Қайднома

Қидирув

Месси иккинчи Роналду бешинчи ёхуд футбол тарихидаги энг кучли ўйинчилар

Месси иккинчи Роналду бешинчи ёхуд футбол тарихидаги энг кучли ўйинчилар

  16.08.2017 00:25
  0
  2322
Месси иккинчи Роналду бешинчи ёхуд футбол тарихидаги энг кучли ўйинчилар

Машҳур футбол портали - FourFourTwo миллионлар ўйинининг бутун  тарихига назар солиб, ўз талқинидаги топ-100 рўйхатини шакллантирди.

Яъни барча замонларнинг энг яхши 100 нафар футболчисини аниқлашга уринди. Soccer.ru сайти эса ўз навбатида, мазкур рейтингнинг энг қизиқарли жиҳатларига эътибор қаратди.

91-100-ўринлар

100. Георги Хаджи (Руминия)

99. Мариу Колуна (Португалия)

98. Марио Кемпес (Аргентина)

97. Неймар (Бразилия)

96. Обдулио Варела (Уругвай)

95. Жалма Сантос (Бразилия)

94. Златан Ибрагимович (Швеция)

93. Филипп Лам (Германия)

92. Шандор Кочиш (Венгрия)

91. Зепп Майер (Германия)

Сеҳрли ўйин тарихидаги энг кучли 100 нафар футболчи қаторига кириш - катта шараф. Шунинг учун кимнингдир позицияси пастдек кўринса, минглаб футболчиларнинг топ-100дан четда қолишганини ўйланг.

Умуман олганда, FourFourTwo рейтингини қизиқарли рўйхат ёки оддий маълумот сифатида қабул қилиш жоиз. Зеро, хоҳласангиз, ҳар бир ўрин юзасидан беармон баҳслашиш мумкин.

Демак, элит рўйхатнинг охирги ўнталигида «Карпат Марадонаси» - Георги Хаджи ва швед футболи тарихидаги бош юлдуз Златан Ибрагимович қатори 4 нафар жаҳон чемпиони бор: бразилилиялик Жалма Сантос, германиялик Филипп Лам, уругвайлик Обдулио Варела ва аргентиналик Марио Кемпес.

Немис футболининг буюк дарвозабони Зепп Майер, венгр голеадори Шандор Кочиш, «Бенфика» афсонаси Мариу Колуна ҳам шу ерда, худди замонамиз вакили Неймар каби.

81-90-ўринлар

90. Роберто Карлос (Бразилия)

89. Христо Стоичков (Болгария)

88. Алан Симонсен (Дания)

87. Хавьер Занетти (Аргентина)

86. Габриэль Батистута (Аргентина)

85. Уве Зеелер (Германия)

84. Жачинто Факкетти (Италия)

83. Райан Гиггз (Уэльс)

82. Уго Санчес (Мексика)

81. Драган Жаич (собиқ Югославия)

Иккинчи ўнлаликка кирган ягона жаҳон чемпиони - бу Роберто Карлос. Аммо бу звенода «Олтин тўп»нинг 2 нафар лауреати бор - Христо Стоичков ва Алан Симонсен. Райан Гиггз ва Габриэль Батистутани алоҳида таърифлашга ҳожат йўқ, Уго Санчеснинг қандай ижрочи бўлганига эса унинг «Атлетико» ва «Реал» учун урган голлари далолат.

Яна «Интер»нинг турли даврлардаги икки афсонаси - Жачинто Факкетти ҳамда Хавьер Занеттининг ёнма-ён жой олишгани диққатга сазовор, «қутурган» лақаби билан танилган Уве Зеелер Германия термасининг ЖЧдаги дастлабки 2та ғалабаси оралиғида энг ёрқин немис ўйинчиси эди, Драган Жаич эса футбол тарихидаги буюк сербдир.

71-80-ўринлар

80. Тьерри Анри (Франция)

79. Жижи Рива (Италия)

78. Жюст Фонтен (Франция)

77. Франк Райкаард (Голландия)

76. Деннис Лоу (Шотландия)

75. Кафу (Бразилия)

74. Йозеф Масопуст (собиқ Чехословакия)

73. Омар Сивори (Аргентина)

72. Хосе Андраде (Уругвай)

71. Жон Чарльз (Уэльс)

Йозеф Масопуст, Омар Сивори ва Деннис Лоу ўтган асрнинг 60-йиллари биринчи ярмида «Олтин тўп» соҳибига айланишган. Хосе Андраде, Кафу ва Тьерри Анри - жаҳон чемпионлари.

Жон Чарльз Уэьлс тарихидаги қаҳрамонларнинг топ-20талигидан жой олган, Жюст Фонтен эса битта ЖЧда кўп гол уриш бўйича рекордчи саналади - у 1958 йилги мундиалда рақиблар дарвозабонларини 13 марта ранжитган.

Жижи Рива ва Франк Райкаард ўз даврларининг чин юлдузлари бўлишган. Айтганча, Жижи бутун фаолиятини «Кальяри»га бағишлаб, клубнинг бош рамзига айланган.

61-70-ўринлар

70. Пауль Брайтнер (Германия)

69. Деннис Бергкамп (Голландия)

68. Сандро Маццола (Италия)

67. Флориан Альберт (Венгрия)

66. Теофило Кубильяс (Перу)

65. Жимми Жонстон (Шотландия)

64. Йохан Неескенс (Голландия)

63. Гордон Бэнкс (Англия)

62. Дикси Дин (Англия)

61. Петер Шмейхель (Дания)

Бирданига 3 нафар британиялик: «Селтик» афсонаси Жимми Жонстон, буюк кипер ва жаҳон чемпиони Гордон Бэнкс, ва XX аср бошидаги қаҳрамонлардан бири Дикси Дин. Голландиялик Деннис Бергкамп ва Йонас Неескенс гарчи жаҳон чемпиони мақомига эришмаган бўлсаларда, майдонда ҳақиқий мўъжизалар кўрсатишган, Йохан ҳаттоки, ўзи иштирок этган финаллардан бирида гол ҳам урган, аммо Пауль Брайтнер жавоб тўпи билан ғалаба якунда собиқ ГФР термасига насиб этишига катта ҳисса қўшган.

Сандро Маццола - «Интер»нинг яна бир юлдузи ва ўзидан кейинги авлоднинг чин кумири. Флориан Альберт «Олтин тўп» ютгани билан мақтаниши мумкин, Тео Кубильяс эса Перу тарихидаги энг кучли футболчидир. Петер Шмейхель ҳам таърифга эҳтиёжманд эмас - «МЮ» рамзи ва «Дания эртаги-1992» иштирокчиси.

51-60-ўринлар

60. Кевин Киган (Англия)

59. Андрес Иньеста (Испания)

58. Адольфо Педернера (Аргентина)

57. Карл-Хайнц Румменигге (Германия)

56. Даниэль Пассарелла (Аргентина)

55. Дино Зофф (Италия)

54. Гуннар Нордаль (Швеция)

53. Гаэтано Ширеа (Италия)

52. Роберто Баджо (Италия)

51. Жаирзиньо (Бразилия)

Бу ерда энди итальянлар кўпчилик - ЖЧ-82 ғолиблари - Дино Зофф ва Гаэтано Ширеа, шунингдек, мундиал-94 финалида пенальтидан осмондаги юлдузни нишонга олган Роберто Баджо. Андрес Иньеста эса 2010 йилги финал тақдирини ҳал қилган ягона гол муаллифидир. Жаирзиньо ва Даниэль Пассареллага ҳам жаҳон кубогини ютиш насиб этган бўлса, Карл-Хайнц Румменигге бундай бахтдан мосуво қолган, аммо у 2та «Олтин тўп» эгаси, худди Кевин Киган каби.

Швед Гуннар Нордаль XX аср ўрталарида «А» сериясини яшнатган («Милан» ва «Рома»даги фаолияти давомида) бўлса, аргентиналик Адольфо Педернера - ушбу ўнталикдаги энг сирли «фигура». Тўғри, унинг бутун фаолиятини Жанубий Америкада ўтказиб, «Даҳо», «Маэстро» ва «Футбол Наполеони» номлари олгани маълум.

Қайси давлат вакиллари кўп?

Албатта, «тўп афсунгарлари» юрти - Бразилияники-да. Шунингдек, Италия, Аргентина ва Германия вакиллари сафи ҳам анча кенг.

Бразилия - 16 нафар; Италия - 13 нафар; Аргентина ва Германия - 10 нафардан; Англия ва Голландия -  6 нафардан;

Франция - 5 нафар; Испания ва Венгрия - 4 нафардан; Португалия, Уругвай, Дания ва Шотландия - 3 нафардан; Швеция, Уэльс, собиқ иттифоқ (Россия|Украина) - 2 нафардан; Руминия, Болгария, Мексика, собиқ Югославия, собиқ Чехословакия, Перу, Австрия ва Шимолий Ирландия - 1 нафардан

41-50-ўринлар

50. Хави (Испания)

49. Нилтон Сантос (Бразилия)

48. Микаэль Лаудруп (Дания)

47. Роберто Ривеллино (Бразилия)

46. Хуан Альберто Скьяффино (Уругвай)

45. Олег Блохин (собиқ иттифоқ|Украина)

44. Диди (Бразилия)

43. Фриц Вальтер (Германия)

42. Маттиас Синделар (Австрия)

41. Жанлуижи Буффон (Италия)

Мутлақо хилма-хиллик: жаҳон чемпиони бўлишган турли давлат ва даврлар вакиллари - Нилтон Сантос, Роберто Ривеллино, Хуан Альберто Скьяффино, Хави.

Яна Киев «Динамо»сининг машҳур тўпурари ва «Олтин тўп» лауреати Олег Блохин, фожиали тақдирга юз тутган австриялик Маттиас Синделар, ҳамон юқори савияда ўйнаётган Жанлуижи Буффон ва бундестим тарихида алоҳида ўрин тутган сардор Фриц Вальтер (у иккинчи жаҳон уруши пайти собиқ иттифоқ армияси асири бўлган) ҳам шу ўнталикда.

Шунингдек, даниялик Микаэль Лаудруп ва бразилиялик Диди ҳам бор. Айтишларича, «Реал»да Дидига ҳеч ким тўп узатишни хоҳламаган экан, чунки Альфредо ди Стефано ва Ференц Пушкаш шон-шуҳратни бўлишишни исташмаган.

31-40-ўринлар

40. Кенни Далглиш (Шотландия)

39. Нандор Хидегкути (Венгрия)

38. Жанни Ривера (Италия)

37. Рууд Гуллит (Голландия)

36. Пако Хенто (Испания)

35. Луис Суарес Мирамонтес (Испания)

34. Стэнли Мэтьюз (Англия)

33. Гюнтер Нетцер (Германия)

32. Паоло Росси (Италия)

31. Хосе Мануэль Морено (Аргентина)

Навбатдаги ўнталикда фаолиятини давом эттираётган бирор футболчи йўқ. Пако Хенто - Европа Чемпионлар кубогини ютиш бобида рекордчи (испан юлдузи ушбу совринни 6 марта боши узра баланд кўтарган).

Паоло Росси ЖЧ финалида гол уришдан ташқари, «Олтин тўп» соҳибига айланган бўлса, Нандор Хидегкути Венгрия дружинасининг «олтин даври»да бош ролни бажарган. Сэр Стэнли Мэтьюз эса алоҳида ўринга эга.

Ахир у футбол жентльмени саналади, қолаверса, тарихдаги илк «Олтин тўп»ни қўлга киритган. Кейинги йили Европанинг энг яхши футболчиси мақоми Луис Суарес Мирамонтесга насиб этганди. Ўша вақт «Барселона» шарафини ҳимоя қилган Испания вакили кейинчалик «Интер»да 9 йил ўйнаган.

Кенни Далглиш - шотланд футболи фахри, Жанни Ривера, Рууд Гуллит, Гюнтер Нетцер ва Хосе Мария Морено ҳам ўз давлатларида шундай мақомга эгалар.

21-30-ўринлар

30. Лотар Маттеус (Германия)

29. Раймон Копа (Франция)

28. Сократес (Бразилия)

27. Бобби Мур (Англия)

26. Валентино Маццола (Италия)

25. Карлос Альберто (Бразилия)

24. Роналдиньо (Бразилия)

23. Эйсебио (Португалия)

22. Лев Яшин (собиқ иттифоқ|Россия)

21. Ромарио (Бразилия)

Лев Яшиннинг анча юқоридан жой олганига эътибор қаратинг. Дарвозабонлар орасида «Олтин тўп»нинг ягона соҳиби 22-ўринга муносиб. Ушбу «бўлим»да Бразилиядан бирданига 4 нафар футболчи борлиги диққатга сазовор: Ромарио ва Роналдиньо ўз ўтмишдошлари - Карлос Альберто ва Сократесдан олдинда. Айтганча, ҳаттоки, Эйсебио ва Раймон Копа ҳам Ромариодан пастда.

Бобби Мур ва Лотар Маттеус жаҳон чемпионатларида сардор сифатида ўйнашган ва ғалаба қозонишган. Итальян Валентино Маццола рейтингда ўғли - Сандрони анча ортда қолдирди. Умуман, улар алоҳида мақтанишга ҳақлилар. Чунончи, ушбу рейтингда бошқа ота-бола йўқ.

11-20-ўринлар

20. Паоло Мальдини (Италия)

19. Бобби Чарльтон (Англия)

18. Жузеппе Меацца (Италия)

17. Герд Мюллер (Германия)

16. Зико (Бразилия)

15. Франко Барези (Италия)

14. Жорж Бест (Шимолий Ирландия)

13. Марко ван Бастен (Голландия)

12. Мишель Платини (Франция)

11. Гарринча (Бразилия)

Ҳар бири жаҳон футболи юлдузи ва уларни таққослашдан маъно йўқ. Дейлик, Жузеппе Меацца ва Паоло Мальдини натижаларини қандай солиштириш мумкин? Шундай экан, уларга қандайдир тарихий «медиа-рейтинг» асосида жой берилган.

Кимнинг номи ҳамон жаранглироқ янграётган бўлса, у олдинроқда. Хуллас, Гарринча ва Герд Мюллер, Бобби Чарльтон ва Марко ван Бастен, Жорж Бест ва Мишель Платини, Зико ва Франко Барезини бир неча поғона ажратиб турганини шундай изоҳлаш мумкин.

1-10-ўринлар

10. Роналдо (Бразилия)

9. Ференц Пушкаш (Венгрия)

8. Зайниддин Зидан (Франция)

7. Франц Беккенбауэр (Германия)

6. Альфредо ди Стефано (Аргентина)

5. Криштиану Роналду (Португалия)

4. Йохан Кройфф (Голландия)

3. Пеле (Бразилия)

2. Лионель Месси (Аргентина)

1. Диего Марадона (Аргентина)

Аргентиналиклар рўйхат бошқарувчилари - Диего Марадона ва Лионель Месси. Футбол қироли атиги 3-қаторда ва Криштиану Роналду голландиялик даҳо Йохан Кройфф ҳамда аргентиналик бетакрор Альфредо ди Стефано орасида.

Ференц Пушкаш бўлса, икки замондош - Зайниддин Зидан ва Роналдо орасига жойлашди. Эътибор қаратинг, кучли ўнталикка кирган футболчилардан 8 нафари вақтида «Реал» ёки «Барселона»да тўп сурган. Яъни Пеле ва Франц Беккенбаэургина Каталония ва Мадрид клубига бегона, холос.

Ҳ.МАСАИДОВ  тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz