Қайднома

Қидирув

Сон Хюн Мин: «Ўзбекистонга омад кулиб боқмади»

Сон Хюн Мин: «Ўзбекистонга омад кулиб боқмади»

  08.09.2017 03:37
  0
  3152
Сон Хюн Мин: «Ўзбекистонга омад кулиб боқмади»

Жанубий Корея терма жамоаси ЖЧ-2018 3-саралаш босқичининг охирги иккита ўйинида дуранг ўйнаб, мундиал йўлланмасини қўлга киритди. Бу чинакамига омаднинг кулиб боққани эмасми?

Яқиндагина терма жамоага тайинланган янги бош мураббий Шин Тэ Йонг иккита ўйинда 0:0 ҳисобида дуранг ўйнаб, кореяликларни ЖЧ-2018 финал босқичига олиб чиқди.

Бу мураббий қўл остида Жанубий Корея олимпия терма жамоаси тўрт йилликнинг охирги энг нуфузли мусобақасида ҳам иштирок этганди. Энди Шин Тэ мамлакат миллий терма жамоасини ҳам мундиалга олиб чиқишнинг уддасидан чиқди.

Жанубий Корея терма жамоаси ўз тарихидан кетма-кет тўққизинчи маротаба жаҳон чемпионатининг финал босқичида қатнашади. Биз учрашувдан сўнг меҳмонларнинг юлдуз футболчиси Сон Хюн Минни саволларга тутдик.

Дарвоқе, шуни айтиш жоизки, терма жамоамиз футболчиларидан ҳеч бири матбуотга интервью бермади. ОАВ ходимлари бир соатдан ошиқроқ вақт давомида уларни микст-зонада кутиш билан банд бўлишди.

Охири футболчилар орқа эшикдан қочиб қолишди. Бу эса регламентга зид ҳолат эди. Мағлубиятга учраганда ҳам интервью беришни билиш керак, ўртоқ футболчилар.

- Аввало, сизни ва жамоадошларингизни мундиал чиптасининг қўлга киритилгани билан табриклаймиз...

- Табрик учун раҳмат ва стадионда ажойиб футбол муҳитини ярата олган мухлисларга жамоадошларим номидан алоҳида миннатдорчилик билдираман. Ҳақиқатан ҳам, стадионда 90 дақиқа давомида ажойиб атмосфера ҳукмрон бўлди. Шу ўринда ярим тун бўлишига қарамай, бугунги ўйинни томоша қилган ватандошларимизга ҳам раҳмат айтмоқчиман. Саралашнинг бир нечта ўйин-ларида уларнинг ишончларини оқлай олмадик. Аввалги саралашлар билан таққослаганда, кўп очко йўқотдик. Бунинг натижасида ЖЧ-2018 финал босқичига чиқиш имкониятларимиз пасайиб кетганди. Тақдирни қарангки, якунда омад бизга кулиб боқди ва терма жамоамиз кетма-кет тўққизинчи маротаба жаҳон чемпионатининг финал бос­қичида иштирок этади.

- Жамоа бир-бирига ўхшамаган иккита бўлим ўтказди. Бунинг сабаби нимада?

- Биринчи бўлимда ташаббусни кўпроқ мезбонларга бердик ва ўз бахтимизни қарши ҳужумлардан изладик. Иккинчи бўлимда эса биринчи рақамли жамоа бўлиб ҳаракат қилишга уриндик. Қайсидир маънода бунга эришдик ҳам. Аниқ айта оламан, биз майдон эгаларига қараганда кўпроқ хавфли вазиятларни юзага келтирдик. Лекин улардан фойдаланишга келганда оқсадик. Ҳатто деярли очиқ қолган дарвозага ҳам тўпни кирита олмадик. Бу психология билан боғлиқ ҳолат. Ўртага ЖЧ-2018 финал босқич чиптаси қўйилганди. Шундан ҳам бўлса керак, ўйинимиз ўзимиз хоҳлаганчалик чиқмади. Энди Россиядаги жаҳон чемпионатига қадар олдинда 9 ойдан ошиқроқ вақт бор. Режа асосида тайёргарлик кўришда давом этамиз.

- Жамоанинг ҳужумдаги ишлари юришмаяпти. Бу нима билан боғлиқ ҳолат?

- Ҳужум чизиғимизда тажрибали футболчилар етарли. Шу маънода буни тажрибасизликка йўймаган бўлардим. Бунда ҳар хил вазиятлар бўлади. Қайсидир ҳолатларда рақиб ҳимоячилари бунга йўл қўймайди.

- Ўзбекистон терма жамоаси кўрсатган ўйин ҳақида нима дея оласиз?

- Мен бу саволга батафсил жавоб бера олмайман. Чунки жамоадаги ҳолат кўпроқ мураббийларга аён. Таркибни улар тайинлашади, ўйинга тактикани ҳам мураббийлар белгилашади. Тажрибали ҳамда ёш футболчилар уйғунлиги асосида таркиб топган жамоа. Терма жамоангиз таркибида алоҳида индивидуал томондан кучли футболчилар бор. Барибир уларнинг майдондаги ҳаракатлари ажралиб турибди. Лекин бу оқшом аввалги саралаш босқичидаги ўйинларда бўлгани каби жамоангизга омад кулиб боқмади.

- Гуруҳимиз ҳақида умумий хулосаларингиз қандай бўлди?

- Мен саралашнинг бу босқичига қуръа ташланган пайтдаёқ гуруҳимизнинг кучли эканлиги ҳақида фикр билдиргандим. Амалда ҳам шундай бўлиб чиқди. Бир-бирига муносиб, деярли тенг кучли жамоалар жам бўлганди. Кураш охирги турга қадар давом этди. Гуруҳдаги якуний ҳолат ҳам фикримга исбот бўла олади. Насиб қилса, Россиядаги жаҳон чемпионатида нафақат ўз мамлакатимиз, балки Осиё қитъаси шарафини муносиб ҳимоя қилишга астойдил интиламиз. Ўзбекистон терма жамоасига эса кейинги фаолиятида омад тилайман.

- Ж.Корея учун учинчи саралаш босқичидаги энг қийин ўйин қайси бўлди?

- Жаҳон чемпионатига муддатидан аввал йўлланмани қўлга киритган Эрон терма жамоасига қарши кечган иккала ўйин мураккаб ва қийин кечди. Бу галги саралашда Эрон терма жамоаси кучли ўйин намойиш этди. Буни ҳам тан олиш керак. Албатта, Ўзбекистон терма жамоаси билан ўтказилган ўйинлар ҳам енгил кечмади. Айниқса, бугунги учрашувда анча қийинчиликка дуч келдик. Бу ерда ўйиннинг мақомини ҳам унутмаслик керак. Ахир ўртага мундиал чиптаси қўйилган эди. Шунингдек, Сурия ҳам гуруҳимиздаги жамоаларга яхшигина бошоғриғи бўлди. Якунда йўлланмалардан бири бизга насиб этганидан хурсанд бўлдик ва Сеулга яхши кайфиятда қайтамиз. Сизларга эса илиқ қабул ва меҳмондўстлик учун миннатдорчилик билдирамиз.


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz