Қайднома

Қидирув

Сервер Жепаров: Иккала ўйинда ҳам ғалаба қозонишимизга ишоняпман

Сервер Жепаров: Иккала ўйинда ҳам ғалаба қозонишимизга ишоняпман

  24.08.2017 03:38
  1
  2028
Сервер Жепаров: Иккала ўйинда ҳам ғалаба қозонишимизга ишоняпман

Эрон про-лигасининг 3-турига келиб, ниҳоят, теҳронликлар рақиб дарвозасини ишғол қилишди. Миллий терма жамоамиз ярим ҳимоячиси Сервер Жепаров ўйиннинг 42-дақиқасида узоқ масофадан ўнг оёғида зарба йўллаб, «Тракторсози» дарвозабонини ожиз қолдирди.

Бу «Истиқлол»нинг янги мавсумдаги илк голи бўлиш билан бир қаторда, жамоанинг биринчи ғалабасига замин яратди. Теҳрон клуби 3-турдан сўнг 4 очко жамғарган ҳолда турнир жадвалида 8-ўринда бормоқда.

«Тракторсози»га қарши кечган учрашувдан сўнг ҳамюртимиз билан боғланиб, ундан интервью олдик.

- Сервер, аввало, ажойиб гол ва жамоангизнинг илк ғалабаси билан табриклаймиз. Жуда қийин ғалаба қўлга киритилди, шундай эмасми?

- Албатта. Мазкур баҳсда бизга ҳар қандай ҳисобдаги ғалаба сув ва ҳаводек зарур эди. Боиси, кетма-кет икки ўйинда очко йўқотиб, бирорта ҳам гол уролмай, турнир жадвалидаги ҳолатимизни бирмунча оғирлаштириб юборгандик.

Очиғи, бу «Истиқлол»нинг кўп минг сонли мухлислари орзиқиб кутган муваффақият бўлди. Жамоамиз ишқибозлари ҳар бир учрашувни интизор кутишади. Улар ҳар бир ўйин ғалаба билан якунланишини хоҳлашади.

- Уч очко ниманинг эвазига келди, деб ўйлайсиз?

- Бутун ўйин давомида рақибга нисбатан сезиларли устунликка эга бўлдик. Дастлабки 20 дақиқа ичида икки ёки учта жуда қулай вазиятни бой бердик. Айниқса, ҳужумчиларимиздан худди аввалги ўйинлардаги каби омад юз ўгирди. Иккинчи бўлим бошида тезкор гол уриб олдик. Қолган дақиқаларда ўйин тизгинини ўз қўлимизда ушлаб турдик ва якунда мавсумдаги илк ғалабани қўлга киритдик.

- Гол жуда ҳам чиройли чиқди. Ўша вазиятда дарвозадан узоқда эдингиз. Тўп ҳам сиз учун ноқулай ўнг оёқда тепилди. Таваккал қилдингизми ёки бу олдиндан ўйланган зарба эдими?

- Ўйиндан олдин мураббий менга «Зарба берадиган нуқтага чиқдингми, вазиятни қўлдан чиқарма», деб кўрсатма берганди. Шу талабга амал қилдим ва бу жамоамизга муваффақият келтирди.

Ҳа, сиз айтгандек, тўп ўзим учун бироз ноқулай ўнг оёққа тушиб қолди. Лекин зарба берадиган нуқтада эдим. Қарангки, бундай қарорни рақиб дарвозабони ҳам кутмаган экан.

Яхши зарба бесамар кетмаганидан хурсандман. Энг муҳими, «Истиқлол» мавсумдаги илк ғалабасига эришди. Бу қолган ўйинларда жамоамизга қўшимча куч-қувват бағишлайди.

- Аввалги икки учрашувдаги омадсизликни таҳлил қилиб кўрдингларми? Рақиблар кучли эдими ёки жамоангизга омад кулиб боқмадими?

- Ҳаммасига ўзимиз айбдормиз. Иккала баҳсда ҳам ўз имкониятимиз даражасида ҳаракат қила олмадик. Бошқа томондан, чемпионат эндигина бошланди. Мавсум аввалида бир қатор омиллар футболчиларга халал бериши табиий ҳол.

Дастлабки икки турда ҳаяжон кучли эканлиги сезилиб қолди. Ўйлайманки, энди омадсизликлар ўрнини чиройли ғалабалар эгаллайди.

- Очиғи, сизни 20-рақамли либосда кўриб, ҳайрон қолдик. Шу кунгача ўйнаган жамоаларингизда ё «30» ёки «8»да ҳаракат қилгансиз. Нимага айнан 20-рақамни танладингиз?

- Ҳа, бу рақам ўзимга ҳам бироз ғалати туюляпти. Аслида иримчи эмасман-у, аммо ўрганиш қийин бўлмоқда. Ҳамиша 8-рақамда тўп суришга одатланганман. Афсуски, «Истиқ-лол»да 8 ёки шу сон иштирок этган бошқа барча рақамли футболкалар банд экан. Қизиғи, 20-рақамни менга бош мураббийнинг ўзи тавсия қилди. Биринчи бор шундай ҳолатга тушдим. Негаки, ҳеч бир жамоа устози менга рақам борасида маслаҳат бермаганди.

- Ниҳоят, сиз «Истиқлол»дасиз. Ўтган мавсумнинг ярмини «Сепахон» жамоасида ижара асосида ўтказдингиз. Ярим йил ичида клубда нималар ўзгарибди?

- Катта ўзгаришлар рўй берган, дея олмайман. Хабарингиз бор, трансфер сиёсати туфайли ижара асосида ўзга жамоа сафида ўйнашга мажбур бўлдим. «Истиқлол» билан шартнома имзолаган бўлсамда, ўтган мавсум бу клуб таркибида бирорта ўйинда ҳам майдонга тушмадим. Худди хизматни ўтаб қайтган аскардек, яна жамоа сафидаман.

Билганим шуки, бош мураббийнинг ўзи мени жамоада кўришни истаган ва клуб раҳбарларидан сотиб олишларини сўраган. Мураббийимиз жуда ҳам тажрибали ва ўта талабчан. Ўтган мавсум билан таққослаганда, жамоа ўйини, тактикаси ва моделида сезиларли ўзгаришлар рўй берган.

- Жамоа олдига аниқ вазифа қўйилганми?

- Ўзимиз қатнашадиган барча мусобақаларда зафар қучишимиз керак. Биринчи галда Эрон чемпиони бўлиш, кейин мамлакат кубогини қўлга киритиш.

- Бу мақсадга эриша оласизларми?

- Забт этилмайдиган чўққи йўқ. Ҳаракат қилсак, албатта, ўз мақсадимизга эришамиз. Шахсан ўзимнинг ҳам ниятим шу. Ҳозиргача Ўзбекистон, Саудия Арабистони, Жанубий Корея мамлакатлари чемпиони бўлдим. Ана шу олтин медаллар қаторига Эрон про-лигаси ғолиблигини ҳам қўшиб қўймоқчиман.

- Эрон чемпионатида 3та тур учрашувлари ортда қолди. Илк таассуротлар қандай?

- Ҳеч иккиланишсиз айтишим мумкин, футбол - эронликларнинг энг севимли спорт тури. Мухлислар билан тўла стадион, уларнинг олқиши, айниқса, «Озоди»даги атмосфера. Табиийки, бундай ажойиб муҳитда футбол ўйнаш кишига эстетик завқ бағишлайди. Ўз-ўзидан ўйинингиз ҳам қовушади. Мазза қилиб тўп сурасиз.

- Жамоада ким билан кўпроқ ҳамсуҳбат бўласиз?

- Бразилиялик легионер Падовани билан яқин дўстмиз. Легионернинг дардини легионер билади-да (кулади). Умуман олганда, ҳамма футболчилар билан ҳам дўстона муносабатдаман. Пежман ва Муштаба инглиз тилида бемалол сўзлаша олишгани боис, улар билан ҳам кўпроқ мулоқотда бўламан.

- Турмуш ўртоғингиз ва фарзандларингиз ҳам ёнингиздами?

- Ҳозирча йўқ. Улар айни пайт Тошкентда.

- Умуман, легионернинг оиласи футболчи сингари «кўчманчи» бўлгани яхшими ёки..?

- Энди бу... ҳаммада ҳар хил. Лекин барибир, аксарият футболчилар оиласи ёнида бўлишни хоҳлайди. Ўзим ҳам доимо шундай йўл тутганман. Яқинда Теҳрондан алоҳида квартира беришди.

Шу кунларда виза билан боғлиқ масалалар ҳал этиляпти. Тез орада оиламни олиб келаман. Балки терма жамоа йиғини сабаб Тошкентга борган пайтим бу иш амалга ошар?! Ҳозир шу мавзуда гапиряпману, бир зумда фарзандларимни соғиндим. Уларни кўргим келяпти.

- Эронда зерикмаяпсизми? Бўш вақтингизни қандай ўтказяпсиз?

- Машғулотлар, ўйинлар, сафарлар... Бундай тиғиз шароитда бўш вақт жуда кам бўлади. Дам олиш кунлари ресторанга бораман. Шаҳар марказидаги савдо мажмуаларини айланаман. Камида икки кунлик таътил берилса, балиқ овига чиқишни режалаштириб турибман.

- Октябрь ойида 35 ёшга тўласиз. Чарчоқ аломатлари сезилмаяптими?

- Ўзимни қалбан 35 ёш ҳис қилмаяпман. Ҳали майдонда 90 дақиқа ўйнай оламан, бунга кучим етади. Ҳаттоки, ундан ҳам кўпга чидашим мумкин. Фикримни асослаш учун бир факт: гол урган ўйинимда 10 км. масофани босиб ўтибман.

Шундай экан, ҳали оёғимда кучим кўп. Футболдан кетиш ҳақида умуман ўйлаётганим йўқ. Модомики, майдонда жамоадошларим ёки рақиблардан ортда қолаётганимни сезган кунимоқ, бутсаларимни михга иламан. Ҳозирча футболдан чарчамадим.

- Келинг, энди миллий терма жамоа ҳақида суҳбатлашсак. Бизни олдинда иккита муҳим учрашув кутиб турибди. Икки ғалаба ва терма жамоамиз ЖЧ-2018 финал босқичида. Яхши ният-а? Шахсан сиз бўлажак ўйинлардан нималар кутяпсиз?

- Нимагадир иккала ўйинда ҳам ғалаба қозонишимизга ишоняпман. Энг муҳими, ҳаммаси ўз қўлимизда, оёғимизда ва бошимизда (кулади). Агар ўзимиз қоқилмасак, бизга бошқа ҳеч ким мундиал йўлида тўсқинлик қила олмайди.

Шукрки, ҳозир миллионлаб мухлисларимиз томонидан жуда яхши қўллаб-қувватлашни ҳис қиляпмиз.

Ишончим комил, бу ҳолат биз футболчиларга қўшимча куч-қувват бахш этади. Фурсатдан фойдаланиб, бизга қайта ишона бошлаган мухлисларга ўйинчилар номидан миннатдорчилик билдираман.

- Қатар терма жамоасининг ўз майдонида Жанубий Кореяни мағлуб этиши бизга том маънода совға бўлди. Ўша ўйиндан кейин футболчилар ўзаро гаплашдингларми? Кайфият кўтарилгандир?

- Албатта, қувондик. Энди Қатар тақдим этган совғадан унумли фойдаланиб қолишимиз шарт. Ҳеч қачон бундай имкониятга эга бўлмаганмиз. Фойдаланиб қолмасак, бизни мухлислар кечиришмайди.

- Мундиал йўлидаги биринчи тўсиқ бу - Хитой. Чин юрти жамоасини ниманинг эвазига мағлуб этиш мумкин?

- Бу термани сифатли, ташкилий ва жамоавий ўйин эвазига енгса бўлади. Ҳа, Марчелло Липпининг келиши Хитой жамоаси ўйинини кучайтирди. Буни ҳам тан олиш керак. Аммо мазкур ҳолат бизнинг ғалабамизга тўсқинлик қилмаслиги лозим. Қайтариб олинган имконият бизни янада кучайтирди.

- Виталий Денисовнинг жароҳат олиши терма жамоамиз чап қанотини сезиларли даражада кучсизлантирди. Бош мураббий муносиб номзод бўла туриб, бу чизиққа бошқа футболчини туширди. Шахсан сиз ушбу позицияда кимни кўришни истардингиз?

- Ўйлайманки, Денисов Хитой ва Кореяга қарши кечадиган ўйинларда майдонга тушади. Ҳозир Виталий «Локомотив» умумий машғулотларига қўшилган. Ҳали олдинда икки ҳафтача вақт бор. Унинг соғайиб кетиши ва ўйинга тайёр бўлишига умид қиляпмиз.

- Кўпчиликнинг наздида, ҳозирги Жанубий Корея аввалгидек кучли эмас. Бу фикрга қўшиласизми?

- Ҳа... Аммо бир жиҳатни эътибордан четда қолдирмаслик керак. Терма жамоага номзод футболчиларга бир кўз югуртиринг. Аксарияти Европанинг топ-клубларида ўйнайди. Кореяликлар мураббийи ушбу ўйинчилардан бемалол иккита деярли бир хил кучга эга жамоа тузиши мумкин. «Кўҳна қитъа»да мавсум энди бошланди.

Шу боис, легионерлар ҳали ўзининг юксак формасини тиклаб улгуришгани йўқ. Ана шу камчиликдан фойдаланиб қолишимиз шарт. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам рақибга паст назар билан қарамаслик лозим. Ўз ўйинимизни кўрсатсак, кўп йиллик орзумиз рўёбга чиқади.

- Адашмасак, «Челси»га мухлислик қиласиз-а? Лекин амалдаги чемпион мавсумни мағлубият билан бошлади. Бу ўйинни кўрдингизми?

- Ўша пайт машғулотимиз бўлаётганди. Ўйиннинг такрорий лавҳаларини кузатдим. Антонио Конте жамоаси 9 киши бўлиб мағлубиятга учрабди. Чемпионат эндигина бошланди. Буни кутилмаган натижа деган бўлардим. Ҳали «Челси» ўз сўзини айтади.

- Неймарнинг «ПСЖ»га ўтиши йил трансфери бўлди. Бразилиялик футболчининг «Барселона»ни тарк этишини кутганмидингиз?

- Аввалига умуман ишонмагандим. Шунчаки гап-сўзлар бўлса керак, деб ўйлагандим. Аммо кейин ижтимоий тармоқлардаги жиддий хабарлардан сўнг бу трансфер амалга ошишига ишонч ҳосил қилдим. Араб шайхлари қанча пул сарфлаб бўлса ҳам Неймарни олиб келишлари аниқ бўлиб қолганди.

- Профессионал бокс жангларини томоша қиласизми?

- Ҳар-ҳар замонда.

- 26 август куни енгилмас боксчи Флойд Мейвезерга қарши аралаш қоидалар бўйича UFC чемпиони Конор Макгрегор рингга кўтарилади. Сизнингча, ким ғолиб бўлади?

- Иккови ҳам ажойиб спортчи. Жанг бокс қоидалари асосида ўтказилишини инобатга олиб, Мейвезер имкониятларини юқорироқ баҳолайман. Албатта, Лас-Вегас шаҳрида ўтказиладиган шоуни кўришга ҳаракат қиламан.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Билдирилган фикрлар


Ҳозирча ҳаммаси жойида
24.08.2017 19:05

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz