Қайднома

Қидирув

Гапи бошқа, амали бошқа Нобил Фақир

Гапи бошқа, амали бошқа Нобил Фақир

  06.09.2017 06:24
  0
  1020
Гапи бошқа, амали бошқа Нобил Фақир

Нобил Фақир Франция чемпионати старт қисмида урилган энг чиройли гол муаллифига айланди. У «Лион» ва «Бордо» ўртасида кечган ва даҳшатли тус олган ўйин (3:3)да майдон маркази (!)дан зарба йўллаб, рақиб дарвозабонини жуда аянчли аҳволга солди.

«Лион» хавбеки Францияда яна қандай кароматлари билан машҳур? Мухлислар уни ниҳоятда қадрлашади, шунинг баробарида «Лион» тарафдорлари орасида ҳам футболчига нафрат кўзи билан қарайдиганлари кўп? Боиси нима? «Советский спорт» газетаси айнан муҳаббат ва нафрат ҳамоҳанглиги сабабини аниқлашга уринди.

*****

2015 йилнинг сентябрь ойида кузатилган нохушлик Фақир фаолиятини шунчаки, икки қисмга ажратиб қўйди. Ўшанда футболчи Франция миллий жамоасининг Португалия термасига қарши кечган ўртоқлик ўйинида даҳшатли жароҳатга йўлиққанди. Шифокорлар ташхиси яхши чиқмади - тизза пайлари узилиши. Натижада футболчи нақ 7 ой футболдан четда қолди.

Бундай жароҳат ёқимсиз, албатта, 22 ёшда шундай қисматга дуч келиш эса икки ҳисса оғир. Зеро, тизза шикастланиши натижасида футболчи аввалги савияга қайтолмаслиги ҳам мумкин. Ўша вақт Фақир «Лион»нинг асосий таркибида атиги битта тўлақонли мавсум ўтказишга улгурганди, холос. Лекин қанақа денг?

Мавсум 2014|2015да 13та гол ва 9та самарали узатма - бу ёш иқтидор учун ажойиб кўрсаткич. Хуллас, Фақир бир уринишда Александр Лаказетт билан бирга «тўқувчилар»нинг асосий кучига айланди. Лаказетт фақат гол уриш масаласида кўзга ташланган бўлса, қаҳрамонимиз ассистентлик қилишда ҳам беназир эканлигини исботлади.

Қолаверса, у майдонда плеймейкер ва ортга сурилган ҳужумчи вазифаларини қо-йилмақом даражада уйғунлаштирганди. Оддий айтганда, ҳужумкор ярим ҳимоячи тўпни олиб юриш бобидаги юқори техникаси ва майдонни жуда яхши кўриш хислати билан  жамоанинг олдинга интилиш ҳаракатларини тўлиқ назорат қилиб, чинакам етакчи сифатида гавдаланди.

*****

Афсуски, бемаврид жароҳат Фақирнинг катта суръатига жиддий путур етказди. Боз устига, у ўйиндан четга чиққач, вақтини асосан ортиқча ва беҳуда гап-сўзларга сарфлади. Аввалига орзуси қачондир «Барселона»да ўйнаш эканлигини яширмаган футболчи кейинчалик мутлақо бошқа мазмунда гапирди: «Ҳозир Зайниддин Зиданнинг қўнғироғини кутяпман, «Реал» либосини кийишга қарши чиқмасдим». Орадан яна маълум муддат ўтгач, Фақир учун қайси клубга ўтишининг умуман қизиғи йўқлиги ойдинлашди.

Ҳар ҳолда, футболчининг ўзи амалдаги клуби билан хайрлашишга асосий мақсад сифатида қараётгани, зеро, савия бобида унинг даражасидан аллақачон ўзиб кетганини таъкидлади: «Мен таркибида ўйнашни орзу қиладиган 4та жамоа бор: «Барселона», «ПСЖ», «Ювентус» ва «Бавария». Табиийки, Фақирнинг ўз келажаги мавзусида матбуот билан ошкора гаплашишга ҳаддан ортиқ берилиб кетгани клуб раҳбариятини ғазаблантирмай қолмади.

Ахир маҳмадона ярим ҳимоячи ва «Лион» ўртасида шартнома бор эди. Шунингдек, Нобилнинг бундай ёндашуви жамоа мухлислари муҳаббатини ҳам нафрат билан аралаштириб юборди. Қисқаси, Фақир майдон ташқарисида ўтказган бутун вақтини ўз келажагини белгилашга уриниб, шунчаки, душман орттириб олди. «Лион»нинг бу орада қандай ўйнаётгани эса уни заррача қизиқтирмади, гўё.

Бинобарин, Нобил клубга жуда баланддан қарай бошлаганди. Иш шу даражага бордики, футболчи ҳаттоки, Франция президенти Франсуа Олланд билан оғзаки жангга киришди. Гап шундаки, мамлакат раҳбари футболчилар мия фаолиятини яхшилайдиган «тренажёр»га ҳам муҳтож эканликлари хусусида гапирганди.

Бунга биринчи бўлиб айнан Фақир муносабат билдирди, боз устига, кескин оҳангда: «Олланднинг гаплари ўзига сийлов. Ҳар жойда аҳмоқ ва ақлли одамлар бор. Бироқ президент агар барча футболчиларни аҳмоқдек кўраётган бўлса, демак, у бу соҳа вакилларини яхши билмайди».

*****

Турли нохушликларга қарамай, Фақир сафга қайтиши ҳамоно спорт формасини тезда тиклади. Яъни қисқа вақт ичида аввалги савиясига қайтди. Дейлик, мавсум-2016|2017да 13та самарали ҳаракатни амалга оширди - 9та гол ва 4 марта ассистентлик. Аммо матбуот орқали турли гап-сўзлар тарқатишни ҳам унутмади, барибир.

Хусусан, ўз интервьюларидан бирида пачакилашиб ўтирмай, Испания чемпионатини ниҳоятда яхши кўришини айтиб, Ла-лигани жаҳон футболидаги энг кучли биринчилик сифатида мақтади. Тўғри, бунда кимнидир ранжитиб қўймаслик ниятида қайсидир клубни алоҳида тилга олмади.

Кейинроқ Фақир бразилиялик Неймарнинг «ПСЖ»га ўтгани хусусида ҳам ўзига хос фикр билдириб, французлар қалбини яна яралади: «Очиғи, тушунмадим, «Барселона», Месси ва Суаресни бир четга суриб, Франция чемпионатига юзланиш - ғирт аҳмоқлик» (ваҳоланки, у фаолиятининг бошланғич қисмида айнан «ПСЖ»ни орзусидаги жамоа сифатида кўрсатганди).

Албатта, Нобилнинг бундай фикрлари француз лигаси имиджига зарба ҳисобланади. Ахир футболчи ўзи ўйнаб турган чемпионатга юзланишни тентаклик ўрнида кўрса, унда майдонга қандай кайфиятда тушади?

*****

Нима бўлишидан қатъий назар, Фақирнинг профессионаллик даражасига қойил қолиш керак - у майдонда ўз зиммасидаги ишларни сифатли бажармоқда.

Қолаверса, Александр Лаказетт ёки Корентен Толиссодан фарқли ўлароқ, «Ли-он»дан кетгани ҳам йўқ. Нобилнинг майдон марказидан «Бордо» дарвозасига йўллаган голига келсак, ҳаммаси фантастик тус олди, аммо бу унинг ижросидаги ягона самарали ҳаракат эмас.

Қаранг, ҳужумкор ярим ҳимоячи дастлабки 3та турда 3та гол уришдан ташқари, ўз ҳисобига самарали узатма ҳам ёзиб қўйди. Ҳа, агар жароҳатлар панд бермаса ва футболчи шу руҳда давом этса, унинг «Реал», «Барселона», «ПСЖ», «Ювентус» ёки «Бавария» либосини кийиш ҳақидаги орзуси эртами-кеч рўёбга чиқиши ҳеч гап эмас.

А.ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz