Қайднома

Қидирув

Клинсманн-Жуниор отасидан ўзадими?

Клинсманн-Жуниор отасидан ўзадими?

  15.08.2017 00:23
  0
  385
Клинсманн-Жуниор отасидан ўзадими?

«Герта» - Европа Лигасида. Берлин жамоаси узоқ йиллар бадалига илк марта халқаро аренада титанлар билан баҳслашишга шайлан-моқда.

Эътиборлиси, пойтахт клуби стартга чиқишдан олдиноқ ўзини «кўрсатди». Яъни машҳур Юрген Клинсманнинг истиқболли ўғли Жонатан билан келишувга эришган «кекса хоним» трансферлар масаласида ажралиб турди.

Sports.ru сайтининг «90 дақиқа» («90 минут») блоги эса айнан шу воқеага назар солиб, Германия миллий жамоаси собиқ бош мураббийи ворисини кенгроқ таништиришга шошилди.

Ота-бола

Жонатан Клинсманн Германияга йўл олди, немис мухлислари эса худди Жастин Бибер шинавандалари каби янги мавсум стартини илҳақ кутишмоқда. Гап шундаки, ёш футболчининг отаси - Юрген Клинсманн ўз мамлакатида қадрли юлдуз эди ва шундайлигича қолади. Хуллас, Германияда унга ҳамон кучли ҳурмат назари билан қарашади. Немислар бундестим собиқ бош мураббийини АҚШга қандайдир алам остида кузатиб қўйишгани ҳам айни ҳақиқат. Унинг океан ортида туриб, «Бавария» бошқарув тизими шаънига ёқимсиз гаплар йўллагани ҳам эътиборсиз қолдирилмади. Оддий айтганда, кичик Клинсманнинг мамлакат футболига бош суқиши кўпчиликни ўтмишни хотирлашга ундайди - автомобиллар ойнасидан 50 centнинг илк хитлари баланд янграган вақтларни. Ҳа, бетакрор Юргеннинг зурриёти ўткир ҳужумчи эмас, аксинча, рақиблар зарбаларини бартараф этади. Клинсманн-Жуниор аслида айнан отаси изидан боришни хоҳлаб, футболга ҳужумчи сифатида қадам ташлаганди. Бироқ бир сафар қўлларига киперлар қўлқопини олдию, улардан айрилгиси келмади. Ваҳоланки, катта Клинсманн ўз фаолияти билан миттигина ўғлига сеҳрли ва унутилмас хотираларни тортиқ этган. Аммо ёш голкипер ҳалигача ЖЧ-2006 чорак финалида Аргентина термасига қарши кечган ўйинни ўз ҳаётидаги асосий сабоқ сифатида кўрсатади: «Йенс Леманн 2та пенальтини бартараф қилиб, бундестимни ярим финал сари бошлаганида, хурсандчиликдан ақлимни йўқотаёзгандим...». Кичик Клинсманн ўша оқшом германиялик афсонавий  кипер қўлқопларини совға ўрнида қабул қилади. Қисқаси, ёшликдаги таассурот Жонатаннинг кейинги тақдирига шу даражада қаттиқ таъсир ўтказганки, у беихтиёр ҳужумчи бўлишдан воз кечиб, дарвозабонликка меҳр қўйди.

Америкача тарих

Жонатан гарчи Мюнхенда туғилган бўлсада (ўша вақт отаси «Бавария»да ўйнарди), уни соф немисча табиатли йигит сифатида таърифлашга тил айланмайди. Чунки Клинсманнлар оиласи АҚШ томон йўл олган пайт Жонатан ёшгина болакай эди. Унинг онаси — америкалик модель Дебби Чин уйига қайтишни жуда-жуда хоҳлаб, ахийри эрини океан ортида яшашга кўндирди. Хуллас, Клинсманнлар оиласи янги аср бошидан буён Калифорнияда истиқомат қилмоқда ва уйда фақат инглизча мулоқотни эшитиш мумкин. Кичик Клинсманн охирги 2 йил давомида Берклидаги Калифорния университети қошида тузилган талабалар жамоаси - «Голден Беарз» шарафини ҳимоя қилди. АҚШда талабалар спортида рақобат жуда баландлигига қарамай, «айиқлар»нинг Германия ҳудудий бундеслигаси даражасидаги дивизионга чиқишларига оз қолди. Муҳими, Юрген миллий миқёсда эътиборга тушиш уддасидан чиқди. Дейлик, Жонатанни АҚШ ёшлар терма жамоасига қабул қилишди ва у мамлакат мадҳияси янграётган пайт қўлини кўксига қўйиб туриши билан кўзга ташланмоқда. Умуман олганда, америкалик ёшлар жамоаси дунёда энг кучлилар қаторида эътироф этилади, Жон эса унинг ўйинларида катта ўрин тутади. Кичик Климнсманн хусусан, баҳорда КОНКАКАФ чемпионатининг энг яхши дарвозабони сифатида «Олтин қўлқоп» совринини олди, кейинроқ Жанубий Кореяда ташкиллаштирилган U-20 тоифасидаги ЖЧда жамоасининг чорак финалга чиқишига муносиб ҳисса қўшди.

Нега айнан «Герта»?

Жонатан Берлин клуби сафига қўшилгач, воқеалар ривожидан хурсандлигини яшириб ўтирмади: «Бу мен учун таърифи йўқ эҳтиросли лаҳзалар... Зеро, «Герта» оиламиз учун нечоғли аҳамиятга эгалигини яхши биламан». Унинг бу гапларида ҳиқақат ҳиссаси катта. Биринчидан, Жонатаннинг бобоси - Клинси Зигфрид Бранденбург айнан пойтахт жамоасининг ашаддий фанати бўлгани маълум. Иккинчидан, отаси - Юрген 2004 йилдан «Герта» кенгаши аъзосидир. Хуллас, ёш кипер шу 2та жиддий сабаб ўлароқ, Берлинга юзланган бўлса, ажабмас. «Жонатан - ажойиб устунликларга эга катта иқтидор. Тўғри, уни аввал амалда синаб кўрамиз ва барчасини таҳлил қилгандан кейингина якуний қарор чиқарамиз»,—деди «Герта» бош мураббийи Паль Дардаи дарвозабонлар билан махсус учрашувдан сўнг. Венгриялик мутахассис иш услуби бўйича Юрген Клоппни эслатяпти: ёшлар билан ажойиб тил топишиш баробарида журналистларни ҳовлиқтиришни хуш кўради. Мисол учун, яқинда жамоаси голкиперлари билан алоҳида мусобақалашди. Яъни шахсан ўзи 11 метрли нуқтадан зарба йўллаш орқали уларни махсус синовдан ўтказди. Умуман олганда, «Герта» охирги йилларда кўплаб ёш футболчилар учун яхшигина старт майдончаси вазифасини бажармоқда. Чунки бош мураббий иқтидорли йигитларга ишонади ва уларга етарлича ўйин амалиёти тақдим этади. Фактлар асосида гапирсак, айни пайт Дардаи қўл остида Митчелл Вайзер, Никлас Штарк, Синан Курт ва ҳаттоки, кичик Паль Дардаи чакки таассурот қолдиришмаяпти. Хулоса шуки, «Герта» Жонатан Клинсманнга ҳам ўз салоҳиятини тўлиқ очиш имконини бериши мумкин.

Истиқбол

«Герта» дарвозабонлари билан шуғулланувчи мураббий Жолт Петри ҳозирдан кичик Клинсманни мақташдан тийилмаяпти: «Жонатан салоҳияти, жонкуярлиги ва кучли иштиёқи билан лол қолдирмоқда. У хотиржам ҳаракатланиши ва ўзига қаттиқ ишониши билан таҳсинга лойиқ». Жонатаннинг антропометрик кўрсаткичларига алоҳида эътибор қаратиш ўринли: бўйи 192 сантиметрга тенг, шунинг баробарида ҳар икки оёғида кучли зарба йўллайди. Умуман, у оёқ билан ўйнашда чакки эмас. Тўғри, айни пайт «Герта»да Руне Ярстейн асосий голкипер ҳисобланади ва яқиндагина шартнома тузган Томас Крафт иккинчи ролда. Шунинг учунми, мураббийлар штаби Жонни аввалига U-23 жамоасига жўнатишни мўлжаллаганди. Аммо америкалик кипер мавсумолди йиғинларида нияти жиддийлигини кўрсатиб, катта футболга тайёр эканлигига шаъма қилди. Натижада Петри ва Дардаи унинг иштиёқидан кўз юмишмади. Ҳа, Жонатан бундай иштиёқ билан узоққа бориши мумкин. Балки юлдуз отаси - Юрген Клинсманндан ўзиб кетишни ҳам уддалар...

А. АҲМЕДОВ  тайёрлади


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Сиз Эктор Купер миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 (Қатар)га олиб бора олишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz