Қайднома

Қидирув

«Пахтакор-79» ҳамиша қалбимизда

«Пахтакор-79» ҳамиша қалбимизда

  14.08.2017 10:22
  0
  531
«Пахтакор-79» ҳамиша қалбимизда

Шахсан мен фалокатга учраган «Пахтакор» ўйинларини кўрмаганман. Архивда сақланиб қолган оқ-қора тасвирли лавҳаларни айтмаганда, албатта.

Улар кўпроқ тарих вазифасини ўтайди. Футбол эса 90 дақиқа ҳаяжонда ушлаб турадиган ўйин. Шунинг учун эски «Пахтакор» ҳақида тўлқинланиб гапиролмайман, ёзолмайман. «Самога сочилган юлдузлар» қабилида бирор нарса қоралаш учун эса юрак керак.

Бу борада фақат 2009 йили кузатилган бир воқеани эслашим мумкин. Футболимиз ғурури саналган ўша «Пахтакор» ҳақида сўз очилганида, ёдимга аввало, шу воқеа тушади. Аниқроғи нотаниш таксичи амаки.

Ўша вақт «Чемпион» газетасида ишлардим, таҳририят эса Тошкентнинг чекка туманларидан бирида жойлашганди. Якшанба куни газетани саҳифалаш ишларини тугатишимиз шарт эди, шунинг учун ярим тунгача қолиб кетардик. Бундай маҳал улов масаласи муаммо, тунги соат 3да такси тутиш қийин. Хуллас, ўша воқеа рўй берган куни ҳам ишдан жуда кеч чиқдик. 5 киши эдик, такси эса нари борса, 4 нафар йўловчи олади. Бахтимизга, эскироқ «Волга» тўхтади ва ҳайдовчи - чамаси 60 ёшдан ошган амаки ҳаммамизни манзилга элтиб қўйишга рози бўлди. Кўчада қолиб кетмаганимизга хурсанд бўлиб, машинага ўтирдик. «Волга»нинг бағри кенг, ҳаммамиз сиғдик, кайфият яхши, гангир-гунгир гап... Ҳайдовчи амаки сўзларимиздан журналист эканимизни дарров фаҳмлади. Ўзи таксичилар шунақа - хоҳлаган мавзуда гаплашишга мойил. Унинг биринчи саволи табиийки, футбол ҳақида янгради:

- Қайсидир жамоамизга Ривалдо келган эмиш, шу тўғрими?

Очиғи, ўша вақт бундай савол кўп бериларди. Ахир Ривалдо жуда машҳур, футболга умуман қизиқмайдиган киши ҳам уни билади. Аммо билиш бошқа, футболни тушуниш бошқа. Шу боис, ҳаваскор-мухлислардан ғалати саволлар ҳам тушиб турарди. Масалан, Ўзбекистон терма жамоаси ўйини пайти «Қани Ривалдо? Уни сотиб олишганди-ку, нега ўйнамаяпти?» қабилида хуноби ошганларни кўрганмиз. Амакини ҳам шундай тоифасида қабул қилганимиз рост:

- Ҳа, у «Бунёдкор»га келди.

- Бунақаси йўқ эди-ку, қаердан пайдо бўлди?

- Яқинда тузилди. Амаки, футболга роса қизиқар экансиз-да.

- Йўғ-а, қаёқда... Бир вақтлар жинниси эдим. Кейин... 30 йилдан буён футбол кўрмайман.

- Нега?

- Эҳ, у пайтлар «Пахтакор» бор эди-да. Қандай йигитлар-а, ўшалар ўйинини роса томоша қилганмиз. Кейин футбол яқинига бормай қўйдим.

Амаки бир зум жимиб қолди. Ниманидир ўйлади. Кейин яна гап бошлади:

- Улар бошқача ўйнашарди, ҳаммасини стадионда кўрганман. Бир сафар ҳеч гол уролмаганларида, ғалати иш қилишган. «Угловой» пайти бири ҳимоячини ортидан бир тепганди, орқасига аланглаб қолди. Шу вақт бошқаси бош билан гол уриб кетди. Ўзиям ўйинмисан, ўйин бўлган-да. Бутун стадион кулганди. Бунақа ўйинни ҳозир қаердан топасан? Ўша «Пахтакор»нинг ҳеч бир ўйинини қолдирмасдим. Улар портлагандан кейин ҳам биринчи ўйинга борганман. Лекин охиригача ўтиришга юрак чидамади. Шу-шу футболдан нари юрибман. Кўролмайман. Жаҳон чемпионатими, бошқасими - фарқи йўқ, телевизорни ўчириб қўяман.

Ҳа, амаки Ривалдодек юлдузни ҳам деярли танимасди. Аммо «Пахтакор»нинг 30 йил олдинги таркибини тутилмай айтди. Футболчиларни сифатларигача тавсифлаб ҳам берди - қай бири қандай ўйнарди, қувлиги, дилозор ёки тантилиги, қўполлиги ёки интизоми, тезлиги ва ҳоказо... Фақат шуниси борки, у билган футбол 1979 йил августида тўхтаган. Бу ёғига нималар бўлганини билмайди. Билишни ҳам истамайди.

Балки нотўғридир, аммо «Пахтакор-79» ҳақида сўз очилса, аввало, оқ-қора суратдаги норғул йигитлар эмас, ўша 60 ёшли амаки кўз олдимга келади. У бизга бор дард-аламини тўкиб сочмаганди аслида. Шунчаки, ўзи билган «Пахтакор» ҳақида сўзлаб берганди, холос. Аммо шундайин завқ биланки, ҳар гапида катта дард борлиги билиниб турарди. Бу қандай мухлис-ки, суюкли жамоаси ҳалокатга учрагач, футбол томошасини батамом йиғиштирибди? ТВдаги кўрсатувлар ёки газеталардаги мақолаларда марҳум «пахтакорчилар»га асосан идеал инсон сифатида таъриф берилади. Албатта, ўтганларни фақат яхши гаплар билан ёдга олинади. Аммо ўша футболчиларимиз ҳам аввало, инсон бўлишган. Шундай экан, ҳар бири ўзига яраша табиати, характери билан ҳам ажралиб турган. Айнан шу нарсани ўша тун яққол ҳис қилгандим. Амаки оддий ўйиндаги биргина вазият ҳақида тўпори гапириб, осонгина тушунтириб берганди.

1979 йилнинг августида биз энг аввало, тирик инсонлар - ўзига яраша табиатга эга ва энг муҳими, бутун Ўзбекистон учун қадрли саналган инсонларни йўқотганмиз. Амаки ўша йигитларни соғинганди. Ёмон соғинганди. Йилда бир марта бўлсада, ёши катталардан (улар орасида мухлисликдан воз кечганлари қанча-қанча...) ўша «Пахтакор» ҳақида сўраб туринг, дўстим...

ҲАМИША ҚАЛБИМИЗДАСАН, «ПАХТАКОР-79»!

Идгай ТАЗЕТДИНОВ

Владимир ФЁДОРОВ

Михаил АН

Олим АШИРОВ

Александр КОРЧЁНОВ

Сергей ПОКАТИЛОВ

Равиль АГИШЕВ

Николай КУЛИКОВ

Юрий ЗАГУМЕННИХ

Владимир МАКАРОВ

Константин БАКАНОВ

Виктор ЧУРКИН

Шуҳрат ЭШБЎТАЕВ

Владимир СОБИРОВ

Сирожиддин БОЗОРОВ

Владимир ЧУМАКОВ

Мансур ТОЛИБЖОНОВ

Муаллиф: Зафар ҚОСИМОВ


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz