Қайднома

Қидирув

Хуш келдинг, еврофутбол!

Хуш келдинг, еврофутбол!

  17.08.2017 14:03
  0
  989
Хуш келдинг, еврофутбол!

Ниҳоят, ёзга таътил тугаб, кўҳна қитъанинг яшил майдонларида бетакрор спектакллар, муросасиз беллашувлар шукуҳи бошланди.

Англияда дастлабки тур баҳслари бўлиб ўтди, Францияда дунёнинг энг қиммат футболчиси дебютини гол билан нишонлади, испан ва немис грандлари эса кубок беллашувларида биринчилик арафасидаги охирги репетицияларини ўтказишди.

Англия

АПЛда янги мавсум жума оқшоми «Арсенал»-«Лестер» беллашуви билан старт олди. Мазкур қарама-қаршиликда иродали ғалаба завқини суриш бир жамоадан иккинчисига ўтди. Якунда у меҳмонларга эмас, мезбонларга насиб этди - 4:3. Ҳужумкор ва муросасиз футбол учун ажойиб реклама! Агарда томонлар ҳимоя чизиғидаги камчиликларни инобатга олмайдиган бўлсак, албатта.

Агар ҳужумчилар сал аниқроқ ўйнашганида, ҳисоб 7:6 кўринишини олиши ҳеч гап эмасди. Амалдаги чемпион - «Челси» эса мусобақани аламли мағлубият (2:3) билан бошлади. Табиийки, камтарин «Бёрнли»га уч очкони икки қўллаб топширишни «кўклар»нинг ўта омадсиз учрашуви сифатида қайд этмасликнинг иложи йўқ. Ўйиндан сўнг Антонио Конте ҳакамликни муҳокама қилмаслигини билдирди.

Бу ақлли қарор эди. Чунки Кэйхилл ҳам, Фабрегас ҳам «подкат»ни оёқларини баланд кўтарган ҳолатда ижро этишди. Лекин ўзларини нима учун қизил карточка билан жазоланишганини тушунмагандек тутишди. «Челси» ўйинни сифатсиз ўтказган бўлсада, чемпионга хос иродани кўрсата олди - майдонда 10 ва 9 киши бўлиб қолган пайт ҳам рақиб дарвозасига йўл топа олишди. Аммо мағлубиятдан қутулиб қолишнинг иложи бўлмади.

«МЮ»нинг «Вест Хэм» устидан қозонган йирик ғалаба(4:0)сида таблодаги рақамлардан кўра футболчиларнинг майдондаги ҳаракатлари муҳимроқ. Моуриньо шогирдлари лондонликларни ўта хотиржамлик билан, деярли тер тўкмаган ҳолда тиз чўктиришди.

Жамоа ўз салоҳиятига заррача шубҳа қилмаган ҳолда тўп сурди, гўё. Голни ҳам айнан шу ишни амалга ошириши лозим бўлган ўйинчилар - Лукаку, Погба, Мартиаль уришди. Қайд этилган йирик ҳисоб «МЮ»га азалий рақиб - «Ман Сити»дан юқорироқда туриш имконини берди. «Шаҳарликлар»нинг Брайтонда дебютант дарвозасини забт этишга қаратилган ҳаракатлари фақат сўнгги 20 дақиқада ўз самарасини берди.

Элитанинг номдор вакилларидан бири - «Ливерпуль» ҳам мусобақани ғалаба билан бошлаш ниятида Уотфорд­га йўл олганди. Шу боис, дастлабки дақиқалардан ҳужумга зўр берди. Зеро, орқа чизиқдаги қўпол хатолар туфайли мураккаб вазиятга тушиб қолди.

Кейинчалик «қизиллар» ҳаяжонни енгиб, устунликни ўз томонларига оғдиришди. Бироқ сафардан ғалаба билан қайтишларига ҳакам томонидан қўшиб берилган қўшимча вақтнинг сўнгги дақиқаларида ўтказиб юборилган гол имкон бермади. Боз устига, гол ўйин қоидаси бузилган ҳолда амалга оширилганди. Эҳ, «Ливерпуль», «Ливерпуль»...

«Тоттенхэм» сафарда «Ньюкасл»ни жиддий имтиҳондан ўтказди - 0:2. Эътиборлиси, «тақачилар» жамоани тарк этган Кайл Уокер ўрнини бошқа бир Уокер Питерс билан тўлдиришди. Ҳимоячи худди собиқ сардордек ҳаракат қилиб, Почеттино ишончини оқлади. Қизиқ, лондонликлар академиясида номдош ворис топилибди, «Барса» тарбияланувчилари орасида иккинчи Неймар бормикан?

