Қайднома

Қидирув

Рўзиқул Бердиев: Суюнов ва Аъзамовни 1 млрдга сотдик

Рўзиқул Бердиев: Суюнов ва Аъзамовни 1 млрдга сотдик

  16.08.2017 16:18
  0
  1943
Рўзиқул Бердиев: Суюнов ва Аъзамовни 1 млрдга сотдик

Қаршининг «Насаф» клуби иккинчи давра бошланиши арафасида таркибда жиддий йўқотишларга учради. Жамоа етакчилари Элдор Суюнов ва Шерзод Аъзамов «аждарлар» сафини тарк этиб, «Пахтакор» билан шартнома имзолашди.

Қаршиликлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиев биз билан бўлиб ўтган суҳбат чоғида пойтахтликлар бу футболчилар учун қанча пул тўлашганини маълум қилди.

- Рўзиқул ака, жамоангизнинг иккинчи даврага олиб борган тайёргарлигидан кўнглингиз тўлдими?

- Бошқа жамоаларга қараганда, бизда тайёргарлик кўриш учун камроқ вақт бўлди. Чунки «Насаф» Ўзбекистон кубогининг қолдирилган учрашувини ўтказди.

Бунинг натижасида жисмоний тайёргарликка йўналтирилган машғулотларимизни бор-йўғи бир ҳафтагина ўтказа олдик, холос. Вақтимиз етарли бўлганида, хорижда ўқув-машғулот йиғини ўтказишимиз мумкин эди.

Қолаверса, миллий ва олимпия термаларимизнинг йиғинлари ва расмий ўйинлари учун «Насаф»­нинг 5-6 нафар футболчиси жалб этилди. Шу боис, ҳозирликни тўлиқ таркиб билан ўтказа олмадим. Натижада жамоамизнинг умумий ҳолати турлича бўлиб қолди. Айтмоқчиманки, ҳамма ҳар хил тайёргарликка эга бўлди.

- Бундан чиқди, тайёргарлик жараёнидан қониқиш ҳосил қилмадингиз?

- Албатта. Ҳамма футболчингиз ўз ихтиёрингизда бўлгани барибир бошқача. Тўлиқ таркиб билан машғулот ўтказа олмаганингиздан кейин ўйинчиларнинг умумий ҳолати турлича бўлиб қолади.

- «Насаф»да селекция ишлари билан ким шуғулланади? Ўзингизми ёки футболчиларни атрофингиздагилар ва ёрдамчиларингиз тавсия қилишадими?

- Ўзим ҳам имкон қадар кўриб бораман. Лекин барибир, кўпроқ ёрдамчиларим тавсия қилишади. Аммо аксарият ҳолларда ўша футболчилардан кўнглим тўлмайди. Айрим агентлар «Ўйинчиларни бемалол кўриксиз ўйнатаверинг», деб маслаҳат беришади.

Ваҳоланки, улар биз кутгандек тўп сура олишмайди. Шунингдек, айрим легионерлар кўрик вақтида, ўртоқлик учрашувларида ўзларини ижобий томондан кўрсатишади.

Шартнома имзолаб, расмий учрашувларда майдонга туширганингиздан кейин ўша ўйинни кўрмайсиз. Савияли легионерлар эса катта пул талаб қилишади.

Айни пайт молиявий ҳолатимиз бундай катта трансферларни амалга оширишга йўл қўймайди. Шу боис ҳам хорижлик футболчиларни олаётганда адашмаслик керак...

- Ёзнинг катта трансферларидан бири - бу Элдор Суюнов ва Шерзод Аъзамовнинг «Насаф»дан «Пахтакор»га ўтиши бўлди. Футболчиларнинг ўзларида ҳам кетиш истаги юқори эдими?

- Албатта, уларда бошқа жамоага ўтишга мойиллик йўқ эмасди. «Пахтакор»дан яхшигина таклиф тушгани учун бу чорловга «йўқ» деб жавоб бера олишмади. Бунгача Аъзамовга Малайзиядан ҳам қизиқиш бўлганди.

Охир-оқибат «Пахтакор» билан олиб борилган музокаралар ҳар икки томон учун ҳам ижобий якунланди ва бу икки футболчининг трансфери амалга ошди. Пойтахт клубида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳар қандай футболчини ўзига жалб қиляпти. Бу жиҳатдан футболчиларнинг ўзлари ҳам ютишяпти.

- Етакчи футболчиларингизни асосий ва принципиал рақибга бердингиз...

- Тўғри, лекин масаланинг бошқа томони ҳам бор. Биз бу футболчиларни мавсум охиригача ушлаб турганимизда, улар озод агентга айланишарди. Яъни, ҳар иккисининг мавсум якунида «Насаф» билан амалдаги шартномалари якунланарди. Шу сабабли мавриди келганда уларни сотишга қарор қилдик.

Бу клубга ҳам фойда келтирди. Жамоа мутасаддиларининг қарори шундай бўлди, мазкур жараёнга мураббийлар аралашишмади. Келишувга кўра, «Пахтакор» иккала футболчининг трансфери учун умумий ҳисобда 1 миллиард сўм ўтказиб берди. Биз бу суммани футболчиларга маош тарзида бўлиб бердик. Шу тариқа мавжуд қарздорлик ҳам ёпилди.

- Истеъдодли футболчи Азиз Ғаниевга Киевнинг «Динамо» клуби қизиқиш билдираётганди. Бу трансфер борасида «Насаф»нинг позицияси қандай?


- Ҳақиқатан ҳам, Ғаниевга «Динамо»дан икки марта расмий таклиф тушди. Мазкур ҳолатда киевликларнинг битта талаби маъқул келмади. Улар Азизни «Динамо»нинг ёшлар жамоасида ўйнатишмоқчи.

Ғаниев ҳозир «Насаф» етакчиларидан бирига айланган. Боз устига, олий лигада тўп суряпти. Бизда у футболчи сифатида ўсишга эришади.

«Динамо» ёшлар таркибига қўшилиш пасайиш ва ортга ташланган қадам бўлади. Ҳозир Азиз ўзимизга керак. Агар яхши вариантлар чиқса, уни ушлаб турмаймиз.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz