Қайднома

Қидирув

Неймар «ПСЖ» учун тижорат лойиҳасими?

Неймар «ПСЖ» учун тижорат лойиҳасими?

  22.08.2017 00:25
  0
  1072
Неймар «ПСЖ» учун тижорат лойиҳасими?

«ПСЖ» КЛУБИ ВА ФРАНЦИЯ ЛИГАСИ БРАЗИЛИЯЛИК ЮЛДУЗ ТРАНСФЕРИ ОРТИДАН ҚАНЧА ТОПИШИ МУМКИН?

Парижда Неймарнинг хариди бўйича дебет ва кредит ҳисоб-китобини кейинроқ чиқаришади, албатта. Аммо ушбу оламшумул лойиҳа чакки бошланмади.

«ПСЖ» президенти Носир ал Хелайфи бошидаёқ футбол оламини ларзага солган 222 миллион евролик трансфердан кўзланган асосий мақсад «Неймар маркаси» ва «ПСЖ» брендини бирлаштириш эканлигини яширган эмасди.

Қатъий вазифа сифатида белгиланган иш шу қадар кескин тус олдики, асти қўяверасиз...

Париж бразилча сариқ рангда

RMC радиостанцияси маълумотларига кўра, Париж клуби Бразилия терма жамоаси етакчиси трансфери расмийлаштирилган илк куниёқ ўзининг расмий сайти орқали 500 минг евролик маҳсулот сотди. Тушунарлики, гап аввало, орқасига «Неймар» ёзуви туширилган жамоа футболкалари ҳақида кетмоқда.

Аниқ рақамлар асосида айтсак, биринчи куни Неймарнинг нақ 10 минг дона формаси сотилди. Бир дона либоснинг баҳоси - 140 евро.

Маҳсулотни ишлаб чиқариш ва етказиб бериш учун кетган харажат, солиқ тўлови ва савдо тармоқлари улушини чиқариб юборсак, битта футболкадан «ПСЖ» ғазнасига 30 евро тушади.

Фамилиясиз либоснинг нархи эса 85 евро ва бунисидан клубга 15 евро тегади. Оддий математик амалга солсак, 222 миллионни «ювиш» учун «исмли» футболкалардан 7 миллион дона сотиш керак. «2016 йили экипировка ишлаб чиқарувчи фирма «ПСЖ»нинг ўйинчилар фамилияси ёзилган ва оддий футболкаларидан умумий ҳисобда 700 минг дона сотди,- дея хабар берди спорт маркетинги соҳасидаги эксперт Виржиль Кайе L~Express сайтига.

- Таркибга Неймарнинг қўшилиши савдо ҳажмини кескин ошириши ва бу борада миллионлик марра забт этилиши аниқ. Бироқ айнан қанча форма сотилишини айтиш иложсиздир.

Фақат шуни эътиборга олиш керакки, Неймар жаҳон даражасидаги мегаюлдуз ва бутун ер юзида етарлича мухлислари бор. Табиийки, улар биргина футболка харид қилиш билан чекланмай, «ПСЖ» белгисидаги тўп, сочиқ ва кружка каби матоҳларга ҳам пул сарфлашади».

Диққатга сазовор томони, Париж жамоаси жорий мавсум мутлақ сариқ тусли футболкалардан ҳам фойдаланади. Аниқроғи, захира либоси худди Бразилия термасиникидай. Тушунарлики, бу ҳам ўйланган акция.

Дейлик, кўплаб мухлислар Франция чемпионати стартида «Амьен»га қарши кечган ўйинга айнан сариқ рангли либосларда ташриф буюришди. Айтганча, Неймарни шу ўйин чоғи кенг жамоатчиликка расман таништиришди.

Ижтимоий тармоқда нима гап?

LCI ахборот телеканалида чиқиш қилган спорт иқтисодчиси Венсан Шоделнинг айтишича, айни пайт «ПСЖ» «Фейсбук»да 30 миллион обуначига эга, Неймарнинг саҳифасига эса 60 миллион киши ёзилган.

Демак, парижликлар бразилиялик футболчи ёрдами билан клубнинг «савдо майдони»ни анча кенгайтиришади. «Твиттер»даги фарқ эса янада катта: ҳужумчида 30,8 миллион, жамоада эса 4,8 миллион обуначи бор. «Франция олий дивизионида ўйнайдиган 20та клубни умумий ҳолатда олсак ҳам, улар ижтимоий тармоқларда биргина Неймарчалик оғир тош босмайдилар.

Тахмин қилиш мумкинки, бразилиялик йигит лига ўйинларига қизиқиш даражасини кескин оширади, хусусан, телевизион компаниялар эътиборини ҳам. Дейлик, унинг бу масаладаги таъсири Златан Ибрагимовичникидан ҳам кучли бўлишига шубҳа йўқ»,-дейди Виржиль Кайе.

Қўшимча қилиш ўринли, швед ҳужумчиси манманликка берилди, олифтагарчилик қилди, бироқ ўхшатолмади. Боз устига, маҳаллий ҳакамликдан норози бўлавериши ва якунда Франция футболини камситиб гапиргани туфайли французлар кўнглидан қолди.

Қолаверса, Швеция ва Бразилия терма жамоалари ўртасида катта фарқ бор. Яъни сайёрамизда Неймарнинг миллий жамоасига қизиқиш каттароқ, барибир. Яна бир томони, Неймар тиғиз пайтлар жамоадошларига Ибра каби бақиролмаса керак.

Уни ҳал қилувчи лаҳзаларда жамоани ўз ортидан эргаштирадиган мураббий маслаҳатчиси ролида тасаввур қилиш тўғрироқ. Мисол тариқасида ЖЧ-2014 1|8 финалини эсланг: ёш ҳужумчи Чили термасига қарши учрашувнинг пенальтилар сериясида охирги зарбани амалга оширишдан чўчимаган ва жамоасига ғалаба келтирганди.

Ҳомийлик шартномаларини қайта кўриб чиқишга асос

Неймарни реклама берувчилар ҳам ёқтиришади. У ёш, кўриниши бинойидек. 2016 йили бежиз Криштиану Роналдуни ортда қолдириб, спорт экипировкалари ишлаб чиқарувчи машҳур компаниянинг бош «юзи»га айланмади. Лозаннадаги спорт иқтисодиёти халқаро маркази жозибадорлар рейтинги 1-ўрнини айнан Неймарга муносиб кўрди.

Таққослаш учун айтсак, Лионель Месси бу рўйхатда 4-ўринни эгаллаган бўлса, Криштиану Роналду 11-қатордан жой олди. Бразилиялик юлдуз 25 ёшда ва 2015 йили жаҳоннинг энг яхши футболчисини аниқлаш учун ўтказилган сўровда Месси ва Роналдудан сўнг 3-ўринни банд этди.

Аргентиналик ва португалиялик юлдуз тегишлича, 30 ва 32 ёшни «уриб» қўйишганини инобатга олсак, Неймар учун «Олтин тўп» йиғиш вақти яқинлашаётганини айтиш мумкиндир, балки. Хуллас, маркетолог Кайенинг ишончи комил: «ПСЖ» Неймар туфайли ҳомийлар билан тузилган келишувларни қайтадан кўриб чиқиши мумкин, албатта, манфаатдорлик даражасини яхшилаш мақсадида.

Қолаверса, янги ҳомийларни ўзига қаратади». Мисол учун, амалдаги битимга кўра, бош ҳомий ҳозир йилига 25 миллион евро тўлайди. Буни бошқа грандлар улуши билан солиштирсак, ўртада катта фарқ бор. Хусусан, «Барселона» Япония компаниясидан 55 миллион, «Манчестер Юнайтед» эса автомобиль корпорациясидан 80 миллион евро олади.

Стадионлардаги ҳолатга таъсир

Умуман, бразилияликни Францияда тўп суриши Лига 1 учун ажойиб янгилик. Эндиликда «ПСЖ»нинг ҳар қайси сафар ўйини жойларда алоҳида воқеликка айланиб, трибуналар мухлислар билан тўлса, ажабмас. Клублар шунинг баробарида чипталар нархини ошириши мумкин.

Демакки, лига иштирокчилари иқтисодий ҳолати яхшиланишини кутишга асос йўқ эмас. Яққол мисол, бразилиялик футболчи харид қилингани билан Генгам («ПСЖ» 2-тур ўйинини шу шаҳарда ўтказди)да эркин савдога чиқарилган чипталар учун кассалар олдида эрталабки соат 5дан узун нав-бат юзага келди.

«Очиғи, бу каби иқтисодий кўтарилишни орзу ҳам қилолмасдик,-деди Франция лигаси президенти Натали Буа де ля Тур Le Republicain Lorrain нашрига берган интервьюсида. - Аввалги мавсум стадионларимиз 70 фоиз тўлди. Эндиги вазифа аниқ - бу борада Англия ва Германиядаги 90 фоизлик кўрсаткичга яқинлашиш.

Шуни назарда тутсак, Неймарнинг келиши айни муддао бўлди».Тўғри, «ПСЖ»нинг уй стадиони - «Парк де Пренс»да катта силжиш кузатилмайди. Гап шундаки, Неймар йўқлигида ҳам бу арена 90 фоиз тўларди.

Телевизион бозор равнақи

Энг муҳими, Неймар Франция лигасига беихтиёр янги телевизион бозорларни ўзлаштиришда катта ёрдам бериши мумкин. Қарабсизки, трансляциялар сотувидан клубларга тегадиган улуш миқдори кўпаяди. Айни пайт 2016-2020 йилларга мўлжалланган шартномага асосан, лига йилига 748,5 миллион евро олади.

Ле Ман иқтисодиёт университети профессори Жан-Паскаль Гайан ҳозирдан лига раҳбариятига навбатдаги муҳлат учун ҳозирдан савдо эълон қилишни маслаҳат беряпти.

Унинг тахминича, янги келишувда йиллик даромадни миллиард евродан оширишни кўзлаш керак. Бироқ битта нозик томони шуки, «ПСЖ» президенти Носир ал Хелайфига тегишли Қатарнинг BeIn Sports телеканали Франция чемпионати мижозларидан биридир.

Шундай экан, у шартнома баҳоси оширилишига осонгина кўнмаса керак. Аммо моҳиятан олганда, бу «ПСЖ» учун қўшимча даромад олиш ва «Фэйр-плей» қоидаларига амал қилиш имконияти ҳисобланади.


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz