Қайднома

Қидирув

Бугун терма жамоамизнинг саралашдаги охирги ўйини

Бугун терма жамоамизнинг саралашдаги охирги ўйини

  05.09.2017 04:41
  0
  1087
Бугун терма жамоамизнинг саралашдаги охирги ўйини

Муҳтарам мухлис! Биламиз, бугун кўнглингизга ортиқча гап-сўз сиғмайди. Хаёлингизда оқшомги ўйин. Балки фантазиянгизда вакилларимиз рақиб дарвозасига кетма-кет гол уриб, сўнгги тур «сенцасия»сини нишонлашаётгандир. Бўлиши, юз бериши мумкин ҳодиса бу. Йўқ, «Хаёлдами?» деб истеҳзоли кулимсираманг.

Ширин фантазиянгиз реал ҳаётга кўчиши ҳеч гап эмас. Нима, «қизил фурия» кучли ҳимоя қўрғонига  ва Жанлуижи Буффондек қоя киперга эга Италия терма жамоаси дарвозасига жавобсиз 3та тўп йўллаганда, бизнинг футболчилар корейсларга қарши кечадиган ҳал қилувчи, ўта муҳим учрашувда бу ишни амалга оширолмайдиларми?

Уддалашади, аниқроғи, йирик ҳисобда ғалаба қозониш учун асос ҳам, имкон ҳам мавжуд. Фақат яна бир нарса талаб этилади - ҳаддан зиёд кучли иштиёқ. Узр, иштиёқ ҳақида сўз очиб, кайфиятингизни буздик.

Чунки ҳар сафар мағлубиятдан сўнг йигитларимизда уйғонадиган иштиёқ ҳаммамизга маълум. Улар «Ғалаба учун майдонда жон беришга тайёрман, акс ҳолда, футболни йиғиштираман!» қабилидаги умидбахш ваъдалар эвазига мухлисларда кейинги ўйинга нисбатан иштиёқ уйғотишмоқда...

Очиғи, мухлисларга руҳий таъсир ўтказишга уста бўлиб кетишди айрим футболчилар. Айниқса, Игорь Сергеев. Назаримизда, у «Айтилган сўз - отилган ўқ» мақолидан мутлақо бехабар, чоғи. Одил, Азиз, Ислом каби тажрибали футболчилар бу мақол аҳамиятини тушунтириб қўйишса яхши бўларди.

Газетамиз саҳифаларида «Ғалаба учун майдонда жон беришга тайёрман!» дея айнан Игорь тушмагур баёнот берганди. Истиқлол байрами ва Қурбон ҳайити арафасидаги аламли ўйинда эса унинг сўзлари шунчаки, қуруқ ваъда, мухлисларга вақтинча ёлғон юпанч эканлиги ўз исботини топди. Хуллас, футболчиларимизда ўйиндан аввал ёки кейин уйғонадиган иштиёқ хусусида бежиз сўзламаяпмиз. Бундай мағзи пуч юпанчларга энди ҳеч бир мухлис ишонмайди.

Зеро, ҳақиқий иштиёқ футболчида айни ўйин чоғи уйғонади ва уни 90 дақиқа ғалаба йўлида тинимсиз ҳаракатланишга ундайди. Агар бугун оқшомда футболчиларимиз қалбида шундай иштиёқ гулхани ловулласа, миллий жамоамиз «қизил фурия» ишини такрорлашига ишонсак бўлади. Сезиб турибсизки, ишончнинг шарти - биз назарда тутаётган барча имконларни юзага чиқарадиган том маънодаги иштиёқ!

Бундай портлаш эффектини бокс бўйича Гамбургда ўтказилган жаҳон чемпионати финалида Шаҳрам Ғиёсов ҳаракатларида кўрдик. Олтин медаллар йўли бўлган жанглардаги воқеалари ривожи ҳаммамизга маълум. Сўнгги умид Шаҳрамнинг шижоати, шашти ва шиддатига боғлиқ бўлиб қолди. Ўша шашт, ўша шижоат, ўша шиддат финалда Шаҳрамнинг бутун вужудини чулғаб олди гўё. У чемпионлик унвонини, олтин медални ўйламади бу принципиал баҳсда.

Шунчаки, кубалик Иглесиасни Бектемир учун, Ҳасанбой учун, миллий жамоамиз мағлубиятидан сўнг қалбларида алам ўти ёнаётган футбол мухлислари учун аёвсиз савалади. Шаҳрамнинг адолатсизликка чидамаган ва қувватга айланган исёни муштларига тўпланиб, Иглесиасга зарба бўлиб ёғилаверди. Шерюрак боксчимиз бутун Ўзбекистон нигоҳи ўзига қаратилганини ҳис қилди ва жонажон ВАТАНИ учун шон-шараф, ҳаёт-мамот жангини ўтказди.

Ҳал қилувчи паллада барча имкони ва қудратини намойиш этишга қодир бундай ўғлони бор юртнинг юки ҳеч қачон ерда қолмайди.  Эътибор беринг, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон термалари халқаро бокс федерациясининг энг нуфузли турнири - жаҳон чемпионати етакчиларига айланди.

Бу рўйхатда АҚШ, Европа вакиллари ёки Россия йўқ. Ўзбекистон бокси - етакчилар байроқдори. Офарин! Етакчи деганнинг иши шунақа бўлади. У шоҳсупадан тушишни хоҳламайдиганларни нари суради ва ўзининг шон-шавкати учун йўл очади. Афсуски, Осиё футболида бунинг акси кўзга ташланади.

Қитъамиз футболи етакчилари фақат шу муҳитдагина савлат тўкишади. Ҳаттоки, Япония ва Ж.Корея терма жамоалари ҳам еврофутбол қошида тиз чўкишади. Ҳа, вакилларимиз еврофутбол қаршисида қалтирайдиган терма жамоани енгиш ҳақида бош қотиришмоқда. Ҳолбуки, бош қотириш уят. Улар, ана, боксчиларимиздан ўрнак олишсин.

Хўш, мамлакатимизда Шаҳрам каби бутун борлиғини ғалабага бахш айлайдиган 11 нафар футболчи топилмайдими? Топилади! Ҳамма гап ўша 11 нафар мард ўғлонни топиш ва бош жамоамизга жалб қила билишда. Иш шунинг ўзи билан битмайди. Испания ва Италия терма жамоалари ўртасидаги учрашувнинг 6-дақиқасида Серхио Рамос жарима зарбаси тепди.

Тўп мўлжалдан ноаниқ кетди. Энг қизиғи, орадан ҳеч қанча ўтмай, айнан ўша нуқтадан яна жарима зарбаси йўллаш имкони туғилди. Лекин Рамос бу сафар «стандарт»га яқинлашмади. Демак, у «Биринчи сафар сал адашдим, энди хато такрорланмайди» қабилидаги фикрдан йироқ.

Айрим футболчиларимиздан фарқли ўлароқ, Серхио майдон демократиясига мойил. Хуллас, зарба йўллашга Андрес Иньеста, Давид Сильва ва Иско ҳозирланишди. Аммо Иньеста ва Сильва каби таниқли футболчилар Искога жой бўшатишди. У эса жамоадошлари ишончини оқлади, ҳақиқатан, етук спорт формасида эканлигини исботлади.

Аёнки, Иско аввалдан жарима зарбасини йўллашга ҳозирланиб юрган ва шу боис, бу ишни қойилмақом даражада уддалади. Бизни қойил қолдирган жиҳат - Иньеста ва Сильванинг унга йўл беришгани. Ёшлик ғайрати ва тараққиётни тан олиш дейилади бу ҳолат. Терма жамоамизда эса масъулиятли вазифалар ҳамон бир-икки тажрибали футболчи зиммасида.

Наинки, бош мураббий, балки ўша тажрибали ижрочиларимизда ҳам аслида мардлик хислати етишмайди. Улар «Сардор, Жамшид, асдойдил шуғулланинглар! Жарима зарбаларини бундан кейин икковингиз тепасизлар!» дейишганмикан бирор марта? Йўқ, айтишмаган, бизнингча. Негаки, айтилган фикр майдонда ўз исботини топсагина қадрлидир.

Саша 50 ёшида ҳам жарима зарбасини маҳорат билан ижро этаверади. Лекин бу ҳол унга ҳамиша ишонч билдириш ҳуқуқини бермайди. Бунақада футболимиз ривожланмайди. Ана, 17 ёшли Бенжамин Вудберн Уэльс термасига ғалаба келтирган ягона гол муаллифига айланди. У келажакда етук футболчи бўладими ёки йўқ - буниси номаълум. Энг муҳими, унга терма жамоасидан жой ажратилди.

Самвел Бабаян учун эса Игорь Сергеев дейлик, Жавоҳир Сиддиқовдан афзал, Сервер Жепаровнинг тажрибаси Жамшид Искандеровдаги шижоатдан устун. У - «оғир» машинада юриш тарафдори. Шунинг учун ҳам асосий учрашувда Азиз Ҳайдаров, Сардор Мирзаев ва Александр Гейнрих каби нисбатан «оғир» футболчиларни захирадан майдонга туширди.

Мураббий Фозил Мусаев, Темирхўжа Абдухолиқов ва Шерзод Аъзамов каби йигитларнинг асосий таркибда ҳаракатланишларини ҳазм қилолмайди, шекилли. Шу боис аслида омади юришмай, бир неча вазиятда гол уролмаган Хитой термасини омадлига чиқаряпти...

Муҳтарам мухлис! Юқорида айтганимиздек, бугун унча-мунча гап-сўз кўнглимизга сиғмайди. Шундай бўлсада, кўнглимиздагини ёздик. Билингки, ватанимиз футболи ва унинг шаъни бугунги ўйин натижасидан юксакроқдир.

Футболимиз шу биргина ўйин натижасига қараб қолмаган. Футболчилар ўзлари исташса, марҳамат, ғалаба қозонишсин ва шунга яраша олқиш олишсин. Нима бўлган тақдирда ҳам, мазкур ўйин асаббузарликлар, депсинишлар интиҳоси ва янгиланиш ибтидоси сифатида тарихга муҳрланади. Саломат бўлинг!

Муҳаммад Вали


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz