Қайднома

Қидирув

Муҳаббат ва нафрат

Муҳаббат ва нафрат

  01.09.2017 06:29
  0
  957
Муҳаббат ва нафрат

Ўтган мавсум якунларига кўра, ички чемпионатда учинчи ўрин, Европа Лигаси стартидаги шармандали натижа. ПСВ ишқибозларининг жамоа бош мураббийи Филлип Кокуга бўлган севги ва ҳурмати ўрнини нафрат ва тушунмовчилик эгаллади.

Яқин ўтмишда афсонавий футболчи сифатида эъзозланиб, мураббийлик фаолиятида турли мураккабликларга дуч келаётган мутахассис ҳақида билмоқчи бўлганлар қуйидаги мақола билан танишишлари мумкин.

Филлип Коку 2009 йили томошабинлар билан лиқ тўлган «Филипс» стадионида хайрлашув учрашувини ўтказганида, миллат муҳаббатига ҳеч нарса тўсқинлик қилолмайдигандек туюлганди. 30 минглик аудитория уни тик турган ҳолда кузатиб қўйишганди.

Коку ПСВ таркибида 200га яқин ўйин ўтказган. Ҳа, у навқиронлик пайтида «Барселона» сафига қўшилди, аммо фаолияти якунида ортга қайтди. Икки марта Голландия чемпионатида ғолиб чиқиб, клуби билан ЕЧЛ ярим финалигача чиқиш учун қайтди.

Ўйинчилик даври тугагач, Коку тезда мураббийликни бошлаб, қадрдон ПСВнинг ўсмирлар жамоаси ҳамда терма штабида ишлади. Берт ван Марвейкка ассистентлик қилиш жараёни унга ноёб тажриба вазифасини ўтади - 2010 йили «учар голландлар» жаҳон чемпионати финалига чиқишди.

Кокудан ажойиб мутахассис етишиб чиқишига ҳеч ким шубҳа қилмаганди. Ўтмишда терма жамоа ва клубида сардорлиқ боғичини таққан ўйинчи янги ролга идеал тарзда мос тушарди.

Илк бор катталар футболида мустақил равишда ишлаш имконияти 2012 йилнинг мартида вужудга келди. Ўшанда Фред Рюттен истеъфога чиққач, Коку унинг ПСВдаги ўрнини вақтинча эгаллади.

Орадан бир ой ўтар-ўтмас, эйндховенликлар янги устоз қўл остида «Хераклес»ни 3:0 ҳисобида енгиб, Голландия кубогини қўлга киритишди. Дарвоқе, айнан Коку ёшларга кўпроқ ишонч билдира бошлади.

Унинг ташаббуси билан асосий таркибга Мемфис Депай киритилди, тажрибали Иссаксоннинг дарвозадаги ўрнини эса Пшемислав Титонь эгаллади. Натижа ўзини узоқ куттириб қўймади - мавсум чемпионатдаги қаторасига 5та ғалаба билан якунланди.

Шунга қарамай, раҳбарият малакали Дик Адвокатни таклиф қилишга бел боғлади. Коку эса 19 ёшлиларни шуғуллантирадиган бўлди. Ўз навбатида, у терма штабидаги ишини ҳам давом эттирди.

Узоқ кутилган воқеа 2012|2013 йиллар мавсумида рўй берди - Коку ниҳоят, эйндховенликлар бош мураббийига айланди. Тўрт йиллик шартнома раҳбариятнинг тўлиқ ишонч билдираётганидан далолат берар, энди ёш мутахассис севимли ишини хотиржам бажараверарди.

Коку қўл остидаги Депай, Виллемс, Локадия ҳамда Вейналдум сингари футболчилардан иборат ёшлар отряди илк мавсумда барқарорликка эришолмади. Октябрдан декабрга қадар ПСВ 8 марта мағлубият аламини татиб кўрди.

Аммо мураббийни истеъфога чиқаришмади. 2014 йилнинг баҳорида Кокунинг ўзи ишдан вақтинча четлашмоқчи эканини билдирди. Сабаб - белини дарҳол операция қилдириши керак эди. Хайриятки, тиббий амалиёт муваффақиятли якунланди ва Коку ортга қайтиб, кейинги мавсумдаёқ жамоасини ғолиблик сари етаклади: 2008 йилдан буён дастлабки, клуб тарихида эса 22-чемпионлик қўлга киритилди.

Кейинги йили «Аякс»га қарши кечган оғир курашдан сўнг ПСВ унвонини ҳимоя қилди. Қўшимчасига, 8 йиллик танаффусдан сўнг жамоанинг Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичига чиқиши қўшимча бонусга айланди.

Бироқ сўнгги (2016|2017) мавсумда Коку жамоаси ишончни оқламади - ЕЧЛда ўз квартетида сўнгги ўрин, маҳаллий чемпионатда 3-поғона - ишқибозларни қониқтирмаслиги тайин. Эндигина бошланган мавсумда ПСВ Европа Лигасини тарк этди: Хорватиянинг «Осиек» клубига имконият бой берилди (0:1, 0:1). Кокунинг мухлислар билан муносабати бузилди.

Фанатларнинг фикрича, у мураббийликдаги ишини бажариб бўлди ва дарҳол кетиши керак эди. Мутахассиснинг ўзи эса барчасини сабр ёрдамида енгиш мумкинлиги, бу йўлда еврокубоклардаги шармандали натижа ҳам тўсиқ бўлолмаслигини таъкидлади.

Вазиятни ўнглаш учун ички чемпионат бор. Янги мавсум стартида ПСВ ўз уйида АЗни енгди - 3:2. Рақиб жамоанинг мавқеи мавжуд муаммони енгиш учун етарли эди.

Қолаверса, сафарда «Бреда»нинг ҳам мағлубиятга учратилиши (4:1) омадсизликларни вақтинча унутиш учун кифоя қилса керак.

Д.ПАРПИЕВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz