Қайднома

Қидирув

Тьерри Анри - футболчи, журналист, баскетболчи, мураббий

Тьерри Анри - футболчи, журналист, баскетболчи, мураббий

  09.09.2017 06:23
  0
  273
Тьерри Анри - футболчи, журналист, баскетболчи, мураббий

Футболчилик фаолиятини якунлагандан кейин ҳам йилига 5 миллион евро даромад кўриш мумкинми? Ҳа, бунинг иложи бор экан. 17 август куни 40 ёшини қаршилаган Тьерри Анрининг бугунги кунда амалга ошираётган ишлари фикримизга исбот бўла олади.

Ҳа, Франция терма жамоаси, «Арсенал» ва «Барселона» клубларидаги ўйин­­лари орқали мухлислар ёқимтойига айланган Тьерри Анри юбилейини нишонламоқда. Фаолиятини уч йил аввал «Нью-Йорк Ред Буллз» сафида якунлаган француз маълум муддат ишсиз қолиб кетди. 2014 йилнинг декабрида Sky Sports унга йиллик маоши 4 миллион фунт стерлингга тенг олти йиллик шартнома таклиф қилди. Шу тариқа собиқ форвард спортга ихтисослашган ОАВ тарихидаги энг кўп маош олувчи экспертга айланди. Мисол учун, ВВС Гари Линекерга 1,5 млн., ВТ Sport эса Майкл Оуэнга 1 млн. фунт тўлайди.

Бир жиҳатдан, Тьерри Анри олаётган пулларини оқламоқда - британиялик ишқибозлар уни туманли ўлка телевидениеларидаги энг кучли эксперт деб билишади. Қолаверса, собиқ «канонир» футболдаги машҳур шахслардан интервью олишни ҳам қойиллатмоқда. Ҳозирча у Хосеп Гвардиола, Златан Ибрагимович, Поль Погба ҳамда Серхио Агуэро сингари юлдузлар билан суҳбатлашишга улгурди.

Анри Sky Sports телеканалида ишлаш баробарида мураббийлик курсларига қатнаб, «В» лицензиясига эга бўлди. Шу заҳоти французга қадрдон клуби «Арсе­нал»­дан таклиф тушди ва у Лондондаги академиянинг ўсмирлар жамоасини бош­қаришга розилик билдирди. 2015|2016 йиллар мавсуми охирларида Арсен Венгер собиқ шогирдига ультиматум қўйди - телевидение ёки «Арсенал»дан бирини танлаши керак. Кўриб турганингиздек, Анри ТВдаги 30 миллионлик шартномадан воз кечмади ва ҳозир шундай қарорга келганидан афсусланмаётгани аниқ.

Кейинчалик Франция термаси собиқ ҳужумчисини ўз ёнига чорлаган испаниялик Роберто Мартинес ёрдамчисига жиддий шартлар қўймади. Бельгия миллия жамоасида ишлаш учун Анридан Sky Sports каналидаги ишидан воз кечиш талаб этилмади.

Бельгиялик журналистларнинг таъкидлашларича, Тьерри ассистентлик учун йилига 50 минг евро олмоқда. Француз ушбу маблағни хайрия мақсадлари - ОИТСни даволаш бўйича тадқиқотлар ҳамда муковисцидозга қарши кураш фондига ажратади. Қолаверса, Анри футболдаги расизмни бартараф этишга йўналтирилган кампанияни йўлга қўйди. Бу йўлдаги самарали меҳнатлари туфайли Time журнали бир неча йил аввал футболчини жаҳоннинг 100 нафар энг обрўли шахслари қаторига киритганди.

Тьеррининг яна бир севимли машғулоти - баскетбол. Француз 2000 йиллар бошидан буён Американинг «Сан-Антонио Спёрс» жамоаси ишқибози саналади. АҚШнинг йирик шаҳрида ўтказган бир неча йиллар давомида на «Бруклин Нетс», на «Нью-Йорк Никс»га мухлислик қилди. Боз устига, ҳозир Анри «Спёрс» ҳимоячиси Тони Паркер билан қалин дўст.

Анри июнда собиқ жамоадоши Андреа Пирло ҳамроҳлигида МБА финалидан ўрин олган «Голден Стэйт Уорриорз» ва «Кливленд Кавальерс» жамоалари ўртасидаги баҳсни кузатгани борди. Яқинда эса Тьеррининг Йоханнесбургда ўтказилган МБА акциясида баскетбол тўпини оёғи ёрдамида ҳал­қага туширгани ҳақидаги видеоси тарқалди.

Қирчиллама ёшини нишонлаётган собиқ футболчи ЖЧ-2018ни кузатиш учун Россияга келади. Бу ерда у иккита вазифани бажаради - Британия телевидениеси учун ўйинларни ёритишда қатнашса, бошқа томондан, Бельгия термаси иштирокидаги учрашувлар пайти Мартинесга ёрдамлашади. Шунингдек, баскетбол ўйнаши ҳам мумкин.

Д.ПАРПИЕВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

30 - Дания

Хозирча сўровнома ўтказилмаяпти.

© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.