Қайднома

Қидирув

Янги мавсумдаги умидбахш авлод

Янги мавсумдаги умидбахш авлод

  11.09.2017 06:26
  0
  466
Янги мавсумдаги умидбахш авлод

Бир йил олдин Килиан Мбаппе ҳамда Усмон Дембеле каби футболчилар кўпчилик учун нотаниш эди, ҳозирда эса уларнинг нархи 100 миллион евродан анча баланд туради.

Қуйидаги мақола орқали худди шундай машҳурликка эришиши тахмин қилинаётган юксак иқтидор эгалари билан танишишингиз мумкин.

Дани СЕБАЛЬОС, «Реал»

Ярим ҳимоячи, 21 ёш

Мадриднинг «Реал» клуби трансфер мавсумларида ортиқча харажатларга қўл урмаяпти. Каземиро ва Асенсио каби камтар, аммо омадли харидлардан сўнг «Бетис»­дан Дани Себальос ҳамда «Атлетико»дан Тео Эрнандес сотиб олинди.

Дани ҳужумларга ранг-баранглик қўшиб, Хамеснинг мухлислар ёдидан тезроқ чиқиб кетишини таъминлаши мумкин. Умуман, Себальос ҳақиқий универсал, ярим ҳимоя маркази ва қанотларда бемалол ўйнай олади.

Тео эса эндигина 19 ёшни қаршилаганига қарамай, охирги «класико»нинг сўнгги дақиқаларида мухлисларга кўриниш бериб улгурди.

Лоренцо ПЕЛЛЕГРИНИ, «Рома»

Ярим ҳимоячи, 21 ёш

«Рома» Леандро Паредес билан жуда хотиржам тарз­да хайрлашди ва асосийси, бундан афсусланмади. Унинг трансферидан тушган мўмайгина маблағ эвазига эса «Сассуоло»дан ўз тарбияланувчиси Лоренцо Пеллегринини қайтариб олди. У

шбу футболчи ҳозир Италиянинг энг иқтидорли вакилларидан бири ҳисобланади.

Майдонни кўра олиш қобилияти, техника, пас аниқлиги ва ноодатий иқтидор... Энг муҳими у янада ўсишга эришиш учун мунтазам ҳаракатда.

Пеллегрини келажакда «Рома»нинг ҳозирги вақтдаги ёрқин юлдузи Ража Наингголан каби футболчи бўлиб етишиши мумкин.

Алессандро МУРЖА, «Лацио»

Ярим ҳимоячи, 21 ёш

Италия «А» серияси грандларининг диққат марказида турган яна бир ажойиб футболчи. «Лацио» академиясида Муржа ва Жозеф Минала жуда яхши танилган. Алессандро ўтган мавсум «бургутлар» сафида ўзининг дебютини ўтказганидан сўнг кўплаб клублар этиборига тушди.

Унга энг асосий даъвогар - «В» серия вакили «Салернитана» жамоаси. Лекин «Лацио» Муржани сотмаслиги ҳам мумкин. Бунга сабаб сифатида Лукас Биглиа­нинг «Милан»га ўтиб кетгани кўрсатилмоқда.

Карлес АЛЕНЬЯ, «Барселона»

Ярим ҳимоячи, 19 ёш

«Барселона» академияси анча вақтдан буён кўзга яққол ташланадиган футболчи етиштира олгани йўқ. Карлес Аленья ҳозирда ноёб марваридлардан биридир.

Кучли техникага эга серқирра ярим ҳимоячи ўтган мавсум Луис Энрике томонидан асосий жамоа таркибига жалб қилинганди.

Аммо ҳали ўз ўрнига эга бўлиб улгургани йўқ. Ҳозир жамоада қандайдир инқироз даври ҳукм сурмоқда ва Карлес мана шу вақтда ўзига берилган минимум имониятлардан фойдаланиб, «блаугранас» етакчиларидан бирига айланиши мумкин.

Трент АЛЕКСАНДЕР-АРНОЛЬД, «Ливерпуль»

Ҳимоячи, 18 ёш

«Ливерпуль» мухлисларига Натаниэль Клайннинг йўқлигини билдирмаётган ажойиб ҳимоячи. «Хоффенхайм»­га қарши ўйинда Александер-Арнольд жарима зарбасини мукаммал тарзда ижро этганини барча кўрди.

Ушбу ҳаракатдан сўнг рақиб футболчиси Марк Ут ҳам қўлини силкитган ҳолда ёш истеъдод соҳибини олқишлаб қўйди.

Умуман, Трентнинг ўрганадиган нарсалари ҳали етарли. Аммо шу йўсин давом этса, келажакда Англия терма жамоаси шарафини ҳимоя қилиши ҳам мумкин.

Эдмилсон ФЕРНАНДЕШ, «Вест Хэм»

Ярим ҳимоячи, 21 ёш

Швейцария футболида янги истеъдодли авлод етишиб чиқмоқда. Улардан бири - жорий мавсум «Вест Хэм» ўйинларида ўзининг «имзо»сини кўрсатиши кутилаётган Эдмилсон Фернандеш (Желсон Фернандешнинг амакиваччаси).

Узун оёқлар ва баланд бўй унинг чиройли ўйин кўрсатишига тўсқинлик қилмайди.Димитри Пайет жамоа­ни тарк этганидан сўнг Фернандеш «болғалар»нинг энг яхши ижрочиларидан бирига айланди.

АПЛни мунтазам кузатувчилар чемпионат давомида бунга ўзлари ҳам гувоҳ бўлишлари мумкин.

Максимилиан ФИЛИПП, «Боруссия» Д.

Ярим ҳимоячи, 23 ёш

Бу футболчи асосий вақтини жароҳатини тузатиш билан банд бўладиган Марко Ройснинг ўрнини тўлдириши мумкин. Аммо Филипп ўзининг ўйин услубини Ройс­никидан фарқли деб ҳисоблайди.

Максимилиан «Фрайбург»нинг ўнг қанот ярим ҳимоясида тўп сурарди, бироқ футболчи ҳужумларга тез-тез қўшилиш ҳамда ярим ҳимоя марказида ўйнашни яхши кўради.

Филипп шу ёзда Германия ёшлар терма жамоаси билан Европа чемпионлигини қўлга киритди. Мазкур мусобақа давомида техник томондан кучли ва аниқ зарбалар бера олишини кўрсатди.

Янн КАРАМО, «Кан»

Ҳужумчи, 19 ёш

Лига 1 чемпионати Голландия эридивизиясидан Европанинг энг иқтидорли футболчилари лигаси мақомини тортиб олди. Франция элитасидан ҳозирда Килиан Мбаппе каби жуда кўп ёш жавоҳирлар етишиб чиқмоқда.

Улардан бири - «Кан» жамоасининг қанотлардан уюштириладиган ҳужумларида асосий фигурага айланадиган Карамо. Унинг ўйинларини кузатиш учун ҳозирда кўплаб скаутлар ташриф буюришмоқда.

Тез орада Яннинг номдорроқ жамоа сафига ўтиши кутиляпти. Ҳарқалай, Карамо ҳозирги клубида узоқ вақт қолиб кетмаса керак.

Стив МУНЬЕ, «Хаддерсфилд»

Ҳужумчи, 22 ёш

Стив Мунье аллақачон ўзига сарфланган маблағни оқлашни бошлади. «Хаддерсфилд» унинг учун «Мон­пелье»га 13 миллион евро тўлаганди, бу сумма премьер-лига дебютанти учун шахсий рекорд саналади.

Стив АПЛнинг биринчи турида «Кристал Пэлас» дарвозасини икки маротаба ишғол қилди. Кучли ва юқори техника соҳиби бўлган бенинлик ҳужумчи Англияда ўсишга эришиб, келажакда «Хаддерсфилд» ғазнасига мўмай даромад келтириши кутилмоқда.

Аллан СЕН-МАКСИМЕН, «Ницца»

Ҳужумчи, 20 ёш

«Монако» бир қатор футболчиларини сотиб, 150 миллион евродан ортиқроқ сумма ишлаб олди. Улар орасида ижара асосида «Ницца»га (10 миллион евро) йўл олган Аллан Сен-Максимен ҳам бор.

Ушбу футболчи келажакда монегаскларни янада бойитиши мумкин. Жуда тезкор ва ақл бовар қилмас даражадаги техникага эга Аллан ўтган мавсум «Бастия» сафида ажойиб ўйинлар ўтказиб, Франция чемпиони сафига қўшилганди.

Эндиликда Сен-Максимен италиялик ҳужумчи Марио Балотелли билан биргаликда нималарга қодир эканлигини намойиш қилади.

Абдуллохон Исроилхонов тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Оммабоп мақолалар

Термамиз етакчилари қандай фикрда?

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

  • Сизнингча, Олий лига-2017 ни қайси жамоалар тарк этади?


© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.