Қайднома

Қидирув

Алоҳида фахр туйғуси ЕЧЛда ғалаба қозонган мураббийлар ҳақида

Алоҳида фахр туйғуси ЕЧЛда ғалаба қозонган мураббийлар ҳақида

  23.08.2017 06:27
  0
  1182
Алоҳида фахр туйғуси ЕЧЛда ғалаба қозонган мураббийлар ҳақида

Жаҳон фуболининг клублар миқёсидаги асосий турнирида қайси мамлакат мутахассислари ўз жамоаларини кўпроқ якуний ғалаба сари етаклашганини биласизми?

Европа ташқарисидан келган мураббийлар ҳисобида ҳам «шалпангқулоқ» кубок борми? Soccer.ru сайти айни шу масалага қизиқиб, зафар қучган устозлар рўйхатига алоҳида назар ташлади.

Европа Чемпионлар кубоги|Чемпионлар Лигаси мусобақаси 62 марта ўтказилган ва уларда 14та мамлакат вакили саналган мураббийларга ғалабани тантана қилиш насиб этган. Хўш, бу борада Италия мураббийлар мактаби олдиндами ёки Испанияники?

Яна қайси юрт вакиллари ўз мураббийлари натижалари билан алоҳида ғурурланишлари мумкин? Тарих бўйича 63-турнирнинг асосий раунди старти яқинлашаётган экан, ушбу саволлар жавобига кўз югуртириш ортиқчалик қилмаса керак.

Италия (11та ғалаба): Карло Анчелотти (3 марта), Нерео Рокки (2 марта), Арриго Сакки (2 марта), Жованни Трапаттони, Фабио Капелло, Марчелло Липпи, Роберто ди Маттео

Италияликларнинг олдинда эканликларига шубҳангиз бормиди? Қаранг, улар жами 11та кубокка эгалар. Боз устига, бу хирмонда 7 нафар мутахассиснинг улуши бор. Бошқа ҳеч бир юрт шунча ғолиб мураббийи билан мақтанолмайди. Итальян мураббийлари 9та ғалабани жонажон мамлакатлари жамоалари билан тантана қилишган.

Яъни фақат Карло Анчелотти ва Роберто ди Маттео XXI асрда хориж клубларини шоҳсупага етаклашган - тегишлича «Реал» ва «Челси»ни. Карлетто бу борада алоҳида ўринга эга - у 3та «шалпангқулоқ» кубок соҳибига айланган 2 нафар мураббийдан биридир (бундай натижага биринчи бўлиб, Боб Пейсли эришганди).

Испания (10та ғалаба): Хосе Вильялонга (2 марта), Мигель Муньос (2 марта), Висенте Дель Боске (2 марта), Хосеп Гвардиола (2 марта), Рафаэль Бенитес, Луис Энрике

Рейтингнинг иккинчи қатори испанларга тегишли. Бу юрт вакиллари итальянларни изма-из таъқиб этишяпти. Ҳозир ўртадаги фарқ минимал кўринишда - 11:10. Рўйхатга қарасак, пиренейликлар «дубл»ни хуш кўришлари ойдинлашади. Ҳарқалай, Хосе Вильялонга, Мигель Муньос, Висенте Дель Боске ва Хосеп Гвардиола «кўҳна қитъа» клуб футболидаги асосий турнирда 2 мартадан зафар қучишган.

Айтиш ўринли, улар ва Луис Энрике ўз ғалабаларини маҳаллий грандлар - «Реал» ёки «Барселона» воситасида расмийлаштиришган. Хуллас, испаниялик 6 нафар ғолиб мураббий орасида биргина Рафаэль Бенитес бошқа гуруҳга мансуб. У чет эл жамоаси- («Ливерпул»)ни кубок сари элтган ягона испандир.

Германия (7та ғалаба): Деттмар Крамер (2 марта), Оттмар Хитцфельд (2 марта), Юпп Хайнкес (2 марта), Удо Латтек

Удо Латтек нуфузли совринни боши узра баланд кўтарган биринчи немис мутахассиси саналади, бироқ буюк мураббий битта ғалаба билан кифояланиб қолган. Унинг ҳамюртлари эса ўз ғалабаларини такрорлашга муваффақ бўлишган. Хусусан, Деттмар Крамер кетма-кет 2та турнирда зафар қучгани билан мақтанишга ҳақли.

Германияликлар 7та ғалабадан 5тасини «Бавария» билан тантана қилишган. Қизиғи, ғолиб мураббийларнинг ҳар бири ютуғида Мюнхен клуби улуши бор. Оттмар Хитцфельд шунингдек, Дортмунд «Боруссия»си билан чўққига кўтарилган. Юпп Хайнкес - «бегона» дружинани шоҳсупага олиб чиққан ягона немис мураббийи. У «Реал»да омад қушини тутганди. Дарвоқе, 1998 йилги ўша финалда «қаймоқранглилар» охирги мавсумда бўлгани каби «Ювентус»ни енгишган.

Англия (7та ғалаба): Боб Пейсли (3 марта), Брайан Клаф (2 марта), Тони Бартон, Жо Фэган

Инглизлар «шалпангқулоқ» кубокни ютиш масаласида немислар билан тенг кўрсаткичга эгалар. Юқорида таъкидланди, Боб Пейсли турнирда 3 марта зафар қучган илк мураббий саналади. Кейинчалик унинг натижаси Карло Анчелотти томонидан такрорланди, аммо рекордни янгилаш ҳеч кимга насиб этганича йўқ.

Афсонавий Брайан Клаф «Ноттингем»ни 2 бора ақл бовар қилмас даражада кубок сари бошлагани билан алоҳида ўринга эга. Тони Бартон «Астон Вилла» воситасида ўз номини тарихга битган бўлса, Жо Фэганга худди Пейсли каби «Ливерпул»даги иши муваффақият келтирган.

Англиялик мураббийлар фақат маҳаллий жамоалар билан зафар қичишган. Яна бир томони, уларнинг ғалабалари 1977-1984 йиллардаги 8та мавсум оралиғига тўғри келган. Бу орада фақат Эрнст Хаппель «Гамбург» билан инглизлар «тўда»сига кириш уддасидан чиққан, холос.

Голландия (5та ғалаба): Ринус Михелс, Гус Хиддинк, Йохан Кройфф, Луи ван Гал, Франк Райкаард

Голландия ғолиб мураббийлар сони бўйича Германия ва Англиядан олдинда - 5 нафар. Булардан биргина Гус Хиддинк «Барселона»да ишламаган, Йохан Кройфф ва Франк Райкаард эса айнан каталонияликларни еврофутбол чўққисига олиб чиқишган.

Афсонавий Ринус Михелс ва Луи ван Гал эса Испанияга юзланишдан олдин «Аякс»ни шоҳсупага кўтаришган. Гус Хиддинкка келсак, у мураббийликдаги дебют мавсумида ПСВ билан кичик мўъжиза яратганди.

Аргентина (4та ғалаба): Луис Карнилья (2 марта), Эленио Эррера (2 марта)

Европадан ташқаридаги мамлакат вакилларидан биргина аргентиналиклар Чемпионлар кубогини забт этишган. Боз устига, бу юртнинг 2 нафар фуқароси 2 мартадан зафар қучган. Луис Карнилья турнирнинг бошланғич даврида «Реал» воситасида ғалаба нашидасини сурган бўлса, Эленио Эррера орадан қандайдир 5 йил ўтгач, «Интер» билан «дубль» қайд қилган. Хуллас, охирги ярим асрга қарасак, европалик мутахассисларгина чемпионлик мақомини олишяпти.

Шотландия (4та ғалаба): Жок Стейн, Мэтт Басби, Алекс Фергюсон (2 марта)

Шотландия учун кубок ҳисобини очиб берган Жок Стейнни алоҳида мақташ жоиз. У 1967 йили «Селтик» билан «сенсация» кўрсатганди. Кейинги мавсумда эса сэр Мэтт Басби «Манчестер Юнайтед»нинг кубок ютишини таъминлаган. Умуман олганда, «қизил иблислар» Чемпионлар кубогидаги натижалари учун аввало, шотланд мутахассисларидан миннатдор бўлишлари керак. Зеро, клуб музейидаги яна 2та «шалпангқулоқ»да сэр Алекс Фергюсон қўли бор.

Португалия (3та ғалаба): Артур Жорже, Жозе Моуриньо (2 марта)

Артур Жорже худди Гус Хиддинк каби Россияда ҳам ишлаган. У гарчи ЦСКАни қисқа муддат бошқарган бўлсада, анча самарали фаолият олиб борганди. Португалиялик Чемпионлар кубогини голланд ҳамкасбидан бир йил бурун ютган - «Порту»да. Жозе Моуриньо ҳам ЧЛдаги илк ғалабасини айнан «аждарлар» билан нишонлади. «Беназир» орадан бир неча йил ўтгач, «Интер»ни юксакликка кўтариш асносида «дубл»ни расмийлаштирди.

Руминия (3та ғалаба): Штефан Ковач (2 марта), Эмерик Эней

Бу ҳар кимни-да ҳайрон қолдириши мумкин: Руминия футболи мураббийлар мактаби чинакамига ғурурланиши мумкин. Ахир румин мутахассислари асосий турнирда 3 марта бош соврин соҳибига айланишган. Штефан Ковач ўтган асрнинг 70-йиллари «Аякс»да Ринус Михелс ўрнини эгаллаган ва клубни кетма-кет 2 марта Чемпионлар кубоги ғолибига айлантирган.

Эмерик Эней эса аслида этник венгр, аммо у айнан Руминияда футболчи ва мураббий сифатида шаклланган. Қолаверса, унинг муваффақияти руминлар учун муҳимроқ ҳам. Ахир Эней ўтмишдоши Ковачдан фарқли ўлароқ, маҳаллий жамоа - «Стяуа»ни Европа тахтига кўтарганди.

Венгрия (2та ғалаба): Бела Гуттманн (2 марта)

Шарқий Европанинг яна бир мамлакати вакили «Бенфика»ни 2 марта Чемпионлар кубоги ғолибига айлантириб, «Реал»нинг илк даврдаги 5 йиллик ҳукмронлигига чек қўйганди. Айтишларича, Гутманн кейинчалик ноўрин муносабат туфайли Португалия клубини қарғиган ва унга асосан «бургутлар» 100 йил давомида еврокубок нималигини билмасликлари лозим. Энг қизиғи, ҳозирча шундай бўляпти.

Австрия (2та ғалаба): Эрнст Хаппель (2 марта)

Эрнст Хаппель - Чемпионлар кубогини 2та жамоа бошқарувида ютган илк мураббий. Шунингдек, диққатга сазовор томони шуки, у «Фейеноорд»ни 1970 йили ғалаба сари етаклаган бўлса, «Гамбург» билан нақ 13 йиллик танаффусдан кейин зафар қучган. Тўғри, Юпп Хайнкеснинг муваффақиятлари ўртасидаги тафовут бундан ҳам катта - 15 йил.

Франция (2та ғалаба): Зайниддин Зидан (2 марта)

Франциянинг футболда ҳам илғор эканлигига шубҳа йўқ. Франциялик мутахассислар Европа ва жаҳон чемпионатларида буюк натижалар қайд этишган. Бироқ мамлакат мураббийлик цехи яқин-яқингача ҳам Чемпионлар кубогидаги ютуқдан четда эди.

Мана,  буюк чемпион - Зайниддин Зидан катта саҳнага чиқиши билан бу кемтикни тўлдирди. Қолаверса, у «Реал»ни кетма-кет 2 марта шоҳсупага олиб чиқиб, замонавий турнир - ЧЛ тарихида янги саҳифа очди. Бинобарин, бунгача ЧЛда бирор жамоа чемпионлик унвонини ҳимоя қилиш уддасидан чиққан эмасди.

Сербия (1та ғалаба): Любко Петрович

1991 йили «Црвена Звезда» Чемпионлар кубогини ўзига бўйсиндирди - соф «сенсация». Умуман, Любко Петрович фаолиятининг чўққиси ҳам айнан шу ғалаба билан боғлиқ.

Бельгия (1та ғалаба): Раймон Гуталс

Чемпионлар Лигасида зафар шаробини татиб кўрган Франциянинг ягона жамоаси - «Марсель» Бельгия мураббийлик мактабидан миннатдор. Чунончи, «халқ жамоаси» айнан шу юрт фуқароси ёрдамида оламшумул натижага эришганди.


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz