Қайднома

Қидирув

Улуғ арафа ғалаба билан гўзалдир

Улуғ арафа ғалаба билан гўзалдир

  31.08.2017 00:18
  0
  684
Улуғ арафа ғалаба билан гўзалдир

Юртимиз бўйлаб Истиқлол байрами шукуҳи кезиб юрибди, Ислом дунёси Қурбон ҳайитини нишонлашга ҳозирланмоқда. Футбол мухлисларимиз эса ҳар икки қутлуғ сана сурури баробарида яна бир байрамни тантана қилиш орзуси билан яшамоқдалар. Таниқли қозоқ шоири Мухтор Шохонов қаламига мансуб «Орзудан сув ичар жасорат гули» мисраси айнан шу лаҳзалар ифодаси учун ёзилгандек гўё. Ҳа, футболчиларимиз қалбида очилаётган ғалаба ва жасорат гули илдизлари шу орзу суви билан суғорилаётган бўлса, ажабмас...

Қалбимиздаги ғалаба ва жасорат гули мухлислар кўнглини яшнатиб очилсин, азиз футболчилар! Ёдингизда тутингки, бу йилги 31 август наинки ҳаловат ва фароғат, балки жасорат арафаси ҳамдир! Минг-минглаб мухлислар буюк Истиқлолимизнинг муборак 26 йиллик тўйи, муқаддас Қурбон ҳайити арафасида Истиқбол байрамини нишонлашни истамоқдалар. Ўйлаймизки, бизни аллақачон тушундингиз.

Ҳа, гап футболимизнинг Истиқбол байрами хусусида бормоқда. Аёнки, бундай тантанавор воқелик Чин юртидаги ўйин натижасига боғлиқ. Терма жамоамиз тарихида бу каби муҳим учрашувлар кўп учрайди, албатта. Бироқ муқаддас ва муборак арафадаги қадри баланд баҳс кам экани аниқ. Бу шундай ўйинки, унда клубларнинг манфаатлари, жисмоний ва руҳий босимлар, аввалги аразлар, яхши-ёмон гаплар унутилади.

Унинг бағрида фақат футболимизнинг Истиқбол байрамига ҳозирланиш руҳи яшайди. Майдонда тўп сураётган футболчиларимиз кўз ўнгидан Истиқлол ва Қурбон ҳайитини нишонлашга тайёргарлик кўраётган юртдошларимизнинг шодон чеҳралари ўтаверади. Рақиб катта куч билан ҳужумга отланаётганида, улар футболимизнинг Истиқбол байрамини кутган, аммо бу байрамни кўролмай кетган Ислом Каримовни хотирлайдилар.

Биринчи Президентимиз ва фоний дунёни тарк этган мухлислар ёди ҳурмати футболчиларимиз кучга тўладилар. Рақиб ҳамласи ҳар сафар шу зайл қайтарилаверади. Йўқ, хитойликлар ҳужумини қайтариш баробарида футболчиларимиз гол уриш, ғалаба қозониш иштиёқида олға ташланадилар.

Улуғ аждодларимиз йўлидан қувватланган, Истиқлол байрами ва Қурбон ҳайити арафасидан кучга тўлиб олдинга бораётган футболчиларимизни Хитой «девори» ҳам тўхтатолмайди. Агар қувватланишса, кучга тўлишса, шундай бўлишига ишончимиз комил!

Хўш, қувватланмаслик, кучга тўлмаслик ҳам мумкинми? Савол мутлақо мантиқсиз. Чунки томирида Ватан шаъни оқаётган футболчи ардоқли арафадаги ҳаёт-мамот баҳсида одатий ҳолда тўп суриши мумкин эмас.

Қувватланмайдиган ва кучга тўлмайдиган футболчи, аввало, майдонга тушмайди. Майдонга тушдими, демак, Ватан байроғига, мамлакат мадҳиясига айланиши шарт.

Бутун вужуди табаррук байроқ, мумтоз мадҳияга айланган футболчигина ардоқли шоиримиз Иқбол Мирзонинг «Она тупроқ» шеърини, шу шеър асосида куйланган қўшиқни дилида айтади.

Авлиёлар, даҳоларнинг бешигисан,

Нақшбандлар топган жаннат эшигисан,

Тирикликнинг навоси ҳам қўшиғисан,

Сен азизсан, муқаддассан, эй саждагоҳ,

Ўзбекистон, ота макон, она тупроқ!

 

Юрагимда тулпорларинг дукурлари,

Қайси юртнинг бордир буюк Темурлари,

Оловлардан омон чиққан Семурғлари?!

Сен азизсан, муқаддассан, эй саждагоҳ,

Ўзбекистон ота макон, она тупроқ!

 

Кимларнингдир кўкрагида тумор бўлдинг,

Кимларнингдир кипригида ғубор бўлдинг,

Гоҳида мард бир ўғлонга хумор бўлдинг,

Сен азизсан, муқаддассан, эй саждагоҳ,

Ўзбекистон ота макон, она тупроқ!

 

Асл фарзанд меросига посбон бўлгай,

Озод элнинг орзулари осмон бўлгай,

Боболари исмин айтган достон бўлгай,

Сен азизсан, муқаддассан, эй саждагоҳ,

Ўзбекистон ота макон, она тупроқ!

 

Дарёларнинг изларида дарё бўлгай,

Даҳоларнинг авлоди ҳам даҳо бўлгай,

Фидо бўлгай, шу Ватанга фидо бўлгай,

Сен азизсан, муқаддассан, эй саждагоҳ,

Ўзбекистон ота макон, она тупроқ!

Футболчи шу шеър ва қўшиқ шижоати ила ҳужумга отланади, гол уради, гол уришга кўмаклашади. Чин юртидан Ватанимиз, жонажон Ўзбекистонимизга нондек азиз ғалаба шодиёнасини йўллайди. Майли, Хитой супер-лигаси суперюлдузлар иштирокидаги ўйинлардан ёғдуланаверсин. Суперюлдузлар ёғдусидан сурурланаётган Хитой термасини Марчелло Липпидек мумтоз мураббий бошқарса, бошқарар.

Уларнинг йўриғи бошқа. Биз ғалаба сари бутунлай бошқа йўлдан борамиз. Бу йўл фақат бизникидир. Бу йўлдан бормоққа фақат бизнинг бош жамоамиз ҳақлидир. Бу йўл шаъну-шавкатга тўла: тарих бўлиб ортимизда янги ғалабалар илинжида ястаниб ётибди. Бундай улуғ ва ёруғ йўл, буюк тарих бизнинг пешонамизга ёзилгандир. Шу буюкликка эш бўлмоққа қодирмисиз, юрт шарафи учун майдонга тушмоққа изн берилган футболчилар?

Умид қиламизки, сиз бунга қодирсиз! Зеро, Ватан номидан майдонга тушмоқ ҳаммага-да насиб этмас муқаддас имкон! Ундан ҳам муҳими, бу имкон шукуҳи ҳар қайси футболчига-да берилмас. Фақат 90 дақиқа давомида ғалаба учун курашишга тайёр футболчиларгина шу беқиёс имкон ва ҳуқуқга муносибдирлар. Улар ўзларига, ғалабага ишонишса, бас. 

Ажойиб шарҳловчи Хайрулло Ҳамидов «Женоа» - «Ювентус» учрашувидан аввал «кекса синьора»га осон бўлмаслигини қайта-қайта таъкидлади. Қойил қолиш керакки, ўйиннинг дастлабки дақиқаларидаёқ «Женоа» футболчилари Жанлуижи Буффон дарвозасига икки бора тўп йўллашди ва ўз тахмини тасдиғидан ҳайратланган Хайрулла «Мен нима дегандим?!» дея ҳайқирди. Унинг ютуғи - ишонч, билим, дунёқараш, истеъдод уйғунлашган қарашларда.

Ҳамидов шу таваккалнинг таъсирида ўйин аввалидаёқ прогноз қилишдан чўчимайди. Кейин эса «Мен нима дегандим?!»  қабилида ҳузурланади. «МЮ» мухлиси Дониёр ҳам июль ойидаёқ Жозе Моуриньо янги мавсумга «сюрприз» тайёрлаётгани, «қизил иблислар» сершавқ ғалабалар арафасида яшаётганларини таъкидлаганди. У куни-кеча таҳриятимизга қўнғироқ қилиб, шодон овозда такрорлади: «Мен нима дегандим?!» Дониёр ва уни қувватлаб турган дўстлари қувончига шерик бўлдик.

Ҳа, «МЮ» ўзининг шонли даврига қайтаётгани рост. Балки «Навбаҳор» ҳам шонли тарихини қўмсаётгандир. Ҳарқалай, жамоанинг ашаддий мухлислари шундай дамлар арафаси хусусида ишонч билан сўзлашмоқда.

Ҳеч қанча вақт ўтмай, улар ҳам қувонч билан ҳайқиришса, ажабмас: «Биз нима дегандик?!» Газетамиз саҳифаларида Сервер Жепаров «Иккала ўйинда ҳам ғалаба қозонишимизга ишонаман», деди қатъият билан. Ғалаба ҳақидаги ишончни аввалдан, очиқ-ойдин, рўй-рост айтиш ҳурматга, олқишларга лойиқ фазилат.

Хуллас, футболимиз Истиқбол байрамига интизор. Келинг, шу интизорлик оғушида эзгу ният қилайлик, яъни «InterFutbol»нинг кейинги сешанба сонида яна Сервер билан суҳбат чоп этилсин ва у шундай номлансин: «Мен нима дегандим?!» Демак, Истиқлол ва Истиқбол байрами юртимиз футбол мухлислари учун Хитойдан бошланади. Улуғ арафа улар учун миллий жамоамиз ғалабаси билан гўзалдир!

Муҳаммад Вали


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz