Қайднома

Қидирув

Россия РФПЛда тўп сурган ўзбекистонлик легионерлар ўнлиги

Россия РФПЛда тўп сурган ўзбекистонлик легионерлар ўнлиги

  06.09.2017 17:26
  0
  1356
Россия  РФПЛда тўп сурган ўзбекистонлик легионерлар ўнлиги

Россия чемпионатида кўплаб ўзбекистонлик футболчилар фаолият юритишган ва ҳозиргача ушбу анъана давом этиб келмоқда. Кимдир бу ишни аъло даражада уддалаган бўлса, айримларнинг омади юришмади. Ярим йиллик танаффусдан сўнг ижод оламига қайтган Sports.ru сайтининг «Узбекская кухня» блоги вакиллари Россияда ўйнаган ҳамюртларимиз ҳақида мақола тайёрлашди.

10. Валерий Кечинов («Спартак», «Сатурн», «Шинник») - 190 ўйин, 55та гол

Тан олиш лозимки, Кечинов Россия биринчилигидаги аксарият ўйинларини ушбу юрт фуқаролигини қабул қилганидан сўнг ўтказган. 90-йиллар бошида «Спартак» мамлакат чемпионатидаги барча совринларни ўзиники қилди, Валерий руслар ўлкасига кўчиб ўтгунга қадар эса шундай ақлли ва голга чанқоқ ўйинчига эга бўлган ўзбек футболининг омади келгани ойдинлашиб қолганди. Мутахассислар ҳамда ишқибозлар уни биринчиликнинг энг техникаси юқори футболчиси сифатида ардоқлашар, 1995 йилда НТВ-Плюс канали Кечиновга мавсумнинг энг чиройли голи муаллифига аталган совринни топширганди. Валерий фаолиятини анча эрта, яъни 30 ёшида якунлади. Бунга қадар Раменский ҳамда Ярославл­да тўп суришга улгурди.

 

9. Евгений Сафонов («Шинник») - 73 ўйин, 79та ўтказиб юборилган гол

Афсонавий «Динамо-Самарқанд» сафидаги даҳо ўйин-чилардан бири «Шинник» клубидан таклиф олди ва кейинчалик маҳаллий мухлисларга кўплаб қувончли дамларни туҳфа этди. Ўша кезлари дарҳақиқат, Ярославлда ажойиб футбол намойиш этадиган кучли жамоа шаклланганди. Сафонов мазкур клубдаги дебют баҳсидаёқ дарвозаси дахлсизлигини сақлаб, тез орада етакчилардан бирига айланди. Кейинги мавсумда эса «Шинник» олий дивизион йўлланмасини қўлга киритди. Евгений Ўзбекистон миллий термаси сафида Осиё кубогида қатнашди. Аммо ўша мусобақа чорак финалидаги Баҳрайнга қарши кечган муваффақиятсиз ўйин кўпчилик қатори уни ҳам ранжитди. Афсуски, 2006 йилги мавсум «Шинник» учун омадсиз кечиб, жамоа қуйи лигага равона бўлди. Тез орада Сафонов мамлакатимизнинг икки вакили - Алексей Николаев ҳамда Леонид Кошелев билан бирга клубни тарк этди.

 

8. Андрей Резанцев («Океан», «Крилья Советов», «Шинник») - 150 ўйин, 2та гол

90-йилларнинг энг абжир ҳимоячиларидан бири Ўзбекистон мустақилликка эришган дастлабки йилларда Фарғонанинг «Нефтчи» клуби сафида совринга эга чиққач, Находкага йўл олди ва олий дивизионда тўп сурди. У ерда бир мавсум ўйнагач, Самарага бориб, ҳақиқий афсонага айланди. «Крилья Советов» таркибида олти мавсум фаолият юритиш асносида юздан ортиқ ўйинда майдонга тушди. Охир-оқибат Россия чемпионатида энг кўп учрашув ўтказган ўзбекистонлик футболчилар орасида учинчи ўринни эгаллади. Ҳозирда Резанцев «Крилья Советов» фахрийлар жамоаси шарафини ҳимоя қилмоқда.

 

7. Санжар Турсунов («Волга», «Алания») - 41 ўйин, 2та гол

Турсуновнинг фаолияти ҳам қизиқ кечди. Ўз вақтида, «Пахтакор» билан шартномани узайтиришдан бош тортгач, клуб уни ижара асосида бошқа жамоага бериб юборди. Ўша кезлари «шерлар» бошқарувида бугун Ўзбекистон термасига устозлик қилаётган Самвел Бабаян ишларди. Санжар яна ижарада вақт ўтказишни хоҳламай, хориж футболини забт этишга астойдил бел боғлади. Натижада Омскнинг «Иртиш» клуби сафига қўшилди, Ўзбекистонда эса унинг номи деярли эсдан чиққанди. Кейинчалик Нижний-Новгороднинг «Волга»сига ўтганидан кейин кутилмаганда Турсуновнинг мамлакат термасига чақирилиши ҳақида гап-сўзлар урчиди. Тезкор ярим ҳимоячи ҳақиқий етакчилик салоҳиятини кўрсатиб, жамоаси билан РФПЛ йўлланмасини қўлга киритди. Кўп ўтмай Ўзбекистон миллий термасидан чақирув олди. Шундан сўнг «Волга» қарзга ботди, банкротлик хавфи туғилди ва Санжар «Алания»га кўчиб ўтди. Тақдир тақозоси билан бу клуб ҳам инқирозга юз тутди. Шуниси аниқки, чаққон вингер аввалги жамоасидаги иштироки туфайли маҳаллий мухлислар ёқимтойига айланиб улгурганди.

 

6. Вадим Афонин («Оренбург», «Анжи») - 33 ўйин, 1та гол

Валерий Карпин ёқтирган ўйинчилардан бири 2000 йиллар ўрталарида Ўзбекистон чемпионатида ўз ўрнини тополмагач, «Рубин»га ўтди. Ўша кезлари Қозон клубида осиёлик футболчиларни таклиф қилиб, уларни кўрикдан ўтказиш урфга кирганди. Вадимдан ташқари бу жамоада Сардор Мирзаев, Баҳодир Насимов, Вагиз Галиулин, Аюбхон Гаппаровлар ҳам ўз имкониятларини кутишаётганди. Гаппаров ўзини кўрсатолмади, Мирзаевнинг иши қовушмади, Галиулин камдан-кам ўйинларда майдонга тушар, Афонин эса атиги битта баҳсда «Рубин» «заявка»сига киритилганди. Кейинчалик Вадим Белгородга бориб, маҳаллий «Салют» клубида ҳақиқий салоҳиятини кўрсатди. Кўп ўтмай «Газовик» (ҳозирги «Оренбург») билан юқори марраларни кўзлади. 2016 йили Афонин ФНЛнинг энг яхши ярим ҳимоячиси, деб тан олинди. «Оренбург»да ўз позициясига мустаҳкам ўрнашди, бироқ жамоа барибир, саралаш баҳсларида омадсизликка учради. Легионеримиз эса тез орада «Анжи» сафига қўшилди.

5. Владимир Маминов ва Олег Пашинин («Локомотив») - иккисида умумий ҳисобда 496 ўйин, 33та гол

2000 йиллар бошида Сёмин бош мураббийлигидаги «Локо» сафида тўп сурган маҳоратли футболчилар ўз вақтида тажрибали мутахассис Владимир Сальковнинг таклифига кўра, Ўзбекистон фуқаролигини қабул қилиб, термамиз либосини кийишганди. Асосийси, улар ўз иштироклари билан мухлисларни хурсанд қилиб, чин маънода, ҳақиқий ўзбекистонликларга айланиб улгуришганди. Владимир ҳамда Олегнинг мамлакатимиз бош жамоаси сафига қўшилишгани тўғрисидаги хабар, ҳаттоки, Жаъфар Ирисметовнинг «Спартак» сафига ўтиши ҳақидаги янгиликдан ҳам қизиқроқ туюлганди. Кейинчалик ҳар икки футболчи ўз клубларига содиқ қолишди. Айни пайт Пашинин «Локо»да Юрий Сёминга ёрдамчилик қилмоқда, Маминов эса август ойи охирларида «Тюмен»га бош мураббий этиб тайинланди.

 

4. Андрей Акопянц («Ростов») - 117 ўйин, 5та гол

Тошкентда туғилиб ўсган ярим ҳимоячи 90-йилларда ўз тенгдошлари орасида мамлакатнинг энг яхши футболчиларидан бири бўлган. 1999 йили у Ўзбекистонда тенгсиз ўйинчи номига лойиқ кўрилди ва шу тариқа хориж чемпионатларини забт этиш вақти келганини англаб етди. Кўп ўтмай унга ўша паллада «Ростсельмаш» деб номланган клубдан таклиф тушди. Кейинчалик Акопянц «Футбольний курьер» газетасига берган интервьюсида «Чиғатой» футбол мактабига отасининг таниши директорлик қилгани, айнан унинг ташаббуси билан ўқишга қабул қилинганини айтганди. Яхшиямки, шу воқеа рўй берган экан, акс ҳолда, биз маҳоратли футболчининг ажойиб ўйинларидан баҳраманд бўлолмасмидик...

3. Виталий Денисов («Локомотив») - 112 ўйин, 1та гол

Москва «армиячилари» таркибида УЕФА кубоги соҳибига айланган ҳимоячи асосий таркибда деярли кўриниш бермай, фақатгина 7 марта «заявка»га киритилганди. Кейинчалик «Днепр»да юқори савияли ўйин намо-йиш этган Денисов кўп ўтмай Россия пойтахтига қайтиб, «Локомотив» ишқибозларининг севимли футболчисига айланди. Буни қандай уддалашини билмадик-ку, лекин Виталий қаерда ўйнамасин, майдонда катта ҳажмдаги ишни бажариши орқали довруқ қозонган. Мухлислар эса унинг номини доимо ҳурмат билан тилга олишади. Ваҳоланки, бошида Денисовнинг ишлари унчалик юришмаганди. «Зенит»га қарши кечган баҳсда бразилиялик Халк унга бир зум тинчлик бермагани ёдимизда, лекин кўп ўтмай Витя Россияга катта умидлар ва улкан мақсадлар билан қайтганини исботлади. Охир-оқибат у «Локомотив» ҳимоясининг мустаҳкам қўрғонига айланиб, асосий таркибга муқим жойлашди. Энди Денисовга тўлақонли муваффақият учун фақатгина терма жамоа таркибида жаҳон чемпионатидаги иштирок етмаяпти. Бу албатта, алоҳида мавзу ва у ҳақда бошқа сафар бафуржа суҳбатлашамиз.

 

2. Одил Аҳмедов («Анжи», «Краснодар») - 153 ўйин, 9та гол

Одилни бемалол сўнгги йиллардаги Ўзбекистоннинг энг ақлли футболчиси, деб атасак асло муболағага йўйманг. Гарчи бугунги кунда хориждаги фаолияти орқали катта маош олсада, жуда камтар. Тоҳир Малик асарларини севиб ўқийди, оғир-босиқ, оилапарвар. Аҳмедов юлдузли «Анжи»да тўп сурган кезлариёқ ўзининг меҳнатсеварлиги билан матбуот ва экспертлар эътиборини ўзига қаратганди. Александр Викторович Бубнов ушбу футболчимизнинг топ-клубларда ҳам бемалол ўйнаб кетиши мумкинлигини таъкидлаганди. Ҳа, россиялик мутахассис бу борада ҳақ гапни гапирган. Маҳачқалъа жамоаси инқирозга юз тутгач, ҳамма юлдузлар бошқа клубларга кўчиб ўтишди, фақат Аҳмедов клубига содиқ қолди ва бу ҳол кўпчиликни ажаблантирди. Ўзбекистон миллий жамоасининг бугунги кундаги сардори ва ҳақиқий етакчиси «Анжи» раҳбариятига фаолиятининг бу қисмидаги қўллаб-қувватлаш учун миннатдорчилигини шу тариқа намойиш этди. Кўп ўтмай, «Краснодар» уни ўз сафига қўшиб олгач, Одил бу ерда ҳам ўзини яхши томондан кўрсатди. Қизиғи, айни пайт Хитойда ўйнаётган ярим ҳимоячи РФПЛга қайтиш эҳтимоли кам эканини таъкидлади.

 

1. Миржалол Қосимов («Спартак-Алания», «Крилья Советов») - 169 ўйин, 39та гол

Биринчи ўринга бошқа футболчи қўйилганда бироз ғалати туюларди. Миржалол Қосимов бугунги кунда ҳам майдон марказида ўйинни ташкиллаш бўйича ҳақиқий намуна, ибрат ҳисобланади, жарима зарбаларини ижро этиш борасида эса на Роберто Карлос, на Жуниньо Пернамбукано унга тенг кела олади. Қосимов - еврокубокларда тўп киритган илк ўзбек футболчиси. «Ливерпуль» дарвозаси қандай ишғол қилингани ҳамон ёдимизда. Валерий Газзаевнинг фикрича, у «Алания»нинг асосий фигураларидан бирига айланиши лозим эди, якунда шундай ҳам бўлди. Унинг ижросидаги узатмалар ҳамиша манзилга тўғри борган, Қосимов майдондаги ҳолат ноқулайлик туғдирган кезлари ҳам ўйинга шиддат қўшишни уддалаган. Сеҳрли чап оёғида йўллаган зарбалари ғайриоддий траектория бўйлаб ҳаракатланарди. Владикавказ клубининг ҳужумкор ярим ҳимоячиси ўз вақтида чемпионат тўпурарлари рўйхатини бошқарган. Турли ҳолатларда гол урарди: ўйиндан, пенальтидан, жаримадан, ҳаттоки, бурчак зарбаларидан ҳам.

Евдоким РАИМОВ


Манба: sports.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz