Қайднома

Қидирув

Спорт журналистларининг ЎФФ раҳбариятига юборган талабномаси

Спорт журналистларининг ЎФФ раҳбариятига юборган талабномаси

  25.08.2017 13:30
  0
  980
Спорт журналистларининг ЎФФ раҳбариятига юборган талабномаси

Ўзбекистонда янгидан, Ўзбекистон футбол федерациясидан бошқа, айтайлик, «Ўзбекистон  миллий футбол федерацияси» тузиб, айнан шу янги ташкилотни юртимизда футболни ривожлантириш учун ФИФАга аъзо орган қилишга фурсат етиб келган, шекилли.

Бу қандай бедодлик бўлдики, ЎФФ ходимлари «футбол — мухлисларники» дея, муаммоларни ёзиб чиққан журналистларни одам ўрнида кўрмай, қўштирноқ ичига олиб ёзиб, эси паст, нодон деб ҳақорат қилса?!

Миллий терма жамоанинг бош мураббийи Халқаро пресс-клубда ўтган сессияни инкор этиб, журналистлар билан учрашувдан қочса?!

Раҳбарлар ҳақида-ку, энди умуман гапириб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Журналистларни салкам халқ душманига чиқариб юборган эди. (Тўғри, кечирим сўралди ва биз бу кечиримни қабул қилганмиз).

Аммо айрим ходимларда муносабат ўзгаришсиз, шуниси бизни ташвишлантираяпти.

Ўзбекистон Футбол федерацияси халқаро бўлими ходими Шерзод Игамбердиев ўзининг «Фейсбук» ижтимоий тармоғида жойлаштирган постида ўзбек футбол журналистларини қишлоқи, ва эси паст, дея ҳақорат қилди:

«Қатарлик эси паст мураббийлар Туркманистонга қарши кечаги учрашувни ёпиқ эшиклар ортида ўтказишга қарор қилишибди. Бизнинг маҳаллий қишлоқи «журналист»ларимиздан фарқли ўлароқ, улар футболда балони ҳам тушунмайди», — деб пост ёзган ЎФФ ходими.

Тўғри, у постида қатарлик мураббийларни эси паст, деб атамоқда. Лекин мантиқан фикр юритилса, Қатар-Туркманистон ўйинини ёпиқ эшиклар ортида ўтказган қатарлик мураббийлар, бинобарин Ўзбекистон-Қирғизистон ўйинини ҳам ёпиқ эшиклар ортида, мухлисларсиз ўтказаётган Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлари штаби эспи паст бўла олмайди, демак, эси паст деб қўштирноқ ичига олинган журналистларга нисбат берилмоқда.

Ш.Игамбердиев аввал ҳам юртимиздаги футбол журналистлари билан зиддиятга бориб қолган эди. Аввал терма жамоамиз ҳимоячиси Виталий Денисов ўз интервьюларидан бирида айрим журналистларни нопрофессионалликда айблаганида ва унга журналистлар эътироз билдирганида Денисовнинг ёнини олиб, журналистларга ташланган эди.

Кейинроқ журналистлар ФИФАнинг расмий сайтида чиққан маълумотга таяниб, Ўзбекистон МТЖ 6 июнь куни Таиландга қарши ўртоқлик ўйини ўтказилиши, Эрон билан учрашув олдидан нотўғри рақиб танланганини ҳақида мулоҳаза билдиришган эди.

Игамбердиев, бу хабарни ёлғон, текширилмаган, дея журналистларни профессионал эмасликда айблаб, ижтимоий тармоқда тортишгани билан машҳур бўлган эди.

Алал-оқибатда Ўзбекистон айтилган муддат — 6 июнь куни Тошкентда Таиланд билан ўртоқлик учрашуви ўтказган эди. Бу ўртоқлик учрашувининг нафи тегмади ва Ўзбекистон Теҳронда Эронга мағлуб бўлди.

Ўшанда у миллий терма жамоа бош мураббийи Самвел Бабаянинг бошқарув услубини танқид қилган барча журналистларга қарата хитоб қилиб, унинг бош мураббий тарафини олиб,  «Бабаянга ҳайкал қўйиш керак» дегани спорт журналистлари ўртасида катта истезҳо келтириб чиқарган ва ҳаттоки карикатуралар чизилишига ҳам сабаб бўлганди.

Кейинроқ Championat.asia сайти Виталий Денисов жароҳати туфайли Қатар билан ўйинга туа олмаслиги ҳақида хабар берганида, Ш.Игамбердиев сайт вакилларини ҳақорат қилиб, Денисов соппа соғлиги, «Локомотив» (Москва) врачи билан гаплашгани, у ўйинга тушишини айтиб, сайт ходимларини нопрофессионаллик ва ёлғончиликда айбланганди. Денисов эса, айтилганидек, Қатар билан ўйинга туша олмаган эди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон терма жамоалари ўртасида «Бунёдкор» стадионида бўлиб ўтадиган учрашув ёпиқ эшиклар ортида бўлиши маълум бўлгач, интернет сайтларда бир қатор футбол журналистлари бу мухлислар манфаатига зид ҳолат эканлигини таъкидлаб, ўринли саволларни ўртага ташлаб чиқишлар қилишган эди.

Ўзбекистон Футбол федерацияси матбуот хизмати раҳбари Санжар Ризаев аввалига бу Қирғизистон терма жамоаси мураббийлар штаби талаби билан амалга оширилганини айтиб ўтиб, сўнгра бу қарорга Ўзбекистон Футбол федерацияси раҳбарияти келгани, ўйинга чипта чиқарилиши ва унинг ТВ орқали трансляцияси ФИФА талабларига зид эканлигини билдириб, тушунтириш берган эди.

Юртимизда қишлоқда ўсиб-улғайиб, катта бўлган, айни пайтда юқори давлат лавозимларида, халқимизга фойдаси тегаётган турли касбларда ишлаётган инсонлар жуда кўп. ЎФФ расмий ходимининг бу алфозда маҳаллийчилик билан ҳақорат сўзларнинг ишлатиши (гарчи шахсий аккаунтидан бўлса ҳам) ҳеч қандай этика ва инсонийлик тамойилларига тўғри келмайди.

Ёки муҳтарам, «шаҳарлик» Игамбердиев федерация ҳисобидан дунёнинг турли давлатларига бориб келиб, иссиқина кабинетларда ўтириб, кибрланиб, ҳаволаниб, бошқаларга паст назар билан ташлашга ўрганиб қолдимикан? Оёғи ердан узилдимикан?

Ўзи ЎФФнинг халқаро бўлими шунча йиллардан бери бирор ишни қойил қила олмаётгани, жумладан, миллий терма жамоамизнинг сўнгги бир неча ўртоқлик учрашувлари бекор қилингани ҳам бу ерда профессионал, ўз ишининг устаси бўлган инсон ишламаётганидан дарак бермайдими?

Ўзини шаҳарлик профессионал, бошқа касб эгаларини эспи паст, қишлоқи, «журналист» ҳисоблайдиган одам ўзи аввало бир ишни қойил қилиб қўйиши керак эмасми?

Биз журналистлар Ўзбекистон Футбол Федерацияси мутасаддиларидан, журналистларни омма олдида ҳақорат қилган ушбу ходими ўз номидан журналистлардан расман кечирим сўраши ва унинг бу сўзлари Федерациянинг расмий сайти орқали — омма олдида ёритилиши, акс ҳолда, унинг ишдан бўшатилишини талаб қиламиз.

Федерациядаги бу муҳим лавозим эса мухлисларга ва терма жамоага, умуман, футболимизга фойдаси тегадиган, журналистлар билан шаффоф ва очиқ муносабатда бўладиган, уларнинг шахсиятига тегиб, касбий малакаси устидан мазах қилиб, хақоратламайдиган ходимга берилиши керак, деб ҳисоблаймиз.

Бир гуруҳ спорт журналистлари.



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz