Қайднома

Қидирув

Шармандали ва аламли мағлубиятлар оҳ-воҳи

Шармандали ва аламли мағлубиятлар оҳ-воҳи

  16.08.2017 06:19
  0
  1334
Шармандали ва аламли мағлубиятлар оҳ-воҳи

Чортоқлик Рустам ака Мирзамаҳмудовни танишлари, яқинлари футбол билимдони сифатида кўришади.

У ўзаро суҳбатларимиз бирида «Эҳ, агар мустақиллик даври фарзанди бўлганимда, албатта, миллий терма жамоамиз ва «Милан» дарвозасини қўриқлардим!»-деган эди ҳам қатъият, ҳам афсус билан.

Мамлакат бош жамоаси ва «Милан»дек клуб таркибида тўп суриш қай даражада юксаклик ҳисобланишини жуда яхши англайдиган Собиржон Мусабоев эса дўстининг дарвозабонларга хос вужудига ниҳоясиз армон билан боқар экан, «Ҳа, Рустам каби истеъдод кам туғилади.

Мен ҳужумда ўйнардим. Унинг дарвозасига гол уриш ҳужумчилар учун орзу эди!»-дея ўша қатъият ва афсусни тасдиқлаганди...

Ўзбек ва жаҳон футболи тарихини миридан-сиригача биладиган бу фахрийлардаги ички ғайрат туғёнига қойил қолмай илож йўқ. Президент Шавкат Мирзиёевнинг қарори билан нуфузли халқаро спорт мусобақаларида юксак натижаларни қайд этган вакилларимизга умрбод ойлик тўлови белгиланиши ўша суҳбат ва фахрийларда сезилган ички ғайратни ёдимизга солди.

Бу қарорни ўқигач, улар яна ғайрат отига минган бўлишса, ажабмас. Начора, биз шўро тузуми даврида шундай истеъдодларни бой бердик, миллий футболимиз шаъни-шавкати, қадр-қиймати учун борини беришга тайёр авлодни йўқотдик.

Аммо афсус-надоматлар, армонлар бағрида орзу-ният ниҳоллари бўй ростламоқда. Шахсан давлатимиз раҳбарининг ўзи бизни ғайрат-шижоатли бўлишга чорламоқда, киши ҳавасини келтирадиган имтиёз-рағбатлар билан спортчиларни янги ғалабалар сари ундамоқда.

Ишончимиз комилки, Президентимизнинг навбатдаги умидбахш қароридан сўнг футболчиларимиз қалбида ҳам ширин орзулар қанот ёзади. Аёнки, бундай орзулар сари юксак парвоз учун мураббийлар кўзда тутмаган, мухлислар кутмаган ички имконларни юзага чиқариш талаб этилади. Битта гол қўйиб юборилгач, «Нефтчи» каби рақибга яна 5та уриш имконини бериш янги давр футболи руҳига мутлақо ярашмайди.

Демак, Вадим Абрамов жамоада ҳали мураббийнинг бош ёрдамчисини шакллантирмабди. Учрашувнинг катта қисмида майдон эгалари босимига бардош берган «Нефтчи» дастлабки 2та голдан кейин буткул бўшашди. Жамоа таркибида «Охиригача курашамиз, «Пахтакор» легионерларидан чўчиманглар»,-дея шерикларига далда берадиган футболчи топилмади.

Тўғри, учрашувда «шерлар» шижоат билан тўп суришди, бироқ бу уларнинг маҳорати мислсиз эканлигини англатмайди. Йирик ҳисоб қайд этилишида «Пахтакор»га нисбатан «Нефтчи»нинг ҳиссаси каттароқ. Биз иккинчи бўлимда юз бериши мумкин бўлган кутилмаган вазиятлар ва бундай ҳолатларда етакчидаги руҳий қувватнинг аҳамияти хусусида аввал ҳам ёзганмиз.

Мураббий иккинчи бўлимдаги кутилмаган вазиятларда жамоасига кўмаклашолмайди. Шу боис, у кўзда тутилмаган ҳолат - кетма-кет гол қўйиб юборишга қарши қандай йўл тутиш лозимлигини аввалдан ўргатишга мажбур. Ҳа, гоҳо номдор клублар ҳам йирик ҳисобли мағлубиятларга юз тутади.

Донгдор клуб мағлубияти эса маҳорат нуқтаи назаридан баҳоланмайди, албатта. Бундай омадсизликлар бош мураббий иш услубидаги психологик камчиликлар билан боғлиқ.

Назаримизда, Вадим Абрамовга яна рақиб жамоа кучи, ундаги янгиланишларни оқилона баҳолай олмаслик панд берди. Асосий муаммо эса - жамоада ягона мақсад учун кураш кайфияти сезилмаётгани.

Шу ўринда яна «Пахтакор-79»ни эслаймиз беихтиёр. Жамоа қандай куч эвазига Киев «Динамо»сини 5:0 ҳисобида енгган? Бизнингча, «пахтакорчилар»ни кучли рақибни мағлуб этиш иштиёқи бир бутунликка айлантирган. «Динамо» эса «Пахтакор»да шундай иштиёқ-мақсад барқ уришини хаёлига ҳам келтирмаган. Футбол рақиб хусусида тўлақонли хаёл сурмасликни кечирмайди.

Хаёлот кенгликларида учқур отларни чоптирадиган мураббийларни эса футбол баралла олқишлайди, йирик ҳисобли мағлубиятдан асрайди. Ана, АПЛда мураббийлик қилаётгани маълум муддатга Антонио Конте хаёлидан кўтарилган, чоғи. Балки уни учрашув арафасида асосий футболчисидан айрилган камтарин «Бернли» рақиб эканлиги чалғитгандир. АПЛ эса салгина чалғишни ўз ўрнида жазолайди. Фикримизча, «Челси» руҳий чалғиш ҳисобига мавсумни мағлубият билан бошлади. Жамоа асл кучига қайтганида учрашув вақти тугаб қолди.

Таъкидлаш жоиз, «Челси» майдонда 9 киши бўлиб қолганидан сўнг, яъни баҳснинг охирги дақиқаларида хавфли ҳужумлар уюштирди. Қачонки, Альваро Мората майдонга тушиб, Давид Луиз масъулиятни зиммасига олганча етакчи сифатида гавдалангач, «Челси» ҳаракати ўзгарди. Бу пайт ҳакам Сеск Фабрегасни ҳам майдондан четлатишга улгурганди.

Демак, «Челси» мағлубиятига икки футболчининг майдондан эрта чиқиб кетганини жиддий сабаб ўрнида кўрсатиш ноўрин. Агар Гари Кэйхилл қизил карточка олгач, Жереми Бога ўрнига Андреас Кристенсен эмас, балки Альваро Мората туширилганида, вазият бошқача тус олармиди? Шунда Сесар Аспиликуэта ҳимояга қайтарди ва аввалги мавсумда қўлланилган тактик схема бир қадар тикланарди.

Яна қўшимча қилиш керакки, «Челси» наинки рақиб кучини муносиб баҳоламаслик ва футболчи алмаштиришдаги хато, балки Антонио Конте ёқтирадиган тактик схемага мос таркиб йўқлиги учун ҳам қийналди. «Аристократлар» зарбдор трио - Эден Азар, Диего Коста ва Педросиз бошсиз бургутни эслатишмоқда.

Очиғи, ҳозирги захира таркиби билан «Челси»нинг АПЛ ва ЕЧЛ доирасидаги оғир баҳсларга бардош бериши - анча мушкул вазифа. Антонио Конте вақтида отни қамчиламаса, уни эъзозлаб ўтиришмайди - бу айни ҳақиқат. Ахир «Челси» мухлислари клубнинг ЧЛда муваффақият қозонишидан умидворлар. Бу ҳолатда эса умид-ишончлар оқланмайди.

Антонио Конте қайсидир нуқтада адашди, эҳтимол,  бунга ўтган мавсум босим у қадар оғир бўлмагани сабабдир. Мураббийлик маҳоратини ортиқча баҳолаш, яъни бошқа футболчилар билан ғалаба қозонишга ишонч унинг футбол фалсафасига соя солгандир. Нима бўлганда ҳам, «кўклар» ижросидаги ўйинда мухлислар кўниккан кўркамлик сақланиши тарафдоримиз.

Қаранг, Жозе Моуриньо итальян ҳамкасбидан фарқли ўлароқ, Поль Погба -Генрих Мхитарян - Маркус Рашфорд учлигини Ромелу Лукаку ҳисобига кучайтириб, ажойиб квартетни шакллантирди.

«Беназир» энди Златан Ибрагимович ва Уэйн Руни йўқлигидан афсусланмайди. Захира ўриндиғи ҳам «Челси»даги каби кучсиз эмас. Кўриниб турибдики, мураббий жамоанинг ўйин фалсафасини ишлаб чиқар экан, қизил карточкалар ва жароҳатлар боис, юзага келадиган мушкулотларни ҳам ҳисобга олиши даркор.

Акс ҳолда, ҳар қайси жамоа «Нефтчи» ва «Вест Хэм» каби шармандали, «Челси» ва «Лестер» каби аламли мағлубиятга учраб, мухлислар қаршисида қизараверади...

Муҳаммад Вали


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz