Қайднома

Қидирув

Дембеле шунчалик зўрми?

Дембеле шунчалик зўрми?

  11.08.2017 06:15
  0
  1185
Дембеле шунчалик зўрми?

Бу футболчини ёзги трансферлар мавсумида «Барселона» ўз сафига қўшиб олишга кўп уринди ва ҳали-вери ниятидан қайтмай, таклифни янада кучайтириши аниқ.

Шунингдек, вундеркиндга бошқа бадавлат жамоалар ҳам харидор. Bombardir.ru ўз даражаси билан ҳаттоки рақибларни ҳам лол қолдираётган Усмон Дембеле ҳақида сўз юритади.

«Боруссия» ҳужумчиси вақт ўтгани сари ўсишда давом этмоқда. Икки йил аввал «Ренн»да профессионал шартнома тузиш бўйича қийинчиликларга учраган Дембелени ҳозирда сайёрамизнинг топ-клублари ўз сафларига қўшиб олишга иштиёқманд. Бир йил аввал «Барса» Усмон учун 35 миллион таклиф қилди, аммо у мунтазам ўйин амалиётига эга бўладиган жой - Дортмундни танлади. Бундеслигада ажойиб мавсумини ўтказгач, «Боруссия» унинг учун 90 миллион талаб қила бошлади. Мабодо, каталонияликлар ушбу суммани тўлашга рози бўлишса, мазкур трансфер бундеслигада рекорд ўрнатиши турган гап.

Усмон болалигида Эвре шаҳарчаси кўчаларида тўп тепиб юрганида унинг иқтидори «Ренн» клуби ходимларининг эътиборини тортди. Дембеленинг маҳаллий жамоада қолиб кетиши эҳтимолдан холи эмасди, аммо академия мураббийи Янник Меню ундаги салоҳиятни ўз вақтида пайқади: «Усмон шерикларидан бир бош устун эди ва ҳар сафар кейинги ёш тоифасига барчадан олдин қўшиларди».

Шунга қарамай, жамоа у билан профессионал шартнома тузишга шошилмас, бу эса юксак истеъдод соҳибининг жаҳлини чиқарарди: «Менга юз фоиз ишонадиган клубда тўп суришни хоҳлайман. Бу ерда эса айнан шу нарса етишмаяпти». Усмон ҳаттоки, «Ренн» собиқ мураббийи Филипп Монтанье билан юзага келган можаро туфайли машғулотларга қатнашмай қўйди.

Ўшандаёқ «Ред Булл Зальцбург» ва «Бенфика» Дембелени ўз сафларига қўшиб олиш ҳаракатини бошлашган, «Ренн» президенти Рене Реулло эса футболчини қўйиб юборгиси келмади. Кейинчалик вазиятга спорт директори Микаэль Сильвестр аралашди: «Дембеле - ажойиб ўйинчи, ҳужумда бизга кўп наф келтирмоқда. У бош мураббий, ишқибозлар ва клуб ходимларининг барча талабларига жавоб беради. Меҳнат, янада ўсишга эришиш лозим. Усмон буюк футболчига айланиш имкониятига эгами? Ортиқча иккиланишларсиз «ҳа» дейишим мумкин. Мазкур ҳолатда унинг менталитети асосий ролни бажаради. У мен кўрган катта иқтидор эгаларидан бири».

Дембеле айнан Сильвестр туфайли клубда қолди. Лига 1даги дебюти бундан бир ярим йил аввал рўй берди, орадан тўрт ой ўтиб эса «Нант» дарвозасига учта тўп киритди. Март якуни бўйича ойнинг энг яхши футболчиси сифатида тан олинди, мавсум охирида эса чемпионатнинг асосий ёш иқтидор соҳиби номига сазовор бўлди. 12та гол - сўнгги 26 йил мобайнида Францияда ҳеч бир 18 ёшли футболчига бундай бахт насиб этмаётганди. Ўшанда у мамлакат термасидаги дебютни нишонлади. Матбуот унинг Евродаги иштирокини тахмин қила бошлади, аммо Дидье Дешам йигитчага бундай йирик турнирда иштирок этиш учун ҳали эрта деб ҳисоблади.

Шунга қарамай, ҳозирда Дембеле ҳужумга алоқадор барча жабҳаларда энг яхшилардан бири: дриблинг, майдонни кўра билиш, ҳар икки оёқда бир хил самарали зарба. Ҳа, Усмон оёқларидан шу қадар унумли фойдаланадики, интервьюларида уларнинг қайси бири қулай экани ҳақида аниқ фикр билдиролмайди: «Мен чапақайман. Пенальтини нега ўнгда тепаман? Чунки шу оёғимда зарба яхшироқ чиқади». Бу салоҳияти туфайли у ҳар икки қанотда ҳам барқарор тўп сура олади.

«Боруссия» сафига қўшилгач, ёзги ўртоқлик баҳсларидаёқ ўзини кўрсатди: «Манчестер Юнайтед»га қарши кечган ўйинда рақиб жамоа футболчиларини бирин-кетин алдаб, дарвоза бурчагини аниқ нишонга олди. «Майнц» билан учрашувдан кейин эса Пьер-Эмерик Обамеянг қуйидагича фикр билдирди: «Ёнимга «Майнц» ўйинчиси келиб, «Қойил, бу нима? Сафингизга қўшилган йигитча ким? Унга қарши тўп суриш қийин, чунки тезлиги ўта юқори экан. Бу ҳақиқий омадли трансфер бўлибди», деди».

Декабрда Дембеле бундеслигада ой ўйинчиси, деб топилди, февралда эса «Барселона» спорт директори Роберто Фернандес у билан учрашди. Ўшанда ўсмир рад жавобини берганди, ҳозир эса вазият ўзгарди. Усмон Месси бошчилигидаги юлдузлар сафида тўп суришни орзу қилади. Дембеленинг Каталония пойтахтига кўчиб ўтиши жуда чўзилиб кетди, аммо тез орада бу иш амалга ошиб, у ёзнинг энг ажойиб трансферларидан бирига айланади. Ваҳоланки, Усмон мураббийлар, матбуот ва банкдаги ҳисоб-рақамлардан фарқ­ли равишда, ўзи ҳақида камтарона фикр билдиради: «Мен феномен эмасман, шунчаки, нимага қодирлигимни кўрсатишга интиляпман».

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz