Олий лига 16-тур ўйинларини томоша қилгач, чиқарилган хулоса шундай бўлди. Йўлимиз тўғрига ўхшаб турибди. Ҳар ҳолда бизнинг чемпионатда ҳам рақобат деган нарса бўларкан, билиб олдик. Ким ғолиб, ким мағлублигини ҳали ўйин бошланмай айтадиган даврлар ортда қолибди. Шу тахлит давом этсак, футболимиз «Сусамбил»ига етиб борамиз. Фақат бир истисно - ҳали қиладиган ишлар ҳам етарли экан. Масалан, ҳакамлик борасида.
Аслида бу ҳақда мақола ёзишни анча олдин дилга тугиб қўйган эдик. Бироқ ҳеч мавриди келмаётганди. Йўқ, айбни мавридга тўнкаш ҳам тўғри эмасдир. Чунки ҳакамлик ҳақида қачон ёзма, ҳеч қачон бемаврид бўлмайди. Сабаблар етарли, ҳар бир турдан сўнг гоҳ у, гоҳида эса бу ўйинда кўнгилсизликлар учраб турарди. Аммо бу кўнгилсизликларнинг ҳар бирига алоҳида ёндошиб, чуқур изланиб, ҳакамлар хатосини кўрсатиб беришдан маъно бўлмаган. Чунки бу муаммолар аниқ бир учрашув эмас, балки бутун бошли тизимга бориб тақаларди.
Шу вақтга қадар иш ҳакамликка қадар етиб ҳам бормаган. Олий лигада келишилган ўйинлар анчайин авж олган эдики, олдин ўшаларни тозалаб олиш зарурати туғилганди. Бугун энди ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистон чемпионатига анча файз кирибди. Энди ҳакамлик ҳақида ҳам гапирсак бўлар...
Очиғи, «Келишилган ўйинларга қарши кураш қўмитаси» ташкил этилганда шундай натижага эришилади, деб ўйламагандик. Чунки бу қўмита ўн йил фаолият юритса ҳам бирорта ўйинни фош эта олмаслигига ишонардик. Якунда шундай бўлиб чиқди ҳам. Қанчадан-қанча можароларга қарамай, қўмита бирорта келишилган ўйинни аниқламади. Ёки тополмади. Аммо бир нарсада муваффақиятга эришди, деб айта оламиз - олий лигадан бу иллат анча узоқлашди. Балки 100 фоиз йўқ бўлмагандир, аммо аввалгидан анча яхшиланганини ҳеч ким инкор эта олмайди. 16-турда кучли тўртликдан фақат «Насаф» ғалаба қозонди. «Локомотив», «Қўқон-1912» ва «Олмалиқ» очко йўқотишди. Ким билади дейсиз, агар қаршиликлар ҳам иккинчи ўрин эгаси эмас, бирор аутсайдерга қарши ўйнашганда ғалаба қозона олишармиди ёки йўқ?! Бунақасини илгари тасаввур қилармидингиз?
Хуллас, айтар гапимиз шу-ки, «Келишилган ўйинларга қарши кураш қўмитаси» олиб борган иш шу вақтгача кўзга кўринмагандир, аммо натижа келтирди. Агар бу натижа давомий бўлса, қўмита фақат ҳурматга лойиқ. Майли, ҳеч кимни қўл билан ушлаб бермасин, аммо шу иллатни таг-томири билан қуритишса, розимиз. Энди ҳакамлик масаласида битта таклиф келтирсак.
Агар ҳозир юртимизда нохолис ҳакамлик борлигини айтсак, аниқки, қарши чиқадиганлар кўп топилади. Исбот талаб қилувчилар бўлиши ҳам муқаррар. Балки қўнғироқ ҳам қилишар. Аммо гап бунда эмас. Уч йил олдин келишилган ўйинлар ҳақида ёзилганда ҳам худди шундай бўлганди. Ўшанда ҳам «исботинг борми?», деганларни кўрганмиз. Қип-қизил туҳматчига чиқариб қўйганлар ҳам учраган. Аммо келишилган ўйинлар қай даражада авж олганини кейин ҳамма кўрди, тан олди-ку. ЎФФ президенти Мираброр Усмонов шу ҳақида гапирганда ким унга эътироз билдирди? Шундай экан, бир саволга жавоб берсангиз, келишилган ўйин бўлган жойда, нохолис ҳакамлик ҳам учраши мумкин эмасми?
Биз ҳозир муайян ўйин ёки ҳакамни ажратиб кўрсатмоқчи эмасмиз. Чунки ҳамма гап тизимда. Йил бошида «Спорт» телеканалида ҳакамлар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилинганди. Журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишган. Бироқ ўшанда ҳакамларимиз бевосита муаммоли жиҳатларга эътибор қаратиш ўрнига, кўпроқ ўйин қоидаларига киритилган ўзгаришлар билан овора бўлиб қолишганди. Уларнинг ўзини тутиши гўё ҳамма нарса жойида эканини билдирарди. Аммо аслида ҳам шундайми?
Шубҳали пенальтилар, бир томон фойдасига кўп чалинган ҳуштаклар, ҳакамларнинг бир жамоага босим ўтказиши - буларнинг барчаси чемпионатимизда учраб туради. Клублар, мураббий ва футболчилар эса бу ҳақида индай олишмайди. Уларнинг тилига қулф осилган, бирор нарса деб қўйишса, жазога тортиладилар. Бироқ ҳакамлик қандай эканини ҳаммамиз кўриб турибмиз-ку. Гувоҳи бўлиб турган нарсага исбот талаб қилавериш ярамайди-ку, ахир. Ундан кўра, ўзимизни ислоҳ қилган маъқул эмасми?
Ҳакамлик билан боғлиқ муаммо бир бизда эмас, бутун дунёда бор. Энг юқори савиядаги мусобақада ҳам «қора либосли» инсонлар биринчи планга чиққанини кўп кўрганмиз. Аммо бу факт бизга таскин бериши керак эмас. Ўзбек футболи ривожини истаймизми, демак ишлаш лозим. Аслини олсак, ҳакамлик ишини тартибга солиш у қадар мураккаб ҳам эмас. Бизда бундай тажриба бор. Шунчаки, «Келишилган ўйинларга қарши кураш қўмитаси» андозасида «Ҳакамларни назорат қилиш қўмитаси» тузиш лозим. Аммо бу қўмитага бирор-бир ҳакам ёки собиқ рефери аралашмасин. Яхшиси, масъулиятли вазифани журналистлар ва футболимиз фахрийлари ихтиёрига топширайлик. Улар ўйинларни кузатиб боришсин, ҳакамлар ишига баҳо беришсин.
Унда назоратчилар нима иш қилади, дерсиз? Ҳеч нарса. Худди шу вақтга қадар бўлгани сингари, ҳеч нарса қилишмайди. Чунки машҳур бир мақолда айтилганидек, «Қарға қарғанинг кўзини чўқимайди». Назоратчилар ўз вақтида ҳакамлик қилишган. Шундай экан, улардан кўп нарса кутиш ярамайди. Қўмита керак бўлса, уларнинг ўзини ҳам кузатиб борсин. Айбини топсин, ўзига кўрсатсин. Тўғрилашсин.
Майли, бизга бирорта ноҳақликни фош қилиб беришмасин. Керакмас. Ҳеч кимни «сазойи» қилишмасин. Розимиз. Фақат шу ишни тартибга солиб беришса, кифоя. Аслида, ҳакамларимиз савияси у қадар паст эмас. Буни халқаро учрашувларда кўриб турибмиз. Эндиги мақсад, ўша халқаро ўйинлардаги ҳакамлик ўзимизнинг олий лигада ҳам амал қилсин. Ахир нимага у ерда яхши ишлаганлар маҳаллий баҳсларни ҳам шундай бошқармаслиги керак?
АБДУЛЛОҲ
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20