Италия

Пиренейдан фарқли ўлароқ, Апеннинда суперкубок соҳибини ягона беллашув аниқлаб беради. Дарвоқе, ўтган йили италияликлар ўзига хос эксперимент тариқасида чемпион ва кубок соҳиби ўртасидаги баҳсни мамлакат ташқарисида - Қатарда ўтказишганди. Энди яна анъа­навий услубга қайтишди - мавсумнинг дастлабки соврини илинжида жамоалар Римдаги «Олимпико» майдонига тушишди. «Ювентус» амалдаги чемпион ва Италия кубогининг соҳиби бўлгани боис, финалчи - «Лацио» билан куч синашди.

Май ойидаги мағлубиятдан тегишли хулоса чиқарган римликлар чемпионга нисбатан чаққонроқ ҳаракат қилишди ва ҳисобни очишди. Танаффусдан кейин ҳам «Лацио» шиддатни пасайтирмади ва Иммобиле «дубл»га эришди. Бироқ суперкубок тақдири деярли ҳал бўлган паллада хотиржамликка йўл қўйилди. Оқибатда туринликлар Пауло Дибаланинг «дубл»и эвазига мувозанатни тиклашга эришдилар.

Аммо улар енгил тин олишга ҳам улгурмай туриб бор куч-маҳоратини сўнгги ҳужумга сарфлаган «Лацио» ўйин тақдирини узил-кесил ҳал қилди. Шу тариқа Турин суперклуби қаторасига иккинчи марта мавсумнинг илк соврини бўлган суперкубокни қўлдан чиқарди.

Германия

Бундеслига вакиллари ҳам ички чемпионатга кубок беллашувлари орқали таёргарлик кўришяпти. Германия кубогининг дастлабки босқичларида қуйи дивизион иштирокчилари ҳам қатнашишлари боис, «Боруссия» Д. «Бавария» билан ҳамкорликда ўз рақиблари дарвозаларини 9 марта забт этишди. Дортмундликлар етакчиси Обамеянг «хет-трик»ка эришган бўлса, «Бавария»ликлар форварди Левандовски «дубль» билан кифояланди.

Эътиборлиси, «Хемницер»-«Бавария» (0:5) учрашувини аёл ҳакам - Бибиана Штейнхаус бошқарди. Мюнхенликларнинг франциялик ярим ҳимоячиси Франк Рибери ҳакам билан ҳазиллашишга жазм этди. Жарима зарбасига тайёрланаётган футболчи тўпни нуқтага ўрнатиш чоғида ҳакам бутсасининг ипини ечиб қўйди.

Штейн­хаус буни сезган бўлсада, уни жазолашни лозим топмади. Бибиана янги мавсумда илк аёл ҳакам сифатида бундеслига учрашувларида майдонга тушади. Демак, Риберида яна нозикроқ ҳазилларни ўйлаб топиш учун вақт бор.

Франция

Янги мавсумда Франция чемпионатига бўлган қизиқиш янада ошиши аниқ. Ахир дунёнинг энг қимматбаҳо футболчиси энди «ПСЖ» шарафини ҳимоя қилади. Неймар пойтахт жамоасига иккинчи турда қўшилди ва дебютини гол билан нишонлади. Қолаверса, ҳужумчи «Генгам»га қарши сафар учрашувида битта самарали узатмани ҳам ўз ҳисобига ёзиб қўйди.

Албатта, 222 млн.лик хариддан янада самаралироқ иштирокни кутишлари табиий. Унай Эмери жамоаси чемпионатни 2та ғалаба билан бошлади. Лекин «Лион», «Марсель», «Сент Этьен» ва амалдаги чемпион - «Монако» ҳам юз фоизлик натижа билан боришмоқда. Кўпчиликнинг эътибори Неймарга қаратилган бўлсада, «уик-энд»нинг қаҳрамони сифатида Радамель Фалькаони кўрсатиш ўринли.

Дижондаги беллашувда «Монако» ҳужумчиси «хет-трик»ка эришди. «Лилл»нинг бош мураббийи Марсело Бьелса учун ортда қолган дам олиш кунлари омадсиз келди. Жамоасини «Страсбург» майдонига олиб тушган аргентиналик мутахассис ўйиннинг 20 дақиқаси ичида икки нафар футболчини мажбуран алмаштирди, бироздан сўнг учинчи алмашув ҳам амалга оширилди.

Аксига олиб, 63-дақиқада дарвозабон Мик Меньян қизил карточка олиб, майдонни тарк этди. Оқибатда, ҳужумчи Николя Превиль дарвоза чизиғига ўтди. Аммо у атиги 10 дақиқа дарвоза дахлсизлигини таъминлай олди, холос.

Ҳисоб очилгач, ҳужумчи яна ўз позицияга қайтарилди, дарвозани эса Иброҳим Амадуга топширишди. Афсуски, Иброҳим ҳам посбонликни уддалай олмади. Якунда «Лилль» 0:3 ҳисобидаги йирик мағлубиятни тан олишга мажбур бўлди. Футбол оламидаги ўта камёб ҳодиса.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz