Қайднома

Қидирув

Дурангга ўрин йўқ ёхуд Олий лига 17 тури ҳақида фактлар

Дурангга ўрин йўқ ёхуд Олий лига 17 тури ҳақида фактлар

  14.08.2017 16:49
  0
  717
Дурангга ўрин йўқ ёхуд Олий лига 17 тури ҳақида фактлар

Олий лиганинг иккинчи давраси анча ғалати бошланганди. Яъни 16-тур доирасидаги нақ 5та ўйин дуранг натижа билан хотима топгач, Ўзбекистон чемпионати қанчалик даҳшатли кўриниш олишини ўйлаб қолгандик.

Бироқ аввалги ҳафта бўлиб ўтган ўйинлардан сўнг тасаввуримиз кескин ўзгарди. Дуранглар лимити чегараланган экан, шекилли, 17-турда бирорта учрашувда муроса йўли танланмади.

Аксинча, 8та ўйиннинг барчасида томонлардан бири устун келди. Мағлуб жамоалардан 7таси ҳаттоки, гол уролмаган бўлса, 2та учрашувда йирик ҳисоб қайд этилди.

«Насаф»га осон эмас...

   17-турнинг асосий баҳси Бухорода бўлиб ўтди. Яна олдинга интилаётган Улуғбек Бақоев жамоаси бу сафар «Насаф»ни қабул қилиб, ягона гол эвазига 3 очко олди. Ҳа, мавсум бошида бухороликлар бошқарувига тажрибасиз саналган Бақоев тайинланганида, кўпчилик ҳайрон қолганди. Аммо ёш мураббий анча кучсизланган таркиб билан ҳам ўтган йилгидан кам натижа қайд қилмайдиган кўринади. Мана, бухороликлар 5-ўринга кўтарилишди. «Насаф» аксинча, мағлубиятдан сўнг яна 2-қаторни бўшатиб қўйди. Чунки «Қўқон-1912» аутсайдер - «Обод»ни ўз майдонида мағлубиятга учратиб, анча ўрганиб қолган жойига қайтди.

  Рўзиқул Бердиев жамоасининг муҳим очколарни бой бергани «Локомотив»га ҳам қўл келди. Чунончи, сафарда «Сўғдиёна»га қарши майдонга тушган «темирйўлчилар» ортга ишончи ғалаба билан қайтишди - 4:0. Эътиборлиси, Жиззахда Мурод Бобожонов ва Марат Бикмаев галма-галига 2тадан гол уришди. Хусусан, Маратнинг чемпионат давомидаги голлари сони 15тага етди ва ҳужумчининг терма жамоамиз ўйинлари яқинлашган сари яхши ҳолатга кириб бораётгани қувонарли ҳол. Айтиш жоиз, «Сўғдиёна» бошқаруви Игорь Шквиринга топширилгач, жамоанинг руҳияти анча кўтарилганди. Бироқ «Бунёдкор»га қарши кечган ўйиндаги дурангдан сўнг кузатилган 0:4 Игорь Анатольевич олдида қилинадиган ишлар ҳали жуда кўплигини кўрсатиб қўйди.

Арвеладзе «имзо»сими ёки...?

   Ўтган турнинг энг йирик натижаси Тошкентда кузатилди - янгиланган «Пахтакор» Вадим Абрамов бошчилигида янгиланаётган «Нефтчи»ни меҳмон қилдию, сира аямади. 90 дақиқа давомида нақ 6та гол урилди ва уларнинг барчаси иккинчи бўлимда бир томондаги дарвозага йўлланди. Хуллас, фарғоналиклар 45 дақиқага чидашди, танаффусдан кейин эса... Вадим Абрамов эса ҳаттоки, биринчи бўлимдаги ўйинга ҳам «ноль» сифатини берди. Унинг ҳужумкор футболни ёқтириши барчага маълум. Шунинг баробарида қўл остидаги жамоаларнинг кучли рақибга қарши ўйинларда ҳимояни унутиб, аянчли аҳволга тушиб қолганини ҳам кўрганмиз. Хуллас, Вадим Карленович шогирдларини сусткашликка йўл қўйганликда айблаётган бўлсада, хоҳлаймизми-йўқ, 0:6да ўз «имзо»си ҳам бор. У шунингдек, «Пахтакор» ўйинида катта ўзгаришни сезмаганини айтди, аммо бу Шота Арвеладзе иши самара келтира бошлаганини инкор қилолмайди. Игорь Сергеевнинг 2та гол ургани хусусида эса Марат Бикмаев ҳақида айтилган фикрларни такрорлаш мумкин.

Юқори тўртликка интилиш

   Олий лигада юқори 4та ўрин учун алоҳида рақобат бошланганига анча бўлди. Чемпионатимиз иштирокчилари учун Осиё Чемпионлар Лигасининг 4та йўлланмаси ажратилганида, «кучли тўртлик» атамасини кенг қўллаш одат тусига кирди. Гарчи айни пайтга келиб, бу квотадан асар ҳам қолмаган бўлса-да, юқори тўртлик учун кураш сусайгани йўқ. Турнир жадвалининг айни ҳолатига қарасак, 4-ўринга илиниш йўлида нақ 5-6та жамоа кураш олиб бормоқда. Уларнинг очколари ўртасидаги фарқ эса атиги 4та, холос. Тўртликка кириш умидидаги иштирокчилардан бири - «Бунёдкор» ўтган ҳафта «Олмалиқ»ни қабул қилиб, 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Шу тариқа «қалдирғочлар» ҳисобидаги очколар сони 25тага етди ва улар 6-ўринга сакрашди. «Навбаҳор»да ҳам худди шунча очко бор. Наманганликлар нисбатан кучли «Қизилқум»ни 3:2 ҳисобида енгиш эвазига жадвалда ўз майдонида «Машъал»га ютқазган «Металлург»дан олдинга ўтишди ва очколар бўйича «Олмалиқ» билан тенглашишди.

Бечора «Обод» ночор...

    Олий лига мусобақа жадвали қуйи қисмида эса вазият анча ойдинлашиб бормоқда. Гарчи «Обод» иккинчи давра олдидан тарқалиб кетиш хавфидан қутулган бўлса-да, қуйи лигага равона бўлиш эҳтимолидан қутулмайдиган кўринади. «Ободчилар»нинг сира омадлари юришмаяпти. Қўқон сафаридан қуруқ қайтган жамоа ҳисобида атиги 9 очко бор. 14-ўриндаги «Сўғдиёна» эса бундан нақ икки баравар кўп очко йиққан. «Шўртан» эса «Динамо»ни кичик ҳисобда енгиш эвазига хавфли ҳудуддан бироз узоқлашди. Қуйи лигага тушиб кетиш таҳликаси остидаги яна бир жамоа «Нефтчи» 17-турдан кейин ҳам оғир аҳволда. 12 очкога эга фарғоналиклар агар келгуси турларда вазиятни тезда ижобий томонга буришмаса, кеч бўлиши мумкин. Умуман, ҳозирги ҳолатда «Нефтчи» «плей-офф» баҳсида биринчи лига вакилига қарши майдонга тушиш учун бош номзоддек кўринмоқда.

Тур қаҳрамони - Тиаго Безерра

     Олий лига ўйинларига киришгани ҳамоно қаҳрамонлик кўрсатиш осон эмас. Аммо бразилиялик Тиаго Безерра бу иш уддасидан чиқди. Бу ўринда гап футболчининг 2та гол урганида ҳам эмас. «Пахтакор» унинг голларисиз ҳам «Нефтчи»ни йирик ҳисобда ютарди, эҳтимол. Масалан, Игорь Сергеев гол масаласидаги тақчилликдан сўнг «дубл»га эришди. Аммо Сергеев ва Безерра натижаси ўртасида, таъбир жоиз бўлса, анча фарқ бор. Худди бўш қолган дарвозага тўп йўллаш ва шу вазиятни яратиш ўртасидаги каби. Хуллас, бразилиялик футболчи 2та голга муаллифлик қилишдан ташқари, жамоаси ҳужумларида фаоллик кўрсатди. Шуни инобатга олган ҳолда, айнан уни қаҳрамон сифатида эътироф этдик.

Тур иқтибослари

- Биринчи голда рақиб футболчиси хатоси қўл келди. Айнан тезкор гол жамоани қўшимча руҳлантирди ва қолган дақиқаларда ўз ўйинимизни кўрсатишда ортиқча қийналмадик. Андрей Микляев («Локомотив» бош мураббийи).

- Шогирдларим лоақал 20 фоиз имкониятларини ҳам ишга сололмадилар. «Бунёдкор» билан учрашувдан кейин жамоани хайрихоҳликка бошлаш ва барқарор ўйинни тиклаш бироз қийин кечмоқда. Олег Тюлькин («Динамо» бош мураббийи).

- «Пахтакор»да ўйин бобида катта ўзгаришни сезганим йўқ. Ўша-ўша «Пахтакор». Шунчаки, бугун биз жуда суст ўйнаб, устимиздан кулишларига йўл қўйиб бердик. Бошқа гап йўқ. Вадим Абрамов («Нефтчи» бош мураббийи).

- Жамоамиздан кетган футболчилар ҳақида такрор-такрор савол бериляпти. Бунга тўлиқ жавоб берганмиз ва яна такрорлаш шарт эмас. Гап айнан дарвозабон ҳақида кетаётган бўлса, Санжар Қувватов ишончни оқлаяпти. Рўзиқул Бердиев («Насаф» бош мураббийи).

- Тушунарлики, 3 очкога  ўз-ўзидан эришганимиз йўқ. Бунинг замирида тинимсиз меҳнат ва руҳий тайёргарлик бор. Улуғбек Бақоев («Бухоро» бош мураббийи).

--------------------------------------------------------------------------------------------

«БУНЁДКОР» - «ОЛМАЛИҚ» - 1:0 (1:0)

11 август. Тошкент. 678 томошабин.

Ҳакамлар: И.Танташев (Бухоро) - 8,5; Ҳ.Шодмонов (Бухоро) - 8,4; А.Қўлдошев (Бухоро) - 8,4; Р.Абдувоҳидов (Қарши) - 9,0.

Гол: О.Шукуров (30).

«Бунёдкор»: 32. С.Султонов, 3. И.Қобилов, 4. А.Комилов, 6. А.Ғофуров, 8. Ж.Иброҳимов, 9. Ш.Нурматов, 17. Д.Ҳамдамов (30. Х.Ғиёсов, 79), 19. Н.Тўхтасинов (18. С.Собирхўжаев, 84), 21. Д.Аҳмадалиев, 22. Ш.Гадоев (11. В.Чемиртан, 90Қ1), 29. О.Шукуров.

«Олмалиқ»: 45. А.Тўраев, 8. Ш.Григалашвили (11. В.Клишин, 76), 10. Ш.Норбеков, 17. К.Мурзоев, 18. Ш.Муллажонов, 19. И.Иномов, 21. Ғ.Ғуломов (23. З.Полвонов, 39), 55. Р.Бердимуродов, 88. И.Йелич, 90. В.Косминин, 94. Х.Мухторов (13. Л.Тўраев, 65).

Огоҳлантиришлар: С.Султонов (60), О.Шукуров (89, Б.).

Энг яхши ўйинчилар: О.Шукуров - Р.Бердимуродов.

Назоратчи: С.Эрматов (Тошкент).

Комиссар: Ф.Магометов.

Миржалол Қосимов («Бунёдкор» бош мураббийи): - Натижа қониқарли. Ҳа, кўпроқ гол уриб, ишончли ҳисобда ғалаба қозонишимиз ҳам мумкин эди. Бироқ яратилган вазиятларга якуний нуқта қўйишда оқсаяпмиз. «Олмалиқ»нинг ўйин услуби маълум эди. Бу рақиб асосан стандарт вазиятлардан самара чиқаришга уринади. Хуллас, «Олмалиқ» ўйинини алоҳида ўрганиб чиққанимиз қўл келди. Ўйлайманки, бугунги учрашув мухлисларга ёқди. Отабек Шукуров биринчи даврада марказий ҳимоячи сифатида тўп сурганди. Мана, охирги 3та ўйинда ҳужумкор ярим ҳимоячи ролини бажармоқда. Умуман, Отабек жамоа ўйинида катта ўрин тутади. Лекин ўз устида янада кўпроқ ишлаши ва маҳоратини ошириб бориши керак.

Виктор Кумиков («Олмалиқ» бош мураббийи): - Ҳимоя чизиғида йўл қўйилган биргина хато мағлубиятга олиб келди. Биринчи бўлимда шогирдларим худди ўртоқлик учрашувида майдонга тушгандек таассурот уйғотишди. Иккинчи 45 дақиқаликда эса нисбатан яхшироқ ўйнадик. Аслида суст ҳаракатга қарамай, очко ишлашимиз мумкин эди. Бироқ олдинги чизиқда вазиятларни голга айлантирадиган футболчи топилмади. Афсуски, иккинчи даврани худди мавсум аввалидаги каби муваффақиятсиз бошладик. Начора, энди кейинги учрашувларда вазиятни ўнглашга ҳаракат қиламиз.

--------------------------------------------------------------------------------------------

«СЎҒДИЁНА» - «ЛОКОМОТИВ» - 0:4 (0:2)

12 август. Жиззах. 3220 томошабин.

Ҳакамлар: Т.Тўхтасинов (Андижон) - 8,5; А.Маражабов (Андижон) - 8,5; З.Абдураҳмонов (Андижон) - 8,5; К.Расулов (Қарши) - 9,0.

Голлар: М.Бобожонов (9, 52), М.Бикмаев (20, 55-пен.).

«Сўғдиёна»: 99. Ш.Абдуллаев, 2. С.Қулматов, 3. А.Исроилов (27. О.Валижонов, 46), 8. С.Қобилов, 17. И.Тошпўлатов (11. Ш.Достонов, 46), 18. Қ.Баҳодиров, 47. Ш.Жалилов, 55. С.Қаҳҳоров (15. И.Абдуллаев, 86), 77. С.Эминов, 91. Ж.Гусейнов, 92. У.Қодиров.

«Локомотив: 1. И.Нестеров, 5. К.Махарадзе, 9. И.Алибоев, 10. М.Бикмаев (99. Ж.Машарипов, 66), 11. С.Абдуллаев (55. С.Шоаҳмедов, 50), 15. С.Мирзаев, 20. И.Тўхтахўжаев, 22. М.Бобожонов, 28. Ш.Муҳаммадиев (17. С.Мустафоев, 60), 33. О.Зотеев, 42. М.Коне.

Огоҳлантиришлар: С.Қаҳҳоров (54) - Ж.Машарипов (81).

Энг яхши ўйинчилар: У.Қодиров - М.Бикмаев.

Назоратчи: Б.Тоғаев (Тошкент)

Комиссар: Б.Маметов.

Андрей Микляев («Локомотив» бош мураббийи): - Биз учун мураккаб, аммо омадли ўйин. Муҳими, вазиятлардан унумли фойдаландик. Биринчи голда рақиб футболчиси хатоси қўл келди. Айнан тезкор гол жамоани қўшимча руҳлантирди ва қолган дақиқаларда ўз ўйинимизни кўрсатишда ортиқча қийналмадик.

Игорь Шквирин («Сўғдиёна» бош мураббийи): - Аввало, «Локомотив»ни ҳақли ғалабаси билан табриклайман. Рақиб бутун ўйин давомида устунликка эришди, тўпни назорат қилди ва натижада 4та гол уришга муваффақ бўлди. Ўз жамоамга келсак, шогирдларим ижросида «Бунёдкор»га қарши кечган учрашувдаги ҳаракатни кўрмадим. 3 нафар футболчимизнинг жароҳат сабаб, ёрдам беролмагани ҳам сезилди. Дейлик, шу боис, Музаффар Абдуллаев ўрнига Ширинбой Абдуллаевни майдонга туширдим. Боз устига, Элёр Орипов ва Ғайрат Умиров машғулотлар жараёнида сафдан чиқишди. Лекин бу ўзимизни оқлашга асос бўлолмайди. Ўйин давомида ниманидир ўзгартиришга уриндик, бироқ вазиятларни якунига етказишда омадимиз чопмади. Умуман, ўз ўйинимизни топиб олиш учун бироз вақт керак...

------------------------------------------------------------

«ШЎРТАН» - «ДИНАМО» - 1:0 (0:0)

12 август. Ғузор. 3751 томошабин.

Ҳакамлар: З.Қодиров (Навоий) - 8,0; О.Жумаев (Навоий) - 8,2; Р.Самандаров (Навоий) - 8,3; Ш.Ражабов (Бухоро) - 8,0.

Гол: Ҳ.Аламхонов (74-авт.).

«Шўртан»: 25. А.Туробов, 4. Ж.Отақулов, 9. И.Таран (5. Ҳ.Эргашев, 88), 12. Л.Убайдуллаев, 15. О.Жўрабоев, 18. Э.Бойматов (7. О.Каримов, 72), 38. С.Мамадалиев, 55. Д.Хушбаков (99. М.Сафаров, 60), 76. А.Омонов, 77. О.Нарзуллаев, 85. Р.Мелзитдинов.

«Динамо»: 27. Т.Жўраев, 2. М.Локаев, 4. Ҳ.Аламхонов (9. С.Сулайманов, 76), 8. Ж.Азимов, 15. Ш.Холматов, 17. А.Николаев, 20. А.Сафаров, 26. С.Давлатжонов, 50. Ф.Тожиев (11. А.Абдуллаев, 58), 70. М.Исаев

(41. Ж.Қурбонов, 51), 90. Д.Исмоилов.

Огоҳлантиришлар: Л.Убайдуллаев (52), Ж.Отақулов (70) - С.Давлатжонов (67).

Энг яхши ўйинчилар: И.Таран - Ф.Тожиев.

Назоратчи: А.Ҳотамов (Тошкент).

Комиссар: Н.Лутфулин.

Олег Тюлькин («Динамо» бош мураббийи): - Тенг курашлар остида кечган ўйинда ўз дарвозамизга гол уриб, вазиятни мураккаблаштириб олдик. Умуман, шогирдларим лоақал 20 фоиз имкониятларини ҳам ишга сололмадилар. Саиджамол Давлатжонов ўйинига алоҳида тўхталсам, у ҳали ўз устида кўп ишлаши керак, Чунки ички потенциали катта. Аммо «Бунёдкор» билан учрашувдан кейин нафақат бу футболчи, балки бутун жамоани хайрихоҳликка бошлаш ва барқарор ўйинни тиклаш бироз қийин кечмоқда. Шунингдек, Ораховацнинг таркибда йўқлиги панд бермоқда. Жамоага эътибор етишмаяпти. Мана, бугун жорий мавсум ҳисобидан иккинчи марта автоголга дуч келдик. Демак, бунинг устида тегишли тартибда ишлаймиз. Навбатдаги турда «Пахтакор»га қарши майдонга тушамиз. Унгача Ораховацнинг сафга қайтишидан умидворман. Аммо муаммо шу билан ечим топмайди. Сабаби, Давлатжонов айнан «Пахтакор»дан ижара келишуви бўйича олинган ва кейинги баҳсда майдонга тушолмайди. Шундай экан, таркибда яна ўзгаришга қўл уришдан ўзга чорамиз йўқ.

Геннадий Кочнев («Шўртан» мураббийи): - Кетма-кет 2та ўйинда турнир жадвалида ёнма-ён келаётган рақиблар билан кураш олиб бордик ва олтинга тенг очколарни қўлга киритганимизни алоҳида таъкидлаш ўринли. Албатта, ғалабадан бахтиёрман ва ғузорлик мухлисларни табриклайман. Ўз ўрнида, йигитларга ҳам раҳмат. Зеро, ўйин осон кечмади. Муҳими, турнир жадвалида очколар бўйича самарқандликларга етиб олдик, бу ёқимли. Ҳа, камчиликлар бор. Дейлик, назоратни қўлга олганимизга қарамай, ҳужумларни якунлайдиган футболчи топилмади. Рақиб сўнгги дақиқаларда тезлик ва ҳужумлар сонини оширди. Натижада якунда ҳаяжонланишимизга тўғри келиб, асабийлик кузатилди. Хайриятки, омад биз томонда бўлди. Ҳужум чизиғида муаммолар мавжуд. Уларни бартараф этишга ҳаракат қиляпмиз, албатта. Аммо келинг, бугун йигитларимизни койимайлик. Ёшларга имконият бериш тарафдоримиз. Дейлик, Хушбаков бугун ўзини кўрсатолмади, лекин умид қиламанки, у ҳали ишончимизни оқлайди. Сафаров аксинча, жамоа ўйинига тезда мослашиб кетишга қодирлигини исботлади.

Бугун «Динамо» таркибида Ораховац майдонга тушолмаслигини билардик, аммо Рогакнинг ўйинга захирадан қўшилгани биз учун бироз кутилмаган воқеа бўлганини инкор этмайман.

----------------------------------------------------------------------

«МЕТАЛЛУРГ» - «МАШЪАЛ» - 0:1 (0:1)

12 август. Бекобод. 1169 томошабин.

Ҳакамлар: Р.Эрматов (Тошкент) - 9,0; А.Расулов (Тошкент) - 9,0; Ж.Саидов (Тошкент) - 9,0; А.Рубаков (Тошкент) - 9,0.

Гол: Б.Қосимов (17).

«Металлург»: 1. З.Сафоев, 2. А.Ҳусинов, 4. Ҳ.Ҳошимов, 6. Д.Каримов (13. С.Қодирқулов, 52), 7. Д.Одилов (38. М.Султонов, 70), 8. А.Нўъмонов, 11. М.Тошматов, 15. З.Абдуллаев, 17. М.Сулаймонов, 19. А.Зиёвуддинов, 22. И.Исоқжонов.

«Машъал»: 35. Ж.Илёсов, 2. И.Шайқулов, 10. Ҳ.Муртазоев (37. С.Мелиев, 90Қ2), 13. Ш.Шайманов, 18. А.Шодмонов, 19. З.Қўзибоев, 22. Б.Қосимов, 27. Н.Павленко (6. С.Абдураимов, 66), 31. И.Тиманюк, 55. А.Агалиев, 77. А.Олимов (8. М.Камолов, 80).

Огоҳлантиришлар: М.Султонов (87) - Ш.Шайманов (21), И.Тиманюк (41).

Четлатиш: И.Тиманюк (63, М.).

Энг яхши ўйинчилар: С.Қодирқулов - З.Қўзибоев.

Назоратчи: И.Шарипов (Бухоро).

Комиссар: Г.Ртвеладзе.

-----------------------------------------------------

«ПАХТАКОР» - «НЕФТЧИ» - 6:0 (0:0)

12 август. Тошкент. 6155 томошабин.

Ҳакамлар: А.Асимов (Тошкент) - 8,8; А.Усмонов (Тошкент) - 9,0; Т.Гайнулин (Тошкент) - 8,8; Ш.Насибуллаев (Наманган) - 9,0.

Голлар: А.Аҳмедов (53), И.Сергеев (60, 64), Т.Базерра (78, 87), В.Козак (89).

«Пахтакор»: 12. А.Лобанов, 7. А.Аҳмедов, 8. Ш.Каримов (52. Г.Канюк, 80), 10. Ж.Искандеров (5. А.Исматуллаев, 85), 11. И.Сергеев, 17. С.Нуруллаев (27. Д.Иброҳимов, 60), 24. Д.Ҳошимов, 29. В.Козак, 55. М.Симич, 70. Ш.Аъзамов, 77. Т.Базерра.

«Нефтчи»: 1. У.Юсупов, 3. Д.Турсунов, 4. К.Кападзе, 17. М.Музаффаров, 32. М.Тўйчибоев, 34. И.Раҳимов, 35. Ф.Намозов (23. А.Абдулҳақов, 46), 44. А.Исмоилов, 70. М.Саидов (9. Ш.Ҳакимов, 29), 71. А.Шоғуломов, 99. О.Ҳайдаров (10. М.Мамазулунов, 78).

Огоҳлантиришлар: Д.Иброҳимов (67), Г.Канюк (86) - Ш.Ҳакимов (51).

Энг яхши ўйинчилар: Ж.Искандеров - М.Музаффаров.

Назоратчи: Г.Имомов (Тошкент).

Комиссар: Б.Ҳайдаров.

Вадим Абрамов («Нефтчи» бош мураббийи): - Ўйинни барча кўрди. Нима дейишим мумкин? Ижрочилар даражаси ўз сўзини айтди. Ҳаттоки, биринчи бўлимда кўрсатган ўйинимиз ҳам жуда ёмон... Футболчилар шунчаки, ўйнашдан қўрқишади. Бугун биргина дарвозабон кўпроқ тўп узатишни амалга оширди. У майдонда марказий ҳимоячидек ҳаракатланди. Ҳарқалай, бошқа ҳимоячини кўрмадим. Мансур Саидовни нега алмаштирдим? Сабаби, у бирор марта тўғри тўп узатолмади. Тажрибали, етакчи футболчи жамоадошларини ўз ортидан эргаштириш ўрнига кетма-кет хатоларга йўл қўйди... Фарғоналик мухлислардан ушбу шармандали мағлубият учун узр сўрайман. Афсус, антирекордлар қайд этишда давом этяпмиз. «Нефтчи» ўз тарихида «Пахтакор»га бу каби катта фарқда ютқазмаганди.

«Пахтакор»да ўйин бобида катта ўзгаришни сезганим йўқ. Ўша-ўша «Пахтакор». Шунчаки, бугун биз жуда суст ўйнаб, устимиздан кулишларига йўл қўйиб бердик. Бошқа гап йўқ. «Пахтакор»нинг чемпионат давомида ҳали кўп тер тўкишига тўғри келади. Чунки буёғига биз каби кучсиз жамоага қарши ўйнамайди...

Шота Арвеладзе («Пахтакор» бош мураббийи): - Бу ҳозирги жамоанинг ўз майдонидаги биринчи ўйини бўлгани сабабми, ҳаяжон бор эди. Янги футболчиларнинг ўйин услубига тўлиқ киришиб кетишлари учун вақт керак. Аслида танаффусгача ҳам ёмон ўйнамадик, ахир рақибни жарима майдони атрофида ушлаб турдик. Иккинчи бўлимда эса тезроқ ва аниқроқ ҳаракатландик. Натижада ўйлаган режаларимиз амалга ошди. «Нефтчи»нинг бир қатор ўйинларини кўриб чиқиш асносида уни барчасини яхшилаб ўргангандик. Ўйлайманки, бугун рақибга ўз ўйинини намойиш этиш имконини бермадик. Танаффусдан кейин жамоани тезроқ яхши ҳолатга келтиришга ҳаракат қиляпмиз. Биринчи ва иккинчи давра ўртасидаги вақт анча катта. Шу боисми, жамоанинг юқори суръатга қайтиши қийинроқ.

-----------------------------------------------------------------------

«НАВБАҲОР» - «ҚИЗИЛҚУМ» - 3:2 (2:1)

12 август. Наманган. 6323 томошабин.

Ҳакамлар: В.Агишев (Тошкент) - 8,5; А.Калинин (Қарши) - 8,6; Р.Шояхметов (Тошкент) - 8,6; А.Лупашко (Тошкент) - 9,0.

Голлар: Р.Аҳмедов (13), Д.Жабборов (32-пен.), А.Турғунбоев (69) - Д.Станоевич (17-авт.),

И.Юнусов (63-пен.).

«Навбаҳор»: 30. А.Омонов, 4. А.Отахонов, 5. Ғ.Комилов, 7. О.Қиличев, 9. Д.Жабборов, 19. М.Ғофуров,

21. А.Алиев, 22. Р.Аҳмедов (18. Д.Усмонов, 80),

44. Д.Станоевич, 70. А.Махсталиев (24. С.Азимов, 66), 77. А.Турғунбоев (17. И.Бойдедаев, 78).

«Қизилқум»: 22. А.Макосин, 3. Ш.Пўлатов, 4. Э.Бойдуллаев, 6. Н.Камолов (20. Ғ.Жумаев, 46), 9. О.Зокиров, 14. Ф.Қамбаров, 17. А.Геворкян, 23. Ш.Жўраев, 27. И.Юнусов, 77. Б.Ғанижонов (89. О.Исроилов, 46), 92. А.Баҳриддинов (18. С.Шодмонов, 55).

Огоҳлантиришлар: Д.Жаббаров (58), М.Ғофуров (60), А.Турғунбоев (69) - Н.Камолов (7), А.Баҳриддинов (48), Ш.Жўраев (86).

Энг яхши ўйинчилар: О.Қиличев - А.Геворкян.

Назоратчи: А.Арутюнов (Тошкент).

Комиссар: В.Лёткин.

Ҳамиджон Актамов («Қизилқум» бош мураббийи): - Биринчи навбатда, «Навбаҳор»ни ғалаба билан табриклайман. Бугун курашларга бой ўйин гувоҳига айландик. Ҳар икки жамоа ғалабани кўзлагани сезилиб турди. Якунда бирозгина омад етишмади. «Навбаҳор» ўз майдонида тўп сурди, қолаверса, жамоани минглаб мухлислар кучли қўллаб-қувватлаб туришди. Жорий мавсумда бу каби мухлисликни кўрмагандим. Бундан хурсанд ҳам бўлдим. Ўз жамоаларини муносиб тарзда қўллаб, футболчилар руҳини кўтаришгани учун уларга раҳмат. Футбол мухлислар учун ўйналади. Стадионларга қанча кўп мухлис тушса, футболимиз шунча ривожланади. Мана, бугун уларнинг фаолликлари туфайли «навбаҳорчилар» руҳи кўтарилиб, ўйин чиройли чиқди.

Ўз жамоамга тўхталсам, ёшларга имконият бердим. Яъни илк дақиқалардан ёшларни майдонга туширдим. Гувоҳи бўлдинглар, икки хил бўлим кузатилди. Биринчисида ўйинимиз умуман чиқмади. Лекин ёшларни четга суриб қўймасдан уларни тайёрлаб боришимиз керак. Танаффусдан кейин футболчиларимиз ҳаракат қилишди, аммо талаб даражасида хавфли вазиятлар яратолмадик. Қолаверса, майдоннинг аҳволи яхши эмасди. Йўқ, баҳона қидирмаяпман, бироқ бундай майдонда ҳали тўп сурмагандик...

Илҳом Мўминжонов («Навбаҳор» бош мураббийи): - Ўйин бизни жуда хурсанд қилди. Биласиз, чемпионатни ишончли бошлаб, юқори ўринлар учун курашгандик. Лекин хатоларимиз оқибатида пастки поғоналарга тушиб қолдик. Энди давра охиридаги хато ва камчиликларни такрорламаслик мақсадида машғулотларда тинимсиз ишламоқдамиз. «Обод»га қарши ўйин ҳам қийин кечганди. Мана, «Қўқон-1912» ҳам бугун «Обод»ни қийинчилик билан мағлуб этди. Натижаларга эътибор қаратсак, кичик ҳисоблар кўплигини кўрамиз. Биргина «Пахтакор» йирик ҳисобда ғалаба қозонди. Бу чемпионатимиз муросасиз руҳда ўтаётганидан далолат. Яъни очко тўплаш осон бўлмаяпти. Мақсадимиз - ҳар бир ўйинда ижобий натижага интилиб, юқори ўринларга кўтарилиш. Футболчиларга раҳмат, улар ўз имкониятлари даражасида тўп суришди. Мухлисларимиз ҳар доим жамоани шу тарзда қўллаб-қувватлашларини истайман. Ўз навбатида, мазмунли ўйинларимиз билан уларни стадионга қайтаришни хоҳлаймиз. Улар нафақат ғалаба қозонганимизда, балки дуранг ёки мағлубият қайд этилганида ҳам далда бериб туришса, янада чиройли ўйин намойиш этиб, юқори чўққилар сари интилишда давом этамиз.

-----------------------------------------------------------------------

«ҚЎҚОН-1912» - «ОБОД» - 1:0 (1:0)

12 август. Қўқон. 5500 томошабин.

Ҳакамлар: А.Раҳимов (Андижон) - 7,6; С.Еремеев (Тошкент) - 8,3; С.Улфатов (Тошкент вил.) - 8,1; Б.Юлчараев (Гулистон) - 9,0.

Гол: Ж.Сиддиқов (26).

«Қўқон-1912»: 12. А.Ашуров, 4. Б.Акрамов, 7.Ж.Ҳасанов, 9. Н.Отақўзиев (11. А.Сидоров, 80), 10. Ж.Сиддиқов, 19. С.Бердиев (98. Х.Авилов, 90Қ3), 23. А.Мерзляков, 26. А.Холмуродов, 55, Д.Гожкович, 77. М.Холмуҳаммедов, 99. Ф.Райевац (70. Қ.Рўзиев, 46).

«Обод»: 47. Ш.Эшбўтаев, 18. С.Тўрақулов (83. Д.Абдураҳмонов, 90Қ2), 44. Т.Васильев, 53. А.Комилов, 55. А.Мирзаев, 57. Б.Раҳимов, 58. Р.Аъзамов, 73. Б.Усмонов (9. П.Соломин, 56), 77. Т.Толипов (97. М.Мираҳметов, 83), 88. Э.Равшанов, 99. О.Ҳакимов.

Огоҳлантиришлар: А.Холмуродов (79) - О.Ҳакимов (39), Б.Усмонов (48).

Энг яхши ўйинчилар: А.Ашуров - С.Тўрақулов.

Назоратчи: И.Нехочин (Наманган).

Комиссар: В.Штерн.

Андрей Демченко («Обод» бош мураббийи): - Бугун кучли рақибга қарши майдонга тушдик. Қўқонликлар бежиз кучлилар қаторида юришмаганини исботлашди. Жамоа анча яхши шаклланган. Ҳар ҳолда, ўйин давоми рақибнинг кучли эканлиги яққол сезилди. Ҳа, ҳар икки жамоада вазиятлар туғилди. Хусусан, ҳисобни тенглаштиришимиз ҳам ҳеч гап эмасди. Тўғри, рақибимиз ўз навбатида, яна гол уриш имкониятига эга бўлди...

Нўъмон Ҳасанов («Қўқон-1912» бош мураббийи): - Ўйин сифати мухлисларга маъқул тушгани аниқ. Чунки ҳужумкор футболга таянилди. Муҳими, икки бўлимда ҳам тўлиқ устунликка эришдик. Лекин вазиятлардан фойдаланолмадик. Энг асосийси - ғалаба. «Обод»нинг кечроқ йиғилгани сезилиб турибди. Жамоа ҳали шаклланиб кетиши мумкин. Райевацни танаффус чоғи алмаштирганимизга келсак, унинг ўйини қовушмади. Якунда мухлисларимизга миннатдорчилик билдираман. Улар жамоамизни тинимсиз қўллаб-қувватлаб, қўшимча куч бағишлашди.

«БУХОРО» - «НАСАФ» - 1:0 (0:0)

12 август. Бухоро. 13680 томошабин.

Ҳакамлар: В.Коваленко (Тошкент) - 9,0; М.Саидқосимов (Тошкент) - 9,0; А.Снетков (Тошкент вил.) - 8,3; Д.Клепиков (Тошкент) - 9,0.

Гол: Ж.Каҳрамонов (74).

 «Бухоро»: 12. А.Турсунбоев, 3. Б.Омонов, 10. Б.Ваҳобов (55. А.Алланиёзов, 71), 11. С.Шихов (28. Э.Исмоилов, 56), 16. А.Филипосян, 27. Р.Ҳасанов, 29. В.Баенко, 72. А.Саматов, 73. Т.Шамсиддинов (99. Ж.Каҳрамонов, 46), 75. С.Қутибоев, 87. А.Саноев.

«Насаф»: 35. С.Қувватов, 2. А.Шораҳмедов, 6. А.Ғаниев (14. Ш.Муҳиддинов, 82), 10. Д.Раҳматуллаев (7. О.Ҳамробеков, 54), 15. Ш.Эркинов (27. И.Рашидхонов, 72), 18. Б.Абдураҳимов, 22. И.Голбан, 34. Ф.Сайфиев, 69. Д.Черан, 77. Ж.Ҳасанов, 92. У.Эшмуродов.

Амалга оширилмаган пенальти: С. Шихов (13, Б.).

Огоҳлантириш: Э.Исмоилов (78, Б.).

Энг яхши ўйинчилар: Ж.Каҳрамонов - А.Шораҳмедов.

Назоратчи: М.Исмоилов (Тошкент).

Комиссар: О.Арипов.

Рўзиқул Бердиев («Насаф» бош мураббийи): - «Бухоро» майдонда яхши кураш олиб бордик. Мезбонларда ғалабага иштиёқ бутун ўйин давомида сезилиб турди ва улар шунинг эвазига устун келишди. Жамоам эса аксинча, кутилган ўйинни кўрсатолмади. Бошқача айтганда, футболчиларимиз жуда секин ҳаракатланишди. Бундай ўйин билан ғалабага эришиш қийин. Ваҳоланки, йигитларга рақиб чинакам кураш тақдим этишини уқтиргандик. Агар курашувчанлик хислати етишмаса, жамоанинг муваффақият қозониши амри-маҳол. Жамоамиздан кетган футболчилар ҳақида такрор-такрор савол бериляпти. Бунга тўлиқ жавоб берганмиз ва яна такрорлаш шарт эмас. Гап айнан дарвозабон ҳақида кетаётган бўлса, Санжар Қувватов ишончни оқлаяпти. Мисол учун, у бугун пенальтини бартараф этмаганида, аҳволимиз янада ачинарли бўлиши мумкин эди. Йўқ, майдонда ҳаракатланган бирор футболчини танқид қилмайман. Зеро, ўйинни бутун  жамоа бўлиб бой бердик.

Улуғбек Бақоев («Бухоро» бош мураббийи): - Бугунги ғалаба билан барча футболчилар ва мухлисларни табриклайман. Ўйиндан қониқиш ҳосил қилдим. Қизиқарли ва шиддатли курашлар остида кечган футбол кўрдик. Статистикага қарасак, охирги 4 мавсумдан буён Бухорода «Насаф»га фақат ютқазган эканмиз. Мана, ушбу ёқимсиз анъанага чек қўйдик. Тушунарлики, 3 очкога  ўз-ўзидан эришганимиз йўқ. Бунинг замирида тинимсиз меҳнат ва руҳий тайёргарлик бор. Қолаверса, таркибга қўшилган янги футболчилар ҳам ишончимизни оқлашди.

Тур Статистикаси

Ўйин: 8. Гол:20  (ўртача: 2,5). Томошабин:40476 (ўртача: 5059...)

Мезбонлар ғалабаси: 6. Меҳмонлар ғалабаси: 2. Дуранг: -

Йирик ҳисобли ғалаба:2 («Пахтакор» - 6:0; «Локомотив» - 4:0). Энг  сермаҳсул ўйин:  «Пахтакор» - «Нефтчи» (6та гол)

Огоҳлантириш:23 (ўртача: 2,87). Четлатиш:1 (ўртача: 0,12...)

Энг «қўпол» ўйинлар:«Навбаҳор» - «Қизилқум» (6та «сариқ»), «Металлург» - «Машъал» (1та «қизил»Қ3та «сариқ») 

Энг кўп томошабин кирган ўйин:«Бухоро» - «Насаф» (13680)

Пенальти: 3 (1таси самарасиз)

«Дубль»: 4 (М.Бобожонов ва М.Бикмаев, «Локомотив»; И.Сергеев ва Т.Базерра, «Пахтакор»). «Хет-трик»: -

Автогол: 2 (Д.Станоевич, «Навбаҳор»; Ҳ.Аламхонов, «Динамо»)

 

1 Локомотив  17        12        3          2          41-11   39

2 Қўқон-1912 17        8          6          3          24-19   30

3 Насаф          17        9          2          6          27-15   29

4 Пахтакор     17        8          4          5          26-20   28

5 Бухоро         17        8          3          6          27-22   27

6 Бунёдкор    17        6          7          4          17-16   25

7 Навбаҳор    17        6          7          4          21-21   25

8 Олмалиқ     17        6          7          4          13-13   25

9 Машъал      17        6          6          5          17-14   24

10 Металлург 17        7          2          8          23-20   23

11 Қизилқум  17        5          6          6          18-20   21

12 Динамо     17        5          4          8          18-22   19

13 Шўртан      17        6          1          10        16-22   19

14 Сўқдиёна  17        5          3          9          19-30   18

15 Нефтчи      17        2          6          9          13-32   12

16 Обод         17        2          3          12        10-33   9

Тўпурарлар

Марат Бикмаев («Локомотив») - 15та  (5та - пен.)

Драган Черан («Насаф») - 10та (2та - пен.)

Достон Ҳамдамов («Бунёдкор») - 9та

Санжар Рашидов («Сўғдиёна») - 8та (2та - пен.)

Иван Нагаев («Бухоро») - 8та (3та - пен.)

Зоҳид Абдуллаев («Металлург») - 7та

Филипп Райевац («Қўқон-1912») - 6та

Суҳроб Бердиев («Қўқон-1912») - 6та...

Келгуси ўйинлар

18 август (жума)

Локомотив - Металлург

Насаф - Бунёдкор

Динамо - Пахтакор

19 август (шанба)

Нефтчи - Навбаҳор

ҚизилҚум - ҚЎҚон-1912

Машъал - Шўртан

ОлмалиҚ - СўҒдиёна

Обод – Бухоро


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz