Қайднома

Қидирув

Санжар Шоаҳмедов: Келаси йили яна хорижда ўйнайман

Санжар Шоаҳмедов: Келаси йили яна хорижда ўйнайман

  10.09.2017 03:31
  0
  1561
Санжар Шоаҳмедов: Келаси йили яна хорижда ўйнайман

Ўтган мавсумнинг иккинчи ярмини Қатарнинг «Ал-Сайлия» клубида ўтказган тажрибали ярим ҳимоячи Санжар Шоаҳмедов фаолиятини яна Ўзбекистон олий лигасида давом эттиряпти.

Футболчи амалдаги мамлакат чемпиони Тошкентнинг «Локомотив» клуби билан мавсум охиригача шартнома имзолади. Аслида, Санжар учун «Локомотив» бегона эмас. Ўтган йили у айнан «темирйўлчилар» таркибида Ўзбекистон чемпиони бўлганди.

Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, Шоаҳмедов шунчаки ­«уйи»га қайтди. Ярим ҳимоячи 2015-2016 йилларда «Локомотив» сафидаги мазмунли ўйинлари, тўпурарлик маҳорати билан мухлислар қалбидан жой олган эди.

Биз Санжар билан учрашиб, ундан иккинчи давранинг ортда қолган ўйинлари, Қатар чемпионатидаги иштироки ҳамда режалари юзасидан интервью олдик.

- Санжар, кўпчилик фаолиятингизни хориж клубларининг бирида давом эттирсангиз керак, деб ўйлаганди. Лекин кутилмаганда «Локомотив» билан шартнома имзоладингиз. Бу қарорни қабул қилишингизда етарлича асосларингиз бормиди?

- Ҳа, ўзига яраша сабаблари бор эди. Яқинда оиламда фарзанд дунёга келганди. Уйдагилар билан маслаҳатлашганимда, улар оиланг, фарзандинг олдида бўлганинг афзалроқ, деб айтишди. Ўйлаб қарасам, ота-онам нотўғри маслаҳат беришмабди.

Ҳақиқатан ҳам, ҳозирги пайтда оилам олдида бўлишим муҳимроқ экан. Яна легионер мақомида ўйнашга улгураман. Чунки хориж клубларидан етарлича таклифлар бор эди. Саудия Арабистони, Эрон каби давлатлар жамоаларидан чақирув олгандим.

Бу клублар билан маълум бир муддат музокаралар ҳам давом этди. Лекин якунда юқорида айтган сабаб туфайли Ўзбекистон чемпионатида қолишга қарор қилдим. «Локомотив»дан ҳам ҳар томонлама манфаатли таклиф тушганди.

Қолаверса, бу жамоа менга бегона эмас. Ўтган йили чемпион ва кубок соҳиби бўлгандик. Насиб қилса, бу мавсумда ҳам «олтин дубл»га эришамиз.

- Легионер сифатида хориж клубида ўйнаш қандай эканлигини тушуниб етдингиз. Наҳотки, сиз санаб ўтган давлатлар клубларидан тушган таклифлар сизни қизиқтириб қўймади?

- Албатта, қизиқтирди. Қатар чемпионатида ўйнаб, бунинг мазасини тотиб кўргандим. Легионер сифатида ўйнаш ҳар бир футболчининг орзуси ҳисобланади. Аммо ҳозир вазият шуни тақозо қилди ва қароримдан асло афсусланмайман. Легионер сифатида ўйнашга ҳали улгураман. Музокара олиб борган жамоаларнинг эшиклари мен учун очиқ.

- Сизга Қатар чемпионатида илк бор легионер сифатида ўйнаш бахти насиб этди. Умумий таассуротларингиз қандай бўлди?

- Ҳаммаси ажойиб. Қатар юлдузлар лигасида ўйнаганимдан жуда ҳам хурсандман. Дунёга машҳур футболчилар - Хави, Кейта ва бошқа юлдузларга қарши тўп суриш бахти насиб этди.

«Ал-Жаиш», «Ал-Садд», «Лаҳвия» каби ўз сафига машҳур футболчиларни жамлаган клубларга қарши ўйинларда майдонга тушдим. Бу жамоаларда барча йўналишлардаги ишлар профессионал тарзда йўлга қўйилган. Жумладан, ўзим ўйнаган «Ал-Сайлия»да ҳам футболчилар учун барча шароитлар муҳайё қилинган эди.

- Қатарда сизга нима ёқмади?

- Ноқулай ҳолатга тушмадим. Фақат - Ватан, ота-она соғинчи қийнади.

- Йил охирида сизга бўлган таклифларга яна қайтасизми?

- Шубҳасиз. Юқорида таъкидлаганимдек, улар қишда яна алоқага чиқишларини айтишди. Насиб қилса, кейинги мавсумни хориж жамоаларининг бирида ўтказаман.

- Сиз билан бундан бир ойлар аввал суҳбатлашганимизда, қайси клублар қизиқиш билдираётганини сир тутгандингиз. Балки, энди айтиш мумкиндир?

- Келинг, шу жамоалар сирлигича қолсин. Чунки буни ошкор қилишдан фойда йўқ. Энди буни билиш ҳеч кимга қизиқ бўлмаса керак.

- «Локомотив» сафига иккинчи даврадан қўшилдингиз. Ярим йилда Ўзбекистон олий лигасида нима ўзгарибди?

- Жуда кўп нарса. Биринчи галда жамоалар анча кучайган. Бунинг натижасида чемпионатимиз савияси ҳам ошган. Мавсум бошида «Қўқон-1912», «Бухоро» каби жамоаларнинг ҳозирги эгаллаб турган ўринларда бўлишларини ҳеч ким ўйламаган эди.

Олий лигага қайтган «Динамо» ҳам ёмон таассурот қолдирмаяпти. «Пахтакор», «Бунёдкор» ва «Насаф» жамоаларидан очко тортиб олди. Ҳамма ўйинлар жуда қизиқарли кечмоқда.

- «Локомотив»даги ҳозирги ҳолатингиздан кўнглингиз тўқми?

- Ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман. «Локомотив»да аввал икки йил мобайнида тўп сурганим фойдамга ишлаяпти. Ҳолатимдан кўнглим тўқ. Ўз устимда ишлашга ва мураббийлар ишончини оқлашга ҳаракат қиламан.

- «Локомотив» ўз таъқибчиларидан сезиларли даражада ўзиб кетди. Очиғи, «темирйўлчилар»нинг чемпион бўлишларига шубҳа қолмади, ҳисоб. Сизда ҳам шундай ўй-фикрлар хаёлингиздан ўтяптими?

- Ҳали бу борада фикр билдиришга эрта. Кутилмаган натижалар ҳар бир турда қайд этилмоқда. Ҳеч ким «Локомотив»нинг очко йўқотмаслигига кафолат бера олмайди. Тўғри, иккинчи ўриндаги жамоадан анча ўзиб кетдик. Лекин олдинда ҳали ўйинлар кўп ва уларда ҳар қандай натижани кутиш мумкин.

- «Машъал» билан ўз майдонингизда дуранг ўйнадинглар. Ўша куни муборакликлар кучли ўйин намойиш этишдими ёки рақибни бироз менсимай майдонга тушганмидинглар?

- «Машъал»ни кучсиз жамоа демаган бўлардим. Муборакликлар бир неча йилдан бери деярли бир хил таркибда ўйнаб келишяпти. Бу уларнинг устун жиҳатлари ҳисобланади.

К.АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz