Қайднома

Қидирув

Терма жамоамизга кулишда давом эт, тақдир!

Терма жамоамизга кулишда давом эт, тақдир!

  29.08.2017 06:24
  0
  1837
Терма жамоамизга кулишда давом эт, тақдир!

Тунов куни танишлардан бири: «Ўзбекистон терма жамоасининг жаҳон чемпионатига чиқишига ишонасизми?», деб сўраб қолди.

Иккиланмай «Ҳа», деб жавоб қайтардим. Нима учун бу қадар ишонч билан гапирдим? Рухсат берсангиз, бунинг жавобини мақола охирида айтсам. Насиб қилса, ҳаммасига батафсил тўхталамиз. Ҳозирча Ўзбекистон терма жамоасининг бугунги ҳолати ҳақида гаплашсак.

Самвел Бабаян ўтган ҳафта Хитой ва Жанубий Корея термаларига қарши кечадиган ўйинда майдонга тушиши мумкин бўлган футболчилар рўйхатини маълум қилди. Албатта, ушбу мавзу ҳаммани қизиқтириши турган гап.

Чунки бу йигитлар Ўзбекистон миллий жамоасининг яқин тўрт йилликдаги тақдирини ҳал қилишлари лозим. Ё яна аввалгидек мундиалдаги бетараф томошабинлар рўйхатини тўлдирамиз ёки ўзбек футболи тарихида янги саҳифа очилади.

Хўш, Ўзбекистон терма жамоаси бунга тайёрми?

ТЕРМА ЖАМОА

Афсуски, бу саволга жавоб бериш осон эмас. Ўзбекистон терма жамоасининг сўнгги ўйинлари кўрсатдики, муаммолар етарлича. Ва бу муаммолар ҳар бир чизиққа тегишли. Энг ёмони, охирги учрашувлар етакчиларнинг ўрнини боса оладиган футболчилар йўқлигини исботлаб берди.

Самвел Бабаян Эронга қарши Тошкентда кечган баҳсдаги мағлубиятда (0:1) Одил Аҳмедовнинг йўқлигини рўкач қилганди. Аммо Сурия билан сафарда ўтказилган ўйин нафақат Аҳмедов, балки Виталий Денисовнинг ҳам майдонда йўқлиги мағлубиятга сабаб бўлиши мумкинлигини кўрсатди.

Энди олдинда муҳимлик жиҳатидан янада кўпроқ аҳамият касб этадиган икки учрашув кутиб турибди. Хўш, бу ўйинларда муваффақият қозонишга терма жамоамиз тайёрми? Самвел Бабаян эълон қилган рўйхатдаги футболчилар бу ишни уддалай олишадими?

ДАРВОЗАБОН

Александр Лобанов ҳақида шу вақтга қадар кўп гапирилган. Бу фикрларнинг аксарияти салбий руҳда эканини ҳам яхши биласиз. Аммо уларнинг барчасига терс ўлароқ, Саша охирги икки йилда терма жамоанинг алмаштирилмас дарвозабони бўлиб келмоқда. Агар жароҳат олиб қолмаса, келгуси ўйинларда ҳам алмаштирилмаса керак.

Аммо бу билан Лобанов Ўзбекистонда тенгсиз дарвозабон, дейиш фикридан йироқмиз. Унга рақобатда бўладиганлар нафақат олий лига, балки «Пахтакор»нинг ўзида ҳам топилади. Бу ўринда гап Элдор Суюнов ҳақида кетмоқда.

Бироқ Самвел Бабаяннинг бу дарвозабонни асосий таркибга қўймай тўғри қилганини ҳозирча Шота Арвеладзе ҳам тасдиқлади. Мантиқан олиб қарасак, «Пахтакор»га ўтгач захирада қолиб кетаётган кипернинг миллий жамоага чақирилмаганини тўғри тушуниш мумкин.

Аммо Суюнов ҳақли тарзда четда қолаётган бўлса, яна бир номзод - Игнатий Нестеровнинг майдонга тушмаслигига нима сабаб эканини ҳозирча айтиш қийин. Унинг ҳам саралашдаги охирги икки ўйинни захирада ўтказиши ҳақиқатга яқинроқ бўлиб турибди. «Қўқон-1912»дан чақирилган Никита Рибкин эса терма жамоа машғулотида қатнашганидан хурсанд бўлиши лозим.

Чунки у «Пахтакор» сафида ҳам Лобановнинг соясида қолиб кетарди. Шундай экан, Хитой ва Жанубий Корея термалари билан бўладиган ўйинда дарвозабон масаласида янгилик кўрмасак керак.

ҲИМОЯ

Ҳозирги Ўзбекистон термаси билан икки ой олдин Суриядан мағлубиятга учраган жамоа ўртасида деярли фарқ йўқ. Чунки асосий таркиб шундан буён йиғилмади ва ҳар доимгидек «энг яқин номзодлар» билан Туркияда ташкил этилган охирги йиғин бизга кўп нарса бермади. Шундай экан, қандайдир ўзгаришлар ҳақида гапиришга ҳожат бўлмаса керак. Биламизки, бундай йиғинлар ҳар доим ўтказилади, аммо якунда барибир легионерлар майдонга тушишади. Бу сафарги таркиб ҳам истисно эмас.

Ўзбекистон терма жамоасининг ҳимоя чизиғида айни вақтда икки муаммо бор - Виталий Денисовнинг жароҳати ва Егор Кримецнинг етарлича ўйин амалиётига эга эмаслиги. Бу муаммолар фонида яхши янгилик ҳам учрайди, албатта.

Масалан, Виталий Денисов ниҳоят, жароҳатидан қутулиб, Москванинг «Локомотив» клубида машғулот ўтай бошлади. Гарчи у ҳозирча тўлиқ тикланиб улгурмаган бўлсада, майдонга тушишига умид қилмоқдамиз. Боз устига, Самвел Бабаяннинг энг ишонган футболчиларидан бири - Станислав Андреев ҳам жароҳат олган. Охирги йиғинда Александр Мерзляков синовдан ўтказилган, аммо расмий ўйинларга чақирилмаганди. Бу яхши хабарми ёки ёмон, ҳал қилиш ўзингизга ҳавола.

Егор Кримец эса, афсуски, «умрининг энг гуллаган даври»ни «Пекин Гуоан»нинг захира ўриндиғида ўтказмоқда. Аммо бу ҳолат унга терма жамоада катта зарар келтирмаса керак. Чунки Кримец биринчи марта клубида захирада қолмаяпти.

Бироқ ҳар доим, аниқроғи, терма жамоа бошқарувига Самвел Бабаян келганидан буён мунтазам равишда асосий таркибда ўйнаб келмоқда. Шундай экан, келгуси ўйинларда ҳам ҳеч нарса ўзгармаса керак. Бир томондон шуниси ҳам яхши. Зеро Хитой термасига қарши кечадиган муҳим баҳсда Бабаян ва Кримец Чин юртидагиларга қандай иқтидор соҳибини майдонга туширмаётганликларини кўрсатишга уринишлари шубҳасиз.

ЯРИМ ҲИМОЯ

Ўзбекистон терма жамоаси яқин тарихда Осиёдаги энг кучли ярим ҳимоя чизиғидан бирига эга эди. Буни нафақат биз, балки рақиблар ҳам кўп бора эътироф этишган. Аммо охирги икки йилда бу устунлик йўққа чиққандек. Майдонга тушаётган футболчилар ўша-ўша, аммо аввалги ўйиндан асар ҳам қолмаган. Бунинг сабабини изоҳлаш қийин. Балки ўйинчиларнинг ёши ўтгандир?! Ҳар ҳолда, Сервер Жепаров 35га тўлиб улгурди. Ёки сабаб умуман бошқа жиҳатлардадир?!

Бу футболчилар ўз вақтида Вадим Абрамов қўл остида тўп суришди. Кейинчалик эса Миржалол Қосимов бошқаруви остида ўйнашди. Ҳар икки мураббийнинг ҳам  ўзига яраша ўйин услуби бор эди. Абрамовнинг ҳужумкор футболи нафақат Ўзбекистон, балки бутун Осиёда машҳур бўлди.

Бундай услубда ҳар бир футболчи қандай ҳаракат қилишни яхши биларди. Фаол прессинг ва тўпни назорат қилиш орқали рақибдан ташаббус тўлиқ тортиб олинарди. Бундай футболнинг афзал томони - голли вазиятлар юзага келиши осон бўлади. Ҳужумчилар ундан фойдалана олмаган тақдирда ҳам кўп мақталган ярим ҳимоя биринчи планга чиққанини кўп кўрганмиз.

Миржалол Қосимов даврига келиб услуб анча ўзгарди. Энди терма жамоа ҳимоявий ва прагматик ўйин намойиш қилишга тушди. Бу футбол ҳар қанча зерикарли туюлмасин, унинг ютуқли томони - ҳар бир футболчи ўзига белгиланган вазифани аниқ биларди.

Ҳимоячилар ўз чизиғини мустаҳкам ушлар, ярим ҳимоячилар эса уларга ёрдам бергани ҳолда қарши ҳужумларда фаол бўларди. Айнан мана шу услуб бизни тарихда илк марта жаҳон чемпионатига олиб чиқиши мумкин эди. Бироқ иккитагина гол етмай қолди.

Терма жамоа бошқарувига Самвел Бабаян келганидан сўнг ўйин фалсафаси ҳам ўзгариб кетди. Ҳозир футболчилар ҳужумдан ҳам кўра тўпни йўқотмасликни кўпроқ ўйлаётгандек. Аммо 90 дақиқа тўп назоратини сақлаб туришнинг иложи йўқ. Ҳаттоки, «Барселона» ҳам энг гуллаган даврида бу ишни уддалай олмаган.

Хўш, бу услуб терма жамоага нима берди? Футболчилар тўпни йўқотишдан ҳайиқиб, олдинга эмас, ёнга ёки ортга пас беравериши оқибатида, энг аввало, ярим ҳимоя чизиғига катта юк тушмоқда. Аввалги ўйинларда фақат Одил Аҳмедовнинг эркин тўп сурганини кўрдик. Ўзига берилган ҳаракат эркинлигидан фойдаланган сардоримиз рақибни алдаб ўтиши ёки узоқдан зарба йўллаши мумкин.

Бунинг фойдали томонлари ҳам бўлди. Масалан, Хитойга қарши кечган баҳсда айнан шу сабабли ғалабага эришилди. Ўша учрашувда Аҳмедовнинг катта иштиёқ билан тўп сурганини ҳамма яхши билади.

Аммо Чин юртида ўтказиладиган яна бир баҳсда ҳам шундай бўлармикан? Одил ҳозир айнан шу мамлакатда ўйнамоқда ва рақиб унинг қандай салоҳиятига эга эканлигидан яхши хабардор. Унга яна ўйин беришадими? 31 августда кечадиган баҳс натижаси кўп ҳолда айнан шунга боғлиқ бўлса керак.

ҲУЖУМ

Ўзбекистон терма жамоасида ҳозир ҳужум билан синоним бўла оладиган фақат битта ном бор - Игорь Сергеев. Эътиборлиси, Шота Арвеладзе бошчилигидаги «Пахтакор»да бу форвардга ҳам ўрин ажратилмоқда ва Сергеев мураббийлар штаби ишончини тўлиқ оқламоқда. Агар клубдаги самарадорлик миллий жамоага ҳам кўчса, бундан фақат қувонамиз. Хитой ва Жанубий Корея термаларига қарши баҳсда Игордан гол кутиб қоламиз.

Ишонч билан шундай фикр билдираётганимизнинг ўзига яраша сабаби бор. Терма жамоага уч ҳужумчи чақирилган бўлса, улардан бири - Александр Гейнрих нари борса, 15-20 дақиқа тўп суриши мумкин. Ягона рақобатчи Темурхўжа Абдухолиқовнинг қай ҳолатда эканидан эса бехабармиз. Демак, катта эҳтимол билан Сергеев келгуси ўйинларда ҳам асосий таркибда ўйнайди.

РАҚИБЛАР

Ўзбекистон терма жамоаси аввал ҳам жаҳон чемпионатига чиқишга жуда яқин келган. Термага иккитагина гол етмай қолганини юқорида айтиб ўтдик. Аммо бу сафарги имконият аввалгисидан яхшироқ бўлиши аниқ. Нимага? Чунки ЖЧ саралашининг якуний қисми олдидан бизда муаммолар қай даражада кўп бўлса, рақибларда ҳам ундан каммас.

Хитой миллий жамоаси жаҳон чемпионатига чиқиш учун етарли имкониятга эга эмас. Уларда муаммолар бошланганига анча бўлган ва Марчелло Липпи анча кеч қолганини энди ўзи ҳам тушуниб тургандир. Оқибатда эътибор кўпроқ келажакка қаратилса, ажабмас. Ўзбекистон терма жамоаси бу рақибни аввал мағлуб этган, ҳозир ҳам ютиши мумкин. Балки Чин юрти термаси сарфланаётган пуллар эвазига қачондир Осиё етакчисига айланар, аммо ҳозир эмас.

Шунингдек, Жанубий Корея жамоаси ҳам яқин ўртада бу қадар кучсиз кўринмаганди. Улар худди биз сингари охирги ўйинда мағлуб бўлишган ва анча тушкун ҳолатдалар. Бу омил термамиз фойдасига ишлаши мумкин. Муҳими - мана шу устунликдан фойдалансак бўлгани.

ЯКУНДА

Энди нима учун Ўзбекистон терма жамоасининг жаҳон чемпионатига чиқишига ишонаётганимга тўхталсак. Ҳаммаси оддий. Тақдирнинг туҳфаси билан мундиалга бориш имконияти ҳамон сақланиб турибди. Агар қатарликлар кутилмаганда кореяликларни мағлубиятга учратишмаганда, ҳозир буткул бошқа мавзу юзасидан фикр алмашаётган бўлардик.

Мен тақдирга ишонаман. Агар ҳаммаси биз ўйлагандек якунланса, Жанубий Корея термаси кейинги ўйинда Эрон жамоасига ютқазади. Бош жамоамиз эса Хитойда қандай натижа қайд этилишидан қатъий назар, сўнгги учрашувда кореяликларни енгиб, ЖЧга чиқиши мумкин? Келинг, яхшиликка умид боғлайлик. Ҳаммаси биз учун ижобий якун топганда эса шундай қарорга келганимиздан завқланамиз ҳали. Бизга кулиб боқишда давом этавер, тақдир!

Зафар ҚОСИМОВ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz