Қайднома

Қидирув

Леди лига

Леди лига

  20.08.2017 06:15
  0
  973
Леди лига

6 август куни Голландияда аёллар ўртасида Евро-2017 мусобақасига якун ясалди. Финалда данияликларга қарши тўп сурган мезбонлар 4:2 ҳисобида зафар қучиб, бош совринни ўз юртларида олиб қолишди.

Мазкур мусобақада миллионлар ўйини вакилалари орасида юлдузлик даражасига чиққанлар ҳам қатнашишди. Бугун ана шундай аёл футболчиларнинг беш нафарини танлаб, улар билан яқинроқ танишамиз.

ЭЛОДИ ТОМИ

Ёши: 30

Мамлакати: Франция

Амплуаси: форвард

Агар Элоди Томи эркак киши бўлганида, катта эҳтимол билан «Арсенал» сафида тўп суриб, либосида Тьерри Анри деган ёзув битиларди. Францияда аёллар футболининг энг содиқ ишқибозлари Томини «канонирлар»нинг собиқ ҳужумчисига қиёслашади. Бунинг ўзига яраша сабаби бор. Биринчидан, у худди Анри сингари терма жамоада анча навқиронлигида (18 ёш) дебют қилган. Иккинчидан, Элоди ҳам тезкор, техникаси мукаммал. Томининг сов-ринлар коллекцияси анча бой. «Монпелье» ҳамда «Лион» сафида Франция чемпионлиги ва кубоги, аёллар Чемпионлар Лигаси ғолиблигига эришди. Миллий жамоадаги муваффақиятлари эса клубдагисидан бироз камтарроқ. «учранглилар» таркибида 80тага яқин ўйин ўтказди.

КОСОВАРЕ АСЛЛАНИ

Ёши: 27

Мамлакати: Швеция

Амплуаси: форвард

«Манчестер Сити» ҳужумчиси қанотда бинойидек тўп суради, соф ҳужумчи ролини ажойиб тарзда бажаради. Аслланининг акробатик ҳаракатлари ва тўпурарлик салоҳияти туфайли уни Златан Ибрагимовичга қиёслашади. Эътиборлиси, Косоваре ва Ибра бир вақтнинг ўзида «ПСЖ» шарафини ҳимоя қилиб, ярим йиллик тафовут билан Манчестерга ташриф буюришган. Ҳар иккисининг келиб чиқиши Болқонга бориб тақалади. Фарқи Аслланининг ҳисобида Швеция термасида қўлга киритилган медаль бор. Шунингдек, Англия чемпионлиги, мамлакат кубогига ҳам эришган. Косоваре футбол ҳақидаги ҳужжатли фильмларда суратга тушади, Швеция телевидениеси дастурларида бошловчилик қилади.

ДАРЬЯ МАКАРЕНКО

Ёши: 25

Мамлакати: Россия

Амплуаси: ҳимоячи

Руслар термасининг мафтункор вакилаларидан бири эрта танилиб, ўз мамлакатининг турли ёш тоифадаги жамоаларига таклиф қилинди. Икки марта Россия чемпионлигини нишонлаб, уч марта миллий кубокни боши узра кўтарган. 2016 йили Дарья Универсиада қаҳрамонларидан бирига айланди. Голландиядаги турнирга Макаренко руслар ўлкасининг энг юлдузли вакиласи сифатида ташриф буюрди. Майдонда анча шижоатли, унинг ташқарисида - соҳибжамол.

САРА ДЕБРИЦ

Ёши: 22

Мамлакати: Германия

Амплуаси: ярим ҳимоячи

Немисларнинг аёллар жамоаси ҳам эркаклар сингари катта ареналарда муваффақиятли қатнашади: футболчилар «Олтин тўп»га даъвогарлик қилишади, клублар даражасидаги иштироклари таҳсинга сазовор, терма эса ФИФА рейтингида якка пешқадам. Сара Дебриц айнан шу жамоада асосий роллардан бирини бажаради. Эндигина 22 ёшни қаршилаган ярим ҳимоячи термада  43та ўйин ўтказишга улгурди. Уни «бундестим» келажаги деб аташади. Сара ўтган йилги Рио Олимпиадасида 5та учрашувда 3та гол уриб, олтин медаль соҳибига айланди. Дебрицни ишқибозлар ҳам яхши кўришади. «Бавария» клуби шарафини ҳимоя қилаётган футболчи Лионель Месси ва Михаэль Баллакнинг мухлисаси. Яқин йиллар ичида унинг ўз «кумир»лари даражасига кўтарилишига шубҳа йўқ.

АЛЕКС ГРИНВУД

Мамлакати: Англия

Ёши: 23

Амплуаси: ҳимоячи

Бу футболчи ўсмирлик чоғларида «Ливерпуль» либосида майдонга тушишни орзу қилган. Аммо унинг фаолияти ушбу шаҳарнинг бошқа бир вакили - «Эвертон»да бошланди. Мерсисайднинг кўк қисмида тўрт йил тўп сургач, «Ноттс Каунти» сафига қўшилди. «Зағизғонлар» таркибида ҳақиқий универсалга айланди: ҳимоядаги вазифаларидан ташқари, ҳужумларни якунлашда ҳам анча фаоллик кўрсатди. Унинг асосий устунлиги - чап оёғида йўллайдиган узатмалари. Алекс ёшлар термасида сардорлик қилди, Канадада ўтказилган жаҳон чемпионатида миллий жамоа сафида бронза медалини қўлга киритди. Ҳозирча 23 ёшли англияликнинг жамғармасидаги ютуқлар шу билан чекланади. Ўтган йили Гринвуд ниҳоят, орзусига эришиб, «Ливерпуль» билан шартнома имзолади. У Жейми Каррагернинг ашаддий мухлисаси. Жозибали Алекс бир неча марта жаҳоннинг энг мафтункор аёл футболчилари рўйхатидан жой олган.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz