Қайднома

Қидирув

Унаи Эмири: Балан дорга осилма. Йиқилиш оғир

Унаи Эмири: Балан дорга осилма. Йиқилиш оғир

  22.08.2017 03:38
  0
  999
Унаи Эмири: Балан дорга осилма. Йиқилиш оғир

«ПСЖ» бош мураббийи Унаи Эмери таътил вақти тугаши ва янги чемпионат стартини ўзгача интиқлик билан кутган бўлса, ажабмас.

Ҳар ҳолда, испан мутахассиси Париж жамоаси мухлисларига ёқимли ва ёқимсиз воқеликлар тақдим этган аввалги мавсум учун ўзини оқламоқчи. У L’Equipe газетаси журналистлари билан мусоҳаба чоғи «ПСЖ» режаларига кенгроқ тўхталди, бажарилган ишлар самара келтиришига ишонч билдирди.

Пляж, тоғ, теннис...

- Унаи, янги мавсум бошида кайфият қандай?

- Бутун йил давомида футбол билан яшадим, янги жангларни интизор кутдим. Ҳаттоки, таътил бироқ чўзилиб кетгандек туюлди...

- Умуман, таътил пайти футболдан бирозгина чалғиш уддасидан чиқдингизми?

- Одатда ҳордиқ пайти мавсум бўйи қолиб кетган юмушларни бир ёқли қилишга уринасан. Дейлик, ўз-ўзидан оиланг ва фарзандларингга кўпроқ вақт ажратасан. Мана, жорий ёз Ондаррибия (Испаниядаги балиқчилар шаҳарчаси, Унаи ўша ерда туғилган)да  қадрдон дўстларим билан учрашиб, мириқиб дам олдик. Зеро, мураббийлик фаолиятим бошланганидан буён бирор иш кунини ўтказиб юбормагандим. Тўғри, таътил давомида ҳам Антеро Энрике («ПСЖ» спорт директори) билан доимий мулоқотда бўлиб турдим.

Муҳими, Валенсияда яшайдиган 14 ёшли ўғлимга кўпроқ вақт ажрата олдим, барибир. Шунингдек, пляжларга бордим, тоғ саёҳатига чиқдим, спорт билан шуғулландим. Хусусан, асосан теннис ўйнадим. Бу спорт бўйича чакки эмасман, айниқса, ўз даражамдаги рақиб билан ўйнасам, кўп нарсани қойиллатаман. 

Муҳими - жамоавий ўсиш

- Бир қарашда, ўтган мавсум сиз учун фаолиятингиз давомидаги энг оғири бўлди...

- Мураббийлик ишини анча эрта, 32 ёшимдан бошлагандим. Шунга қарамай, ўзимни мудом дебютант мураббийдек тасаввур қиламан. Биламизки, энди ишга киришган мутахассис учун ҳам ижобий, ҳам салбий тажриба бирдек фойдали. Шахсан мен ўтган мавсумга нисбатан «мураккаб» эмас, «қизиқарли» атамасини қўллашни хоҳлардим. Муҳими, биз жамоавий ўйин бобида ўсишда давом этдик. Умуман, кўплаб яхши кунларни кўрдик, ёмонини ҳам ва улардан тегишли хулосалар чиқардик.

- Мавсум якуни бўйича умумий хулосангиз кўпчиликни қизиқтириши табиий...

- Аслида ўтган ишларни ўйлайверадиган инсонлар сирасига кирмайман. Чунки мудом олдинга интилиш керак. Қандай воқеа кузатилмасин, ҳаммаси яхшиликка. Хулоса шуки, 5та соврин учун курашдик ва 3тасини ютдик (мамлакат суперкубоги, Лига кубоги ва Франция кубоги), аммо энг муҳим 2та мусобақа (Франция чемпионати ва Чемпионлар Лигаси)да ишларимиз ўхшамади.

- Бунда ўзингизни нечоғли айбдор ҳисоблайсиз?

- Қандай воқеалар юз берганини чуқур таҳлил қилиб чиқдим ва клуб президенти билан нималарга эътиборни кучайтириш лозимлиги ҳақида гаплашиб олдик. 3та ўзаро учрашувимизда Антеро Энрике ҳам ҳозир бўлди ва қизғин мулоқотлар якунида янги мавсум учун мўлжалланган стратегия ишлаб чиқдик. Хусусан, таътил тугаши ҳамоно яна учрашиб, ишлар қандай кетаётганлигини муҳокама этдик.

Дарвозабонларни «ўз одами» шуғуллантириши даркор

- Дарвозабон сотиб олиш режаси йўқми?

-  Альфонс Ареоля ва Кевин Трапп мени тўлиқ қаноатлантиришмоқда. Аммо барча чизиқларни бирдек кучайтириб боришимиз керак. Оддий айтганда, агар ўта юқори савияли голкипер харид қилиш имкони топилса, бунга қарши чиқмайман. Муҳими, ҳар икки дарвозабонимиз ҳам захирада қолишни истамайди ва шунга яраша ишламоқда. Кимнинг 1-рақамли кипер бўлиши эса уларнинг ўзларига боғлиқ.

- Бу борада Траппнинг имконияти баландроқ, шундайми?

- Аввалги мавсум иккисига бирдек ишонч билан қарадим ва навбати билан майдонга туширдим. Умумий қараш бўйича улар чакки ҳаракат қилишмади, бироқ омадсиз ўйинлари ҳам кузатилди. Шуни ҳисоб олсак, ҳозирча ким асосий ролни қўлга олишию, ким ўринбосар бўлиши маълум эмас.

- Дарвозабонлар мураббийини алмаштирганингиз сабаби нима?

- Хави Гарсияни ўтган йилиёқ «ПСЖ»га таклиф қилмоқчи эдим. Бироқ раҳбарият бу борадаги илтимосимни ўринли ҳисобламаганди. Мана, шу масалани яна ўртага ташладим ва мақсадимга эришдим. Албатта, Николь Дэон (истеъфога чиқарилган дарвозабонлар мураббийи) га раҳмат, унинг ишидан кўнглим тўлди. Бироқ айни пайт бу роль учун ўз ишининг чин устаси керак.

Ҳар лаҳзада мулоқот учун очиқ

- Хатем Бен Арфа билан хайрлашиш қарори сизга тегишлими ёки...?

- Бу масаласида президент ва Антеро билан маслаҳатлашдим. Демак, якуний қарорни бирга қабул қилдик. Албатта, умумий гуруҳдан четда қолиш, якка тартибда шуғулланиш қийин, лекин унга барча зарур шароитларни яратиб бердик.

Мисол учун, ёрдамчиларимдан бири Пабло Вильянуэва доимо Хатем билан бирга бўлди, жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий Симон Колине ҳам унинг хизматида, шунингдек, массажчилар, шифокорлар... Айни пайт ихтиёримизда асосий таркибда тўп суришга қодир футболчилар керагидан кўп.

Шундай бўлгач, Бен Арфа билан хайрлашиш - ўринли қарор. Ҳа, у яхши футболчи, аммо «ПСЖ» таркибидан ўрин олиши учун шунинг ўзи етарли эмас.

- Янги спорт директори билан муносабатларингиз қандай?

- У ишга киришганидан буён барча масалаларни ўзаро маслаҳатлашган ҳолда ҳал этяпмиз. Антеро тажрибали мутахассис ва суткалаб ишлашга тайёр. Хоҳласангиз, эрталабки соат  4да қўнғироқ қилинг - ҳеч қандай муаммо йўқ.

- Нима, кечаси ҳам ишлаяпсизларми?

- Шахсан мен куннинг ҳар лаҳзасида мулоқотга тайёрман. «Валенсия»да клубнинг собиқ президенти билан ҳамкорлик чоғидаёқ мураббий қандай бўлиши кераклигини тушунганман. Зеро, у хоҳлаган пайт хоҳлаган ходимни ҳузурига чорларди.

- Мураббийлар штабида ўзгаришлар катта - Оливье Летанг ва Патрик Клюйверт кетишди. Уларнинг бири ўрнингизни эгаллаши мумкинлигидан чўчидингизми?

- Мураббий учун энг муҳими - унинг иши самараси ва қарор чиқаришда адолат мезонларига амал қилиши. Табиатан фақат шулар ҳақида ўйлайман: ғалаба, жамоани олға бошлаш, виждоним олдида адолатли бўлиш... Хуллас, мудом олдинга назар солиш керак, қолгани иккинчи даражада...

- Дейлик, Клюйверт билан муносабатларингиз қандай эди? Билишимизча, у ҳар доим қарорларингиз, жумладан, селекция бўйича қарашларингизни қўллаб-қувватлаб келган...

- Ҳа, биз жуда яхши тил топишдик, Оливье Летанг билан муносабатларимиз ҳам зўр эди. Мисол учун, мени «ПСЖ»га биринчи бўлиб айнан Оливье таклиф қилганди.  Яъни клуб президенти билан учрашишдан олдин биз кўп бора суҳбатлашгандик. Энди Патрикнинг кетганига келсак, клуб шундай қарорга келди. Тан оламан, баъзан фикрларимиз бир жойдан чиқмасди, аммо доимо бир-биримизни эшитардик. Ахир бу даражадаги инсон гапини инобатга олмаслик мумкин-ми!

Баланд дорга осилсанг...

- Яна ўтган мавсум ҳақида. Хулосалар етарлими?

- Аввалги мавсум икки бўлимдан иборат бўлгандек. Биринчисида 4та ўйинни бой бердик - бу чемпион учун ҳаддан ортиқ кўп. Иккинчисида эса хатолардан тегишли хулосалар чиқардик ва ишларимиз яхшиланди: 30та ўйин, 25та ғалаба, 2та мағлубият ва 3та дуранг. Айниқса, Анхель ди Мария ва Эдинсон Кавани ўзларини кўрсатишди, Кимпембе ва Рабио ҳам. Шунингдек, Лукас чакки кўринмади. Энди янги мавсумнинг бошланғич қисмини худди шундай руҳда ўтказиш лозим.

- Аслида аввалги мавсумолди йиғинларида ҳам яхши ишлаган эдинглар, аммо стартдаги натижалар...

- Йиғинлар ва мавсум - булар бош­қа-бошқа масала. Ахир ҳар доим ўйлаганларинг тўлиқ амалга ошмайди. Таркибда юлдузлар жамланишгани жамоавий ўйин нақдлигини англатмайди.

Яширмайман, мураббийлар штабида тортишувлар кузатилди, умумий йиғилишлар ўтказилди, яккама-якка суҳбатлар бўлди. Муҳими, булар самарасиз кетмади. Клуб ҳаёти шунақа... Иш давом этаверади ва жамоа кучига куч қўшиш муҳим саналади.  Футбол фалсафалари ўзгармайди, аммо ишончим комил - тактик жиҳатдан кучайдик, бир-биримизни яхшироқ тушуна бошладик. Бу хулоса ҳам мураббийлар, ҳам футболчиларга тааллуқли.

- ЧЛда «Барселона»га қарши кечган 2та ўйинни қандай эслайсиз?

- Эҳ, уй учрашувидаги 4:0дан ке-йин еттинчи осмонда эдим, аммо меҳмондаги 1:6дек кучли зарбадан шунчаки, гангиб қолдим... Яхшиси, баланд дорга осилмаслик керак, чунки йиқилиш оғриқли бўлади. Бу бир умрга татийдиган сабоқ ва ўз ўрнида фойдали тажриба ҳам. Ҳа, футболда қандай ўйнашинггина эмас, миянгда нималар чарх уриши ҳам муҳим.

- Аслида Каталониядаги ўйин охирида сизлардан омад юз ўгирганди...

- Балки меҳмонда барчаси уйдагидек кечишига қаттиқ ишониб юборгандирмиз. Аммо «Камп Ноу»да «Барселона»га қарши ўйинда бундай хаёл билан узоққа бориш мумкин эмас экан. Рақиб олдинга интилди, боз устига, ҳакам ўйин назоратини қўлдан чиқарди. Бироқ 2та учрашувдан бирида чиройли тарзда ғалаба қозонганимизни унутмаслик керак.

Барча турнирларда ғалабани кўзлаш мумкин, ҳатто ЧЛда ҳам...

- Янги мавсумда ҳаммаси нисбатан яхши бўлишига умидворсиз, албатта...

- Жамоа ва ўйинчиларни қанча яхши билсанг, ўз фалсафангни амалга татбиқ этишинг шунча енгил кечади. Ўйлайманки, ҳозирги жамоа билан кўпроғига эришаман.

- Тактикани алмаштириш ниятида эмасмисиз, мисол учун, 4-4-2 схемасига ўтишни режалаштирмаяпсизми?

- Ҳозир ўйинимиз бир маромда ва тактика футболчиларга ҳам маъқул. Ахир улар биринчи рақам остида тўп суриш ва ўйинни тўлиқ назорат остига олишни ёқтиришади. Шундай экан, нега энди 3 нафар ҳужумчи билан ўйнашдан воз кечишимиз керак? Бу чизма - бизнинг қуролимиз. Статистикага қаранг, «ПСЖ» шу тактика қўлланилган 30та ўйинда 85та гол урди. Хусусан, ди Мария тўп-урарлик салоҳиятини намойиш этди, Верратти дарвоза томон янада кўпроқ зарба бера бошлади, Рабио ва Матюиди учун ҳам рақиблар жарима майдонига кириш оддий ҳолга айланди. Хуллас, жамоамиз учун энг оптимал схема - 4-3-3 ёки 4-2-3-1 ва уларни алмаштиришга ҳожат йўқ.

- Демак, режалар жуда улкан...

- Ҳозир башорат қилишни истамайман. Муҳими, жамоа услуби, ўйини ва индивидуал ҳаракатлар жойида бўлса, йигитларни ғолиблик руҳи тарк этмаса, ҳеч нарсадан чўчимаймиз. Хуллас, барча мусобақалар, ҳаттоки, ЧЛда ҳам зафар қучишимиз мумкин.


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz