Қайднома

Қидирув

Футбол афсоналари фаолиятининг илк ва сўнгги лаҳзалари

Футбол афсоналари фаолиятининг илк ва сўнгги лаҳзалари

  27.08.2017 06:16
  0
  228
Футбол афсоналари фаолиятининг илк ва сўнгги лаҳзалари

АФСОНАЛАР ҚАНДАЙ БОШЛАБ, ҚАНДАЙ ТУГАТИШГАН?

Футбол олами ўз тарихида не-не юлдузларни кўрди. Аммо улардан айримларигагина афсона мақомига кўтарилиш насиб этди.

Демак, бугун шундай футболчиларнинг профессионал даражадаги биринчи ва охирги қадамларини ёдга оламиз. Уларнинг барчалари ҳаммага таниш...

*****

Паоло Мальдини 1985 йилнинг 20 январь куни «Милан» тарихида майдонга тушган энг ёш футболчи бўлганди. У дебют пайти 16,5 ёшли ўсмирча эди. Кейинчалик Паоло худди абадий ўйнайдигандек тассурот қолдирди, аммо орадан 25 мавсум (!) ўтгач, яъни 2009 йилнинг май ойида футболчилик билан хайрлашишига тўғри келди, барибир. Кичик Мальдини бу вақтда 41 ёшни уриб қўйганди, ҳисоб.

*****

Бу йигит умуман қаримади, гўё. Мана, Аргентинанинг «Тальерес» клуби таркибида мавсум-1992|1993да тушган сурати қаранг. Ҳа, Хавьер Занетти «Интер»нинг буюк сардори. 1995-2014 йиллар оралиғида Милан жамоаси шарафини муносиб ҳимоя қилган аргентиналик ҳам деярли 41 ёшга тўлишига қадар барчасини талаб даражасида бажарди.

*****

Италия - садоқат ҳудуди. Франческо Тотти «Рома»да 1993 йили дебют қилганди. Айтишларича, бунда Синиша Михайлович муҳим роль ўйнаган экан. «Ческо ҳақида илк марта 90-йиллар бошида эшитгандим. «Бре-шия»га қарши ўйинда 2:0 ҳисобида олдинга ўтиб олганимиздан кейин эса мураббийдан Тоттига имконият беришини сўрадим...»,-дея эслаганди серб. Хуллас, ке-йинчалик «Рим императори» мақомини олган 40 ёшли футболчи охирги учрашувини яқиндагина - жорий йил май ойида ўтказди.

*****

1992|1993 йиллар мавсуми - Дэвид Бекхэмнинг қойилмақом фаолияти бошланган вақт. У аввалига «Манчестер Юнайтед» билан ёшлар ўртасида чемпион бўлди, кейин Буюк Британия футболининг бош медиа-қаҳрамонига айланди. Тўғри, Бекс бутсаларини Манчестер эмас, Парижда михга илди - 2013 йилнинг май ойида.

*****

Бекхэмдан сал аввалроқ, 1992 йили «Манчестер Юнайтед» асосий таркибида ҳимоячи - Гари Невилл кўриниш бера бошлаганди. Унинг охирги ўйини 2011 йилнинг январь ойига тўғри келди. Аслида Гари ўйнашда давом этишни хоҳлаганди, бироқ жароҳати бунга йўл қўймади. Невилл эндиликда - футбол телевидениеси юлдузи.

*****

Ўтган асрнинг 90-йилларида кўзга ташланган бразилиялик йигит? Ҳа, адашмадингиз, бу эҳтимолки, футбол тарихидаги энг яхши чап қанот ҳимоячиси Роберто Карлос. Унинг фаолияти географияси ажо-йиб: 1991 йили «Унион Сан-Жуан» клубида бошлаб, мавсум-2015да Ҳиндистонда тугатди. Бу орада эса Милан, Мадрид, Истанбул ва ҳаттоки, Махачқалъада тўп сурди.

*****

Мавсум-1994|1995. Пол Скоулз катта футболга ҳужумчи сифатида кириб келди, кейин эса майдон марказида дуч келган рақибларни «гангитиш»ни ўзлаштирди. Малласоч сиймо фаолиятига 2 марта нуқта қўйди. Зеро, 2011 йилнинг баҳорида футболдан кетганди, аммо кўп ўтмай, «МЮ» жароҳатлар эпидемияси туфайли қийин аҳволга тушиб қолди. Натижада Пол маълум муддатли ҳордиқдан кейин бутсаларини қайта кийиб, ёрдамга ошиқди. Шу тариқа яна бир мавсум олий даражада тўп суриб, фақат 2013 йилнинг баҳоридагина футбол билан хайрлашди.

*****

16 ёшли Николя Анелька 1996 йилнинг февралида илк профессионал шартномасини тузиб, «ПСЖ» аъзосига айланди. Орадан 1 йил ўтмасдан Арсен Венгер унинг учун 500 минг фунт тўлади ва ёш йигитча «Арсенал» либосига бурганди. Анелька ҳам худди Роберто Карлос каби охирги қадамни Ҳиндистонда қўйди - 2015 йилнинг ёзида.

****

Стивен Жеррард «Ливерпуль» таркибига мавсум-1998|1999да бош суқди. Ўша пайт майдон маркази етакчиси - Жейми Реднапп ўрнига захирадан тушиш билан чекланарди. Тўғри, Стиви Жи бир сафар ўнг қанотда ҳам ҳаракатланган. «Ливерпуль» афсонаси охирги марта 2016 йилнинг августида майдонга тушди. Биласиз, у «қизиллар» билан хайрлашгач, маълум муддат АҚШда тўп сурди.

*****

Карлес Пуйоль «Барселона» сафида илк марта мавсум-1999|2000да майдонга тушди. Бундан бир йилча олдин эса «Малага» таркибини тўлдириши ҳеч гап эмасди. У озгина сабр қилиб, жуда тўғри йўл тутган экан. Чунончи, Пуйоль «Барса»да бирдагина энг яхши дебют учун ажратилган совринни қўлга киритди, яна 4 йилдан кейин эса жамоа сардори бўлди. Карлес самарали фаолиятини 2014 йилнинг баҳорида тугатди. Аслида у ҳам янада кўпроқ ўйнамоқчи эди, бироқ жароҳатлар ва оғриқлар...

*****

Филипп Лам «Бавария»даги дебютини 2002 йилнинг кузида ЧЛ доирасида «Ланс»га қарши кечган ва ҳеч нарсани ҳал қилмайдиган ўйинда нишонлади. Айтиш қўрқинчли, аммо бу факт: мюнхенликлар ўшанда гуруҳда охирги ўринни банд этишган, боз устига, 6та ўйинда атиги 2 очко олишганди. Ламнинг сўнгги ўйини эса жорий йил май ойида кузатилди. Энг муҳими, у катта футболдан Германия чемпиони ва мамлакатнинг мавсум-2016|2017даги энг яхши футболчиси мақоми билан кетди.

Манба: sports.ru, А.ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Оммабоп мақолалар

Термамиз етакчилари қандай фикрда?

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

  • Сизнингча, Олий лига-2017 ни қайси жамоалар тарк этади?


© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.