Ўзбек футболида энг катта муаммолардан бири болалар футболига бориб тақалишини ҳаммамиз яхши биламиз.
Гарчи юртимизда болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари фаолият юритаётган ва унда кўп иқтидорлар тарбияланаётган бўлса-да, шунинг ўзи етарли эмаслиги натижадан ҳам кўриниб туради.
Клубларимиз халқаро мусобақада муваффақиятсиз иштирок этса ёки Ўзбекистон миллий терма жамоаси мағлубиятга учраса, энг аввало, болалар футболидаги муаммолар кўтарилади.
Бироқ унинг ечими учун нималар қилинмоқда? Буниси энди алоҳида масала.
ГЕРМАНИЯ ФУТБОЛИ
Болалар футболи ҳақида гап кетаркан, энг аввало, ёдга Германия келиши турган гап. Олмон юртида миллионлар ўйини ҳозир шу қадар ривожланганки, ҳар йили йўқ деганда 2-3 нафар янги юлдуз етишиб чиқади. Чунки 15 йилдан буён Германияда болалар футболини ривожлантириш бўйича алоҳида дастур ишлаб турибди.
Унга кўра, бутун мамлакат бўйлаб футбол мактаблари тизими яратилган. Ҳаммаси марказлашган ҳолда ишлайди, ҳеч бир ҳудуд истисно бўлиши мумкин эмас.
Натижада бирор бола эътибордан четда қолиб кетмайди. Ундаги иқтидор қай даражада эканлигидан қатъий назар, албатта, футбол мактабига жалб этилади. Ҳар бир ҳудуднинг ўз мактаби бор, унда турли тоифаларга мансуб гуруҳлар ташкил этилган.
Бир гуруҳ ўта иқтидорли болаларни жамласа, иккинчиси уларга рақобат туғдира оладиган, аммо ривожланиш тезлиги пастроқ футболчилардан иборат. Кейингисида эса мутахассислар наздида иқтидор жиҳатидан янада сустроқ деб топилган тарбияланувчилар таҳсил олишади. Гуруҳлар шу тариқа тоифага бўлиб чиқилган.
Бу тизим нимаси билан афзал? Гап шундаки, 7-8 ёшли ёки ундан каттароқ болаларда иқтидор намойиши турлича кечади. Қайсидир тарбияланувчидаги иқтидор жуда эрта кўзга ташланиши мумкин, аммо ке-йинчалик тўхтаб қолади. Бошқаси эса, аксинча, болаликда сустроқ бўлиб, сал улғайгач потенциалини тўлиқ намойиш эта бошлайди.
Германия футбол тизимининг ютуғи ҳам шундаки, у ҳар бир иқтидорни ёшлигидан кузатиб боради. Турли гуруҳлардан иборат тизим улардан ҳеч бири четда қолиб кетишига йўл қўймайди. Томас Мюллер, Месут Озил, Сами Хедира, Тони Кроос ва Мануэль Нойерлар айнан шу тизим мевалари ҳисобланади. Улар 5-6 ёшдаёқ кузатув остида бўлишган.
Гапнинг индаллосини айтганда, футбол мактабига келган ҳеч бир болага рад жавоби берилмайди. Унга бор иқтидорини намойиш этиш имкони йиллар давомида тақдим этилади.
БИЗДА-ЧИ?
Бизда эса бу масала анча муаммоли. Болада иқтидор бўлган тақдирда ҳам футбол мактабига боргач, мураббийлар кўригидан ўта олмаса, камида бир йил вақтини йўқотишига тўғри келади. Агар у руҳан синиб қолмаган бўлса, кейинчалик яна бошқа мутахассис назарига тушишга уриниб кўриши мумкин. Аммо 10-12 ёшли мурғак қалбда бундай ирода кучи ҳар доим ҳам топилавермаслиги турган гап.
Гарчи болалар ва ўсмирлар учун турли мактаблар яратиб қўйилган ва уларда кўплаб иқтидорлар тарбияланиб келаётган бўлса-да, барибир, болалар футболида янгилик бошлаш вақти келгани аллақачон маълум бўлиб улгурган эди. Ниҳоят, бу ишга ҳам қўл урилди. Фикримизни Тошкентда очилган бир муассаса мисолида исботлашимиз мумкин.
Жорий йилнинг апрель ойида Тошкентда Германиянинг Jugend Fussball Leistungszentrum in Schlotheim футбол мактаби филиали очилди. Ушбу таълим муассасасини қисқача JFL деб атай қоламиз. Хўш, ушбу ташкилот бизга нималар бериши мумкин? Бу мактаб ўзбек футболини ривожлантиришда яширин ётган қандай имкониятларни оча билади?
АНДОЗА
Юқорида Германияда футбол мактаблари қай тарзда иш олиб боришини айтиб ўтдик. Албатта, бир таълим масканида турли тоифадаги гуруҳларнинг бўлиши ўзига хос муаммоларни келтириб чиқариши турган гап. Уларнинг орасида энг биринчиси битирувчиларнинг профессионал спортда ўз ўринларини қай даражада топиб кета олишидир. Яхши биламиз, футбол мактаби ҳар қанча кучли бўлмасин, ҳамма тарбияланувчи ҳам профессионал ўйинчи бўлиб етиша олмайди.
Кимдир улғайгач ўсишдан тўхтаб қолади, бошқасига эса жароҳат панд беради. Ахир, миллионлар ўйини жароҳатлар билан ёнма-ён юради, унда кутилмаган воқеалар учраб туради. Бир сўз билан айтганда, 100 боладан нари борса, 2 ёки 3 нафари профессионал спортчи бўлиб етишади. Аммо қолган 97 тарбияланувчининг тақдири қандай кечади?
Германиядаги футбол мактаблари тизими, энг аввало, шу муаммони ҳал қилишга урғу қаратади. Унда болаларни профессионал футболчи қилиб тарбиялашдан ҳам кўра, ҳаётда ўз ўрнини топиб кета оладиган, фаол инсон етиштиришга кўпроқ эътибор қаратилади. Тарбияланувчиларнинг мактаб дастурини ўзлаштириб бориши мунтазам кузатув остида бўлади ва улар олдига имтиҳонларни муваффақиятли топшириш вазифаси қўйилади.
Дарсларни ўзлаштира олмаганларга амалий ёрдам кўрсатилади, буни истамаганлар эса ҳар қанча иқтидорли бўлмасин, мактабдан четлатилиши ҳам мумкин. Шу боис ҳар бир ўқувчи футбол сир-асрорлари билан биргаликда мактаб дастурини ҳам ўрганиб боришга катта эътибор қаратади. Чунки у профессионал футболчи бўлиб етишган тақдирда ҳам бу дарсликлар ҳаётда қўл келишига ишонади.
ГАПГА ЧЕЧАН ФУТБОЛЧИ
Хориж телеканалларини кузатиб борсангиз, тутилмасдан, равон гап билан интервью бераётган футболчи ва мураббийларни кўриб, ҳайрон қоласиз. Уларнинг нутқи ва ўзини тутиши анча-мунча журналистникидан қолишмайди. Шу боис ҳам кўпинча фаолиятини якунлаган аксарият спортчилар фаолиятларини телевидениеда давом эттиришлари мумкин.
Гари Невилл ва Тьерри Анрилар бунга яққол мисол. Бизда-чи? Афсуски, ўзбекистонлик футболчилар айнан шу масалада анча нўноқ. Бунга мисол келтириш учун узоққа бориш шарт эмас.
Касб нуқтаи назаридан телевидениеда ҳам чиқиш қилар эканмиз, кўпинча бир муаммога тўқнаш келамиз. Бирор кўрсатувга футболчи ёки мураббий чақириш лозим бўлса, мураккабликлар бошланади.
Чунки ТВ орқали ўз фикрини билдира оладиган футболчилар кўп эмас. Кимдир уялади, бошқаси андиша қилади, ишқилиб, телевидениедан қўнғироқ бўлганини эшитгани ҳамоно рад этиш учун турли баҳоналар қидиради.
Бири машғулотга кечикаётган бўлади, иккинчиси эса мураббийдан изн олиши лозимлигини рўкач қилади. Ўша рухсатни ўзингиз олиб берсангиз ҳам ТВга келадиган мард ҳар доим ҳам топилавермайди.
Хўш, Тошкентда ташкил этилаётган Германия услубидаги янги футбол мактаблари бу муаммоларни ҳал этишда биринчи қадам бўла оладими? Бизни қизиқтирган масала айнан шу бўлди.
НАМУНА
Ўзимизда ҳам немис футболидан андоза оладиган футбол мактаби очилиши ҳақида эшитганимиз ҳамоно ёдга келган биринчи савол унинг иш услуби билан боғлиқ бўлди. Чунки болаларни майдонга жамлаб олиб, уларга «олдин разминка қил», «крайдан подавать қил», «пас бер, алдайверма», дейдиган мураббийларни олдин ҳам кўрганмиз. Шу боис янгича мактабнинг иш услуби мутлақо бошқача бўлишини истагандик. Кўрганларимиз ва эшитганларимиз дастлабки умидни оқлади.
Хусусан, JFLда нафақат футбол мураббийлари, балки сувда сузиш бўйича мутахассис, хориж тили ўқитувчиси ва мактабдан берилган уй вазифаларини бажаришда ёрдам берадиган методистлар ҳам фаолият олиб боради.
Биз ҳали турли масалаларни ҳал қиладиган маъмурларни тилга олмадик. Хуллас, бир сўз билан айтганда, болаларнинг нафақат футбол, балки бошқа айрим фанларни ҳам ўзлаштириб боришлари учун барча шароит яратилган.
Улар JFLда нафақат жарима зарбасини қандай тепишни, балки математика ёки она тилидан берилган вазифаларни бажаришни ҳам ўрганиб борадилар. Бу эса келажакда қўл келиши турган гап. Чунки ҳамма ҳам футболчи бўла олмаслиги мумкин, хориж тиллари эса ҳамиша асқотади.
Боз устига, ота-оналарга ҳам анча осон бўлади. Фарзандини аввал футбол машғулотига, кейин репетиторга олиб бориш кўпчиликка оғирлик қилиши аниқ. Германия билан ҳамкорликда очилаётган муассасада айнан шу масаланинг комплекс тарзда ҳал этилиши кўзда тутилмоқда.
ҚИЗЛАР ГУРУҲЛАРИ
Аммо бу янгиликларнинг ҳаммаси эмас. JFL айни вақтда Германия элчихонаси билан ҳамкорлик масаласида музокаралар олиб бормоқда ва барчаси ижобий якунига етган тақдирда футбол мактабида қизлар гуруҳлари ташкил этилади. Уларда дарс бериш учун эса олмон ўлкасидан аёл мутахассис келиши кутилмоқда.
Яхши биламиз, юртимизда ўғил болаларга футбол сир-асрорларини ўргатадиган мактаблар талайгина. Аммо тўп суриш истагидаги қизлар кўпинча қаерга бориш кераклигини билмай қоладилар. JFL эса айнан шу масалада иш олиб бормоқда. Ҳаммаси яхши кечган тақдирда, октябрь ойида алоҳида гуруҳлар ташкил этилади ва қизларимиз немис мураббийи қўл остида шуғулланишлари мумкин.
ҲАМКОРЛИК
Германия билан ҳамкорлик кўлами шу билан чекланиб қолмайди. JFL мактабининг очилиш маросими апрель ойида бўлиб ўтган эди. Ўша маросимда Jugend Fussball Leistungszentrum in Schlotheim мутахассислари ва тарбияланувчилари ҳам иштирок этишди.
Бу ҳамкорлик яна давом этиши режалаштирилган. JFL мураббийлари мана шу ҳамкорлик доирасида ҳар йили Германияда малака ошириб қайтишади. Хорижликларнинг илғор дастури, футбол мактаби фаолияти ва бошқа жиҳатлар ўрганилиб, юртимизда ҳам татбиқ этилади.
Албатта, аста-секин бошланаётган бу ишлар жараёни бир маромга тушиб олгунга қадар кичик камчиликлар учраб туриши мумкиндир, балки. Аммо мактаб маъмуриятининг ҳозирги уринишлари таҳсинга лойиқ.
Унинг меваси қандай бўлишини эса 10 йилдан сўнг билиб олишимиз мумкин. Айни пайт мактабга 5 ёшдан 10 ёшгача бўлган болалар қабул қилинмоқда.
Орадан йиллар ўтиб, шу каби таълим масканлари тарбияланувчилари Германиядаги тенгдошлари сингари бундеслигада ўйнай олишса, билингки, бу йўналишда келажакка ўз вақтида пойдевор қў-йилган бўлиб чиқади...
Зафар ҚОСИМОВ
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20