Қайднома

Қидирув

Ўзбек футбол жамоатчилиги муҳим ўйин олдидан қандай фикрда?

Ўзбек футбол жамоатчилиги муҳим ўйин олдидан қандай фикрда?

  31.08.2017 10:32
  0
  805
Ўзбек футбол жамоатчилиги муҳим ўйин олдидан қандай фикрда?

Ниҳоят, орзиқиб кутилган кун ҳам етиб келди, азизлар. Айнан бугун Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ЖЧ-2018 финал босқичига тўғридан-тўғри йўлланма берувчи иккинчи чипта учун курашишдаги имконияти ойдинлашади.

Сеулдаги ўйинни инобатга олмаган ҳолда, фақат ғалаба бизни орзуларимиз сари етаклайди. Ўзга натижа Жанубий Корея фойдасига ишлайди.

Тўғри, Эрон ҳалол ўйнаса, кореяликларни мағлуб этиши ёки улардан очко тортиб олиши мумкин. Лекин форслар бу йўлдан боришармикан?

Майли, гуруҳдаги иккинчи ўйинни ўйламайлик. Ахир, ҳаммаси ўз қўлимизда-ку! Икки ғалаба билан рақибларга ҳеч қандай имкон қолдирмайлик.

Футболчиларимиз борларини беришсин, ғурурни ҳамма нарсадан устун қўйишсин, керак бўлса, майдонда ғалаба учун ўзларини аяшмасин.

Биз бугунги ўйин олдидан мураббий ва футболчиларнинг фикрлари билан қизиқдик. Зеро, ҳар бир инсоннинг бу мавзу юзасидан ўз қараши ва фикри бор.

Азамат Абдураимов, мураббий:

- Мен бугунги учрашувни терма жамоамиз тарихидаги энг муҳим баҳс демаган бўлардим. Гуруҳнинг қолган икки ўйини жамоамизнинг ке­йинги тақдирига ойдинлик киритиб беради. Ҳар қандай ҳолатда ҳам Хитойга қарши кечадиган учрашувда мағлубиятга учрамаслик шарт. Бу энг муҳими! Агар енгилсак, ЖЧ-2018 финал босқичига тўғридан-тўғри чиқиш имкониятидан деярли маҳрум бўламиз. Хатто, сўнгги турда Кореяни мағлубиятга учратсак ҳам, бу бизга фойда келтирмаса керак.

Ҳар ҳолда кореялик футболчилар шундай муҳим паллада ўз майдонидаги ўйин­да очко йўқотишмаса керак. Шахсан мен Кореянинг Эрон устидан қозонадиган ғалабасига шубҳа қилмаяпман. Шу боис ҳам, Хитой билан ўйин­да чиройли футбол эмас, натижа учун ўйнаш керак. Иккинчи рақам остида тўп суриб, рақибни қарши ҳужумда тутиш лозим.

Бу Бабаян ва унинг штаби яхшигина ўзлаштириб олган тактика. Бежизга биз ўз майдонимиздан кўра сафар учрашувларида яхшироқ ўйнамаймиз. Шахсан мен 31 август кунги учрашувда терма жамоамиздан босиқ ва прагматик футбол кутяпман. Катта эҳтимол билан эски 4-2-3-1­­ схемасида ўйнашса керак. Асосий эътибор ҳимояга қаратилиб, тезкор ҳужумдан умид қилинади. Ўйлашимча, ўйин сценарийси мана шундай кўринишда бўлади.

Лекин биз тарихдан олиб қарасак, Хитой билан ўйинларда бир бош устун бўлганмиз. Аммо, бу сафар вазият бироз ўзгача. Хитой «плей-офф»дан умидини узмаган. Кичик имкониятдан максимал даражада фойдаланиб қолиш учун ҳаракат қилиши аниқ.

Шуларни инобатга олиб, бизнинг футболчилардан худди охирги финал ўйинида иштирок этаётгандек майдонга тушишларини сўрардим.

- Натижани тахмин қилиб кўринг.

- Жанубий Корея билан 5 сентябрь кунги ўйинга яхши кайфиятда тайёргарлик кўриш учун Хитойни мағлуб этиш шарт. Албатта, натижани тахмин қилиш мушкул. Лекин ишончим комил, биз мағлубиятга учрамаймиз.

- Марчелло Липпи ҳамкасби Бабаянни ўйинга тактика танлаш, футболчиларни руҳан тайёрлаш бўйича ортда қолдириши мумкинми? Ёки барчаси футболчиларимизнинг ўз қўлидами?

- Биз ҳозир Бабаян ўйинга қандай таркиб танлашини билмаймиз. Менимча, ўзи ишонган, синовдан ўтган футболчиларига суяниб, уларга имконият берса керак. Қирғизистон билан бўлиб ўтган учрашувда дарвозани Игнатий Нестеров қўриқлади. Билмадим нега, лекин Хитой билан ўйинда ҳам Бабаян Игнатга ишонч билдирса керак. Умуман олганда, сўнгги пайтларда мухлислар ва матбуот томонидан бўлаётган босим натижасида Бабаян ўзининг «пахтакорчилар»ига камроқ эътибор қарата бошлади.

У бошқа клубларда ўзини кўрсатаётган ўйинчиларга ҳам ишонч билдиряпти. Энди кеч эмасмикан, деган савол ҳам юзага келиши мумкин. Лекин терма жамоада мураббий симпатия қиладиганлар эмас, бугунги кундаги энг кучлилар ва муносиблар ўйнаши шарт. Кейин айни пайтда ўз клубларида ўйнамаётган, вақтини захирада ўтказаётган футболчиларни ҳам майдонга туширмаслик лозим.

Фикримча, Мусаев, Аъзамов, Мирзаев, Рашидов каби футболчиларга ишонч билдириш керак. Марчелло Липпи ва Самвел Бабаяннинг мураббийлик тажрибасини бир-бири билан умуман таққослаб бўлмайди. Италиялик мутахассис дунёдаги энг омадли мураббийлардан бири ҳисобланади. Липпи «айёр тулки» бўлиб, ундан ҳар қандай сюрпризни кутиш мумкин. Шунинг учун, футболчиларимиз ўзлари жон куйдириб ўйнашлари шарт.

Терма жамоа етакчилари Одил Аҳмедов, Игнатий Нестеров, Сервер Жепаров, Виталий Денисов... уларнинг ўйин кунги кайфиятлари ва ҳаракатлари кўп нарсани ҳал қилади. Биз Тошкентда Хитойни осон мағлуб этдик. Буни Уханда ҳам такрорлаш керак. Энг муҳими, мураббийлар штаби таркиб ва тактика танлашда адашмаса бўлгани.

- Бошланғич таркибда кимларни кўришни истардингиз?

- Ҳозир мен ўзимнинг вариантимни айтсам, бу Бабаян ва унинг ёрдамчилари учун ҳурматсизлик бўлади. Улар ҳозир натижага жавобгар бўлиб туришибди. Шуни аниқ айтишим мумкинки, мен Бабаяндан фарқ-ли равишда умуман бошқача схема ва тактика танлардим.

Жаъфар Ирисметов: «Пахтакор» спорт директори;

- Жаъфар ака, сиз ўз вақтида терма жамоамиз таркибида Хитойга қарши майдонга тушгансиз. Ўша ўйин ёдингиздами?

- Ҳа, ёдимда. Хитойда ўйнаганмиз ва адашмасам, 1:2 ҳисобида имкониятни бой бергандик.

- Ўшанда Хитой биздан кучли эдими?

- Кучли, деб бўлмайди. Жамоалар деярли тенг ўйин кўрсатишганди.

- Унда нега мағлубиятга учраган эдинглар?

- Тўғриси, ҳозир буни аниқ айта олмайман.

- Шахсан сиз 31 август кунги учрашувдан нималарни кутяпсиз?

- Ўйин жуда ҳам қийин бўлади. Бу нарсани аниқ айта оламан.

- Хитойни ниманинг эвазига мағлуб этиш мумкин? Бизга қайси томондан қийин бўлади?

- Мураббийларимиз ва футболчиларимизда кучли босим бўлиши аниқ. Психологик томондан ҳам қийинчиликка дуч келамиз. Бу ўйинда мураббийларимизга кўп нарса боғлиқ бўлади.

Дилшод Жабборов: «Нав­баҳор» ярим ҳимоячиси;

- Дилшод, Хитойга жўнаб кетган таркиб маълум. Нима деб ўйлайсиз, ундан бугунги кундаги энг кучли футболчилар жой олганми?

- Албатта, мураббий ҳаммасини кўриб туриб танлаган.

- Бу фикрингизга қўшилмайман. Вагиз Галиулин ва Вадим Афонин Россия чемпионати баҳсларида яхши ўйнашаётганди. Лекин уларнинг ўйинларини Бабаян бориб кўргани йўқ. Бу икки футболчи ҳақида фикрингиз қандай?

- Мураббий ўзига-ўзи душман бўлмаса керак. Ўзининг тактикаси ва ўйин услубига тушадиган футболчиларни танлаган.

- Кўпчилик бош мураббийни тактика танлашда уқуви йўқ, деб ҳисобламоқда. Бунга қандай қарайсиз?

- Нега энди, масалан, Бабаян «Пахтакор»ни ёш таркиби билан чемпион қила олди. Уни уқувсиз мураббий деб бўлмайди. Насиб қилса, иккала ўйинда ғалабага эришсак, ҳаммаси жойига тушиб кетади.

- Тўғрику-я, лекин бу ерда гап клуб эмас, терма жамоа ҳақида кет­япти?

- Нима бўлган тақдирда ҳам мураббий ва футболчиларимизга охиригача ишонамиз. Айни пайтда ўзга йўл ҳам йўқ.

- Сизнингча, Хитойнинг энг кучли жиҳатлари нимада?

- Энг катта устунлиги - бу тажрибали мураббийга эга эканлиги.

- Тасаввур қилинг, сиз терма жамоа бош мураббийисиз. Хитойга қарши ўйиндаги сиз танлаган бошланғич таркиб қандай кўринишда бўларди?

- Тўғриси, бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмаган эканман. Майли, ҳаракат қилиб кўраман. Дарвозада Игнатий Нестеров, ҳимоячилар - Ислом Тўхтахўжаев, Егор Кримец, Анзур Исмоилов, Виталий Денисов. Ярим ҳимоячилар - Одил Аҳмедов, Азиз Ҳайдаров, Сардор Рашидов, Сервер Жепаров, олдинги чизиққа Марат Бикмаев ва Темурхўжа Абдухолиқовни қўйган бўлар эдим.

- Ҳисобни тахмин қилиб кўринг.

- Ютишимизни жуда ҳам хоҳлаётган бўлсамда, лекин ўйинда дуранг натижа қайд этилса керак - 1:1. Ишқилиб, бу тахминим ўзини оқламасин.

Мурод Холмуҳаммедов: терма жамоага номзод футболчи;

- Мурод, бугунги Хитой терма жамоасининг энг кучли жиҳатлари нимада?

- Бу борада шахсий фикримни билдираман. Очиғи, Хитой терма жамоасининг биздан кучли жиҳатларини кўрмаяпман. Улар ҳам бизга ўхшаган жамоа. Термамиз барча даврларда Хитойдан ҳар томонлама устун бўлиб келган. Ҳозир ҳам шундай. 31 август кунги учрашувга келсак, битта гол ўйин тақдирини ҳал қилади. Омад кимга кулиб боқса, ўша жамоа ғалабага эришади.

- Мураббийлар ўртасидаги тактик кураш ҳақида нима дейсиз?

- Тўғри, Марчелло Липпи тактик жиҳатдан кучли мураббий бўлиши мумкин, лекин унутмайлик, майдонда мураббийлар эмас, футболчилар ҳаракат қилишади. Бизнинг ўйинчилар хитойликлардан кучли, деб биламан. Хитойга биргина устунлик берадиган жиҳат шуки, улар ўз мухлислари кўз ўнгида ўйнашади.

- Сизнинг танловингиздаги бошлан­ғич таркиб қандай кўринишда бўларди?

- Буни мураббий ҳал қилади. Тўғри, ҳар бир инсоннинг таркиб борасида ўз шахсий фикри ва қараши бўлади. Шу жумладан менинг ҳам. Таркибни бемалол тузиб беришим мумкин. Аммо буни ҳозир ошкор қилсам, терма жамоадаги дўстларимни хафа қилиб қўйишим мумкин.

Бир нарсани аниқ айта оламан, ҳозир Хитойга йўл олган 23 нафар футболчининг бари майдонга чиқиб, жон бериб ўйнашга тайёр. Қандай ўйин кутиб турганини жуда яхши билишади.

Энди муносабат ва ёндашув ҳам шунга яраша бўлиши керак, деб ўйлайман. Фурсатдан фойдаланиб, терма жамоамиз футболчиларига, мураббийлар штабига омад ёр бўлишини тилайман. Чин юртидан фақат ғалаба билан қайтишсин.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Оммабоп мақолалар

Термамиз етакчилари қандай фикрда?

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

  • Сизнингча, Олий лига-2017 ни қайси жамоалар тарк этади?


© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.