларнинг айнан қайси жамоаларга қарашли эканлигини бирдан фарқлашингиз қийин. Хайриятки, экипировка ишлаб чиқарувчи бошқа компаниялар ҳам бор. Мисол учун, New Balance томонидан тақдим этилган яна бир футболкада ортиқча ҳеч нарсаси йўқ. Ҳар ҳолда, «Ливерпул»нинг асосий формаси анча содда. Учинчи тўплам эса тўқ сариқ (лоларанг) тусда. У айниқса, Вейналдумга жуда ёқиши тайин.

«Арсенал». Техник ҳомийси: Puma

«Канонирлар»ни кийинтиришга масъул саналган Puma ўз вазифасини қойилмақом даражада уддаламоқда. «Арсенал»нинг учинчи тўплами диққатга сазовор: қора ва ёрқин пушти элементлар омухтаси...

«Манчестер Юнайтед». Техник ҳомийси: Adidas

«МЮ» - Англиянинг топ-клублари орасида Adidas фирмасининг ягона мижози. «Қизил иблислар»нинг нимадандир нолишларига асос йўқ. Эътиборли томони, учинчи тўплам дизайнини жамоа мухлислари Adidas расмий сайтида яратишган. «Олд Траффорд»га ўрнатилган «Тринити» ёдгорлиги тасвири энг ёрқин деталь бўлиб, у футболканинг пастки қисмига жойлаштирилган.

ГЕРМАНИЯ

«Бавария». Техник ҳомийси: Adidas

«Бавария»нинг формаси чиндан ҳам, ажойиб чиққан. Ижодкорлар уни яратишда мавсум-1973|1974даги либослар тўпламидан илҳомланишганини яширмаяптилар. Шунингдек, қорамтир-кўк тусли форма ҳам диққатни жалб этади. Айниқса, унинг кенг қизил чизиғи жамоа мухлисларига маъқул. Яна ҳар эҳтимолга қарши танланган оқ либос ҳам мавжуд.

«Боруссия» Д. Техник ҳомийси: Puma

Puma дортмундликларни ҳам чакки кийинтирмаяпти. Ҳарқалай, «Боруссия» формасида ўзига хослик бор. Тўғри, учинчи тўплам хусусида баҳслашиш мумкин.

ИТАЛИЯ

«Ювентус». Техник ҳомийси: Adidas

«Ювентус» ўзининг янги либосига шундай логотип жойлаштирдики, у катта баҳсларга йўл очди. Аммо очиқ тан олиш керак, эмблема Adidas тайёрлаган футболкада жуда ажойиб кўринади.

«Рома». Техник ҳомийси: Nike

«Рома» «Император» - Франческо Тоттисиз ўтадиган биринчи мавсумда классик ранглар уйғунлигида яратилган либосдан фойдаланади. Иккинчи тўплам ҳам кўзни қамаштирадиган ҳолатда.

«Наполи». Техник ҳомийси: Kappa

Яна бир янги техник ҳомий. Италия «А» серияси бронза медали соҳиби Kappa фирмаси томонидан тақдим этилган либосга бурканади. Бироқ ҳозирча фақат уй учрашувлари учун мўлжалланган форма кўриниши маълум, холос.

«Милан». Техник ҳомийси: Adidas

Жорий ёз «Милан»нинг улкан трансфер иштаҳаси очилди. Шу маънода форма бўйича одатий қизил рангга қайтишни яхшигина белги сифатида баҳолаш мумкин.

«Интер». Техник ҳомийси: Nike

«Милан» ҳамшаҳри ҳам ёрқинликка мойил: фақат қизил эмас, кўк рангга. Шунингдек, иккинчи тўплам анча қизиқарли чиқди. У Nikeнинг унутилган андазалари асосида махсус тайёрланган.

«Лацио». Техник ҳомийси: Macron

«Лацио»ни экипировка билан таъминловчи фирма Франция президенти билан адаш ва у тайёрлаган футболкада ўтган асрнинг 80-йилларига хос эски эмблема яққол кўзга ташланади. Меҳмондаги ўйинлар учун мўлжалланган либос ҳозирча тақдим этилмади, аммо учинчи тўплам тахт қилиб қўйилган - кенг оқ-мовий чизиқ, жиддий дизайн.

ФРАНЦИЯ

«Монако». Техник ҳомийси: Nike

Франция чемпиони ва ЧЛ ярим финалчиси ўзининг техник ҳомийси олдига энг юқори талабларни қўймоқда. Эҳтимол, бу Nike томонидан бўлажак мавсум учун яратилган энг яхши формадир. Футболканинг ўзи қизил тусда, майда қисмлари эса тиллоранг товланади. Хуллас, дизайн клуб эмблемаси билан чиройли уйғунлашган.

«ПСЖ». Техник ҳомийси: Nike

Изоҳга ҳожат йўқ. «Пари Сен-Жермен» раҳбарияти футболчиларни шундай ёрқин либос билан кийинтиришни режалаштирмоқда.


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz