Қайднома

Қидирув

ЖЧ-2018 саралаш. Осиё. Бугунги ўйинлар ва бизнинг тахмин

ЖЧ-2018 саралаш. Осиё. Бугунги ўйинлар ва бизнинг тахмин

  05.09.2017 06:18
  0
  776
ЖЧ-2018 саралаш. Осиё. Бугунги ўйинлар ва бизнинг тахмин

Мана, ЖЧ-2018 саралаши учинчи раунди финишига ҳам етиб келдик. Бу сафарги квалификация жанглари тактик курашларга бой бўляпти.

Эрон ва Япония термалари мисолида авлодлар алмашуви жараёнидан енгилгина ўтган ва юқори даражадаги рақобатга тайёр жамоаларни кўряпмиз.

Дейлик, азал-азалдан ҳужуми достон форс футболининг ҳимоя тарафдан ҳам мукаммаллик сари интила бошлагани тасдиқланди.  Марчелло Липпи эса Хитойда «сўнгги қўшиқни куйлашга тайёрланяпти».

Нима бўлганда ҳам, вакилларимиз сўнгги одимни залворли ташлашларидан умидвормиз. Ишонамизки, ҲУР ЎЗБЕКИСТОНИМИЗ миллий термаси 10-турда ғалаба қозонади ва ниҳоят, 2-ўринга чиқади!

«A» гуруҳи

ҚАТАР - ХИТОЙ

5 сентябрь (соат 20:00). Доха. «Халифа Интернэйшнл» стадиони. Бош ҳакам: Аҳмад ал Каф (Уммон).

Сўнгги ўзаро ўйин. 2016 йил 15 ноябрь. ЖЧ-2018 саралаши. Хитой - Қатар - 0:0. Бош ҳакам: Моҳаннад Қосим Саррай (Ироқ).

Икки жамоа шу кунга қадар 17 марта ўзаро тўқнаш келган. Умумий статистика бўйича хитойликлар бироз устун: 7та ғалаба, 5та дуранг, 5та мағлубият. Фақат мундиал йўлидаги тўқнашувларни олсак, 1990, 1998, 2002, 2010 ва 2018 йўллардаги ЖЧ саралаши доирасида ўтказилган 8та ўзаро ўйиннинг атиги 3тасида қатарликлар қўли баланд келган.

Умуман, Қатар ва Хитой термаларининг мундиал йўлидаги ўйинларида атиги 2 марта нурсиз дуранг қайд этилган. Италиялик мутахассис Марчелло Липпи хитойликларни Россия-2018 мундиалига олиб чиқиши мумкинлигини айтаётган бўлсада, бу жуда мушкул иш.

Ҳа, ўйин шиддатли кечиши аниқ, чунки икки томонда ҳам йўқотадиган нарса қолмаган. Тўғри, Чин юрти вакилларида озгина умид бор, демакки, уларда мотивация кучлироқ.

Қатарликлар эса сўнгги учрашувда Али Асадалло ва Буалем Кукҳий каби футболчилардан чиройли голлар кутишяпти.

InterFutbol тахмини: 45 фоиз (Қатар термаси ғалаба қозонади) - 30 фоиз (дуранг бўлади) - 35 фоиз (Хитой термаси ғалаба қозонади).

ЭРОН - СУРИЯ

5 сентябрь (соат 20:00). Теҳрон. «Озоди» стадиони.

Сўнгги ўзаро учрашув. 2016 йил 15 ноябрь. ЖЧ-2018 саралаши. Сурия - Эрон - 0:0. Бош ҳакам: Али Сабоҳ Қайси (Ироқ).

Жами 27та ўзаро ўйиннинг 14тасида форслар ғалаба қозонган бўлсалар, 12та учрашувда кучлар тенг келган. Қисқаси, сурияликлар бу рақибни атиги 1 марта доғда қолдиришган.

1974, 1978, 1994, 1998, 2010 ва 2018 йилги мундиаллар саралаши доирасида кечган учрашувларда эса Эрон термаси 5 марта ғалаба қозонган. Лекин форслар бу ўйинларда 2тадан ортиқ гол уролмаганлар. Икки жамоа охирги марта Малайзиянинг Серембан шаҳрида ўзаро куч синашган ва ўша ўйинда ҳисоб очилмаганди.

Умуман, Сурия термасининг уй учрашувларини Малайзияда ўтказгани рақибларга кўпроқ муаммо туғдирди, чоғи. Ҳар ҳолда, «А» гуруҳи вакиллари айнан сурияликларга қарши сафар ўйини олдидан спарринг-рақиб топишга қийналишди.

Эрон термаси бунга яққол мисол: форслар 1-давра ўйини арафасида ироқликлар билан ўртоқлик учрашуви ташкил этолмадилар. Умуман, Сурия термаси Теҳронда ҳам Карлуш Кейруш жамоасига чинакам жанг таклиф этишга тайёр.

Боз устига, мезбонлар сафида Эҳсон Ҳожисафи ва Саид Иззатуллоҳи каби ҳимоячилар майдонга тушмайдилар. Кейрушнинг ҳужумда Ашкан Дежага ва Меҳди Тареми жуфтлигига ишониши кутиляпти.

InterFutbol тахмини: 35 фоиз (Эрон термаси ғалаба қозонади) - 25 фоиз (дуранг бўлади) - 40 фоиз (Сурия термаси ғалаба қозонади).

ЎЗБЕКИСТОН - ЖАНУБИЙ КОРЕЯ

5 сентябрь (соат 20:00). Тошкент. «Бунёдкор» стадиони. Бош ҳакам: Муҳаммад Тақи (Сингапур).

Сўнгги ўзаро учрашув. 2016 йил 15 ноябрь. ЖЧ-2018 саралаши. Жанубий Корея - Ўзбекистон - 2:1. Бош ҳакам: Фаҳад ал Мирдасий (Саудия Арабистони). Голлар: Нам Тае Хи (67), Ку Жа Чол (86) - Марат Бикмаев (25).

Сеулдаги баҳсда Самвел Бабаян бошчилигида терма жамоамиз ижросида энг мазмунли бўлимлардан бирини томоша қилгандик. Ҳарқалай, вакилларимиз тартибли ҳимояланиш баробарида Марат Бикмаев голидан сўнг ҳисобда олдинга ҳам чиқиб олишди.

Бироқ танаффусдан сўнг баланд бўйли Ким Шин Вук майдонга туширилгач, ҳимоямиз босимга дош беролмади. Айнан шу футболчи бошлаб берган ҳужумга Ку Жа Чол самарали нуқта қўйганди. Умуман, ўша баҳсда жамоамиз «Б» режасига эга эмаслиги кўзга ташлангани рост.

Зеро, ўйин давомида тактик схемаларни ўзгартириш масаласида бироз нўноқлигимиз сезилганди. Бугун Тошкентда Сон Хюн Мин - Хванг Хи Чан тандеми асосий таркибда майдонга тушса керак. Гол уришда муаммо сезилса, Ли Дон Гук ва Ким Шин Вук боғлами хизматига мурожаат қилиниши мумкин.

Тўғри, уларнинг ўрни алмашиб қолиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Биз эса айнан ҳужумдаги ишларимизни йўлга қўйиб олишимиз шарт. Ҳозир Эрон - Сурия ўйинига эътибор қаратишдан кўра, корейсларни енгиш минг чандон муҳим. Шунда омад ҳам бизга кулиб боқса, ажабмас.

Ишонамизки, футболчиларимиз ниҳоят, азалий орзу рўёби билан сийлайдилар. Бунга шубҳа билан қараш ярамайди! Ахир умид охирида сўнади!

InterFutbol тахмини: яна ўша гап - жамоамизни ғалабадан ўзгаси қониқтирмас экан, қандайдир башорат мутлақо ўринсиз.

«B» гуруҳи

АВСТРАЛИЯ - ТАИЛАНД

5 сентябрь (соат 15:00). Мельбурн. «Мельбурн Ректангулар» стадиони.

Сўнгги ўзаро учрашув. 2016 йил 15 ноябрь. ЖЧ-2018 саралаши. Таиланд - Австралия - 2:2. Бош ҳакам: Фаҳад ал Маррий (Қатар). Голлар: Теерасил Дангда (20, 57-пен.) - Миле Йединак (9-пен., 65-пен.).

Биринчи даврани ёдга олсак, Таиландда қирол ўлими туфайли кўнгилочар тадбирлар тақиқланган, миллий чемпионат баҳслари муддатидан олдин якунига етказилган ва терма жамоа ўйини мажбурият юзасидан ўтказилганди.

Таиландликлар асосий ярим ҳимоячиси Титипан Пуангжан 9-турда қизил карточка олди ва унинг ўрнини ҳужумчи Супачок Сарачарт эгалласа керак.

Австралияликлар сафида эса ҳужумчи Жеймс Троизи японларга қарши баҳсда ишончни оқлагани йўқ ва энди ўз ўрнини 24 ёшли Мустафо Аминига бўшатиб берса, ажабмас.

«Соккеруз» Японияда 3-3-4 схемасига таянди, бироқ натижа ўхшамади. Хўш, жамоа бугун қандай йўл тутаркин?

InterFutbol тахмини: 60 фоиз (Австралия термаси ғалаба қозонади) - 20 фоиз (дуранг бўлади) - 20 фоиз (Таиланд термаси ғалаба қозонади).

ИРОҚ - БАА

5 сентябрь. (соат 19:00). Аммон (Иордания). «Аммон Интернационал» стадиони.

Сўнгги ўзаро учрашув. 2016 йил 15 ноябрь. ЖЧ-2018 саралаши. БАА - Ироқ - 2:0. Бош ҳакам: Ильгиз Танташев (Ўзбекистон). Голлар: Аҳмад Халил (26), Исмоил Матар (90+3).

Икки жамоа 28 марта учрашган бўлиб, ироқликлар 9та, БААликлар 7та ўйинни ўз фойдаларига ҳал қилишган ва 12та учрашувда ғолиб томон аниқланмаган.

Мундиал йўлидаги тўқнашувларга келсак, ўтган йилнинг 15 ноябрига қадар рақиблар фақат ЖЧ-86 саралашида ҳисоб-китоб қилишган. БАА терма жамоаси икинчи давра стартида омадсизликка йўлиқди. Аслида бу жамоанинг гуруҳда 1-2-ўринларда юриши тахмин қилинганди.

Қолаверса, сўнгги Осиё кубогида 4-ўринни банд этган Ироқ термасидан ҳам кўп нарса кутилганди. Эдгардо Бауса  бўлажак ўйинда ҳам Али Мабҳут - Аҳмад Халил тандемига умид боғласа керак.

Зеро, бу дуэт айниқса, Форс кўрфазидаги жамоаларга қарши ўйинларда ўзини кўрсатишга одатланган.

Умуман, меҳмон жамоа ҳужум чизиғида Исмоил Матардан ташқари тенгдошлар - Аҳмад Халил, Али Мабҳут, Муҳаммад Фавзий ва Салим Солиҳ (26 ёш) жам бўлишган.

Улар учун жорий циклни ғалаба билан якунлаш - бемалол уддаласа бўладиган иш. Лекин жамоанинг 3-ўринга кўтарилиши гумон. Ҳар ҳолда, ғалабанинг ўзи билан иш битмайди, арифметик ҳисоб-китоблар ҳам зарур...

InterFutbol тахмини: 30 фоиз (Ироқ термаси ғалаба қозонади) - 30 фоиз (дуранг бўлади) - 40 фоиз (БАА термаси ғалаба қозонади).

САУДИЯ АРАБИСТОНИ - ЯПОНИЯ

5 сентябрь (соат 22:30). Жидда. «Қирол Абдуллоҳ Спорт Сити» стадиони. Бош ҳакам: Валентин Коваленко (Ўзбекистон).

Сўнгги ўзаро учрашув. 2016 йил 15 ноябрь. ЖЧ-2018 саралаши. Япония - Саудия Арабистони - 2:1. Бош ҳакам: Муҳаммад Тақи (Сингапур). Голлар: Хироши Кийотаке (45-пен.), Генки Харагучи (80) - Омар Ҳавсавий (90).

Статистикаси бўйича японлар яққол устунлар: 12та ўзаро учрашувнинг 9таси уларнинг ғалабалари билан тугаган. Мундиал йўлида учрашувлар сони атиги 2та, холос.

Япония - Саудия тўқнашувларида голлар шоуси кўп кузатилгани эътиборга молик. Японлар устозлари ҳар сафар бу рақибга қарши кучли тактик схемалар тайёрлашади.

Воҳид Халилхожич - Берт ван Марвейк дуэлида ҳам ушбу анъана бузилмаса керак. Саудларнинг айни ҳужумкор таркибига Осиёдаги исталган жамоа ҳавас қилса арзийди.

Агар мезбонлар  БАА термасига қарши ўйиндаги кутилмаган мағлубиятни унутиб, ўз савияларида тўп суришса, японларни анча қийнаб қўйишлари тайин.

Тўғри, «самурайлар» ҳимоя чизиғидаги тўртлик (Ген Шожи, Юто Нагатомо, Хироки Сакаи, Мая Йошида) бу сафар ҳам бор маҳоратини ишга солса керак. Ваҳоланки, японлар ортга мағлубият билан қайтган тақдирда ҳам 1-ўринда қолишади.

InterFutbol тахмини: 55 фоиз (Саудия Арабистони термаси ғалаба қозонади) - 20 фоиз (дуранг бўлади) - 25 фоиз (Япония термаси ғалаба қозонади).

ФИКРАТ


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

Месси майдонни голсиз тарк этган ўйинда, Аргентина маҳорат бобида Россияга дарс берди

Хозирча сўровнома ўтказилмаяпти.

© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.