Қайднома

Қидирув

Сабр қиламиз, атиги иккита ўйин қолди (Терма жамоа таркибига муносабат)

Сабр қиламиз, атиги иккита ўйин қолди (Терма жамоа таркибига муносабат)

  17.08.2017 16:00
  0
  788
Сабр қиламиз, атиги иккита ўйин қолди (Терма жамоа таркибига муносабат)

Бугун Самвел Бабаян Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркибини эълон қилди.

Кенгайтирилган таркибдан жами 27 футболчи ўрин олган. Бу футболчиларда учта ўйинда тушиш имконияти бўлади: 25 август Қирғизистон (ўртоқлик), 31 август Хитой (расмий) ва 5 сентябрдаЖанубий Корея (расмий). 

Қирғизистон билан кечадиган баҳс жаҳон чемпионати саралаш босқичининг ҳал қилувчи иккита ўйинидан олдин ўзига хос тайёргарлик вазифасини ўтаб беради. Худди Эронга қарши ўйиндан олдин Таиланд билан ўйнаганимиз каби бу сафар Қирғизистонни синовдан ўтказамиз. 

Аслида Таиланд ҳам, Қирғизистон ҳам футболда бизнинг даражамиздаги рақиблар эмас. Таиланд саралашда охирги ўринда боряпти, Қирғизистон эса бизга қарши учрашув орқали ўз майдонида 5 сентябрь куни бўладиган Мьянмар билан ўйинга тайёргарлик кўриб олади. 

Мақсад - олий: жаҳон чемпионатига чиқиш, лекин шу мақсад йўлида олиб борилаётган ишлар таҳсинга сазовор эмас. Кучсиз рақиблар орқали кучли ўйинларга тайёргарлик кўряпмиз. Бу ойда фақат биз ўртоқлик учрашуви ўтказамиз. Хитой ҳам, Жанубий Корея ҳам тўғридан-тўғри расмий баҳсларда майдонга тушишади. 

Июль ойида Туркияда ўтказилган бир ҳафталик йиғин нима берди? Бу борада хулоса қилиндими? Қирғизистон билан ўйин нима беради? Бу ўйингача ҳамма футболчилар терма жамоа ихтиёрига етиб кела оладими?

Масалан, Россияда 26-27 август кунлари тур ўйинлари ўтказилади ва катта эҳтимол билан футболчиларимиз 28 августда терма ихтиёрига етиб келишади. Демак, улар Қирғизистонга қарши баҳсни ўтказиб юборишади. 

Терма жамоага чақирилган футболчилар тўғрисида нима дейиш мумкин? Аввало шуни айтиш керак, 27 футболчидан 16 нафари маҳаллий ўйинчилар ва 11та легионер.

Энг кўп футболчи "Пахтакор"дан таклиф этилган - олтита (Александр Лобанов, Даврон Ҳошимов, Владимир Козак, Жамшид Искандеров, Шерзод Аъзамов, Игорь Сергеев).

Кейинги ўринда "Локо" - бешта (Игнатий Нестеров, Ислом Тўхтахўжаев, Сардор Мирзаев, Жалолиддин Машарипов, Марат Бикмаев). "Насаф"дан уч нафар футболчи (Фаррух Сайфиев, Акмал Шораҳмедов, Азиз Ғаниев) чақирилган бўлса, "Бунёдкор" (Отабек Шукуров) ва "Қўқон-1912"дан (Никита Рибкин) биттадан ўйинчи чақирув олган.

Қолган футболчилар легионерлар. Булар - Виталий Денисов, Анзур Исмолилов, Егор Кримец, Сардор Рашидов, Фозил Мусаев, Сервер Жепаров, Одил Аҳмедов, Азиз Ҳайдаров, Александр Гейнрих, Элдор Шомуродов ва Темурхўжа Абдухолиқов. 

Албатта, терма жамоага кимни чақириш аввало бош мураббийнинг иши, чунки натижага у жавоб беради. Шу боис фалончи нимага чақирилмади, пистончи нимани қойиллатибдики термага таклиф этилди каби гаплар ортиқча.

Бу билан нимадир ўзгариб қолмайди. Ўзи иккита ўйин қолди, шуни ўтказиб олайлик, кейин бир гап бўлар. Ё жаҳон чемпионатига чиқамиз ё яна тўрт йил кутамиз. Ҳозирги кунда энг яхши йўл сабр қилиб воқеалар ривожини кузатиш. 


Манба: www.championat.asia


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz