Қайднома

Қидирув

«Фурия» олдида мураккаб танлов: Диего Коста ёки Мората...

«Фурия» олдида мураккаб танлов: Диего Коста ёки Мората...

  10.09.2017 20:22
  0
  930
«Фурия» олдида мураккаб танлов: Диего Коста ёки Мората...

«Челси» Диего Костага 300 минг фунт миқдорида жарима солиб, уни захира ўриндиғига «михлаб» қўйди. Бу ҳолатда Испания терма жамоаси қандай йўл тутади? Альваро Мората асли бразилиялик «испан» ўрнини тўлиқ боса олармикан? Қуйида икки ҳужумчининг устун томонларига назар солиб, бу савол жавобини топишга уриниб кўрамиз.

Самарадорлик. Антонио Конте муносабати, яъни Диего Коста хизматидан қатъий бош тортаётганига қарасак, «Челси» таркибида унинг ўрнини бемалол босишга қодир футболчи борлигига шубҳа қолмайди. Аслида итальян мураббийи Ромелу Лукакуни орзу қилганди, бироқ «Челси» бу тўпурарга етишолмади.

Лондонликлар кейинчалик Пьер-Эмерик Обамеянг ва Андреа Белоттидан юз ўгириб, Альваро Моратага ишонч билдиришди.

Бунинг асосий сабаби - унинг самарадолиги. Альваро аввалги мавсум Ла-лигада 55та қулай имконият ҳосил қилиб, 15та гол урди. Бошқача айтганда, 1та гол учун ўртача ҳисобда 89 дақиқа сарфлади, Диегода эса бу кўрсаткич 154,5 дақиқага тенг бўлди.

Костада қулай имкониятлардан фойдаланиш коэффициенти ҳам нисбатан паст - 111та вазиятдан 20та гол. Хуллас, у бу борада 18 фоизли натижага эга (Мората хавфли вазиятларнинг 27 фоизида гол урган).

Ҳа, бразилиялик «испан» муҳим голларга муаллифлик қилиши ва «Манчестер Сити» каби кучли рақибларга қарши муваффақиятли тўп суриши билан ном қозонган.

Аммо унинг ҳисобида ҳам худди Моратадаги каби аутсайдер жамоалар дарвозасига йўлланган голлар миқдори кўпроқ, барибир. Хуллас, «Челси» мураббийи-нинг Коста хизматидан воз кечишига сабаб битта - самадорлик кўрсаткичи.

Натижа. Мората яққол устун. Мана, у АПЛ стартидаги 3та ўйинда 2та гол урди. Умуман, Альваро бу кетишда тўпурарлик мақомига ҳам бемалол даъвогарлик қилиши мумкин.

Голлар муҳимлиги. Аввалги мавсум Альваронинг 15та голи  «Реал»га жуда қўл келгани аниқ. Зеро, у аксарият ўйинларда захирадан майдонга тушиб, Зайниддин Зидан жамоаси жонига оро бўлди.

Қолаверса, Гарет Бэйл жароҳатланган, Карим Бензема парҳезга ўтирган ва Криштиану Роналду дам олган пайтлар ташаббусни қўлга олиб, муҳим голлар муаллифига айланди.

Хуллас, «Қироллик клуби»нинг Морато голларисиз чемпион бўлиши амри-маҳол эди. Диего Коста эса 20та голи билан «Челси»га нақ 15 очко келтирди. Гарчи ўртача ҳисобда Мората устунроқ бўлса-да, Конте нафратига учраган ҳужумчи бу масалада АПЛнинг энг яхши кўрсаткичига эришганини унутмаслик керак.

Ҳар ҳолда, Коста дейлик, Гарри Кейн, Серхио Агуэро, Фернандо Льоренте ва Жейми Вардига нисбатан ўз жамоасига 2та кўп очко тақдим этди.

Йўқ, «Челси» фақат Коста хизматлари эвазига ғалаба қозонганини таъкидлаш ноўрин, аммо бу борадаги энг яхши кўрсаткич кўп нарсадан далолатдир.

Мората эса «Реал»га очко келтириш бобида Роналдудан ортда қолди. Аниқроқ айтсак, жамоа етакчиси ўз голлари билан Альварога нисбатан 1та кўп очко тақдим этди.

Натижа. Дуранг. Коста ҳам, Мората ҳам сўзсиз, муҳим саналган очколарни келтирувчи зарур голлар уришни қойиллатади.

«Иккинчи қават»даги ўйин.  Диего Коста - кучли, тажовузкор курашни ёқтиради. Аммо «Челси» ўтган мавсум унинг «иккинчи қават»­даги ўйинидан наф кўрмади, ҳисоб.

Ахир ҳужумчи 20та голидан атиги 2тасини ҳавога сакраган ҳолда урдики, бу АПЛда ўйновчи голеадор учун жуда оз.

Умуман, Диего майдоннинг хоҳлаган нуқтасида бош билан ёмон ўйнади - бор-йўғи 25 фоиз «дуэл»ни ўз фойдасига ҳал қилди, Моратада эса бу кўрсаткич 50 фоизга тенг.

Шунга яраша, ёш испаннинг ҳар 3та голидан бири «иккинчи қават»даги кураш самарасидир. Оддий айтганда, Мората бош билан ўйнаш масаласида Костадан анча устун ва ўйин тўғри ташкил этилса, лондонлик фанатлар бунинг исботини кўришлари мумкин.

Натижа. Мората ғалабаси. Диего ҳам бош билан анча самарали ўйнаши мумкин, аммо у курашларга жуда кам киришади.

Айёрлик ва «фол»лар. Мората «Бернли»га қарши ўйиннинг ярим соати давомида дарвоза томон 3 марта зарба берди ва уларнинг 2таси аниқ чиқди. Таққослаш учун айтсак, Миши Батшуайи 1 соат оралиғида шундай кўрсаткич қайд этди.

Хулоса шуки, Альваро кескинликни юзага келтириш бобида Костадан қолишмайди. Бироқ бутун вақт давомида устунлик қилишга интилмайдиган ва гоҳида 5 нафар ҳимоячи ҳамда 2 нафар кучли марказий хавбек билан ўйнайдиган «Челси»дек тактик жамоа учун айёрлик ҳам ўта зарур.

«Ифлос трюк»ларга таяниш яхши эмасми? Эҳтимол, аммо Англияда сал бошқача муносабат мавжуд, барибир.  Луис Суарес ва Диего Коста фаолияти буни тўлиқ тасдиқлайди.

Умуман, АПЛда айёрона ҳаракатлар орқали рақибнинг майдондан четлатилишига эришиш, шунингдек, пенальти ишлаб олиш ҳолатлари кўп учрайди.

Бу борада Костага тенг келадиганлар кам, у аввалги мавсум ўз иштирокидаги тўқнашувлардан 69 фоизида «Челси» учун жарима зарбаси ишлади. Альваро эса бундай вазиятларда нўноқроқ - тўқнашувларнинг деярли ярмида «Реал» зарарига ҳуштак чалинди. Демакки, у майдонда Костадек айёр эмас.

Натижа. Диего Коста ғалабаси. Симуляциялар ва «ифлос ўйин» устаси устун эканлигида ажабланарли томони йўқ.

Тўп билан нозик муомала. Албатта, бу масалада Мората ҳам, Коста ҳам Неймар билан тенлашолмайди. Аммо ҳар қайдай ҳужумчига техника ва нафис ҳаракатлар зарурлиги аниқ.

Статистика бўйича айтсак, Диего Коста рақибни алдаб ўтишга қаратилган уринишларнинг 41 фоизини муваффақиятли бажаради, Моратада бу кўрсаткич юқорироқ - 54 фоиз.

Тўғри, алдаб ўтиш - тўп билан ишлашнинг битта элементи, холос. Зеро, тўпни аниқ узатиш ҳам муҳим. Айтиш жоиз, ўйиннинг шу жиҳати бўйича ҳар икки ҳужумчи ажойиб натижага эга.

Аввалги мавсум кўрсаткичларига қарасак, Коста рақобатчисидан атиги 3 фоиз ортда, аммо тан олиш керак, АПЛда майдоннинг учинчи қисмига аниқ тўп ошириш «Реал» таркибида Ла-лига ўйинларида шундай қилишга нисбатан қийинроқ.

Зарба аниқлиги бўйича эса Мората яққол устун. Унинг 63 фоиз уриниши аниқ чиққан бўлса, Коста 53 фоиз ҳолатда тўпга тўғри йўналиш берган.

Натижа. Мората ғалабаси. Шунингдек, у тўп билан юмшоқ муомалада бўлади, техникаси юқори, тезкор, зарбалари ҳам аниқроқ.

Садоқат ва фидойилик. Альваро қадрдон клуби - «Реал»ни 2 марта тарк этди - унга асосий таркибда жой топилмади. Диегога келсак, Конте уни «Челси»га ҳурмат назари билан қарамаётганликда айбламоқда.

Аслида икки ҳужумчининг бу масаладаги тақдири ўхшаш. Чунончи, уларнинг иқтидори вақтида муносиб баҳоланмади ва Коста ҳам, Мората ҳам доимий ўйин амалиёти борасида муаммоларга учради.

Муҳими, барчасини «Альбасете» ҳужумчиси сифатида бошлаган Диего Англия чемпиони даражасига чиқишни уддалади, энди таркибдан ташқарида қолмоқда.

Тушунарлики, ҳозир Моратада имкон кўпроқ - у ўзини Англияда кўрсатиш иштиёқида ёнмоқда ва истиқболи ҳам чакки эмас. Коста аксинча, Лондондаги «об-ҳаво»дан зада, шу боисми, ички интизомни бузмоқда.

Натижа. Мората ғалабаси.  Коста италиялик Контени севимли мураббийи сифатида мақтамаса керак. Ахир у айнан Антонионинг совуқ муносабати туфайли четда қоляпти, аммо бунга аввало, ўзи айбдордир, барибир.

Жамоага мослашиш. Риёд Маҳрез ва Н~Голо Канте каби футболчилар Франция қуйи лигаларидаги фаолиятдан сўнг АПЛда етакчилар гуруҳига қўшилишди.

Шуни назарда тутсак, «Ювентус»да бинойидек ўйнаш тажрибасига эга Мората Англия футбол муҳитига мослашишда ортиқса қийналмаслиги керак.

Тўғри, АПЛда жисмоний куч биринчи ўринда туриши ва энг бақувват йигитларгина «яшаб» кетишларини унутмаслик керак.

Коста буни исботлашга улгурган футболчидир. Яъни у бир уринишда премьер-лигани забт этган ҳужумчилардан бири саналади.

Натижа. Коста ғалабаси. Аммо бу вақтинча, чунки Мората ҳали ўзини тўлиқ кўрсатиш имкониятига эга. Зеро, Альваро ўзига ишончи мустаҳкам сурбетроқ ҳужумчидек таассурот уйғотяпти.

Таққослаш ҳисоби: Коста - Мората - 3:5. Мората охиригача шундай уйнаса, унда ҳамма Контени олқишлаб, Костага ишонч билдирмасдан тўғри қилганини таъкидлайди.

Бордию, «Челси» ҳалокатга юз тутса-чи? Мисол учун, «Челси»да мураббий алмашса, ҳужумчи муаммоларга учраши ҳеч гап эмас.

Ҳар ҳолда, инглиз букмекерлари ишонч билан бонг уришмоқда: «Агар натижалар ўхшамаса ёки яна қандайдир нифоқ чиқса, клуб раҳбарияти Контега жавоб беришни пайсалга солмайди».

Альваронинг талаб даражасида ўйнамаслиги эса нифоқни юзага келтириши аниқ. Зеро, бу ҳолатда ҳамма Диего Костани эсга олади...

Диего Коста ва Мората ўртасидаги «жанг» нафақат россиялик миллиардерга тегишли клуб фанатлари, балки Испания термаси ўйинлари ихлосмандларини ҳам бефарқ қолдирмайди.

Агар «қизил фурия» мухлислари юлдузлар жамоаси иштирокида сифатли футбол кўришни истасалар, унда Диего Коста ва Моратага бирдек омад тилашлари зарур.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz