Қайднома

Қидирув

Криштиану Роналду: Йигитлар, сўровда адашмадингиз!

Криштиану Роналду: Йигитлар, сўровда адашмадингиз!

  02.09.2017 03:34
  0
  2744
Криштиану Роналду: Йигитлар, сўровда адашмадингиз!

«Реал» клуби ва Португалия миллий жамоаси Криштиану Роналду ўз коллекциясидаги «Кумуш футболка»лар сонини 3тага етказгач, журналистлар билан расмий учрашувда ғоят хушчақчақ кўринди.

Яққол сезилиб турдики, унга Монако сафари жуда ёқади - соврин кетидан соврин, мукофот кетидан мукофот.

У бутун вақт давомида ҳазиллашди, кулди ва энг яхши аёл футболчилар сифатида эътироф этилганларга мақтов ёғдиришдан чарчамади.

- Доимо «Реал» клуби ва Португалия терма жамоаси ёрдамисиз бирорта индивидуал соврин ютолмаслигингизни таъкидлайсиз. Бу тўғри. Аммо ҳужумчилар бу борада ҳамиша устунликка эга эканликларини ҳам тан олиш жоиз. Мана, барча совринлар айнан сизга насиб этяпти.

Бугун Монакода клубдошларингиз - Серхио Рамос ва Лука Модрич ёнингизда туришди. Хуллас, совринни нуқул сизга топширишаётгани адолатсизликдек кўринмаяптими? Эҳтимол, улар бош соврин учун сиздан кам хизмат қилишмагандир...

- Бу адолатданми ёки йўқ? Очиғи, билмадим. Бунга шунчаки, жавоб саволи билан мурожаат қилишим мумкин. Сизлар стадионга айнан нима учун кирасизлар?! Тўппа-тўғри - голлар кўриш, мароқли томоша учун.

Шундай экан, биринчи навбатда, ҳужумчиларга эътибор қаратишлари табиий ҳол. Ҳа, тан олишим керак, баъзан ҳимоячилар ҳам ҳал қилувчи голларга муаллифлик қилишади. Бироқ... (кулади). Қисқасини айтганда, йигитлар, танловда адашмадингиз, менга овоз беришда давом этинг!

- Илк индивидуал совринни 2008 йили, яъни деярли 10 йил олдин қўлга киритгандингиз. Ортда қолган вақтда футбол нечоғли ўзгарди?

- «Ўзгарди» ибораси замирида нимани назарда тутяпсиз?

- Услуб, тезлик...

- Жиддий ўзгариш бор, деб ўйламайман. Ҳарқалай, ўйиннинг ўзи ўша-ўша. Аммо футбол атрофида ҳаммаси мутлақо бошқача. Қандайдир телбалик! Муҳими, 10 йил ўтган бўлсада, ўзимни ҳамон ёш йигитдек ҳис қиляпман. Шунингдек, совринларга янада ташнароқман!

... Шу орада суҳбатга евромавсумнинг энг яхши аёл футболчиси - Лике Мартенс қўшилиб, Роналдиньони ёшликдаги кумири сифатида тилга олди. Роналду эса бунга ҳазил тарзида шунчаки, қиёфасини буриштириб, ўзини ҳамроҳидан норозидек кўрсатди.

- Майли, майли, - деди Лике ҳам бўш келмай. - Кейинроқ Роналду ва Месси ижросидаги ўйинларни ҳам диққат билан кузата бошлаганман.

- Ҳозирча сизга «бўйсинмаган» ягона соврин - бу жаҳон кубоги. Хўш, яқин келажак учун бош режангиз сайёра биринчилигида ғалаба қозонишми ёки клуб миқёсидаги турнирлар муҳимроқ?

- 2 йилча олдин ҳам Португалия термаси оддий жамоа саналарди. Бошқача айтганда, савия бобида Германия ва Испания термаларидан пастда турарди. Мана, Европа чемпионатида зафар қучишни уддаладик.

Аммо шошилманг, биз ЖЧ-2018 финал босқичи йўлланмасини қўлга киритганимизча йўқ. Табиатан олдинга битта-битта қадам ташлашга мойилман. Шундай экан, келинглар, булутлар узра сузиш ўрнига реал ва соғлом фикрни сақлаб турайлик.

- Жорий ЧЛда қайси клубни асосий рақобатчи ўрнида кўряпсиз?

- Рақобатчилар - олдинги йиллардаги ўша-ўша клублар. Бош даъвогарлар - «Реал», «Барселона», «Бавария», «ПСЖ», «Ювентус»... Умид қиламанки, кубокни кетма-кет учинчи марта бошимиз узра баланд кўтарамиз.

- Биз эса яна узоқ вақт юқори савияда ўйнашингиздан умидвормиз. Бироқ Роналду ва Месси эраси тугагач, энг яхши мақомига ким бош даъвогар сифатида гавдаланади, сизнингча?

- Яхши савол. Ажойиб савол! Ҳа, охирги йилларда фақат икки ном янгради: Месси ва Роналду, Роналду ва Месси... Кўриб турибмиз, катта салоҳиятга эга ёшлар кўп. «Реал»дан бошлайман ва Асенсиони тилга оламан.

Кейин Неймар, Мбаппе... Яна «Боруссия»даги йигит бор, исмини эслолмаяпман... Дембеле! Қолаверса, Азар, Рашфорд... Ўйлашимча, 10-15 нафар футболчида бизнинг ўрнимизни эгаллаш имконияти мавжуд.

Роналду бирдан бироз тўхтаб, мавзуни ўзгартирди:

- Лике биринчи марта шундай соврин олди. Келинглар, уни табриклаб, олқишлайлик!

Бош лауреат шу тариқа салгина хижолат тортган голландиялик футболчини табриклади. Оммавий суратга тушишдан кейин эса яна бир бора баланд овозда такрорлади:

- Барчангизга раҳмат. Айнан менга овоз берганингиздан миннатдорман! Шу руҳда давом этинг!

Роналду якунда хандон отиб кулиб юборди. Ваҳоланки, у вақтида турли важ-карсонлар ва можаролар билан тақдирлаш маросимига ташриф буюришдан бош тортганди. Энди эса Монако томон ҳар сафар катта мамнуният билан учишга тайёр...


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz