Қайднома

Қидирув

Умар Шамсиев: «Реал», «Пахтакор» ва Одил Аҳмедовга мухлисман

Умар Шамсиев: «Реал», «Пахтакор» ва Одил Аҳмедовга мухлисман

  14.08.2017 00:21
  0
  829
Умар Шамсиев: «Реал», «Пахтакор» ва Одил Аҳмедовга мухлисман

Спорт ва санъат ҳамиша ёнма-ён бўлган. Жисмоний тарбия билан шуғулланиш орқали санъаткорлар саҳнада эркин ҳаракат қиладилар. Ортиқча вазн тўплашдан йироқда бўлишади.

Умуман олганда, спорт улар учун ҳар томонлама фойдали. Биз санъаткорлар деганда хонанда ва актёрларни назарда тутдик. Улар орасида спорт билан профессионал тарзда шуғулланганлари ҳам бор, албатта.

Биз бугундан эътиборан «Санъат ва спорт» рукни остида ана шундай спортга, хусусан, футболга бефарқ бўлмаган санъаткорлар билан суҳбат уюштиришни мақсад қилганмиз.

Илк меҳмонимиз «Ниҳол» мукофоти совриндори, эстрадамизнинг ёрқин вакилларидан бири Умар Шамсиев.

- Умар, қайси спорт турлари билан шуғулланасиз?

- Болалигимдан миллионлар ўйинининг ашаддий ишқибозиман. Ақлимни танибманки, кўчада дўстларим билан тўп тепардик.

Бир метр узоқликдаги дўстимиз кўринмай қолгунича коптокнинг ортидан қолмасдик. Ҳамон эсимда, онам туғилган кунимга футбол тўпи совға қилгандилар. Анча йил ўша тўпни кўз қорачиғидек асраганман.

Мен учун қадрли ҳадя бўлиб қолганди. Мактабда жисмоний тарбиядан баҳоларим ҳамиша аъло эди. Энг севимли фанларимдан бири ҳам айнан жисмоний тарбия ҳисобланарди.

Вақт ўтиши билан санъатга бўлган меҳр устунлик қилди. Футболга камроқ вақт ажратишга тўғри келди. Лекин бўш вақт топилди дегунча дўстларимиз билан яшил майдонга ошиқамиз. Профессионал футболчи бўлиш пешонамга ёзилмаган экан.

- Футбол мактабида миллионлар ўйини билан профессионал тарзда шуғулланиш ҳақида ўйлаб кўрмаганмисиз?

- Ўйлаб кўрганман. Лекин барибир, санъатга бўлган меҳрим устун чиққан. Бу билан футболга қизиқишим санъатга нисбатан паст, демоқчи эмасман. Шунчаки, битта касбни танлашим керак эди.

- Қайси футболчилар билан салом-алигингиз бор? Кимлар билан дўстлашгансиз?

- Одил Аҳмедов - яқин дўстим. Таниқли актёр Алишер Узоқов сабабчи бўлиб, ушбу футболчини яхши танидим. Менга терма жамоамиз сардори билан бирга футбол ўйнаш бахти насиб этган.

Энг ҳурмат қиладиган футболчим ҳам айнан Аҳмедов бўлади. Ҳозир Хитой чемпионатида тўп сураётган дўстимнинг ўйинларини кўриб боришга ҳаракат қиламан.

- Қайси жамоаларнинг ўйинига бефарқ эмассиз?

- Ёшлигимдан «Пахтакор» мухлисиман. Илк бор «Пахтакор» стадионига Осиё чемпионлар кубоги доирасидаги ўйинда тушганман. Ўшанда «шерлар» Туркманистоннинг «Ниса» клубини қабул қилиб, 5:0 ҳисобида ғалаба қозонишганди.

Аниқ эсимда, Ашхободдаги ўйинда «Ниса» зафар қучганди (4:0). Икки ўйин натижасига кўра, «Пахтакор» кейинги босқичга йўлланма олганди.

Қаранг, ўша пайтларда ҳам стадион мухлислар билан деярли тўларди. Ҳозир мана бир неча йилдирки, «Пахтакор» стадионига томошабинлар айтарли келишмаяпти.

- Клубдаги янгиликлардан хабарингиз бордир?

- Албатта. Раҳбариятда ўзгариш рўй берди. Ўйлайманки, буларнинг бари иккинчи давра учрашувларида ўз самарасини беради. Лекин жорий йил оламшумул янгиликлар бўлмаса керак.

Чунки давралар оралиғида катта харидларни амалга оширишнинг иложи йўқ. Шундай бўлсада, «Насаф» етакчилари Элдор Суюнов ва Шерзод Аъзамовнинг жамоа таркибига қўшиб олиниши «Пахтакор»нинг мақсади жиддий эканлигидан далолат.

- «Шерлар» ОЧЛ йўлланмасини қўлга кирита олишармикан?

- Бунга эришиш осон бўлмайди. Лекин вазиятга реал қарасак, «Пахтакор» мазкур вазифани амалга ошириши мумкин. Суюнов ва Аъзамовни қўлга киритиш орқали «пахтакорчилар» асосий рақибларидан бирини кучсизлантиришди.

Жамоа кубок баҳсларидан эрта чиқиб кетди ва бошқа рақибларига қараганда ўйини камроқ бўлади. Шу жиҳатдан бор эътиборини фақат чемпионат ўйинларига қаратади.

- Хориж клубларидан қайсиларга ишқибозлик қиласиз?

- Мадриднинг «Реал» жамоасига ашаддий мухлисман. Ярим тун бўлишига қарамай, ўйинларини кузатиб бораман.

- Ўтган йилги мавсум сиз учун байрам бўлибди-да?

- (кулади) Ҳа, нимасини айтасиз. Севимли жамоам ЕЧЛ ғолиблигига эришди. Шуни ишонч билан айтишим мумкинки, «Реал» ҳақли равишда кубокни қўлга киритди. Бу ғалабада жамоа бош мураббийи Зайниддин Зиданнинг хизматлари катта.

- Криштиану Роналдунинг жамоани тарк этиши ҳақида кўп гапиришди. Шахсан сиз бунга ишонасизми?

- Йўқ. Ўзи ҳар йили мавсумлар оралиғида шундай шов-шув кўтарилади. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Роналду ҳеч бир жамоада ўзини «Реал»дагидек бахтли ҳис қила олмаса керак.

Балки фаолиятининг якуний қисмида «Манчестер Юнайтед»га ўтиб, ўша клубда бутсаларини михга илар?! Аммо ҳозирча у Мадрид жамоаси билан ғалабаларга эришишда давом этади.

- Олдинда миллий термамизни иккита муҳим учрашув кутиб турибди. ЖЧ-2018 финал босқичига чиқишимизга ишонасизми?

- Ишонч бор, лекин хавотир ундан ҳам кўпроқ. Мен футболчиларимизга Хитой ва Жанубий Кореяга қарши кечадиган ҳаёт-мамот учрашувларида омад ёр бўлишини тилайман.

К.АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz