Қайднома

Қидирув

Самвел — «Лев»мас: терма жамоа эса «Пахтакор» эмас

Самвел — «Лев»мас: терма жамоа эса «Пахтакор» эмас

  11.09.2017 08:11
  0
  642
Самвел — «Лев»мас: терма жамоа эса «Пахтакор» эмас

1998 йилда Францияда ўтказилган жаҳон чемпионати саралаши ўйинларидан бошлаб Ўзбекистон миллий терма жамоасининг деярли барча ўйинларини бевосита стадионда кўриб келаман.

Ишонмассиз балки, миллий терма жамоамизнинг ЖЧ-2018 саралашидаги сўнги икки ўйинини илк бор «яна ўша таркиб, яна ўша Сергеев», дея иштиёқсиз ҳолда телевизорда кўрдим. Ва, барибир, Ватан жамоаси эмасми, ички бир умид билан сўнгги дақиқаларгача кутдим.

Бўлмади!

Сурия билан сафар ўйинидаги мағлубиятимиздан сўнг туғишган укам «Бабаян эпопеяси. «Мабодизм» синдроми» сарлавҳали мақоласида ёзганидек: «МАБОДО рақиб дарвозаси ланг очилиб қолса, МАБОДО ҳимоячилар хато-пато қилиб ўз дарвозасини ишғол этиб қўйса ёки МАБОДО ҳакам адашиб пенальтими, яқинроқ масофадан жарима зарбасими белгиласа-ю ва МАБОДО кимнингдир зарбаси «ўхшаб» қолиб, гол уриб қолинса», деган кул тагидаги ёниши гумон бўлган чўғдек зарра умидимиз аланга олмади. Эрон терма жамоаси ҳам бу чўғни тепкилаб ташлаш учун Сурия терма жамоаcига ёрдам бериб юборди.

Шунингдек, иккинчи марта сўнгги умидимиз Жанубий Корея терма жамоаси иштирокидаги ўйин туфайли амалга ошмай қолди.

Футболимиздаги футболдан бошқа нарсани устун қўювчилар бўлишса, бундан ич-ичидан қайғургани йўқ. Бу ҳолатда мухлисга қийин! «Яна тўрт йил кутамиз-да, 1998 йилдан бери кутаяпмиз-ку», дегувчилар ҳам топилар балки. Бироқ ланж терма жамоамиздан уйида тинчлик бўлмаган Сурияки олдинга ўтиб кетган экан, 2022 йилги жаҳон чемпионатигача Афғонистон ёки Хитой Тайпейи терма жамоалари ҳам бизга жиддий тўсиқ бўла олмайди, деб ҳеч ким айтолмайди!

«2026 йилги жаҳон чемпионатида 48 та терма жамоа иштирок этади-ку, ўшанда бемалол биз ҳам қатнашамиз» дегувчилар ҳам ўйлаб гапиришсин. Бугун 4,5 та йўлланма учун кураш бўлган саралаш ўйинларида 7 ёки 8-ўринда қолган терма жамоамиз 2026 йилги жаҳон чемпионатида Осиёга бериладиган 8 йўлланма учун курашда 9 ёки 10-ўринда қолиб кетиши мумкин эканини инкор қилолмаймиз!

2011 йилдан бошлаб терма жамоамиз ўйинлари борасида гап кетганда оптимистик руҳда сўзлашни ўрганган мухлисларнинг каломлари 2015 йилдан кейин пессимистик руҳга шўнғиди. Худди терма жамоамизнинг ўйинлари каби!

Терма жамоамизнинг ўйинлари, натижалари статистикасидаги диаграммани яна юқорига кўтариш учун ҳужумкор тактикани хуш кўрувчи, мухлислар олдида ёлғон гапирмайдиган, қандайдир бошқа манфаатларни футболдан устун қўймайдиган, матбуот анжуманларидан қочмайдиган, нотўғри иш қилиб қўйса, очиқчасига, мардона тан ола биладиган, қайсарлигини яхши ишлар ва натижалар учун йўналтира оладиган, энг муҳими, халқини яхши кўрадиган МУРАББИЙ керак!

Самвел Бабаян балки яхши инсондир — буни билмайман. Самвел Бабаян яхши менежер — буни биламан. Бироқ Самвел Бабаян яхши мураббий эмас — буни билдим.

Бир пайтлар Самвел Бабаян «Пахтакор» клубини бошқарганида жамоани «шер»лар деб аташ урф бўлганди ва бу ном ҳамон «Пахтакор» билан қўшиб айтилади.

Балки «Пахтакор»да Самвел шер — «лев» бўлгандир. Аммо терма жамоа миқёсида олганда САМВЕЛ — «ЛЕВ»МАС. Буни кеч англадик.

Терма жамоа миқёсидаги мураббийлар орасидаги шер — «лев»лар 2018 йилда Россияда ўтадиган жаҳон чемпионатида ўз жамоаларини мураббийлар ва захира ўйинчилари учун аталган ўриндиқларда ўтириб кузатади. Уйда телевизор орқали эмас.


Манба: www.kun.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

Месси майдонни голсиз тарк этган ўйинда, Аргентина маҳорат бобида Россияга дарс берди

Хозирча сўровнома ўтказилмаяпти.

© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.