Қайднома

Қидирув

Ёзнинг энг ноодатий трансферлари кимлар бўлди?

Ёзнинг энг ноодатий трансферлари кимлар бўлди?

  29.08.2017 00:32
  0
  1512
Ёзнинг энг ноодатий трансферлари кимлар бўлди?

Франциянинг камтарингина жамоаси - «Лилль» жорий трансферлар бозорида нақ 65 млн. евро сарфлашга улгурди. Хўш, бу француз диёрида яна бир суперклуб тузиш ҳаракатими ёки оддий эрмак? Биласиз, бу ёзда бир қатор улкан харидлар амалга оширилди. Умуман, трансферлар бозори аҳамиятли воқеаларга бой бўлди.

Дейлик, «Милан» қайта тикланиш ишларини бошлаб юборди, Англия жамоалари соҳиблари доимгидек, ўзлари хоҳлаган футболчига эга бўлиш йўлида пулни сира аямаяптилар, бундеслига гранди - «Бавария» ёзда илк марта 100 миллион евро харажат қилишдан тийилмади. Еврофутбол тождори - «Реал» эса Ла-лигадаги асосий ёш иқтидорларни ўз томонига оғдирган бўлса, «Монако» ва «Бенфика» каби жамоалар ўз одатига кўра, олди-сотти жараёнида мисли кўрилмаган даражада пул топди.

Бундай ёрқин манзара олдида «Лилл»нинг трансфер сиёсати сояда қолгандек. Ваҳоланки, Лига 1да ўртача старт олган жамоа янги футболчилар хариди учун кўп сарфлаш масаласида олдинги қаторлардан жой олди.

Аниқроғи, Европада атиги 8та клуб трансферларга «Лилл»га нисбатан кўпроқ маблағ ажратди. Франциянинг ўзига қарасак, мега-бой - «ПСЖ»ни ҳисобга олмаганда, бошқа ҳеч бир жамоа бунчалик катта харажатга қўл урмади.  

Шунча маблағ қаердан келди?

Тўғри, «Лилль» охирги йилларда Франциянинг кўплаб жамоаларидан фарқли ўлароқ, маблағ етишмовчилигидан ортиқча қийналгани йўқ. Умуман олганда, бу клуб доимо яхшигина селекцион бўлими ва эффектли ишлайдиган академияси билан алоҳида ажралиб туради.

Рақамларда айтсак, «доглар» охирги 5 мавсум давомида янги футболчилар харидига жами 63,5 млн. евро сарфлаб, сотувдан нақ 185 млн. евро топишганди. Хуллас, даромад ва харажат миқдори ўртасида каттагина фарқ бор.

Бу вақтда «Лилль» таркибида Эден Азар, Матьё Дебюши, Люка Динь, Димитри Пайе, Дивок Ориги, Идрисса Гана Гуйе, Жибриль Сидибе, Софьян Буфаль ва бошқа бир қатор номдор футболчилар жавлон уришгани ҳам жамоада ишлар тўғри йўлга қўйилганидан далолат. Шу жойда «Лилл»нинг бошқа йўналишлардаги даромадига ҳам эътибор қаратиш жоиз.

Мисол учун, телеҳуқуқлар сотуви улуши чакки эмас. Қоидага кўра, Франция олий дивизионининг ҳар бир иштирокчиси трансляциялар ортидан йилига камида 35 млн. евро олади. «Лилль» анча таниқли жамоалардан бири эканлигини инобатга олсак, унга янада кўпроқ улуш тегиши аниқ.

«Доглар»нинг мамлакат футболида муҳим ўрин тутишларини уй стадионига мухлислар ташрифи чакки эмаслигидан ҳам билса бўлади. Дейлик, аввалги мавсум «Лилль» ўз майдонида ўртача ҳисобда деярли 30 минг мухлис қаршисида тўп сурди ва бу Франция лигаси бўйича тўртинчи яхши кўрсаткичдир. Хуллас, жамоа ғазнасида доимо пул бўлган, фақат раҳбарият бунгача катта харажатга қўл урмасди.

Нега энди шунча сарфланди?

Жорий йилнинг январь ойида «Лилль» мухлисларини шодлантирган хабар эълон қилинди: «Клубнинг 95 фоиз акцияси Формула-1 пойгаси жамоаси - «Лотус»нинг собиқ хўжайини - Жерар Лопес томонидан сотиб олинди». Бу воқеа сармояларнинг катта оқимига йўл очди. Умуман олганда, тиришқоқ ва доимо ўз олдига юксак мақсадларни қўювчи менежер Франция шимолида суперклуб шакллаштиришни режалаштирган ва шунга мувофиқ, бошқарув лавозимларига ўзи каби иштиёқи баланд кишиларни чорламоқда.

Янги «Лилл»нинг энг ёрқин «фигура»си - бу ҳар бир футбол мухлисига яхши таниш бўлган Марсело Бьельса. Тактикага боғлиқ антиқа тажрибалари билан яққол ажралиб турувчи мураббий «Ла- цио»даги 2 кунлик (!) ишидан сўнг бутун йил давомида дам олди. Аммо аргентиналик мутахассис бўш вақтини беҳуда ўтказмади. У Европа ва Лотин Америкасидаги турли турнирларни мунтазам равишда кузатиш асносида тажрибасини бойитди.

«Лилль» билан шартнома тузишига қадар эса жамоанинг ёшлар ва ўсмирлари ўйинларида кўп бора кўриниш берди. Лекин трансферлар учун Бьельсанинг ёлғиз ўзи масъул эмас. Ҳар ҳолда, «Лилл»нинг янги спорт директори - Луис Кампос ҳам бу борада ўз сўзига эга. Ушбу функционер тор футбол доираларида анча обрўли. Дейлик, у аввалига «Интер»да Жозе Моуриньо штабида ишлади, кейин эса португалиялик мураббий ортидан «Реал»га йўл олиб, харидлар бўйича спорт менежменти вакили функцияларини бажарди.

Фактлар асосида гапирсак, Лука Модрич ва Рафаэль Варан айнан Кампоснинг саъй-ҳаракатлари натижасида «Мадрид» сафидан жой олишганди. У шундан сўнг «Монако»да ишлади ва ёзда Чемпионлар Лигаси ярим финалида ўйнаган ажойиб таркибнинг шаклланишида бош роллардан бирини бажарди. Оддий айтганда, Кампос юқори савияли мутахассис ҳисобланади.

Клуб бош директори лавозимига эса Марк Ингл тайинланди. У «Барселона»да спорт директори ўринбосари ва маркетинг бўйича вице-президент сифатида фаолият юритгани билан мақтана олади. Яъни Марк Каталонияда Жоан Лапортанинг раҳбарлик даврида самарали иш олиб борган. Қолаверса, 2010 йили Инглнинг ўзи президент бўлишга даъвогарлик қилди, бироқ сайловда атиги 3-ўрин билан чекланди.

Кимлар сотиб олинди?

«Лилль» гарчи ўз тарихидаги энг серхаражат трансферлар кампаниясини ўтказган бўлсада, бирор харидга ақлга сиғмас даражада маблағ ажратгани йўқ. Сотиб олинган энг қимматбаҳо футболчи - бу Тьяго Маию. 20 ёшли бразилиялик Европа футболи назарига тушганига анча бўлганди. Мисол учун, вақтида «Челси» ва «Зенит» каби бой клублар унга алоҳида қизиқди.

Бироқ Тьяго якунда Марсело Бьельса билан бирга ишлашни маъқул кўрди, шекилли, «Лилль» сафига қўшилди. Хуллас, жамоа бу футболчи трансферига 14 млн. евро сарфлади. Маия - «бокс-ту-бокс» тизими учун ҳақиқий таянч ярим ҳимоячиси . У охирги 3та мавсумда тўпни олиб қўйиш ва ҳужумни узиш бўйича бинойидек статистика қайд этди: битта ўйин давомида ўртача ҳисобда 2,8 ва 1,9 марта.

Бу фақат бузиш ишларига ихтисослашмаган ярим ҳимоячи учун ажойиб кўрсаткич. Маию яна узатмалар масаласида ҳам зўр. Дейлик, Бразилия чемпионатининг жорий мавсумида битта ўйинда ўртача 56 марта тўп ошириб, 86 фоизга тенг аниқлик кўрсатди. Бунга алдаб ўтишда ҳам эффектли ҳаракатланишини қўшиш керак - уринишларининг 68 фоизи муваффақиятли чиққан.Иккинчи қимматбаҳо харид - Луис Араужо. Тўғри, шу трансфер юзасидан саволлар келиб чиқиши мумкин.

Гап шундаки, «Сан-Паулу»дан сотиб олинган футболчи Бразилия чемпионати олий лигаси доирасидаги 9тагина ўйинда клубининг бошланғич таркибидан ўрин олганди, холос. Хуллас, «Лилль» ҳали Бразилия жамоасида ўз жойини топмаган йигитга 10,3 миллион тўлади. Боз устига, Луис фақат чап оёғида тўп суришга мойил - чамаси 3 фоиз ҳолатда тўпга ўнг оёғи билан зарба беради. Араужо «Сан-Паулу»дан таклиф этилган ягона футболчи эмас. Французлар Тьяго Мендесни ҳам айнан шу жамоадан сотиб олишди.

Энг қизиғи, унинг мавсумдаги статистикаси Араужоникидан ҳам паст - бошланғич таркибда атиги 4та ўйин. Яна бир томони, Мендес 25 ёшда, тўғри, унинг фаолиятида тўлақонли мавсумлар ҳам кузатилган. Тьяго ўйин услубига кўра, ўз адаши - Маиюни эслатади. Битта фарқи шуки, Мендес йиғинчоқроқ ўйнашни хуш кўради. Умуман, Марсело Бьелса бразилиялик футболчилар жуфтлигини майдон марказига мўлжаллаган бўлса, ажабмас.

Шунингдек, «Брага»дан Шека сотиб олинди. У аввалги мавсум ижара асосида айнан «Лилль» шарафини ҳимоя қилганди. 22 ёшли португалиялик атлетик сифатларга эга ва Патрик Колло бошқарувида чакки таассурот қолдирмагани учунми, клуб 5 млн. евро тўлаб, унинг трансфер ҳуқуқини ўзиники қилди. Ҳужумчи Анвер ал Ғози («Аякс»дан 9 «лимон»га сотиб олинди)дан ҳам умид катта. Ўтган мавсум «Анже»нинг 11тагина ўйинида илк дақиқалардан майдонга тушган Николас Пепе - «эль роко» эътиборини тортган яна бир футболчи.

Ивуарлик йигит жуда чаққон ва тезкор, бироқ алдамчи ҳаракатлар масаласида айтарли мақтанолмайди (битта ўйинда ўртача 1,1та муваффақиятли уриниш). Айтиш жоиз, 22 ёшли ярим ҳимоячида ҳам юқори савияда ўйнаш тажрибаси кам. Шунга қарамай, «Лилль» унинг учун 10 млн. евро берди. Ҳа, «доглар» олдинги клубларида асосий таркибга муқим жойлашмаган кўплаб йигитларни нисбатан баланд нархда сотиб олишди.

Кевин Малькюи эса аксинча, бой тажриба соҳибидир. У «Сент-Этьен»нинг асосий ҳимоячиларидан бири эди. 25 ёшли француз орқа чизиқнинг ўнг қанотига жавоб беради. Кевин ўтган мавсум ҳимоявий ҳаракатларда яхши таассурот қолдирган бўлсада (битта ўйинда 2,6 марта тўп олиб қўйиш), ҳужумда фаол эмас. Ҳимоянинг ўнг қанотига яна бир номзод бор - Эдгар Иэ.

«Барселона»нинг португалиялик тарбияланувчиси ўтган мавсум «Белененсеш»­да ўйнаб, атиги 12та учрашувда қатнашди. Аммо у тўпни олиб қўйишда жуда эффектли - 83 фоиз омадли уриниш. Бироқ 23 ёшли ўйинчига 5 млн. евро тўлангани ғалати, барибир.

Бундан ташқари, Наим Стили трансфери учун «Ред Стар» жамоасига 2 миллион тўланди. Тўғри, раҳбарият 25 ёшли туркни дарҳол ижара асосида «Дижон»га юборди. Хуллас, 65 «лимон»га харид қилинган футболчилар орасида эътиборни тортадигани кўринмаяпти. Бу фикр нечоғли тўғри ёки нотўғри эканлигини мавсум ўйинлари кўрсатиб беради.


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz