Қайднома

Қидирув

Агентлар ўйини: Мендеш мижозлари vs Райола мижозлари

Агентлар ўйини: Мендеш мижозлари vs Райола мижозлари

  07.09.2017 06:14
  0
  1037
Агентлар ўйини: Мендеш мижозлари vs Райола мижозлари

За-монавий футбол бўйича айрим саволлар борки, уларга аниқ жавоб бериш мушкул. Дейлик, «Лионель Месси кучлими ёки Криштиану Роналду?» саволи доимо муҳокама марказида.

Энг обрўли агентлар - Жорже Мендеш ва Мино Райоланинг пинҳона рақобати хусусида ҳам шундай дейиш мумкин. Яъни улардан қай бири оғирроқ тош босишини айтиш осон эмас.

Хуллас, soccer.ru сайти айнан шу масалада изланиш олиб бориб, икки агентнинг энг қимматбаҳо мижозларини ўзаро солиштириб кўрди.

10. Иньяцио Абате (Райола) vs Ренату Саншеш (Мендеш) + Мендеш ғалабаси

Иньяцио ҳали катта трансферлар «объект»ига айланмади: «Милан»да тарбияланган футболчи маълум муддат ижара келишувлари асосида ўйнади, кейин «Торино»га 2,2 миллион еврога сотилди. Орадан бор-йўғи 1 йил ўтгач эса, «Милан» деярли шунча тўлаб, уни ортга қайтарди. Мендеш мижозига келсак, Ренату Саншеш катталар футболида ярим йилча ўйнаганидан сўнг «Бавария» назарига тушди. Якунда мюнхенликлар унинг учун «Бенфика»га 35 миллион евро тўлашди, табиийки, ишбилармон Жорже ҳам қуруқ қолгани йўқ.

9. Серхио Ромеро (Райола) vs Эдерсон (Мендеш) + Мендеш ғалабаси

Шундай бўлиб чиқдики, Райола ва Мендешнинг трансфер баҳоси жиҳатидан 9-ўриндаги мижозлари - дарвозабонлар. Айёр Минонинг  Ромерони «МЮ»га усталик билан жойлаб қўйганию, ўша пайт эркин агент ҳисобланган Аргентина терма жамоаси голкипери учун яхшигина ҳақ олгани аниқ.

Аммо биринчидан, Райола мижози Манчестерда Давид де Хеа ортида турибди, яъни ўриндиқни «қўриқлаяпти», холос. Иккинчидан эса, Мендеш шу йил ёзда Эдерсоннинг «Бенфика»дан «Манчестер Сити»га ўтишини таъминлади. Белгиланган баҳо - 40 млн. евро Мендешнинг ўз ишини идеал даражада уддалаганидан далолат.

8. Златан Ибрагимович (Райола) vs Андре Сильва (Мендеш) + Райола ғалабаси

Златан аллақачон 35 ёшни уриб қўйди, Андре эса яқиндагина 38 млн. евро эвазига «Милан» сафига қўшилиб, тезда ўзини кўрсата бошлади ва кимсан  Криштиану Роналдудан ол-қишлар қабул қиляпти (Мендеш ўзининг бош мижозидан бўлғуси юлдузни мақташни сўрамагандир...). Швед ҳужумчисига келсак, у самарали фаолияти давомида кўплаб катта трансферларни бошидан ўтказди ва ҳар бир янги шартномаси Мино Райолани олтинга буркади. Ҳа, кундалик ҳаёт ва футболда буюк ўзгаришларга мойил жаҳон даражасидаги юлдуз агент учун чинакам топилма эканлиги аниқ.

7. Марио Балотелли (Райола) vs Андре Гомеш (Мендеш) + Райола ғалабаси

Балотелли шу кунгача 3 марта йирик транфсерга сабабчи бўлди ва уларнинг умумий суммаси 70 млн. еврони ташкил қилди. Андре Гомешнинг 2 марта клуб алмаштириши эса 55 млн. еврога тушди. Қолаверса, португалиялик футболчи «Барселона»га мослашиб кетолмаяпти, Балотелли аксинча, аввалги мавсум «Ницца»да ёрқин нур сочди. Умуман, Марио қанчалик иқтидорли бўлса, шунчалик оғир табиатли. Шуни назарда тутсак, италиялик ҳужумчи ҳар қандай ҳолатда Райоладан миннатдор юриши шарт. Шунинг баробарида Мендешга ҳам қойил қолиш керак. Ахир у «Барселона» раҳбариятини Андре Гомеш клубга мос келишига ишонтира олди - бунда қандай йўл тутгани иккинчи масала. Аммо мазкур дуэлда Балотелли устунроқ кўринмоқда, барибир.

6. Жакомо Бонавентура (Райола) vs Николас Отаменди (Мендеш) + Мендеш ғалабаси

Райола 6-рақамли мижози - Бонавентурани ўзига яқин «Милан» даражасига кўтара олди. Мана, Жакомо «россонерлар» сафида чакки ўйнамаяпти ва тараққий этмоқда. Тўғри, у чинакам юлдузга айланмади ва айланолмаса ҳам керак. Мендеш эса Отаменди учун ғоят қизиқарли фаолият йўлини яратди: уни аввалига Аргентинадан «Порту»га олиб келди, кейин «Валенсия»га ўтишини таъминлади. Айтиш жоиз, Жорженинг бу жамоа таркибини шакллантиришга таъсири жуда катта. Хуллас, Николас «кўршапалаклар» сафидаги ўйинлари орқали «Манчестер Сити» эътиборини қозонди. Натижада Мендеш мижозининг Англияга йўл олишига ҳам бош-қош бўлиб, «шаҳарликлар»дан 45 млн. евро ундирди. Диққат қилинг, гап марказий ярим ҳимоячи ҳақида кет-япти. Эҳ, португалиялик агент бундай ишларни қандай уддалаяпти экан-а...?

5. Жанлуижи Доннарумма (Ра-йола) vs Бернарду Сильва (Мендеш) + Райола ғалабаси

Бернарду Сильва шу ёзда «Манчестер Сити»га ўтиш орқали Мендешни янада бойитган бўлсада, Доннаруммага юқорироқ баҳо бериш керак. Зеро, унинг яқин келажакда сайёрамизнинг энг қимматбаҳо дарвозабонига айланиши эҳтимолдан холи эмас. Ҳарқалай, «Жижи-2»нинг ҳаракатлари шундай тахминга асос беряпти. Ҳа, Минонинг дарвозабон ва «Милан» ўртасига совуқчилик солиб қўйишига сал қолди. Жанлуижи ҳаттоки, орада бошқа агент қидиришни ҳам ўйлади. Аммо Райола сабрни олтин сифатида кўрувчи италь-ян оқсоқоли фазилатига эга ва Доннарумма трансферидан каттагина улуш олиш имкониятини қўлдан чиқармайди, албатта.

4. Блез Матюиди (Райола) vs Анхель ди Мария (Мендеш) + Мендеш ғалабаси

Райола ниҳоят, ўз сўзи устидан чиқиб, Матюидини «Ювентус»га олиб ўтди. Аслида Блезнинг ўзи «ПСЖ»дан кетмоқчи эмасди, шуни ҳисобга олсак, Мино ўз мижозлари фикрини ўзгартиришга ҳам уста. Аммо Жорже Мендеш мижози - ди Мария анча салмоқли тош босади, барибир. Эслатиш ўринли, аргентиналик ярим ҳимоячи яқин-яқингача ҳам жами трансферлари суммаси бўйича жаҳон рекордчиси ҳисобланарди (179 млн. евро). Энди бир тасаввур қилинг, ди Мариянинг навбати билан «Реал», «Манчестер Юнайтед» ва «ПСЖ» либосини кийишидан агент нечоғли манфаат кўрган...?

3. Генрих Мхитарян (Райола) vs Диего Коста (Мендеш) + дуранг

Айтиш мумкинки, бу баҳсда ғолиб йўқ. Аммо агентлар ўз футболчилари фаолиятини қандай ташкил этишганига қараб, уларга тасанно ўқиш керак. Райола арманистонлик футболчини дастлаб «Боруссия»га бошлади, кейин уни «МЮ»га жойлаб қўйди. Мендеш эса характери оддий саналмаган Диегонинг топ-форвард даражасига кўтарилиши учун катта хизмат қилди. Ҳа, бу йигитлар ақлли ва доно агентлар хизматидан фойдаланишмаганида, футболдаги йўллари бу даражада муваффақиятли чиқмасмиди...?

2. Ромелу Лукаку (Райола) vs Хамес Родригес (Мендеш) + дуранг

Охирги вақтларга қадар устунлик Хамес томонида эди. Ахир у ЖЧнинг энг яхши тўпурарига айланган, «Порту»дан «Монако»га 45 млн. евро эвазига ўтганди. Кейин эса «Реал» колумбиялик йигит трансферига 75 млн. евро сарфлади. Якунда у «Бавария»га отланди - ижара. Аммо «МЮ» ва «Эвертон»нинг бельгиялик форвард трансфери бўйича келишувга эришгани Райола обрўсини янада оширгани тайин. Ҳар ҳолда, итальян агенти Ромелунинг чинакам ўсишига катта ҳисса қўшди ва энди яна бир омадли операция ортидан табриклар қабул қилишдан чарчамаяпти.

1. Поль Погба (Райола) vs Криштиану Роналду (Мендеш) + Мендеш ғалабаси

Райола маълум муддат футбол тарихидаги энг қимматбаҳо трансфер бўлиб турган келишувда бош ролни бажарди. Унинг Поль Погбани «Ювентус» «чангали»дан олиб, яна «МЮ»га топшириш асносида каттагина молиявий ютуққа эришгани ўз-ўзидан тушунарли. Эсланг, у бир неча йил аввал француз «қизил иблислар» сафини трансфер тўловисиз тарк этишини таъминлаганди. Аммо Роналду билан баҳслашишдан фойда йўқ, барибир. Хуллас, Мендеш биллур мижоз - сайёрамизнинг энг яхши футболчиларидан бири, катта мусобақалар совриндори ва шахсий мукофотлар соҳибига эга. Бошқача айтганда, Криштиану ўз ҳамюрти бисотидаги бриллиант. Шундай юлдуз билан ишлаган агентнинг мижозлар ва пул  масаласида муаммо сезмаслиги тайин.

Натижа: Жорже Мендеш vs Мино Райола: 5-3 (2та дуранг)

Изоҳ: охирги трансферлар ҳисобга олинмаган.

Ҳа, Мендеш ўз байроғи остида тасаввурга сиғмас жамоани йиққан, аммо Райола ҳам топ-мижозлар борасида ундан қолишмасликка ҳаракат қиляпти, бунинг учун бор билимини ишга соляпти. Минонинг энг қимматбаҳо 10 нафар мижозининг умумий баҳоси 276 млн. еврога тенг, Мендешда эса кўрсаткич нисбатан баланд - 379 млн. Қизиқ, агар майдонга «Райола мижозлари» ва «Мендеш мижозлари» жамоалари тушса, қайси томоннинг қўли баланд келаркин?

Райоланинг иккинчи ўнлиги: Кенни Тете, Пайтим Касами, Омар эль Каддури, Владимир Вайсс, Жастин Клюйверт, Грегори ван дер Виль, Томаш Нецид, Родриго Эли, Бен Риенстра, Бартош Саламон

Мендешнинг иккинчи ўнлиги: Пицци, Нельсон Семеду, Гонсалу Гуэдеш, Эльяким Мангала, Эсекьель Гарай, Карлос Вела, Радамель Фалькао, Элдер Кошта, Рубен Невеш, Андре Грей

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

30 - Дания

Хозирча сўровнома ўтказилмаяпти.

© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.