Қайднома

Қидирув

Сўнгги сўз ўрнида, «АЛВИДО» деб қоламизми?

Сўнгги сўз ўрнида, «АЛВИДО» деб қоламизми?

  31.08.2017 21:08
  1
  1404
Сўнгги сўз ўрнида, «АЛВИДО» деб қоламизми?

ЖЧ–2018 турнирига саралаш босқичи “А” гуруҳи 9-туридан ўрин олган Хитой – Ўзбекистон учрашуви мезбонларнинг кичик (1:0) ҳисобдаги ғалабаси билан якунлангани ҳақида хабар бергандик.

Энди навбат терма жамоа атрофида шу кунгача бўлган жараёнлар ҳақида фикр юритишга етиб келди деб ўйлаймиз бизнинг назаримизда.

Мағлубият шунчаки содир бўлмайди, яъни такрорий хатоларни бартараф этиш устига яна хатога йўл қўйиш бу ақлсизликнинг ўзгинаси холос.

Ҳар қандай холатда ҳам натижага бош мураббий жавоб бериши футболнинг асосий қонунларидан бири. Хаттоки илк ўйинида мағлуб бўлиб, истеъфога чиққан тажрибали устозлар ҳам топилади.

Шунингдек, бунинг акси, биргина ғалабадан кейин ҳам бўшаган мураббий ҳам тарихда учради. Буни Англия терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Сэм Эллардайс мисолида кўришимиз мумкин. Сўнгги саралаш босқичидаги 5 та мағлубиятнинг ўзи ҳам мураббийни ишдан бўшатиш учун гўёки камдек туюлмоқда.

Самвел Бабаяннинг Ўзбекистон терма жамоасига бош мураббий этиб тайинланганида унинг “Пахтакор” жамоасидаги натижалари инобатга олинганди. Тўғри, ўша мавсумларда унинг қўл остидаги “Пахтакор” анча яхши, сифатли ўйин кўрсатган. Бундай жиҳатлар эса миллий термадан Миржалол Қосимовнинг истефоси ва Бабаяннинг ўрнига иш бошлашига замин яратди.

Келинг, Миржалол Қосимовнинг миллий термага устоз бўлган вақтларини бир эсласак. Эрон сўнгги сонияларда Ҳалатборийнинг голи эвазига Тошкентдан 3 очко билан қайтди. Ўша туннинг ўзида эса ЎФФ расмий сайти Миржалол Қосимовнинг термага устоз бўлгани ҳақида маълумотни тарқатди.

Терманинг навбатдаги ўйини эса 5 кундан кейин Ливан термасига қарши ўтказиларди. Манаман деган футболнинг даҳоси ҳам янги жамоасига 5 кунда ўзининг фалсафасини киргиза олмаслигини ҳамма билади. Оқибатда роппа роса 5 кундан кейин Ливан билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйналди.

Кейинчалик қолган ўйинларда терма жамоа Қосимов қўл остида ишончли ўйинларни ўтказганини барча тан олади. Бироқ бир жиҳат борки, Жаҳон чемпионатига чиқишимиз керак. Афсуски, юклатилган вазифани Миржалол Қўшоқович ҳам уддалай олмади.

Шимолий Корея термаси билан ўтказилган ўйин (4:2) дан кейин Миржалол Қосимов ўз истагига кўра истеъфо берди. Самвел Бабаян - терманинг янги устози. Унинг вазифаси - 3-саралаш босқичидаги барча ўйинларда ғалаба қозониш эди. Вазифа уддаланди. Ўша вақтларда оддий мухлислар Самвел Бабаянни фаришта ёки футбол дахосига айлантиргани бор гап.

Аммо ўзбек футболи мутахассислари ҳали хулосага эрталиги, Бабаян ва унинг термасига бериладиган баҳони 4-саралаш босқичида бериш кераклигини таъкидлашди. Тўппа тўғри, содда рақибларни ютиб олишни терма жамоа бош мураббийсиз ҳам уддалай оларди. Олдинда эса Осиё гигантлари бизни кутиб турганлиги кўнглимизга озгина ғулғула солди.

Натижаларни қайтариб ўтириш шарт эмас. Кетма кет мағлубиятлардан кейин ЎФФ биносида Самвел Бабаяннинг истеъфоси масаласи бўйича навбатдан ташқари йиғилиш ўтказди. Унга олдиндаги 2 ўйинда имконият беришди. Ваҳоланки мана шунда уни истеъфога чиқаришнинг айни вақти эди. Ундан ташқари Бабаянни олиб қолишга ҳеч қандай асос ҳам топилмади. Имконият берилди, бас. Кутинглар...

Бабаян қўл остидаги терма жамоанинг ўйин услуби, ҳужумкорлиги борасида мақтана олмайди. Жиддий рақиблар у ёқда турсин, Сурияга ҳам мағлуб бўлдик. Ўзбекистоннинг футболга қизиқадиган 90 фоиз ахолиси ижтимоий тармоқларда #BabayanOut хештэги остида хабарларни тўлдириб ташлашди. Бироқ ўзбек футболида ХАЛҚ илтимоси ҲЕЧ ҚАЧОН ҳисобга олинмаслигини барчамиз яхши биламиз. Йўқ, бизда футбол халқ учун ўйналмайди. Барчаси театр.

Бабаян футболни хоҳласа ўнгга, хоҳласа чапга буриб, хоҳласа ерга ташлаб юборади. Яхшики Хитойга ютқазган вақтимизда эронликлар Жанубий Корея билан 0:0 ҳисобидаги дурангни қайд этди.

Сурия эса Қатарни 3:1 ҳисобида мағлуб этиб, 3-ўринни биздан тортиб олди. Хайрулла Ҳамидов айтганидек, умидлар сўнмагай. Биз фақат умид учқунларини ушлаб юраверамиз.

Бизда футбол транзисторлари ишдан чиққан. Биздаги футболимиз соати миллари орқага қараб айланмоқда. Поездимиз ортга юрмоқда.

Бундай ташланаётган қадамлар билан футболимизни олдинга силжита олмаймиз. Яна ўша факт, кейинги ўйинга 5 кун вақт қолди. Самвелни эса истеъфога чиқаришга энди жуда кеч бўлди.

Сўнгги сўз ўрнида эса “АЛВИДО” деб қолишимизнинг эҳтимоли янада юқорилашди! Барчаси қандай якун топади? Буни кейинга ўйин натижасига қараб баҳолаймиз.

Ҳа, кейинги ўйин, ва яна Эрон терма жамоасига мухлислик қиламиз. Тақдиримиз ўз қўлимизда эмас. Қачонки, мана шу ёмон одатдан қутула олсак барчаси кўнгилдагидек бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Жанубий Корея ўз майдонида Эрон билан дуранг ўйнади (0:0). Сурия терма жамоаси эса Қатарни 3:1 ҳисобида мағлуб этди ва учинчи ўринга кўтарилиб олди.

Ўзбекистон терма жамоаси сўнгги баҳсда Жанубий Кореяни мағлуб этган тақдирда ҳам Сурия термаси Эрон устидан ғалаба қозонадиган бўлса, гуруҳда иккинчи ўринни эгаллаб, тўғридан-тўғри жаҳон чемпионатига йўл олади.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон терма жамоаси 5 сентябрь куни Тошкентдаги “Бунёдкор” стадионида Жанубий Кореяга қарши баҳс олиб боради. Учрашув чипталарини “Бунёдкор” стадиони кассаларидан харид қилишингиз мумкин.


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Билдирилган фикрлар


Bizning itlar özganimas özni qopar,
bizning otlar oldga emas ortga chopar.
01.09.2017 09:24

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz