Қайднома

Қидирув

Олий лига клубларининг стадионлари ҳақида нималар биласиз?

Олий лига клубларининг стадионлари ҳақида нималар биласиз?

  04.09.2017 00:13
  0
  1176
Олий лига клубларининг стадионлари ҳақида нималар биласиз?

Стадион кўрки мухлислар билан. Бу исбот талаб қилмайдиган аксиомадир. Дарҳақиқат, рақиб дарвозабонини ожиз қолдирган футболчи қувончини ким билан баҳам кўради? Албатта, трибунада жамоасини олқишлаётганлар билан.

Тўғри, айни дамда ҳам олий лига жамоаларимиз ўйинларига келадиган ишқибозлар оқими билан мақтанолмаслиги мумкин. Аммо мустақиллик йилларида юртимизда жаҳон стандартларига тўлиқ жавоб берадиган стадионлар барпо этилиб, эски ареналар эса замонавий қиёфа касб этиши, майдонлар ҳолати анча яхшилангани чиройли футбол намойиш этишга шароит яратиб берди.

Табиийки, бу - стадионларда миллионлар ўйинини яна жонли томоша қилишга иштиёқманд ишқибозлар салмоғини бирмунча оширди. Демак, бугун олий лига жамоаларининг «уйлар»ига бирма-бир кўз югуртирамиз.

«Бунёдкор»: «Бунёдкор» стадиони

Юртимиздаги энг кўркам арена дея эътироф этиладиган «Бунёдкор» стадионида шу номдаги клуб ҳамда Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўз уй учрашувларини ўтказиб келади.

Замонавий дизайн асосида қад ростлаган «Бунёдкор» том маънода бугунги кунда Ўзбекистоннинг фахрига айланиб улгурди.

Мазкур стадион 2012 йилнинг 29 август куни фойдаланишга топширилган. «Қалдирғочлар»нинг уй стадиони ўз бағрига 34 800 мухлисни сиғдира олади. Унинг майдон ўлчами - 105х68. Стадион ОФК ва ФИФАнинг энг юқори тоифадаги стадиони сертификатига ҳам эга.

«Бухоро»: «Марказий» стадиони

«Бухоро» жамоаси рақибларини 2002 йил ишга туширилган  «Марказий» стадионда қабул қилмоқда. Улуғбек Бақоев шогирдларининг шиддатли ва ҳужумкор ўйинлари боис сўнгги пайтларда энг кўп томошабин айнан Бухорода кузатилмоқда.

Ушбу стадион 20 400 ишқибоз учун мўлжалланган. Умумий ер майдони анчагина «Марказий»да ногиронлар учун 1000 та махсус жой ажратилган. Бу борада юртимиздаги ҳеч бир стадион «Марказий» билан тенглашолмайди.

«Динамо»: «Динамо» стадиони

Самарқандликлар уйи вазифасини шаҳар марказида жойлашган «Динамо» стадиони бажаради. Мазкур арена 1962 йилда барпо этилган. Шу кунга қадар бир неча бор қайта таъмирни «боши»дан кечирди. Айни пайтда «Динамо» стадионида 13 800 мухлис футбол томоша қилиш имкониятига эга. Баъзи кучли жамоаларга қарши ўйинларда бу сиғим кичиклик қилаётгани ҳам бор гап.

«Локомотив»: «Локомотив» стадиони

«Темирйўлчилар»га мезбонликни пойтахтимиздаги энг кўркам «Локомотив» стадиони бажаради. Ўзбек футболининг юз йиллиги муносабати билан 2012 йилда барпо этилган ушбу арена бор-йўғи 8 минг мухлисни ўз бағрига сиғдиради.

Стадион ҳар томонлама футбол ишқибози учун қулай. Унинг ҳар бир нуқтасидан, ҳаттоки, дарвоза ортидаги сектордан ҳам майдонда кетаётган ўйинни бемалол томоша қилиш имконияти мавжуд. Бироқ амалдаги чемпион иштирокидаги учрашувларнинг аксариятида стадионнинг ярми ҳам тўлаётгани йўқ.

«Машъал»: Баҳром Вафоев номидаги стадион

1980 йиллар бошида Муборак шаҳрининг футболсевар ёшлари жамоа тузиш ташаббуси билан чиқдилар. Муборак технологик транспорт ва махсус техникалар корхонасининг раҳбари Баҳром Вафоевнинг саъй-ҳаракатлари ортидан 1982 йили футбол жамоасига асос солинди. 

Катта мақсадларни кўзлаган футболчилар илк мавсумдаёқ вилоят биринчилигида муваффақият қозониб, Республика биринчилигига йўлланма олишди.

Шу йилларда айнан Баҳром Вафоевнинг ташаббуси, Муборак газни қайта ишлаш заводи, Муборак газ ишлаб чиқариш бош­қармаси, бошқа ҳомийлар кўмаги ҳамда ҳашар йўли билан шаҳар марказида стадион қуриб битказилди. Ушбу стадионга кейинчалик айнан Баҳром Вафоев хотираси учун унинг номи берилди. 9000 мухлис «Машъал»ни уй учрашувларида қўллаб-қувватлаб туриш имкониятига эга.

«Металлург»: «Металлург» стадиони

Илгари меҳмонларни Бекобод шаҳридаги А. Анохин номли стадионда қабул қилган «Металлург» ҳам 2012 йилда шахсий ўз «уй»ига эга бўлди. 2012 йилги чемпионатнинг 14-туридан ўрин олган «Металлург» - «Пахтакор» баҳси айнан янги «Металлург» стадионида ўтказилди. 15 минг бекободлик ўз жамоасининг ўйинларини бевосита стадиондан кузатиш имкониятига эга.

«Навбаҳор»: Марказий «Навбаҳор» стадиони

1980 йилда ҳашар йўли билан қуриб битказилган «Навбаҳор» стадионида севимли жамоасини 30 мингдан зиёд томошабин қўллаб-қувватларди.  Тўлиқ таъмирланиб, 2014 йилнинг иккинчи ярмида қайтадан фойдаланишга топширилгач, мухлислар сиғими бироз пасайди - 21 752 нафар. «Навбаҳор» иштирокидаги баъзи ўйинларда кўп ишқибозлар стадион ташқарисида қолиб кетишмоқда.

«Насаф»: «Насаф» марказий стадиони

«Марказий» 2006 йилда фойдаланишга топширилган, 2009 йил «Насаф» футбол клуби ихтиёрига берилган. 2016-2017 йиллари стадион тўлиқ реконструкция қилинди. Натижада ўриндиқлар сони 16 000тадан 21 000тага ошди. Ушбу аренадаги майдон ўлчами - 104х68.

«Нефтчи»: «Истиқлол» стадиони

Юртимизда қуриб битказилган стадионларнинг энг сўнггиларидан бири Фарғона шаҳрида қад ростлаган «Истиқлол»дир. «Нефтчи» жамоа­сининг ушбу кўркам стадиони 20000 томошабинга мўлжалланган. 2015 йилнинг 18 март куни очилиш маросимини ўтказган «Истиқлол» майдонининг ўлчами 107х95 ни ташкил этади.

«Обод»: «Жар» ва ТТЙМИ стадионлари

Олий лига иккинчи даврасида иштироки даставвал сўроқ остида турган «Обод» сал бўлмаса, стадионсиз қолиши ҳам ҳеч гап эмасди. Мавсумнинг биринчи қисмида рақибларини «Жар»­га таклиф этган «ободчилар» энди бу аренани «Пахтакор» ёшларига бўшатиб беришди. «Обод» футболчилари эса «Локомотив» жамоаси ёшлар таркиби ўйнайдиган ТТЙМИ стадионига кўчиб ўтишди. Мазкур арена 6010 нафар томошабинга мўлжалланган. Олий лигада аранг «жон» сақлаётган аутсайдер жамоаси ўйинларига аниқки, 1000 нафарга яқин мухлис келиши ҳам амримаҳол.

«Олмалиқ»: ОКМК спорт мажмуаси стадиони

ОКМК спорт мажмуасини барпо этиш ишлари 2011 йилда бошланиб, 2014 йилнинг март ойида тамомланган. Мажмуа қоқ марказидан ўрин олган стадион 12 минг нафарга яқин мухлисни сиғдира олади. Майдон ўлчами 105х68 метр. Ушбу аренанинг очилиши маҳаллий жамоага омад келтирган. Яъни, «Олмалиқ» ва «Металлург» жамоалари ўзаро баҳслашган учрашувда мезбонлар 3:2 ҳисобида зафар қучишган.

«Пахтакор»: «Пахтакор» стадиони

Бу стадионга «энг» эътирофи жуда ярашади. Аммо биргина истиснони ҳисобга олмаганда. Яқингача «Пахтакор» асосий рақобатчилари билан кураш олиб бораётганда ҳам атиги бир неча юз мухлис олқиши остида тўп сурарди.

Пойтахтнинг энг кекса клубига Шота Арвеладзе келгач, мухлис йиғиш бобида «энг»ни ўзиники қилишига шубҳа қолмаяпти.

Дарвоқе, «Пахтакор» марказий стадиони 1956 йилда қуриб битказилган. Ўшанда жамоа ўйинларини 55 минг киши томоша қиларди. 2008 йил стадион тўлиқ қайта таъмирдан чиқарилди.

Замонавий ўриндиқлар ўрнатилди. Худди хорижий жамоаларники каби ўриндиқлар клуб либоси рангига бўялди. Футболчилар, ҳакамлар, журналистлар ва мухлисларга имкон қадар яхши шароитлар муҳайё этилди. Стадион сиғими эса 34 мингга туширилди.

«Сўғдиёна»: «Сўғдиёна» стадиони

Янги «Сўғдиёна»нинг бунёд этилганига ҳам унча кўп вақт бўлгани йўқ. 2015 йилнинг 26 июнь санасида ушбу арена фойдаланишга топширилганди. Мана шундан буён «Сўғдиёна» уй учрашувларини ушбу стадионда ўтказиб келмоқда. Таъкидлаш керакки, машҳур арена 11 650 мухлисни сиғдиради. Ҳозирда «Сўғдиёна» иштирокидаги учрашувларни кўпи билан 3-4 минг мухлис бевосита стадиондан кузатмоқда.

«Шўртан»: «Шўртан» стадиони

Аслида Ғузордаги марказий стадионда 10 417 нафар ишқибоз учун шароит бор. Аммо «Шўртан» мухлислари ҳам кўп эмас. Ушбу иншоот ўтган асрнинг 70-йилларида ҳашар йўли билан барпо этилган. Ихчамгина стадион ўзига хос услубда барпо этилган ва бир пайтлар ОФК кубоги баҳсларининг гуруҳ учрашувларига ҳам мезбонлик қилган.

«Қизилқум»: «Ёшлар» спорт мажмуаси

Навоийликларнинг уй стадиони ­­11 ­­650 мухлисга мўлжалланган. 2014 йилнинг 2 майида фойдаланишга топширилган мазкур мажмуа Навоий шаҳрининг энг кўркам иншоотларидан бири саналади.

«Қўқон -1912»: «Марказий» стадион

Олий лиганинг жорий йилги мавсумида барчани ўзининг ажойиб ўйин­лари ва қайд этаётган натижалари билан ҳайрон қолдираётган жамоа  «Қўқон-1912»дир.

Зеро, жамоа мусобақа жадвалида етакчилар қаторида бормоқда. Рақибларига сюрпризлар тайёрлаётган клубдан мухлислар ҳам шундай «совғалар»ни кутишга ўрганиб қолишди. 10 000 ишқибозга мўлжалланган «Марказий» стадионнинг деярли ҳар бир учрашувда тўлаётгани бежиз эмас.

Зокир ШОҲ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

Карлес Пуйоль - Ўзбекистон терма жамоасини бошқаришга тайёр!

Хозирча сўровнома ўтказилмаяпти.

© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.