Қайднома

Қидирув

Сўз кадри

Сўз кадри

  31.08.2017 09:40
  0
  272
Сўз кадри

Ўзбекистон миллий жамоасини ким бошқармасин, кўп такрорланадиган бир сўз  бор - ватанпарварлик. Айниқса, мамлакатимиз бош жамоаси тепасига Самвел Бабаян келгач, бу ҳақда жуда кўп эшитдик, эшитяпмиз. Унинг иштирокидаги ҳар бир матбуот анжумани ватанпарварлик руҳи остида ўтади.

Ҳаттоки, «Пахтакор»да ишлаган вақти клубга нисбатан ҳам «ватанпарварлик» атамасини қўллаган инсон айнан Бабаяндир. Хуллас, у бу иборани такрорлашдан чарчамайди.

Аммо шахсан ўзим шу иборани эшитганда, негадир майдонда нима қилишни билмай, каловланиб турган футболчилар эмас, Қатарга қўлтиқтаёқда борган мухлисларимиздан бирини эслайман.

Эсласангиз, 2016 йилнинг январида бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида довга Олимпиада йўлланмаси тикилган эди.

Бу мусобақа биз учун қай таҳлит якун топганини биласиз, албатта. Ўша чемпионатда йигитларимизни қўллаш мақсадида Тошкентдан бир йигит қўлтиқтаёқда йўлга чиққанди. Унинг икки оёғи ҳам ишламас экан.

Узоқ йўл босиш баъзан тўрт мучаси соғ одамга ҳам оғирлик қилади. Аэропорт транзит йўлагида юкингни кўтариб, у ёқдан бу ёққа югуришнинг эса турган- битгани - азоб. Шу боис ҳам авиакомпанияларда ногирон йўловчиларга алоҳида хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган. Аммо ўша йигит бундай имтиёздан воз кечганди.

Яъни минг қийналмасин, ҳамма қатори ўзини эплади. Кейинчалик ундан нима учун бундай қилганини сўрадик ва жавобни эшитиб, карахт аҳволга тушдик: «Ўзбекистон терма жамоаси мухлисини аравада судраб юришларини хоҳламайман!» Ҳа, у ор қилган...

Шу йигит Ўзбекистон олимпия термаси иштирокидаги 3та ўйинни ҳам бевосита стадионда томоша қилди. Тўғрироғи, барчасини турган ҳолатда кузатди. Қўлтиқтаёғига суяниб турди. Терма жамоамиз эса бу ўйинларнинг барчасида мағлубиятга учради. Йўқ, охиргисида ғалаба қозонибди. Бироқ бу ютуқ тўйдан кейин керак бўлмай қоладиган «хина»дек эди.

Чунончи, олимпиячиларимиз иккинчи ўйиндан кейиноқ гуруҳдан чиқиш имкониятини йўқотиб улгуришганди. Аммо бирор футболчининг ўйинлардан кейин мухлислар олдига келиб, узр сўраганини кўрмадик.

Лоақал қўлтиқтаёғини дўқиллатиб, Дохадаги стадионларни бирма-бир кезган ўша йигитдан кўнгил сўраб қўйишса бўларди-ку...

Устозларимиз бир гапни кўп такрорлашади: «Сўз ишлатишда ўта эҳтиёт бўлинглар. Бемаврид гапириб, қийматини тушириб қўйманглар зинҳор». Ҳаётда баъзан шундай бўладики, сўз қадри айтилмаган вақтда баланд туради. Бошқача ифода этсак, қанча кўп такрорланса, қиймати шунча тушади. Оддий мисол, 100 йил олдин «Севаман» иборасини дуч келган жойда ва вақтда тилга олишмаган.

Ўрнига шунчаки, бошқача гапиришган: «Кўнглим бор» ёки «Яхши кўраман». Қизиқ томони, бу гапни бошқа тилга таржима ҳам қилолмайсиз. Масалан, «яхши кўраман»ни рус ёки инглиз тилида айтингчи, маъно буткул ўзгариб кетади.

Бунақаси фақат бизда бор. Чунки ота-боболаримиз севишлари ҳақида бонг уришмаган. Барчасини кўнгилда сақлашган, бор меҳрни эса амалда кўрсатишган.

Жуда иложи топилмай қолганида, балки «Яхши кўраман», дейишгандир, «Кўнглим бор» қабилида майл билдиришгандир. Аммо «Севаман»дан тийилишган. Энди эса бу сўзни ҳар куни киноларда минг марталаб эшитамиз. Шунинг учунмикан, олдингидай қадри йўқ.

Ватанпарварлик ҳам шунга ўхшаш алоҳида сўз. Тўғрироғи, ноёб хислат. Уни ҳар қадамда тилга чиқариш ярамайди, ичкарироқда сақлаш керак. Қалб тўридаги буюк туйғуни тилга чиқараверсак, қадри қоладими?

Шу боис ҳам, мен учун ватанпарварлик ҳақида бонг урадиганлардан кўра, Қатардаги стадионда қўлтиқтаёққа суяниб футбол кўрган ўша йигитнинг ҳурмати баландроқ.

Ватан ҳақида бирор марта гапирмай туриб ҳам, ҳаммасини амалда кўрсатиб қўйиш мумкин-ку. Мана, Ўзбекистон терма жамоасини олдинда бир-биридан муҳим 2та ўйин кутиб турибди.

Унинг ашаддий мухлисларидан бири ногиронлар аравачасига ўтиришдан ор қилиб, 2 минг километр узоққа боришда қўлтиқтаёғини қўйган эмасди. Шунақа орият футболчиларда ҳам бор бўлса, 2та ўйинда бир ўйнаб беришсин-чи!

Тайинки, бўлажак учрашувлар замирида терма жамоа тақдири ётибди. Демак, айни вақтда ватанпарварлик ва фидойилик ҳар қачонгидан ҳам керакроқ. Фақат тилда эмас, амалда... Шунинг иложи борми? Ўйлаймизки, йўқ эмас. Ахир барчамиз байрамона руҳда ватанпарварлик намунасини кўришга илҳақмиз!

Зафар ҚОСИМОВ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Оммабоп мақолалар

Термамиз етакчилари қандай фикрда?

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

  • Сизнингча, Олий лига-2017 ни қайси жамоалар тарк этади?


© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.