Қайднома

Қидирув

Равшан Эрматов: «Футболчиларимиз ягона мақсад йўлида майдонга чиқишса, ҳар қандай вазифани бажарса бўлади»

Равшан Эрматов: «Футболчиларимиз ягона мақсад йўлида майдонга чиқишса, ҳар қандай вазифани бажарса бўлади»

  05.09.2017 02:37
  0
  1548
Равшан Эрматов: «Футболчиларимиз ягона мақсад йўлида майдонга чиқишса, ҳар қандай вазифани бажарса бўлади»

Тошкент шаҳар прокуратураси меҳнат жамоасининг таклифига кўра, ФИФА рефериси Равшан Эрматов иштирокида очиқ мулоқот кўринишидаги учрашув бўлиб ўтди.

Тадбир меҳмони ўзининг футболдаги босиб ўтган мураккаб йўли, эришган ютуқлари ҳақида камтарлик ва самимият билан ҳикоя қилиб берди.

Осиёда 5 маротаба йилнинг энг яхши ҳаками деб топилган, иккита жаҳон чемпионатида 9та ўйинни бошқариб, дунёнинг бу борадаги мутлақ рекордини ўрнатган Эрматовнинг дил сўзларидан касбга фидойилик, бурчга садоқат, ватанпарварлик туйғулари уфуриб турди.

Хабарингиз бор, ҳамюртимиз ЖЧ-2010 финал босқичидан сўнг «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвонига сазовор бўлган. 2014 йилги мундиалдан кейин эса «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотланган.

2015 йилга келиб дунёда «Йилнинг энг яхши ҳаками» номинацияси бўйича ғолиб деб топилгач, «Буюк хизматлари учун» ордени соҳибига айланди.

Тадбирнинг якуний қисми очиқ мулоқот тарзида ўтказилиб, унда Равшан Эрматов прокуратура ходимларини қизиқтирган саволларга жавоб берди.

- Ўзбекистон миллий терма жамоасини катта синов кутиб турибди. Мундиалга чиқиш имкониятларини қандай баҳолайсиз?

- Термамизнинг Тошкентда Қирғизистонга қарши ўтказилган ёпиқ тарздаги ўртоқлик учрашувини бош-қардим. Гарчи йирик ҳисоб қайд этилган бўлса-да, ён қўшниларимизни кучсиз жамоа демайман. Ўйин натижага мос эмасдек, гўё. Бугунги кунда қирғизистонлик футболчилар ҳам легионер сифатида хориж клубларида ўйнашяпти. Бу мамлакатда футболга эътибор кучайган. Шунга қарамай, учрашув футболчиларимизнинг йирик ҳисобдаги ғалабаси билан якунланди. Бу эса, ўз навбатида, муҳим ўйинлар олдидан термамиз аъзоларининг кайфиятларини кўтариши аниқ. Барча юртдошларимиз каби мен ҳам миллий жамоамизнинг ЖЧ-2018 финал босқичига чиқишини чин дилдан истайман. Ҳа, бу вазифани уддалаш осон бўлмайди. Лекин ҳаммаси ўз қўлимизда ва энг муҳими шу. Футболчиларимиз фикрни бир жойга қўйиб, ягона мақсад йўлида майдонга чиқишса, ҳар қандай мураккаб вазифани ҳам бажарса бўлади.

- Яқинда Россия Федерациясида бўлиб ўтган Конфедерациялар кубогида қатнашиб қайтдингиз. Сиз у ерда видеотакрорлар кузатувчиси вазифасини бажардингиз. Таассуротлар қандай бўлди? Умуман, бу янгиликка муносабатингиз ижобийми?

- Бундай нуфузли мусобақаларда ҳар бир ўйинни 50дан ортиқ видеокамера тасвирга олади. Айтиш мумкинки, ҳакамларнинг энг муҳим лаҳзаларда чиқарадиган қарорлари нотўғри бўлмаслиги учун видеотакрор намойиши керак ва мазкур янгилик ўзини оқламоқда, дейиш мумкин. Ҳозир аксарият мутахассисларнинг бу борадаги фикри ижобий ва келаси йили Россияда ўтказиладиган навбатдаги жаҳон чемпионатида видеотакрорлардан расман фойдаланилиши кутилмоқда. Ушбу ўзгариш баҳсли ҳолатларга муносиб ечим вазифасини ўтайди. Шу тариқа муайян томоннинг ҳакам қарори туфайли жабр чекиб қолишининг олди олинади. Шахсан ўзим ҳам бу янгиликнинг амалиётга татбиқ этилиши тарафдориман.

- Ҳакамликдаги устозларингиз ҳақида гапириб беринг.

- Биринчи навбатда, кўп жиҳатдан отам Сайфиддин Эрматовнинг меҳнатлари самараси ўлароқ, шундай ютуқларга эришдим. Айнан отам биринчи устозим ҳисобланади. Профессионал рефери оиласида вояга етганим сабаб менда болаликдан бошқа спорт тури эмас, айнан футболга меҳр уйғонди. Ҳакамликдаги фаолиятим қай тарзда бошлангани ҳақида кўп гапирганман. Барчаси тақдир тақозоси билан амалга ошди. Агар ўшанда жароҳат олмаганимда, ҳозир футбол мураббийи сифатида ишлаётган бўлармидим. Спортчининг шикастланиши яхши эмас, лекин мен тақдиримдан бир умрга миннатдорман. Шу кунгача қандай муваффақиятларга эришган бўлсам, барчасида мураббийларимнинг хизматлари мужассам. Мендан аввал қўлига ҳуштак олганларнинг барчаси устозларимдир. Бу жумлани ҳеч иккиланишсиз айта оламан. Фурсатдан фойдаланиб, менга сабоқ берган ҳаммага ўзимнинг чексиз миннатдорчилигимни билдираман. Бошим ерга теккунча уларга ҳурмат бажо келтираман.

- Фаолиятингизда оилангизнинг роли қандай?

- Биз ўзбекларда оила муқаддас ҳисобланади. Узоқ сафарларда кўп бўламиз. Шунга қарамай, ҳамиша ота-онам, фарзандларим, яқинларимни худди ёнимда юргандек ҳис этиб тураман. Шундан куч оламан.

Маросимнинг ушбу қисмида Равшан Эрматов кўплаб саволларга жавоб қайтарди. Тошкент шаҳар прокурори ўринбосари Ё.Абдуллаев ўзининг якунловчи сўзида Эрматов шахси ҳар бир прокуратура ходими учун намуна, унинг иш фаолияти эса ибрат бўлиши кераклигини уқтирди. Шунингдек, қонун устуворлигини таъминлашда ҳар бир прокуратура ходими ўз бурчи ва масъулиятини ошириши, Ватанни улуғлаши ва унинг қадр-қимматини ҳимоя қилиши зарурлигига урғу берди.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz