Қайднома

Қидирув

«Пахтакор» хорижий инвесторга сотилдими?

«Пахтакор» хорижий инвесторга сотилдими?

  08.09.2017 00:12
  0
  1207
«Пахтакор» хорижий инвесторга сотилдими?

«Пахтакор» футбол клуби моддий-техник базасини янада такомиллаштириш, унинг спорт машғулот ўқув комплексини тартибга солиш ҳамда тегишли объектларни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, шунингдек, юқори маҳоратли футболчиларни тайёрлашни таъминлаш, Ўзбекистон довруғини халқаро мусобақаларда муносиб намойиш этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 августдаги «Пахтакор» футбол клубининг моддий-техник базасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3127-сон Қарори қабул қилинди.

Ушбу ҳужжат «Пахтакор» клубини ҳар томонлама ривожлантириш, замонавий инфратузилмага эга жамоа даражасига олиб чиқишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Мазкур Қарорга мувофиқ, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Давлат жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Ўзбекистон Футбол Федерацияси ва инвестор сифатида «SFI Management Group» МЧЖнинг қуйидаги таклифлари маъқулланди:

«PAXTAKOR» спорт машғулот ўқув маркази» МЧЖ ва «PAXTAKOR TENNIS АСЕ» МЧЖларни қўшиб юборган ҳолда «PAXTAKOR» футбол клуби» МЧЖ номи билан қайта ташкил этиш;

«PAXTAKOR» футбол клуби» МЧЖ устав жамғармасининг 80 фоизини инвестиция мажбуриятлари бажарилиш шарти билан «нол» харид қийматида сотиш;

«PAXTAKOR» футбол клуби» МЧЖ устав жамғармасининг қолган 20 фоизини инвестор томонидан инвестиция мажбуриятлари бажарилгандан сўнг Тошкент шаҳар ҳокимиятида сақлаш.

Қарорда, хусусан, SFI Management Group клуб бино ва иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш, жорий таъмирлаш ҳамда уларни халқаро меъёрларга мос ҳолатга келтириш, юқори малакали футболчилар тайёрлашни таъминлаш учун беш йил давомида 200 млрд. сўмдан кам бўлмаган маблағни йўналтириши лозимлиги кўрсатилган.

Клубдаги янгиланиш ва бунёдкорлик ишлари жараёнида «Қибрай» спорт базаси, «Чилонзор» спорт мажмуаси ҳамда футбол академияси тўлиқ реконструкция қилинади.

Клуб раҳбарияти бирмунча вақт илгари келгусидаги режалари ҳақида маълум қилганди. Хусусан, икки йил ичида эски «Пахтакор» стадиони ўрнида янги ва замонавий усти ёпиқ арена қурилиши режалаштирилган.

2017 йили ташкил этилган «SFI Management» МЧЖ ХК Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга биноан, юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтган. Компания турли йирик инвестицион лойиҳаларда иштирок этмоқда ҳамда мамлакатимиз тараққиёти ва унинг иқтисодиёти равнақи йўлида ўз ҳиссасини қўшмоқда.

SFI Management Group компанияси кимга қарашли эканлиги ҳозирча аниқ эмас. Интернетдаги маълумотларга қараганда, компания хорижий корхона шаклидаги МЧЖ бўлиб, 2017 йил январда ташкил этилган ва консалтинг хизматлари кўрсатиш, инвестицион лойиҳаларни бошқариш билан шуғулланади.

Инвестор фақат ўзига юклатилган мажбуриятларни тўлиқ бажаргандан кейин устав жамғармасидаги ўз улушини тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўлади. Унгача инвесторнинг сотиб олган улушига бўлган ҳуқуқи «тасарруф этиш ҳуқуқисиз» қайди билан мулк ҳуқуқига сертификат билан тасдиқланади. Мазкур сертификат «нол» харид қиймати бўйича улушнинг 80 фоизини олди-сотдиси бўйича шартнома тузилгандан бошлаб 5 кун ичида берилади. Инвестор ёки инвесторнинг муассиси томонидан МЧЖ манфаатлари йўлида олди-сотди шартномаси тузилгунга қадар ҳар қандай усулда киритладиган пул маблағлари инвестиция мажбуриятлари бажарилганини англатади.

2023 йил 1 январга қадар «PAXTAKOR» футбол клуби» МЧЖ инвестиция мажбуриятлари амалга оширилиши доирасида барча турдаги солиқлар ва давлат мақсади жамғармаларига (Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бундан истисно) мажбурий тўловлардан, МЧЖнинг чет эллик мутахассисларига тўланадиган меҳнат ҳақи кўринишидаги даромадлар қисмида ягона ижтимоий тўловдан озод қилинади.

«Пахтакор»нинг 2000-учрашуви

18 августда Самарқандда «Динамо»га қарши ўтказилган олий лига баҳси «шерлар» учун чемпионатлар тарихидаги 2000-ўйинга айланди. Собиқ иттифоқ биринчиликларида «халқ жамоаси» 1242та баҳсда қанашган бўлса, мустақил Ўзбекистон чемпионатида 758 беллашув ўтказилди. Ушбу ўйинларда «Пахтакор» 954 ғалаба, 472 дуранг ва 574 мағлубият қайд этган. Рақиблар дарвозаси 3286 марта ишғол қилинган, 2252 тўп ўтказиб юборилган.

Бу клуб сафида энг кўп майдонга тушган футболчи Геннадий Денисов бўлиб, у 371 ўйинда «Пахтакор» шарафини ҳимоя қилган. Биродар Абдураимов 358 ва Сергей Бондаренко 329 учрашувда майдонга тушганлар. Тўпурарлар борасида Геннадий Красницкий (142), Игорь Шквирин (136) ва Биродар Абдураимов (131)тадан гол билан кучли учликни ташкил қилишган.

ФИКРАТ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Оммабоп мақолалар

Термамиз етакчилари қандай фикрда?

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

  • Сизнингча, Олий лига-2017 ни қайси жамоалар тарк этади?


© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.