Қайднома

Қидирув

Олий лига трансляцияси қандай бўлади?

Олий лига трансляцияси қандай бўлади?

  20.08.2017 16:23
  0
  727
Олий лига трансляцияси қандай бўлади?

Профессионал футбол лигаси янги тадбирга қўл урди - энди олий лиганинг деярли ҳар бир ўйини трансляция қилинади. Йўқ, ҳозирча телевидениеда ҳеч қандай ўзгариш бўлмади, барчаси интернет орқали амалга оширилади.

ПФЛ бу борада Empower Sports компанияси билан шартнома имзолади ва Ўзбекистон чемпионати ҳамда кубоги баҳслари Mycujoo.tv сайти орқали трансляция қилинадиган бўлди. Хўш, бу нимадан далолат беради?

Юртимизда йил сайин оммалашиб бораётган интернет тармоғи орқали олий лига ўйинлари олиб кўрсатилишидан бизга қандай наф бор? Бу саволларга Профессионал футбол лигаси маркетинг бўлими мутахассиси Бахтиёр Маметов атрофлича жавоб бериб ўтди.

- Сўнгги йилларда мобил алоқа ва интернет жуда кучайиб кетди. Шунга монанд одамларнинг қарашлари ҳам ўзгарди, - дейди Бахтиёр Маметов. - Энди футболни бамайлихотир телевизор қаршисида томоша қилиш имконияти анча пасайган. Шу боис мухлисларни миллионлар ўйини билан боғлаб турувчи воситалар ҳам ўзгармоқда.

Empower Sports компанияси томонидан берилган статистикага асосланиб айтадиган бўлсак, айни вақтда 40 фоиз мухлислар футболни мобил интернет орқали томоша қилар экан. Яъни, бирор иш билан банд бўлган одам беллашувларни кўриш учун ҳамма нарсадан воз кечиши шарт эмас.

Шунчаки, телефони орқали ҳам севимли ўйинидан баҳра олаверади. Энди бундай имконият ўзбекистонлик мухлисларда ҳам бўлади. Олий лига ўйинлари Mycujoo.tv сайти орқали видеотрансляция қилинади.

EMPOVER SPORTS ҚАНДАЙ ТАШКИЛОТ?

Аввало, Empover Sports компанияси қандай фаолият тури билан шуғулланишини батафсил тушунтириб берсангиз?

- Empower Sports футболни янада оммалаштириш билан шуғулланади. Яхши биламиз, айни вақтда бутун дунё Европадаги кучли бешлик - Англия, Испания, Италия, Франция ва Германия чемпионатларини томоша қилади.

Аммо бошқа мусобақалар соя ортида қолиб кетади. Масалан, кимдир Бельгия ёки Швеция чемпионатига қизиқиши мумкин, бироқ уни томоша қилиш имконияти жуда паст. Empover Sports кўзлаган мақсад бутун дунёни қамраб олишдан иборат. Бу компания ташкил топганига энди уч йил бўлди. Бироқ мана шу қисқа муддат ичида интернет-трансляциялар бўйича етакчи ўринларга чиқиб олди.

- Олий лига ўйинларини трансляция қилиш борасида ташаббус кимдан чиқди? Empower Sports ПФЛга мурожаат қилдими ёки аксинча?

- Бу борада ташаббус ОФКга тегишли. Осиё футбол конфедерацияси қитъада футболни ривожлантириш учун алоҳида дастурни амалга оширмоқда ва Empower Sports билан ҳамкорлик мана шу дастурнинг бир қисми ҳисобланади.

ОФК бизга олий лига ўйинларини ёритиш борасида Empower Sports билан ҳамкорлик қи-лишни таклиф этди ва биз бу таклифни бажонидил қабул қилдик. Ўтган ҳафта компания менежерлари Тошкентга ташриф буюришди ва олий лига клублари вакиллари учун семинар-ўқув машғулоти ўтказилди. Унда Mycujoo.tv сайти орқали трансляция қилиш техникаси батафсил тушунтирилди.

КИМ КЎРСАТАДИ?

Ҳозирда айнан қайси стадионлардан видеотрансляцияларни амалга ошириш мумкин?

- ОФК ва Empower Sports ўртасидаги келишувга кўра, олий лига клубларига трансляцияни амалга ошириш учун техника текинга етказиб берилиши кўзда тутилганди. Аммо бунинг учун маълум талабларни амалга ошириш лозим бўлган. Ўйинларни махсус HD камералар билан бирга сўнгги авлод телефонларида ҳам видеога олиш мумкин.

Яхши биласиз, Apple ва Samsung компаниялари томонидан чиқарилган сўнгги русумдаги телефонларнинг камераси профессионал тасвирга олиш имконини беради.

Интернет-трансляция учун уларнинг сифати етарли. Empower Sports талабига кўра, белгиланган муддат ичида ўз стадионида 4G мобил интернет ёки оптик толали интернет ўрната олган клубларга ушбу ускуналар текинга етказиб берилди.

Булар - «Олмалиқ», «Сўғдиёна», «Пахтакор», «Локомотив», «Қўқон-1912», «Машъал» ва «Насаф». Бу клублар  талабни ўз вақтида бажаришгани учун барча техника етказиб берилди ва уларнинг ўйинини олиб кўрсатишда муаммо бўлмайди.

Шунингдек, «Қизилқум» ва «Бунёдкор» ўз ҳисобидан ускуналарни ўрнатиш мажбуриятини олган ва уларнинг уй учрашувлари ҳам интернетда олиб кўрсатилиши мумкин. Ҳозирча шу. Вақти келиб ҳамма ўйин-лар трансляция қилиниши лозим. Иш шунга қараб кетмоқда.

МУНОСАБАТ

Буларнинг бари яхши, албатта. Аммо халқимизда мушук текинга офтобга чиқмайди, деган нақл бор. Баъзиларнинг тахмин қилишича, олий лига ўйинларини видеотрансляция қилиш букмекерлик идораларига керак бўлган экан...

- Асло. Бу тахминни бемалол унутишингиз мумкин. Empower Sports кўзлаган мақсад асло букмекерлик идораларига хизмат кўрсатиш эмас. Аксинча, компания фақат спортча мақсадни кўзлайди. Аввало, букмекерлик идоралари спортнинг ҳар қандай турида борлигини айтиш мумкин. Empower Sports фаолияти эса фақат футбол билан боғлиқ.

Аслида, Mycujoo.tv домени ҳам «тоза футболча» маъносини англатади. Хитойликлар футболни шундай атайдилар. Яхши биласиз, қадимги Чин юртида тўп билан ўйналадиган футболга ўхшаш ўйин бўлган.

Уни маҳаллий аҳоли cujoo деб атаган. Empover Sports сайт домени номи шундан олинган. Кўриниб турибдики, компания бор эътиборини фақат футболга қаратмоқда.

У эътибордан четда қолган мамлакатлар чемпионатини трансляция қилиб беради ва бунинг эвазига лигалар ёки федерациялардан ҳақ олади. Бизнинг мисолимизда трансляция учун хизмат ҳақини ОФК тўлайди.

Қитъада футболни ривожлантириш учун улкан дастур тузилган ва Empower Sports билан ҳамкорлик мана шу дастурнинг бир қисмини ташкил этади. Ўртадаги келишувга кўра, ҳамма харажатлар ОФКнинг гарданида. Яна бир факт - Mycujoo.tv орқали нафақат футбол баҳслари, балки миллионлар ўйини билан боғлиқ барча тадбирлар ва матбуот анжуманлари ҳам трансляция қилинади.

- Яъни, бошқа қитъаларда трансляция ҳақини федерация ёки лигаларнинг ўзи тўлайдими?

- Худди шундай. Агар лигалар трансляция қилина бошланса, табиийки, уларга эътибор ҳам кучаяди. Бу эса реклама ва ҳомийлардан тушадиган даромад ошади, дегани. Шундай экан, Empower Sports хизматига қизиқиш билдирганлар жуда кўп. Унинг асосий мижозларидан бири эса Бразилия ҳисобланади. Бу мамлакатнинг турли лигалари билан биргаликда аёллар ўртасида ўтказиладиган чемпионати ҳам трансляция қилинади.

Empower Sports анча жиддий компания бўлиб, Швейцария ва Голландияда штаб-квартираларига эга. Йил ўтгани сари ташкилотнинг фаолият географияси ҳам кенгайиб бормоқда. Айни вақтда Осиё, Жанубий Америка, Океания ва ҳатто Европанинг у қадар машҳур бўлмаган чемпионатлари ҳам трансляция қилинмоқда. Empower Sports томонидан олға суриладиган асосий шиор шундаки, «Футбол фақат Европадаги кучли бешликдан иборат эмас». Ҳар бир чемпионат мухлислар учун ёритиб берилиш ҳуқуқига эга.

КИМ КЎРАДИ?

Албатта, бу жуда яхши ташаббус. Аммо шу ўринда яна бир савол пайдо бўлади - юртимизда интернет-трансляция етарлича оммалашмаган. Олий лига ўйинлари олиб кўрсатилгани билан уни томоша қиладиганлар топилмаса, бундан қандай фойда бор?

- Бу саволингизга шундай жавоб бериш мумкин - телевидение энди ташкил топилганда уни томоша қиладиганлар ҳам кўп бўлмаган. Аммо бугунги кунда ҳаётимизни ТВсиз тасаввур эта олмаймиз. Интернет-трансляция ҳақида ҳам худди шундай гап айтиш мумкин. Замон шиддат билан ривожланмоқда ва эртага нима бўлишини ҳеч ким айтиб беролмайди.

Шундай экан, бугунги ишлар келажак учун пойдевор бўлишини бемалол таъкидлай оламиз. Ўз навбатида, Mycujoo.tv орқали амалга ошириладиган трансляцияни нафақат юртимизда, балки хорижда ҳам томоша қилиш имкони борлигини унутмайлик. Ҳозир кўплаб юртдошларимиз чет элда меҳнат қилишмоқда ёки ўқишмоқда. Табиийки, улар ҳам олий лига баҳсларини томоша қилишни исташади. Empower Sports эса мана шундай имкониятни яратиб бермоқда.

Шунингдек, эътиборингизга яна бир фактни ҳавола этмоқчиман. Биз Empower Sports билан бир йилдан буён музокара ўтказиб келмоқдамиз ва ўтган мавсум «Қизилқум»-«Локомотив» ҳамда жорий йилда «Локомотив» - «Металлург» ўйинлари трансляциясини синов тариқасида амалга оширдик. Эътиборли томони, гарчи биз ҳеч кимга маълум қилмаган бўлсак ҳам, ўйинларни 13700 мухлис кузатиб борган.

Энди бирозгина реклама ишлари амалга оширилса, натижа қандай бўлишини тасаввур қилаверинг. Юртимизда ҳозир ҳам интернет ривожи ёмон эмас. Ҳар ҳолда олий лига трансляциялари бошланса, томоша қиладиганлар топилса керак. Empower Sports бошлаган иш келажакда, албатта, ўз мевасини беришига ишонаман. Ҳозир ҳам уйига чекланмаган интернет ўрнатганлар бисёр.

АГЕНТЛИК ХИЗМАТИ

Empower Sports трансляцияларининг захиралари масаласи қандай? Аниқроғи, эски ўйинлар маълумотлар базасида сақланиб қоладими?

- Албатта. Empower Sports чекланмаган ресурсга эга. Ҳар қандай ўйинни хотирадан топиб, ўзингиз учун юклаб олишингиз мумкин. Нафақат учрашувлар, балки ҳар бир баҳс статистикаси ва хавфли вазиятлари ҳам алоҳида юкланади. Бу эса турли қулайликларни келтириб чиқаради. Айтайлик, бирор футболчимизни хориж клубларига тавсия қилмоқдамиз.

Энди ўша ўйинчининг ўйинлари ёзилган дискларни жўнатиш шарт бўлмайди. Шунчаки, Mycujoo.tv сайтига кириб, муайян жамоа иштирокидаги учрашувларни кўриб чиқишнинг ўзи кифоя.

Боз устига, статистика ҳам тайёр ҳолатда бериб борилади. Бу эса футболчиларнинг четга чиқишида ёрдам бериши муқаррар. Айтиш мумкинки, Empower Sports орқали агентлик хизматини олиб бориш ҳам анча осонлашади. Ҳозир биздан талаб қилинаётган нарса - бошланган ишни охирига қадар етказиш. 


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Сиз Эктор Купер миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 (Қатар)га олиб бора олишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz