Қайднома

Қидирув

«Кумир»га айланган «келгинди»

«Кумир»га айланган «келгинди»

  17.08.2017 06:26
  0
  568
«Кумир»га айланган «келгинди»

Олти йил давомида ҳалол тер тўкиш, фанатларнинг ноўрин, лекин ўта кучли нафратига дош бериш орқали Мануэль Нойер «қизил латта» мақомидан сардорлик даражасигача кўтарилди - ўтган ҳафта «Бавария» бошқаруви раиси Карл-Хайнц Румменигге сардорлик боғичи Германия терма жамоаси дарвозабонига топширилишини расман эълон қилди.

Мазкур қарорни ҳозир Мюнхен гранди ихлосмандлари юз бериши муқаррар бўлган воқеа сифатида қабул қилишмоқда. 2011 йил баҳор ва ёз фаслларида Нойерга ҳавас қилиб бўлмасди. «Мануэль - ҳозир Филипп Ламдан сардорлик боғичини қабул қилиб олиши мумкин бўлган ягона муносиб номзод!», - деди Карл-Хайнц Румменигге.

Бундан бир йил муқаддам Бастиан Швайнштайгер миллий терма жамоани тарк этгач, «бун­дес­мант­шафт»­нинг сардорлик боғичи айнан Нойерга топширилганди. Шу боис, Филипп Лам 2016|2017 йиллар мавсуми якунида фаолиятини тўхтатиш ҳақида маълум қилгач, унинг ўрнини ким эгаллаши хусусида бош қотириб ўтиришмади.

Мануэль ўтган мавсум «Реал»га қарши чорак финалнинг жавоб учрашувида олган жароҳатини даволамоқда. Хитойдаги мавсумолди тайёргарлик баҳсларида «Бавария» Томас Мюллер етакчилигида майдонга тушди.

Аслида, мюнхенликларнинг 27 ёшли тарбияланувичиси янги сардор вазифасини бемалол уддалай оларди. Жамоа Карло Анчелотти тасарруфига ўтгач, Томаснинг имкониятлари паса­йиб кетди, бошланғич таркибдан тушиб қолаверди. Хамес Родригеснинг трансферидан кейин эса немис ҳужумчисининг жамоани тарк этиши хусусида гап-сўзлар пайдо бўлди. Энди Мануэль Нойернинг «Бавария»даги фаолияти ва унинг ғанимлари муносабатларига тўхталиб ўтайлик.

Инкор

«Истеъфога чиққанимдан кейин «Бавария» эски услубига ўтиб олди - фақат янги футболчиларни сотиб олиш билан овора. Мен эса барча муваффақиятларимга ўз концепциямга амал қилиш орқали эришганман. Мендан кейин академиянинг бирорта тарбияланувчиси асосий таркибга киролмади. Футбол олами Давид Алабанинг кашф этилиши хусусида бонг урмоқда. Ваҳоланки, уни ўша позицияга айнан мен туширганман!», - «Бава­рия»­ни тарк этган Луи ван Гал бир неча ойдан кейин шундай фикр билдирганди.

Орадан анча вақт ўтган бўлсада, голландиялик мураббийнинг эътирофи ўз қийматини йўқотгани йўқ. Унинг даврида нафақат Алаба, балки Мюллер ва Бадштубер ҳам рисоладагидек тўп сура бошлашди. Луи қанот ҳимоячиси Диего Контентога ҳам имкон берганди. Ҳозирда эса асосий таркиб эшиклари маҳаллий иқтидор соҳиблари учун тақа-тақ ёпилган. «Ёш футболчидаги салоҳиятни кўрган заҳоти ван Гал унга имкон берарди.

Баъзан мантиққа зид фикрларни изҳор этиш иллати ҳам йўқ эмасди. Масалан, Томас Крафтнинг Мануэль Нойердан моҳирроқ эканлигини зўр бериб бизга тушунтиришга уринганди», - дейди Ули Хёнесс.

Дарҳақиқат, мураббий Крафтни афзал кўрар, Нойернинг трансферига батамом қарши эди. Якунда раҳбарият унинг ўзини истеъфога чиқарди. Қизиғи, 2010|2011 йиллар мавсумининг сўнгги босқичида «Бавария»да ишлаган Андриас Йонкер (ҳозир «Вольфсбург»да) ёш Томасни захирага ўтқазиб, тажрибали Ханс-Йорг Буттга ишонч билдирганди.

Нафрат

Терма жамоа дарвозабонининг «Бавария»га ўтиши хусусида мухлислар орасидаги «ультрас» вакиллари ҳам ван Гал билан ҳамфикр эдилар. Аввалига вақти-вақти билан, кейинчалик мунтазам равишда намойиш этилган норозиликларнинг олдинги сафида «Шикерия» фанатлик ҳаракати турарди. Шунингдек, «Альянц-Арена»нинг марказий трибуналаридаги мухлислар ҳам Нойерга қарши бўлишган. Германия кубоги доирасидаги ярим финал учрашувини ўтказиш учун «Шальке-04» Мюнхенга ташриф буюрганида, кўпчилик учун одатий бўлиб қолган «Ҳеч қанақа Нойер керакмас, бизда Крафт бор» баннери ёнига «Но­йерга жой йўқ» шиори қўшилди.

Посбон ана шундай мураккаб вазиятга умуман эътибор бермади - бўлажак жамоасининг барча ҳужумларини бартараф этди. Бир нечта ажойиб «сэйв»ларни амалга оширди. Натижада Рауль томонидан 15-дақиқада урилган гол ўйин тақдирини ҳал қилди. Оқибатда мюнхенликларнинг Нойерга бўлган нафрати янада кучайиб кетди. Бусиз ҳам ўша пайт дунёнинг келажаги порлоқ дарвозабони улар учун ашаддий душман мақомини олди. Биринчидан, «Шикерия» вакиллари ва «Шальке» мухлислари ўртасидаги азалий зиддият туфайли Мануэлни ёқтирмасдилар. Иккинчидан, гельзенкирхенлик бўлгани учун бошқа жамоада садоқат билан тўп сура олишини тасаввур қила олишмасди. Қолаверса, 2001 йилги «Гамбург»-«Бавария» учрашувида «Шальке»дан чемпионлик унвони тортиб олингач, Оливер Кан бурчак байроқчаси ёнида машҳур интермедияни ижро этиш орқали касбдошини калака қилганди.

Савдо

Деярли тайёр бўлган келишув фанатлар келишмовчилиги туфайли барбод бўлиши мумкинми? Назарий жиҳатдан - ҳа. Боз устига, ўша паллада Нойерга қизиқаётган фақат Мюнхен эмасди. Жумладан, шахсан сэр Алекс уни «МЮ»га таклиф этганди. Бироқ Мануэль манфаатли таклифни рад этиб, Мюнхендаги кескин вазиятдан умуман хавотирда эмаслигини маълум қилганди.

Хуллас, Нойер Германия жанубига йўл олди ва биринчи навбатда Мюнхендаги радикаллар билан тил топишиш кераклигини тушунди. Тез орада дарвозабон фанатлар билан учрашиб, муайян келишувга эришди. Шартга кўра, «Зюдкурве» («Альянц-Арена»нинг жанубий трибунаси) Нойернинг ташрифидан холи ҳудуд бўлиши, дарвозабон бу секторларга яқинлашиши, уларга футболка ёки шунга ўхшаш буюмларни улоқтириши, мулоқот қилиши тақиқланди.

Шунингдек, у клуб рамзи ва вимпелини ўпишга ҳам ҳақли эмасди. Терма жамоа посбони шу каби чекловларни қабул қилди. Чунки бу тақиқларни мухлислар тез орада унутишларини яхши биларди.

Депрессия

Нойер расман «Бавария» сафидан жой олгач, уй стадионидаги норозилик намойишлари барҳам топди. Ҳатто, ўта жиззаки мухлислар ҳам ҳақиқатдан юз ўгириб бўлмаслигини тушуниб етишди. Бундан ташқари, энди Нойернинг эркин ҳаракатига халал бериш суюкли жамоага зарар келтиришини ҳамма яхши ҳис этарди. Албатта, барча салбий ҳолатларни бир кунда йўқотишнинг иложи йўқ эди. Мухлислар анчагача посбоннинг ҳар бир кичик хатосини ҳам синчковлик билан кузатиб, киноялар ёғдиришди. Бироқ Нойернинг ЕЧЛ финалларидаги иккита ўйини гина-кудуратларга бутунлай чек қўйди.

2012 йили «Бавария» «Альянц-Арена»даги баҳснинг асосий ва қўшимча бўлимларида «Челси»нинг қаршилигини синдира олмади. Мануэль эса ҳеч иккиланмай 11 метрли нуқтага йўл олди.

Чунки Тони Кроос, Анатолий Тимошук ва Арьен Роббен пенальти тепишдан бош тортишгач, Юпп Хайн­кес дарвозабонни «лотерея»чилар сафига қўшишга мажбур бўлганди. Нойер бу юмушни аъло даражада уддалади. Бир йил ўтгач, «Боруссия» Д.га қарши ўта принципиал баҳсда ўз дарвозаси дахлсизлигини таъминлади, Роббеннинг ягона голи эса жамоага орзиқиб кутилган совринни тақдим этди.

Қабул

Шу зайл Нойер 6 йил «Бавария» шарафини ҳимоя қилди. Ана шу давр ичида 5 марта Германия чемпиони, тўрт марта IFFHS ва 3 марта УЕФА таснифлари бўйича йилнинг энг яхши дарвозабони совринларига сазовор бўлди. 2014 йили «Бундесманшафт»нинг жаҳон чемпионлигини қўлга киритишига салмоқли ҳисса қўшиб, Бразилияда ўтган мундиалнинг «Олтин қўлқоп» совринига муносиб кўрилди.

Нойернинг «Бавария» билан имзолаган шартномаси 2021 йилга қадар амал қилади. Унинг фаолиятини Мюнхенда якунлаб, кейинчалик клуб тизимида Оливер Кан ва Зепп Майер ёнидан жой олишини тахмин қилиш қийин эмас.

Румменигге томонидан дарвозабоннинг сардор этиб тайинланиши ҳеч қандай қаршиликка дуч келмади. Чунки футболда натижа ҳар қандай эҳтирослардан устун туради. Бу ҳақиқатни ўзининг ажойиб ўйинлари билан «келгинди»дан «кумир»га айланган Мануэль Но­йер исботлаб берди.
ТУРЛИ ЙИЛЛАРДА

«БАВАРИЯ»ДА САРДОРЛИК ҚИЛГАН ФУТБОЛЧИЛАР

Вернер Ольк (1965-1970)

27 ёшида сардорга айланган

Амплуаси: ҳимоячи.

Франц Беккенбауэр (1970-1977)

25 ёшида сардорга айланган

Амплуаси: ҳимоячи.

Зепп Майер (1977-1979)

33 ёшида сардорга айланган

Амплуаси: дарвозабон.

Герд Мюллер (1979)

33 ёшида сардорга айланган

Амплуаси: ҳужумчи.

Ханс-Георг Шварценбек (1979-1980)

31 ёшида сардорга айланган

Амплуаси: ҳимоячи.

Пауль Брайтнер (1980-1983)

28 ёшида сардорга айланган

Амплуаси: ҳимоячи.

Карл-Хайнц Румменигге (1983-1984)

27 ёшида сардорга айланган

Амплуаси: ҳужумчи.

Клаус Аугенталер (1984-1991)

26 ёшида сардорга айланган

Амплуаси: ҳимоячи.

Раймонд Ауманн (1991-1994)

27 ёшида сардорга айланган

Амплуаси: дарвозабон.

Лотар Маттеус (1994-1996)

33 ёшида сардорга айланган

Амплуаси: ярим ҳимоячи.

Томас Хельмер (1997 - 1999)

32 ёшида сардорга айланган

Амплуаси: ҳимоячи.

Штефан Эффенберг (1999-2002)

30 ёшида сардорга айланган

Амплуаси: ярим ҳимоячи.

Оливер Кан (2002-2008)

33 ёшида сардорга айланган

Амплуаси: дарвозабон.

Марк ван Боммел (2008-2011)

31 ёшида сардорга айланган

Амплуаси: ярим ҳимоячи.

Филипп Лам (2011-2017)

27 ёшида сардорга айланган

Амплуаси: ҳимоячи.

Мануэль Нойер (2017-...)

31 ёшида сардорга айланди

Амплуаси: дарвозабон.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Сиз Эктор Купер миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 (Қатар)га олиб бора олишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz